МАҚОЛА

Конституция – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик гарови

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, қабул қилинаётган фармон ва қонунларда инсон шаъни, эътиқод эркинлиги, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий мезон сифатида қаралади.

Жумладан, Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устувор мақсади ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, кафолатларини таъминлашга қаратилган.

Конституция – виждон ва эътиқод эркинлигини ўзида мужассам этган, юртимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тенглигини таъминловчи, мамлакат тараққиётини ёрқин намоён этувчи асосий ҳужжат, бахтимиз қомуси, халқимизнинг ору номуси, диний бағрикенглигимиз ифодаси ҳисобланади. Чунки унинг ҳар бир моддаси, ҳар бир бўлимида халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳам, миллий бағрикенглик тамойиллари ҳам акс этиб туради.

Қувонарлиси, Бош Қомусимизнинг 18-моддасида ҳам бу мустаҳкам асос қилиб белгилаб қўйилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

Шу маънода, юртимизда миллатлараро аҳиллик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу барча соҳада олиб борилаётган кенг кўламли янгиланишлар, халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг муҳим асоси бўлиб хизмат қилаётир. Ўзбекистон эса бу борада тизимли ислоҳотлар олиб бормоқда.

Фуқаролар тотувлиги барқарорлиги, турли миллатлар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, ватандошларимиз онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолият юритмоқда. Мазкур қўмита давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилган эди.

Шу билан бирга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги бешинчи йўналиш хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масалаларига бағишланганини эслаб ўтиш жоиз.

Жорий йилнинг 5 июлида эса давлатимиз раҳбари томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзоланди. Эътироф этиш керак, халқимизга хос бўлган маърифатпарварлик, толерантлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди дейиш мумкин.

Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасидаги ислоҳотлари нафақат мамлакатимиз ички сиёсати, балки ташқи сиёсатида ҳам ўз аксини топаётир. Президентимиз 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масалаларга тўхталиб, жумладан, “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича таклифларини илгари сурган эдилар.

2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси 193 та аъзо мамлакатлар томонидан якдиллик билан қабул қилинди. Президентимизнинг бу ташаббуси замирида башариятни тинчлик ва тараққиёт сари етакловчи эзгу истак мужассам.

Ислоҳотлар давом этиб, янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Ўзбекистон – улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир”, деб таъкидлаб ўтган эдилар.

Дарҳақиқат, янги даврга қадам қўйган Ўзбекистоннинг бош мақсади – жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат.  

Айни пайтда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия тинч-тотув, ҳамжиҳатлик яшаб келмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, таъминлаш, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаши, миллатига хос анъана ҳамда қадриятларини ҳурмат қилиш, ривожлантиришлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Ҳар йили республикамиз бўйлаб “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” кенг миқёсда нишонланади. Жамиятимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида турли тадбирлар, конференциялар, давра суҳбатлари, концерт дастурларидан иборат “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилиши анъанага тусига кирган. Жорий йилда ҳам мазкур ҳафталик кўтаринки руҳда ўтказилганини барчамиз кўрдик ва эшитдик.  

Мухтасар айтганда, юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар вакиллари яхлит ҳолда Ўзбекистон халқини ташкил этади. Мустақил Ўзбекистоннинг бош ҳужжати негизида эса миллатлараро тотувлик ва диний қадриятлар соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, эришилган муваффақиятлар мужассам. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юртимизнинг ҳар бир фуқаросининг виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаб келаётир. Зеро, юксак тараққиётга миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш орқалигина етиш мумкин.

Эркинжон МАҲМУДОВ,

Қўқон шаҳар адлия бўлими бошлиғи

ЎзА

1953 марта ўқилди

Мақолалар

Top