МАҚОЛА

4-мавзу: Тинчлик ва осойишталик – олий неъмат!

Маълумки, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам тинч­лик ва осойишталикдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади. Тарихий ҳақиқат шундан иборатки, ижтимоий тарқаққиётнинг барча даврларида давлат ва жамиятнинг ривожланиши барқарорлик ва тинч- осойишта ҳаёт кечиришга узвий боғлиқ бўлган.

Маълумки, Ислом динида тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъмат сифатида қадрланади. Уламолар Қуръони каримнинг 50 дан зиёд сурасидаги оятлар мўминлик, тинчлик ва бағрикенглик мавзуларига бағишланганини эътироф этадилар. Жумладан, Қуръони каримда баён қилинадики: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз. Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).

Тинчликнинг илоҳий неъмат экани Набий алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисларида қайд этилган: “Аллоҳдан афв ва тинчлик-омонликни сўранглар. Чунки бирор кишига имондан кейин тинчлик- омонликдан афзалроқ неъмат берилгани йўқ” (“Сунани Термизий”, 3558-ҳадис).

Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келгани тарихий ҳақиқатдир. Аждодларимиз турли миллат ва дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган. Бугунги кунда 16 хил конфессияга амал қилувчи 130 дан зиёд миллат вакиллари ягона аҳил оила бўлиб, тинчлик-хотиржамликда яшаб, юртимиз мустақиллиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида биргаликда фаолият олиб бормоқдалар.

Таассуфки, бугун жаҳон ҳамжамияти, хусусан, мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Инсоният муайян сиёсий доиралар томонидан ўз таъсир доираларини кенгайтириш мақсадида, амалга ошираётган ғоявий курашлар ва мафкуравий таҳдидлар авж олган бир вазиятда яшамоқда. Қатор давлатлар, хусусан, кўплаб мусулмонлар истиқомат қилувчи юртлар сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли низоларни бошидан кечирмоқдалар. Мазкур мамлакатларда одамлар оғир иқтисодий муаммолар гирдобида, ночорлик, озиқ-овқат танқислиги, очиқдан-очиқ зўравонликлар ва хавфсизликнинг йўқлиги шароитида кун кечирмоқда. Оқибатда бундай ҳудудлардан қочқинлар
ҳажми ортиб, кенг миқёсда гуманитар тангликлар юзага келмоқда.

Дарҳақиқат, Пайғабаримиз алайҳиссаломнинг “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдурки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” (Имом Бухорий, 6412-ҳадис) деган ҳадисларини эслаган ҳолда, бугунги кунда юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт қатор мамлакатларнинг халқлари учун орзу бўлиб қолаётгани гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ушбу ҳолат дунёдаги давлатларнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъи назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар улуғ неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда. Шу ўринда Имом Термизий ривоят қилган ҳадисни эслаш ўринлидир: “Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (“Сунани Термизий”, 2346-ҳадис).

Таъкидлаш жоизки, ижтимоий барқарорлик жамият ҳаётининг осойишталиги билан тавсифланади. Барқарорликка тинч-тотувлик ва уни мустаҳкамлаш учун шарт-шароитлар яратиш, турли ижтимоий қатламга мансуб фуқаролар ва сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни, давлат, жамоат ва диний ташкилотлар, фуқаролар ўртасидаги ижтимоий келишув ва шерикчилик бардавомлигини таъминлаш орқали эришилади.

Аксинча, халқ орасида бузғунчилик ғояларини тарқатиш орқали беқарорлик келтириб чиқариш эса тинчлик ва хотиржамликни издан чиқаради. Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка рахна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир” (Анфол сураси, 25-оят).

Ислом уламолари Қуръони каримда тинчликка, одамларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига рахна солувчи амалларни қилмасликни буюрилганини таъкидлайдилар: ...Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят). Мазкур суранинг 60-оятида: “...Аллоҳнинг ризқидан еб- ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!..” деб марҳамат қилинган.

Шунингдек, Ислом таълимоти одамларни миллати, дини, жинси ёки қарашларидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади ҳамда уларга зулм қилишдан қайтаради. Қуръони каримда: “...бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!..” (Моида сураси, 8-оят) дейилган.

Тинчликни сақлаш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Бугунги таҳликали замон тинчликни таъминлаш фақат давлатнинг ваколатли идоралари вазифаси деган нотўғри тушунчалардан воз кечиш, Ватан тақдири учун астойдил қайғуриб яшашни тақозо этаётганига барчамиз гувоҳмиз.

Алоҳида қайд этиш лозимки, тинчликнинг шукронаси амалий бўлиши лозим. Яъни, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланиши, келиб чиқиши мумкин бўлган нотинч­ликнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этишлари лозим.

Айниқса, ахборот манбалари, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали тарихимизни, миллий қадриятларимиз ва Ислом дини моҳиятини сохталаштиришга, маънавият ва маърифатдан йироқлаштиришга қаратилган ғаразли уринишларга қатъий қарши туришимиз керак. Мазкур йўналишда жамиятнинг зиёли қатламлари, олим ва уламолар олдинги сафда бўлишлари шарт.

Ватанпарварлик ота-боболардан мерос қолган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя қилиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади. Уламоларимиз ватанпарварлик оддий шиор ёки ҳис-туйғу эмаслиги, балки уни қуйидаги хайрли амал ва ибратли ишларда ифода этиш лозим эканини таъкидлайдилар:

– Ватан ҳаққига бор яхшиликларни тилаб дуо қилиш;

– жамиятда аҳилликни кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш (силаи раҳм, қўшниларга яхшилик, ўзаро ёрдам, бир-бирларига яхшиликни соғиниш, салбий ахлоқ ва ижтимоий иллатлардан сақланиш ва ҳ.к.);

– Ватан салоҳиятини ошириш ва уни муҳофазаси учун жонкуярлик қилиш (Ватан мулкини авайлаб- асраш, унинг юксалиши учун ҳалол меҳнат қилиш, ўзини бағишлаш, бу йўлда тамани яқинлаштирмаслик ва ҳ.к.);

– Ватан эрки, ҳудуди ёки обрўсига қарши ғоявий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.

Таъкидлаш жоизки, Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Масаланинг эътиборли жиҳатларидан бири шуки, тинчликни улуғ неъмат дея эътироф этган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.

Шу нуқтаи назардан фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни нафақат тўғри қабул қилишлари, балки эътиқодан қўллаб-қувватлашлари ҳамда бор имкониятлари билан ёрдам беришлари лозим. Таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган айнан мана шундай чора-тадбирлар ҳисобига юртимиз тинч, халқимиз фаровон яшаб, диндорларимиз ибодатларини хотиржам ва эмин-эркинликда адо этмоқдалар.

Қайд этилганлардан бугунги таҳликали замоннинг ўзи воқеликка ҳушёрлик, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, дунёда кучайиб бораётган хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ олиб яшашни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан ватандошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг онги ва шуурида мураккаб ва таҳликали дунё, минтақада рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида бирёқлама ва нохолис тасаввурлар шаклланишига йўл қўймаслик зарур саналади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлиқ катта ҳамда бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши – унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.

"Диний-маърифий суҳбатлар" китобидан

1956 марта ўқилди

Мақолалар

Top