МАҚОЛА

Сохта салафийлар ким-у, салафи солиҳлар ким?

Салафийлик, ҳизбут таҳрир каби ёт оқимларнинг Худога ишонган бир инсонни куфрда айблаши, мўмин-мусулмонлар яшайдиган диёрларни куфр шаҳри деб эълон қилишлари натижасида Ислом умматлари ўртасида турли тафриқалар келиб чиқмоқда. Билиб-билмай ушбу фирқаларнинг таъсир доирасига тушиб қолган  баъзи ёшларнинг  бундай хато йўлдан қайтиши жуда қийин кечмоқда. Кейинги пайтларда Ислом мафкураси ва тарихига зид ғоялари билан қайта намоён бўлаётган “сохта салафийлик” оқими ўзларининг ақидавий ва ҳуқуқий масалаларини кўпинча суриялик Ибн Таймия (1263-1328) таълимоти билан асосламоқчи бўлишади. Ибн Таймия асарларида, исломга турли бидъатлар кириб қолгани айтилиб, мусулмонлар ва улар яшаётган жамиятларни, Қуръон ва суннат таълимотига асосланган йўлга солиш зарур, деган ғоялар илгари сурилади.

Мазкур оқим тарафдорлари ўзларининг бузуқ таълимотлари ила қабрларни зиёрат қилган одам мусулмончиликдан чиқади деган эътиқодда ҳатто бир пайтлар Мадинаи мунавварадаги саҳобаларнинг қабрларини ҳам оёқости қилишган. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақбараларини ҳам вайрон қилишга уриниб кўришган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уни зиёрат қилаверинглар. Зеро, у сизларга охиратни эслатади”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадисга кўра, қабрларни зиёрат қилиш мандуб (мустаҳаб амал)дир. Зероки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Бақеъ қабристонига бориб маййитлар ҳаққига дуо қилардилар.

Шунингдек, сохта салафийлар тасаввуфни тан олишмайди, тавассулни куфр дейди, мазҳабларни инкор қилади, ўзларига эргашмаганларни ҳам кофирга чиқаришади. Сохта салафийлар жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратади. Бу билан бошқа диндагиларни душман санаб, динлараро адоват уйғотишга уринади. Улар нафақат бошқа дин вакилларига, балки шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларга нисбатаг ҳам зўравонлик сиёсати олиб боради.

“Салаф” калимаси, аслида ҳадиси шариф эътиборига кўра, далолат жиҳатидан, исломий асрларнинг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқ бўлган даврга нисбатан ишлатилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Инсонларнинг хайрлиси менинг асрим аҳлидир, кейин уларга яқин бўлганларидир, сўнгра уларга яқин бўлганларидир[1]. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади (яъни, масалаларда ҳам ўта бепарво ва масъулиятсиз бўлиб, гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверади)(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Мазкур хадиси шарифда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тартиб билан зикр қилиб, уларни “хайрли” деб номлаган уч аср (аҳли)дан мурод Пайғамбаримиз алайҳиссалом, саҳобалар, тобеъин ва табъа тобеъинлар яшаган даврдир. Ана шу даврда фаолият олиб борган улуғларни “салафи солиҳлар”, яъни солиҳ бўлган зотлардир, дейилади.

Бугунги кунимизда ҳар бир мусулмон якка тартибдаги ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган гап ҳам мутлақо асоссиздир. Имом Аҳмад айтади: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи суннат ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”. Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Ҳадис илмлари, агар фиқҳ илми бўлмаса, адаштиради”.

Сулаймон ибн Абдулваҳҳобнинг оқим асосчиси бўлган ўз акаси ва унинг шогирди Ҳасан ибн Ийдонга атаб раддия тарзида ёзилган рисоласида шундай дейилади: “Сиз ширки акбар, эгаси бутпараст бўлади, дейдиган бу ишлар Макка шаҳрида ҳам кўп. Маккаи шарифнинг амирлари, олимлари, бутун аҳолиси олти юз йилдан бери у ишларни кўриб турибди. Лекин улар бугун сизнинг тутган бу йўлингиз туфайли сизга лаънатлар ёғдиришмоқда. Амирлар, олимлар бундай иш қилганларни Исломдан чиқди, дейишмаяпти. Сизнинг даъвойингизга кўра эса, улар очиқ кофирдир. Бундай йўл тутишларингизнинг ҳадиси шарифларга хилофлиги сизнинг даъвойингиз ботил эканининг исботидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилгач, ўша ерда туриб: “Бугундан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар. Яъни, аҳли илмлар шарҳлашича, Маккадан кўчиш йўқ. Демак, бундан маълумки, Макка доимо иймон диёридир. Сиз эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитналар шаҳри дея атаган диёрни иймон шаҳри, деб Маккадан у ерга ҳижрат қилиш керак, демоқдасиз...”.

