МАҚОЛА

"Такфир" – хатарли маънавий таҳдид!

Бошқа мусулмон мамлакатлар қатори бизнинг мамлакатимизда ҳам ҳозирги пайтда ичимиздан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади.

Усмон ибн Аффон (р.а.) ва Али ибн Абутолиб ( р.а.) каби зотларни ҳам куфрда айблаган хорижийлар каби ҳозирги кунда ўзларига қӯшилмаган ва эргашмаган мусулмонларни кофирга чиқараётган экстремистик ташкилотлар муқаддас динимиз аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда, мусулмонларнинг моли ва жонларини ӯзларига ҳалол санашмоқда. Бу билан мусулмонларни асоссиз "кофир" деб ҳукм чиқариб, ӯзларининг жамият ва давлатга қарши бӯлган фитналарини оқлашга уринишмоқда.

Мусулмон кишини кофирга чиқариш ӯта хатарли эканлигидан, динимиз бундан қайтарган. Бу иш мумкин эмаслиги ҳақида ҳадисда: " Расулуллоҳ (с.а.в.): "Бирор киши ӯз биродарига: " Эй кофир!",- деса, бу сӯз иккаласидан бирига тегишли бӯлади" , дедилар ( яъни, агар кофирликда айбловчи ҳақ бӯлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бӯлмаса, у ҳолда ӯзи кофир бӯлади) (Имом Бухорий ривояти).

Ҳанафий уламолардан Ибн Нужайм: "Агар кофир дейиш учун тӯқсон тӯққизта далил бӯлса- ю, кофир демаслик учун биргина далил бӯлса, тӯқсон тӯққизни қӯйиб, ӯша бир далилни олиш керак ",- дейдилар.

Пайғамбаримизнинг: "Бузуқ ва кофир бӯлмаган одамни бузуқ ва кофир деган одамнинг ӯзи кофир ва бузуқдир" , - деган ҳадисларидан огоҳ бӯлиб, сизу биз мусулмонлар, айниқса, ёшларимиздан ижтимоий тармоқлар орқали тинч ва осуда яшаб келаётган ва диний ибодатларни қилаётган, айниқса, диний уламоларимизни, имомларимизни кофирга чиқариб обрӯсизлантиришга уринаётган, тинч юртимизни барбод қилиб, нотинч қилиш каби гуноҳ ишларга чақираётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бӯлишлари талаб этилади.

Аллоҳ таоло юртимиз мусулмонларини, мусулмон уммати бирлигига раҳна солувчи маънавий таҳдид бӯлган "такфир "дан сақласин.

Абдуллахон Мирзаев,
Денов туман "Муҳаммадқул" жоме масжиди имом хатиби

1202 марта ўқилди

Мақолалар

Top