МАҚОЛА

Булар ҳақида кўп гапириш керак бўлган пайтда биз камгапмиз...

Бугун дунё тез ўзгаряпти. Бинобарин турмуш тарзи, тарбиядаги муносабат ҳаммаси кечагидек эмас.

Янги ахборот технологияларининг оммавий ривожланиши баъзи тарбия қолипларини ўзгартириш ёхуд ҳаётга мослаштиришни талаб қилмоқда. Бошқа ҳолатда янги мезонларни ҳаётга татбиқ қилиш керак бўлади. Инсонни ҳаётдан рози қиладиган нарсалар ҳаммаси ҳам ахборотларга боғлиқ эмас. 

Масалан, болага доим ўз севган машғулоти бўлиши, бошқалардан ёрдамини аямаслик, интилиб яшаши, ҳар ишда фаол, янгиликка интилиб яшаши, тушкунликка тушмаслиги жаҳл ва ёлғондан узоқда бўлиши жуда муҳимдир. Жараёнлар шиддатли ривожланаётган бугунги даврда асабни сақлаш, самимий бўлиш, бекорчи бўлмаслик, одамларга кўпроқ яхшилик қилиш, манман бўлмаслик лозим.Бунинг учун ҳаммага билан бирдек яхши муносабатда бўлиши, очиқ юзли бўлиш, ўз исми билан чақирилиши, сабрли тингловчи бўлиш, суҳбатдошини қизиқтирадиган нарсалар ҳақида гапириши, ота-она қадр-қимматини юқори тутиши, камтарлик, камгап бўлиши яхшиликка олиб келади. Келинг энди, бугун ижтимоий тармоқлар даврида тарбияда нималарга эътибор бериш керак, деган масалани ўртага ташлайлик. Булар ҳақида кўп гапириш керак бўлган пайтда биз камгап бўлмоқдамиз.

Биринчидан, интернет тармоқлари орқали ўзгалар билан алоқа қилишда аввало ўзига танлаган исмнинг гўзаллигига эътибор бериши лозим. Баъзилар ўз номи билан тармоққа кирмайди. Бу ўта ҳурматсизлик. Глобал тармоқда миллионлаб одамлар жойлашган.  Бошқаларни алдамаслик керак.

Иккинчидан, ижтимоий тармоқлар орқали ўзгалар билан алоқа қилишда қонун ва ахлоқ қоидаларига амал қилиш зарур.

Учинчидан, интернет орқали ўзгалар билан муносабат қилишдан яхшилик ва тенг ҳамкорлик қилиш ҳамда ёмонлик ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилмасликни шиор қилиб олиш зарур.

Тўртинчидан, интернетда фойдали мақсадни кўзлаш ва бефойда ишлардан четда бўлиш лозим. 

Бешинчидан, ижтимоий тармоқлар орқали бировлар билан алоқа қилишда яхшиликни ва гўзал хулқни тутиши талаб этилади, турли расмлар, фойдасиз гап ва видеолар билан одамларнинг вақтини ўғирлаш ва уларни чалғитишдан нима фойда?  Фақат керакли, зарур нарсаларни узатиш лозим. Олтинчидан, ижтимоий тармоқларда турли жинс вакиллари бор, ҳазил-ҳузул билан жуда кўп оилавий муаммолар келиб чиқмоқда, иш ҳатто ажралиш масаласигача қадалмоқда.

 Бу масалада жамоатчилик жуда эҳтиёт бўлишимиз керак. Бўйи етган қиз ва ўғиллар, ёш оилалар телефон ва ижтимоий тармоқлардаги ахборотларни ҳазил деб ўйламасликларини биз ота-оналар ва педагоглар қайта ва қайта тушунтиришимиз даркор. Электрон  олам тарбияси бугун жуда муҳим. Интернет орқали  алоқа қилиб, катта қарзга ботиб қолаётганлар ёки оиласи бузилаётганлар, электрон оламдан топишиб, таг-тахти номаълум одамлар билан никоҳланиб қолаётганлар, ота-онасининг юзини шувут қилаётган ёшлар ҳақида кунда эшитяпмиз.

Лекин тарбияда булар ҳақида нега жиммиз?  Биз илгари ҳаё ва андиша қилиб юрган нарсаларни ёшлар интернетдан аллақачон билмоқда. Бугунги болалар ҳам интернет орқали ёлғон ишлатяпти, сохтакорлик билан уйдирма хабарлар, суратлар ва видео лавҳалар тарқатяпти.  Оилада ва таълим даргоҳларида ижтимоий тармоқлар тарбияси бўйича мавзулар бўлиши шарт.  Замон шуни талаб қилмоқда. Интернет орқали муносабатларда нотаниш кишиларни "Сиз"лаб уларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш керак. Бу телефондаги суҳбатларга ҳам тегишли. Сўкиш ва қарғаш бу одамгарчиликдан чиқиш билан тенг. 

Рухсат олмасдан кишиларнинг расми ёки товуши ва видеосини тармоқларга жойлаштириб юборишлик ўта маданиятсизлик ҳисобланади. "Электрон" ёшларга беҳуда тортишувларга йўл қўймаслик ва беодобликларга қарши курашишни ўргатайлик. Яна бир гап – ижтимоий тармоқлардаги савдо-сотиқлар, таклифлар,борди-келдилар расмий мақомга эга бўлганлиги учун бунда лафзда туришлик, ваъдага вафо қилишлик, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмасликни ҳам тарбияда ўргатишлик уни иш дастурларимизга киритишимизни тавсия қиламан.

Албатта ёшларимиз қанча маданиятли ва тарбияли бўлса, шунча зурриётларимиздан кўнглимиз тўқ бўлади. Бир ҳисобдан рақамли иқтисоднинг ичидамиз, бир ёқдан инсонга рақамли оламдан ташқарида, у бўлмаган вақтда ҳам амал қилган тарбия мезонларига амал қилишга бурчлимиз. Бунақа пайтда "Сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги" керак. Лекин ҳар қандай даврда биз ўзлигимизни йўқотмаслигимиз даркор.

 

Бахтиёр КАРИМОВ,  Ўзбекистон республикаси Халқ ўқитувчиси,  

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА

1343 марта ўқилди

Мақолалар

Top