МАҚОЛА

Сохта салафийларга битта раддия, битта савол ва битта насиҳат (1-қисм)

Ашъарийлик ва мотуридийлик (аҳли сунна)нинг ашаддий танқидчиси Юсуф Даврон бир видеочиқишида “Фиқҳ ал-акбар” китоби имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга мансублигини инкор этиб, бунга мантиқий далил сифатида қуйидаги фикрини келтирган: “Фиқҳ ал-акбар китобида “Қуръон махлуқ эмас (азалий, яратилган эмас – деган маънода)” гап бор. Ва ҳолбуки Абу Ҳанифанинг даврида бу масала йўқ эди. Бу мавзу мусулмонлар орасида биринчи бўлиб икки юзинчи йилдан кейин имом Аҳмад даврида пайдо бўлган. Имом Абу Ҳанифа 150-йилда вафот этган бўлса, қандай қилиб унинг китобида у даврда бўлмаган масала ёзилиши мумкин?!

Бу Юсуф Давроннинг фалсафий иддаоси. Энди камина ходимингиз Юсуфжоннинг шу видеочиқишидан таъсирланиб қуйидаги мақолани ёзишга азму-қарор айладим. Мақолани кўриб турганингиздек “ЮСУФ ДАВРОНГА БИТТА РАДДИЯ, БИТТА САВОЛ ВА БИТТА НАСИҲАТ” деб номладим. Чунки бу мақолам учта банддан иборат бўлиб, унда Юсуф Давронга битта раддия, битта савол ва хотимамда битта насиҳат ҳам илинганман.

Мақолада Юсуф Давронжонга ёши мендан кичик бўлгани учун “ука” деб мурожаат қилдим. Чунки мен учун қибла аҳли, мўминлар ака-укадек гап. Қалбидаги иймонининг ҳурмати бор ахир. Энди гапни чўзмасдан мақсадга ўтсам:

Юсуф Давроннинг Фиқҳ ал-акбар асарини имом Абу ҳанифадан инкор этиб келтирган фалсафий хулосасига битта нақлий раддия

Юсуфжон, ука! Яхшилаб уқиб олинг! Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг даврида мусулмонлар орасида “Қуръон махлуқми ё қадимми” деган масала бўлган. Бу аниқ. Аксинча, у даврда сизнинг ўзингиз бўлмагансиз! Сиз ўзингиз бўлмаган даврдаги ҳақиқатларни сизга номаълум бўлгани учун тарихдан ўчириб, атрофингиздаги соддадил талабаларни алдашдан энди тийилинг! Шунчаси етар!

Юсуф Даврон ука, қуйидаги ҳужжатга қаранг:

Шофеъий мазҳабининг кўзга кўринган олимларидан Ҳофиз Жалолуддин Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “ад-Дурр ал-мансур фит-тафсир бил-маъсур” номли Аллоҳнинг каломини асар билан тафсир қилишга мўлжалланган тафсирида қуйидаги воқеани келтиради:

و أخرج نصر فى الحجة عن ابى هريرة قال كنا عند عمر إبن الخطاب إذ جاءه رجل يسأله عن القرأن امخلوق هو او غير مخلوق فقام عمر فأخذ بمجامع ثوبه حتى قاده إلى على إبن ابى طالب فقال يا ابا الحسن اما تسمع ما يقول هذا قال و ما يقول قال جأنى يسألنى عن القرأن امخلوق هو او غير مخلوق فقال على هذه كلمة و سيكون لها ثمرة لو وليت من الأمر ما وليت ضربت عنقه

