МАҚОЛА

Kun.uz “Ҳаётий ҳикоялар” рукнининг навбатдаги қаҳрамонлари – айрим сабаблар билан уруш ўчоғига бориб қолган ва давлатимиз томонидан ватанга қайтарилган оналардир. Улар Сурияга қай тариқа бориб қолишгани ва уруш даҳшатлари ҳақида сўзлаб беришди.

Биринчи ҳикоя

“Сурияда ўлим билан ҳаёт битта танада яшайди”

— Сурия ҳақида авваллари билмас эдик. Хўжайиним у пайтда Мисрда, биз эса Ўзбекистонда яшардик. 2012 йилда у бизни Мисрга чақирган. Фарзандларим отасиз ўсмасин, ўзим отасиз ўсдим, улар ота меҳрига зор бўлмасин, деб икки боламни олиб эримнинг орқасидан кетганман. У ерда 2 йил яшадик, болаларим мактаб ва боғчага боришарди. Мен кўпроқ уйда бўлардим.

Мисрда вазият оғирлашиб кетгач, Туркияга кетишга қарор қилдик. 2014 йилда Туркияда 10 кун туриб, у ердан Сурияда ўтиб кетдик.

Кўпроқ Топқо деган шаҳарчада яшадик. 2017 йилнинг март ойларида биз у ерни тарк этишга мажбур бўлдик. Чунки шаҳарда вазият оғир эди. Курдлар бостириб киргандан кейин яшаган манзилимизда туриш хавфли бўлиб қолган. Топқода, кейин Роққа деган жойда яшадик. У ерда ҳам оз муддат яшаб, яна манзилимизни ўзгартирганмиз.

Шаҳарма-шаҳар кўчиб юраверганмиз. Охири Боғузгача борганмиз. У ерда уйлар йўқ эди, одамлар хандақ (окоп) қазиб, ичида яшашарди: шуниси хавфсизроқ эди. Ўлим кўп, очарчилик ҳукмрон эди. Одамлар тириклай ёниб кетишар, аммо ҳеч ким ёрдам бера олмасди. Юрак ҳовучлаб яшардик, айниқса болаларим бу ҳолатларни кўриб қўрқишарди...

Боғуз ниҳоятда хавфли жойга айланди – бизнинг устимизда барча қуролларни синаб кўришарди. Кунларнинг бирида тунда ёнимиздаги ўқ-дори машинаси устига ракета келиб тушган. Ҳамма ёқ ёниб кул бўлди. Ҳаммаси худди кинолардагидек юз берди. Ракета зарбидан отилган учқунлар биз турган xандаққача етиб келди. Буларнинг ҳаммаси даҳшатли эди. Xандақдан отилиб чиқиб кетмасак, биз ҳам ёниб кетишимиз мумкин эди. Мен фарзандларимни олиб чиқиб кетдим.

Нарироқда уйғурларнинг тизза баравар ковланган xандағи бор экан. Xандақ эгаларидан бир кечага шу ерда тунаб қолиш учун рухсат олдик. Ўша xандақда тунни ўтказдик. Туни билан мижжа қоқмай чиқдик. Чунки ухлайдиган ҳолат эмасди. Аёлларнинг ёрдам сўраб чинқирган овозлари келарди атрофдан. Биз уларга ёрдам бериш тугул, ҳатто xaндақдан чиқа олмасдик. Қўлимиздан ҳеч нарса келмасди. Шифокорлар йўқ, дори-дармон ҳақида ўйламаса ҳам бўлади.

Бир чуқурликда 5 нафар ёш болаларнинг ёниб кетиши оқибатида скелетлари қолган, уларнинг ёнида эса онаси аъзолари бутун, фақат оёқ танадан узилиб кетган ҳолатда турaрди.

Мен ўзимни ўша онанинг ўрнида тасаввур қилиб кўриб даҳшатга тушдим. Унинг ҳам фарзандлари худди мендек 5 нафар эди. Ич-этим жимирлаб кетди... Сурияда мен кўрган энг даҳшатли воқеа шу эди. Худди қиёмат эди. Биз фарзандларимизни қанчалик ардоқлаймиз, ер-y кўкка ишонмаймиз. Лекин онанинг қўлидан ҳеч нарса келмаган. Фарзандларини ракетадан ҳимоя қила олмаган.

Қўрққанимдан очликни ҳам ҳис қилмас эдим. Ейдиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Мазам қочиб, карахт бўлиб қолганман. Фарзандларим менсиз қолиб кетмасин, деб Яратганга илтижо қилиб чиқар эдим.

Сурияга борган илк пайтларда секин-аста озиқ-овқат танқислиги кузатила бошлади. Болаларимга нон бериб туриб: “Камроқдан енглар”, деб уқтирар эдим. Ун камайгач, тежаш учун болаларимга атала қилиб беришга ўтдим.
Йўл беркилганидан кейин шу атала ҳам йўқ бўлиб қолди. Шу сабабли кепак қовуриб беришга ўтдим. Фарзандларим қовурилган аталадан тановул қила туриб худди тансиқ таом еяётгандек ҳузурланишарди. Энг ёмони, ҳатто шу кепакдан бўлган таомни ҳам тўйиб ейишмасди.

Сурияда тошли тегирмон бўлар экан. Ўғлим уйдаги буғдойни тегирмонга олиб бориб майда қилиб келган. Катта фарзандларимга кепак қовуриб, кенжасини эса аяб, унга буғдой унидан нон берардим. Болаларимнинг “эртага ҳам кепак қовуриб берасизми?” деб зорланиб айтган гаплари ич-этимни кемирарди.

Самолётдан тушганимда ҳаёт борлигини ҳис қилдим. Сурияда ўлим билан ҳаёт битта танада яшайди. Аввал эътибор бермаган эканман. Боғуз шаҳрида ракета бўлаклари тушган хандақ ёнида ўрик дарахти бор экан. Дарахтнинг танаси иккига ажраган: бир шохи гуллаб турибди, иккинчи шохи эса ёниб кетган. Инсон баҳорда ўрик гуллаганини кўриб хурсанд бўлиб кайфияти кўтарилади. Мен ўша гуллаган ўрикни кўриб туриб ҳам ўзимда бирор бир ҳис туймадим. Гул тугган куртакни кўриб баҳор келганини билдим. Ўрик гулини кўриб қишдан соғ-омон чиққанимизга шукрлар айтдим...

Аёзли кунларда уйимиз йўқ, қиров тушмасин деб хандақдаги кўрпа-тўшакларимизнинг устини ўраб қўярдик. Эртаси куни эса ўша қировни қуритиш билан овора бўлардик.

Болаларимга сув олиб келиш учун хандақдан чиқаман десам, улар йиғлашарди. “Сув олиб келаман, деб бомба тагида қолиб кетманг, сув ҳам ичмаймиз, керак эмас”, дейишарди. “Сувсизликдан ўламизми?” деб ўқ ёғилиши сал тинган пайтда эҳтиёткорлик билан болаларимга сув олиб келардим.

Ватанимизга қайтарган юртбошимизга, “Меҳр-5” операциясида иштирок этганларга оиламиз номидан катта раҳмат айтаман. Тинчлигимизга кўз тегмасин...

 

Гулмира Тошниёзова
суҳбатлашди.

1531 марта ўқилди

Мақолалар

Top