Адашган фирқалар ўтган уч асрнинг тўғри йўлидан бирин-кетин четга чиқа бошлашди. Ҳар бир фирқа ҳақдан оғиб, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида қадам ташлади. Одамларни ҳам фикру хаёли, соғлом эътиқодидан чалғитишга уринди.  Бу  билан улар, Аллоҳ таолонинг Анъом сураси, 153-оятида марҳамат қилган “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар. Ва бошқа йўлларга эргашманглар. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрдирки, шояд тақво қилсангиз” оятига  хилоф  иш тутди. Шу тариқа нафсу ҳавосига берилган, бидъат ва залолатга кўмилганлар тоифаси кўпайиб борди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизда ҳам давом этмоқда. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Дарҳақиқат, Бани Исроил етмиш икки миллат (гуруҳ)га бўлинди, умматим эса етмиш уч миллатга бўлинади. Фақатгина бир миллатдан ташқари уларнинг барчаси дўзахдадир”, дедилар. (Саҳобалар): “(Нажот топган) у (миллат) кимлардир, ё Расулаллоҳ?” деб сўрадилар. (Бунга жавобан) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ва асҳобларим унинг узра бўлган (миллатдир), дедилар”  (Имом Термизий[2] ривояти).

Имом Абу Бакр Ҳаравий айтади: “Инсонлар динда икки қисмдир: муқаллид ва мужтаҳид. Мужтаҳидларнинг илмли бўлиши шартдир. Дин илми эса, Қуръон ва суннатга ва у иккисида ворид бўлган араб тилига тааллуқлидир. Энди, кимки Қуръон ва суннатни, уларнинг лафзий ҳукмларини, собит ва мансухларини билса, олдин ва кейин келган ҳукмларини ажрата олса, ўша кишининг ижтиҳоди дуруст ва унинг даражасига етмаганлар унга тақлид қилишлари жоиздир. Мужтаҳид бўлмаган кишига эса, олимлардан сўрамоғи ва тақлид қилмоғи фарздир. Бунга уламолар орасида хилоф йўқ”. Ибн Қайюм Жавзий “Иъломил мувқинин” китобида: “Киши, модомики унда ижтиҳод шартлари жамланган бўлмаса, яъни барча илмларни билмаса, унинг ўзича Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олмоғи дуруст эмас”, дейди. Аҳмад ибн Мунодий айтади: «Бир киши Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан: “Бир киши юз минг ҳадисни ёдласа, фақиҳ бўладими?” деб сўраганида, у киши: “Йўқ”, дедилар. Ҳалиги киши: “Агар икки юз минг ҳадисни ёд олса-чи?”, деб сўради. Шунда имом яна: “Йўқ”, деб жавоб берди. У киши: “Уч юз минг ҳадис ёдласа-чи?”, деди. Имом: “Йўқ”, деди. “Тўрт юз минг ҳадис ёд олса-чи?”, деганида, “Унда фақиҳ бўлади”, деб жавоб берди». Абул Ҳасан деди: «Мен отамдан: “Имом Ибн Ҳанбал қанча ҳадис ёдлаган эди?” деб сўраганимда, у киши: “Олти юз минг ҳадисни ёд биларди”, деди». Абу Исҳоқ айтади: «Мен халифа Мансурнинг жоме масжидида имомлик қилганимда, шу масалани одамларга айтдим. Шунда бир киши: “Сиз ҳам шу миқдор ҳадис ёдлаганмисизки, бу ерда одамларга фатво айтиб турибсиз?” деди. Мен: “Йўқ, фақат шунча миқдор ҳадисни ёд билган кишиларнинг сўзлари билан фатво бераман”, дедим».