Наср ал-Мақдисий “ал-Ҳужжа”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, у киши деди: “Умар ибн Хаттобнинг хузурида эдик, бир одам келиб Умардан Қуръон махлуқми ё ғайри махлуқми? – деб сўради. Умар ўрнидан турдида ҳалиги одамнинг кийимидан ушлаб Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг олдига судраб келди ва “Эй Абу Ҳасан, манави одам айтаётган гапни эшитмайсанми?!” – деди. Али: “Нима деяпти?” – деди. Умар: “мендан Қуръон махлуқми ё махлуқ эмасми? – деб сўраяпти” – деди. Шунда Али: Бу шундай (ёмон) сўзки, ҳали тезда (салбий) самараси атрофга ёйилади. Агар сен бошлиқ бўлган ишга мен бошлиқ бўлсам буни бўйнига қилич солардим” – деди”. (Қаранг: ад-Дурр ал-мансур фит-тафсир бил-маъсурю 2 – Ж. 154 – Б).

Юсуф Даврон ука, худди шу ривоятни Доктор Абдураҳмон Умайра Аллома Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Мақосид” асарининг таҳқиқига ёзган муқаддимасида ҳам келтириб ўтган.

Юсуф Даврон ука, имом Жалолуддин Суютий келтирган шу ривоятга кўра, “Қуръон махлуқми ё махлуқ эмасми” деган тема, сиз иддао қилгандек икки юзинчи йилдан кейин имом Аҳмаднинг даврида эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин, биринчи юз йилликнинг ўзида, саҳобаларнинг, ҳатто дастлабки рошид халифаларнинг давридаёқ пайдо бўлиб улгурган экан. Умар ибн Хаттобнинг халифалик даврида пайдо бўлган бу мавзуни ҳазрати Али “бу тез тарқаладиган гап” деб бежизга айтмаган бўлса керак, ниманидир сезган, фаҳмлаган шунинг учун айтган. Ҳазрати Али тахмин қилганларидек бу мавзу тез тарқаган ва ҳато имом Абу Ҳанифанинг даврида ҳам баъзи бидъатчилар бу гапни кўтариб юришган. Имомимиз шунинг учун ҳам бу мавзуга Фиқҳ ал-акбарда алоҳида тўхталиб ўтганлар. Тушундингизми?! Сиз бўлса бу ривоятдан хабариз йўқ ўзизча имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга туҳмат қилиб ўтирибсиз… Уят эмасми ука?!

Юсуф Давронга битта савол

Савол: Юсуф Даврон ука, айтингчи сизнинг “Қуръон махлуқми ё махлуқ эмасми” деган мавзу имом Абу Ҳанифанинг даврида бўлмаган, бу мавзу иккинчи юз йилликдан кейин имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг даврида пайдо бўлган деган фикрингиз ҳақиқатми, ё Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоятида тасвирланган воқеа ҳақиқатми? Ҳарқалай, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга, ёинки имом Суютийга бу ривоятни ўзлари тўқиб чиқаришган деб туҳматқ илишдан уялсангиз керак…Тағин билмадим…

Юсуф Давронга битта насиҳат

Юсуф Даврон ука, биласизми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббатда ҳам нафратда ҳам меъёрдан ошмасликни тавсия қилганлар. Чунки ҳар иккиси ҳам меъёридан ўтиб кетса кишини кўр ва кар қилиб қўяди. Ортиқча яхши кўрса маҳбубининг айбларини кўрмайди, ортиқча нафратланганда эса мабғузининг ижобий тарафларини кўрмайди. Сизнинг имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва у кишининг издошларига нисбатан қалбингизда уфуриб аланга сочиб ётган нафратингиз кўр ва кар қилиб қўйган чоғи. Акс ҳолда мен юқорида келтирган ҳақиқатни кўрмай ё эшитмай қолишингиз мумкин эмасди. Ахир сиз салафийларнинг катта унвонли доктор домлаларидан бирисиз. Мен сизга ҳанафийларни, мотуридийларни ёмон кўришда инсофли бўлишга, ҳаддан ошмасликка чақираман. Агар насиҳатимни олсангиз тез орада ҳақни топишингизга умидворман, деб акангиз ҳанафий мотуридий Ботиржон домла ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме масжид имом хатиби

1281 марта ўқилди

Мақолалар

Top