Бизнинг давримизда ҳам икки юздан ортиқ сохта салафийликка ўхшаш ёт оқимлар мавжуд. Сохта салафийликнинг ғоялари билан суғорилган ёки уларнинг издошларидан бири сифатида яқин 3-4 йил олдин хуруж қилган Ироқ ва Сурияда ўзларини Ислом давлати деб атаган ИШИДни мисол қилиш мумкин.  Унга 1971 йил Ироқда туғилган Иброҳим ибн Аввод исмли кимса бошчилик қилди. Аммо ўзини Абу Бакр Бағдодий деб номлаб, “халифалик қуриш” шиори билан ҳокимиятни қўлга олишга уринди. Ачинарлиси, қандайдир қора кучлар таъсиридаги шу даъвоси билан Ислом учун жанг қилаяпмиз деб ҳар куни минглаб бегуноҳ мусулмонларни қатл қилиб, болалар, аёллар ва ҳатто қарияларни ҳам ўлдиришгача борди. Ироқ туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги маълумотларига кўра мамлакатда ИШИД ташкилоти бир йилдан камроқ вақт давомида 40 га яқин ноёб тарихий қийматга эга бўлган диний иншоотларни вайрон қилган. Уларнинг орасида қадимги масжидлар, насроний черковлари, бир нечта монастир ва ноёб обидалар ҳам бўлган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул вадоъда қилган хутбаларида шундай дедилар: “Шайтон ўзига ибодат қилинишидан сизларнинг бу ерларингизда умиди сўнди. Лекин бундан бошқа сизлар кичик ҳисоблайдиган ишларда унга итоат қилинишидан умиди бор. Энди эҳтиёт бўлинглар! Мен сизларга икки нарсани қолдиряпман: Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати! Уларни маҳкам тутсангиз ҳеч қачон адашмайсиз!,,  дедилар.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни Ҳуруқога жўнатдилар. Эрталаб биз ҳужум қилдик ва уларни мағлуб этдик. Мен ва бир ансорий улардан бўлган бир кишининг ортидан тушдик. Биз унга етганимизда, у: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деди. Буни эшитиб ансорий тўхтади. Лекин мен уни қиличим билан чопиб ташладим. Биз қайтганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда билиш учун келдилар ва айтдилар: “Эй Усома! Сен уни “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганидан кейин ҳам ўлдирдингми?” Мен: “Ҳа, аммо у бу (гап)ни фақат ўзини сақлаш учун айтди” дедим. У зот ўша (сўзлари)ни шундай кўп такрорлайвердиларки, мен бундан олдин Исломга кирганимда эди, дея ўйлаб қолдим” (Муттафақун алайҳ). Бошқа бир ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Унинг қалбини ёриб кўрмадингми?” дегани айтилади. Ибн Мирдавайҳ Иброҳим Таймийдан, у киши отасидан, отаси Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Усома розияллоҳу анҳу: “Энди ҳеч қачон “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишини ўлдирмайман”, деди. Шунда Саъд ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Мен ҳам, Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишини ўлдирмайман”,  деди.

Исломда бирон бир мусулмонга тажовуз қилиш ёки уни ноҳақ ўлдиришга асло рухсат берилмаган. Бундай хунрезликни қилган кимса учун охиратда улкан азоб бордир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Ким мусулмонни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. У ерда у узоқ вақт қолади. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати бўлсин! Ҳамда У (Аллоҳ таоло) унга улкан азоб тайёрлаб қўйгандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Шундай экан, мусулмонни кофирга чиқаришдан жуда эҳтиёт бўлмоқ лозим. Ўзларига Қуръон ва ҳадиси шарифларда келган  чиройли номлар қўйиб, чин маънодаги мусулмонликни даъво қилаётган турли хил оқимларнинг ёт ғояларига алданишдан огоҳ бўлиш зарур. Ислом тинчлик, меҳр-оқибат ва одоб-ахлоқ дини эканини асло ёддан чиқармаслигимиз керак!

Абдувоҳид ЎРОЗОВ

 

[1] Мазкур хайрли уч асрнинг биринчи асри одамлари саҳобалардир. Улар ислом ақидалари ва асосларини тўғридан тўғри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан қабул қилишган. Исломнинг барча ҳукм ва одоблари уларнинг ақлларига мустаҳкам ўрнашган, қалблари эса бидъатчилик ва ҳамда турли ваҳму гумонлардан мусаффо бўлган.

Иккинчи асри  тобеъинлар асридир. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига эргашганлардир. Яъни, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган асҳоблар билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг васият ва насиҳатларидан баҳраманд бўлган зотлардир.

Учинчи асри  тобеъинларга эргашган зотлар, яъни табаъа тобеъинлар давридир. Бу асрда соф фикрлилик ва Ислом фитратининг турли ташқи омиллар таъсиридан холилик даври давом этди. Ана шу асрдан кейин турли бидъатлар кўпайиб, улар кенг қулоч ёя бошлади

[2] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо Буғий Термизий ҳижрий 209 йилда Термиз шаҳрида туғилган.

Имом Термизий Имом Бухорийнинг шогирдларидан бўлган. Илм талабида Хуросон, Тобаристон, Бағдод, Басрава Ҳижоз каби диёрларни кезиб чиққан. Умрининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолган. Имом Термизийнинг ёдлаш қувватлари ниҳоятда кучли бўлганидан, ҳифзда бу зот зарбулмасал қилинган. Имом Термизийнинг энг машҳур китоби “Сунани Термизий”дир. Бундан ташқари “Шамоилу Набавия”, “Тарих” ва “Илал” каби кўплаб китоблари бўлган. Имом Термизий ҳижрий 279 йилда 70 ёшида Термизда вафот этган.

1057 марта ўқилди

Мақолалар

Top