МАҚОЛА

Ҳанафий мазҳабига биноан аёл ва эркак намозидаги фарқ

1. Такбири таҳрима айтиш вақтида қўл кўтариш суннат. Эркаклар қулоғининг юмшоғигача, аёллар эса елка баробаригача кўтарадилар.
Табаронийнинг мўъжам ал-кабир китобида Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак қўлини қулоғигача, аёл эса кўкрагигача кўтаради, дедилар. Бу ҳадиснинг ривоятида Умму Яҳё бинти Абдулжаббор мажҳул бўлиб, қолган барча ровийлар ишончлидир. Шунинг учун бу ривоят заиф бўлсада кучайтириш сифатида олса бўлади.

2. Қўл боғлашда эркаклар ўнг қўлини чап қўлини устига қўйиб, бош ва жимжилоқ бармоғини ҳалқа қилиб, киндиги остига қўядилар. Аёл эса ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, ҳалқа қилмасдан кўкраги устига қўяди.
3. Эркак рукуъда тўлалигича эгилади ва боши, бели ва орқа қисми текис бўлади. Икки қўли билан икки тиззасини ушлайди. Бармоқларининг ораси очиқ бўлади. Билагини биқинидан алоҳида қилади. Тиззасини букмайди.
Аёл эса бироз эгилади. Тиззасини ушламасдан фақат унинг устига қўлини қўяди. Бармоқларини орасини очмайди. Билакларини биқинига ёпиштиради. Тиззасини бироз букади. Шу ҳолатда аёл сатрлик бўлади.
4. Эркак саждада ҳамма аъзоларини алоҳида қилиб, қўлини қўлтиғидан ёки биқинидан, икки сонини қорнидан алоҳида қилади. Орқа қисмини юқори қилади. Билакларини ерга тўшамайди.
Аёл эса ҳамма аъзоларини йиғиб қўлини биқинига, сонини қорнига ёпиштиради. Орқасини юқори қилмайди. Имкон қадар ўзини паст қилади. Икки қўлини ерга тўшайди. Икки оёғини ўнг тарафига қилиб, оёқларини тикка қилмайди.
5. Эркаклар қаъдада чап оёқларини тўшаб, унинг устига ўтирадилар. Ўнг оёқларини ёнга чиқариб, панжаларини қибла тарафга қилиб, қўлларини тиззасига яқин қилиб, ўз ҳолича ташлаб қўяди. Аёл эса икки оёғини ўнг тарафига чиқариб, думбаси билан ерга ўтиради. Бармоқларини жамлаб олади.
6. Аёл кишига ёлғиз қолганда ёки маҳрамлари ёнида тўлиқ баданини беркитиши шарт эмас. Намозда эса юз, икки кафт ва икки қадамидан ташқари барча аъзоларини беркитган ҳолатда бўлиши фарздир.
7. Такбири таҳрима айтиш вақтида эркак қўлини енгининг остидан чиқариб олади. Аёл эса кафтларини енгини остидан чиқармайди. Эркак жамоат билан ўқиганда жаҳрий намозларда жаҳрий, маҳфий намозларда маҳфий қироат қилади. Ўзи ёлғиз ўқиганида унга ихтиёр берилган. Хоҳласа баланд овозда ўқийди хоҳласа паст. Аёл эса ҳамма намозларда оҳиста қироат қилади.
8. Эркакга бомдод намозини тонгни ёриштириб ўқиши мустаҳаб. Аёл кишига эса ғира-ширада ўқиши мустаҳабдир.
9. Зарурат вақтида эркаклар “Субҳоналлоҳ”, дейди. Аёл тасфиқ қилади.
10. Аёллар ёлғиз ўзлари жамоат қилмайдилар. Масжидга ҳам бормайдилар. Ҳаж ва умрада эса намозларини масжидда ўқийдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд бир бора аёлларнинг масжиддан чиқиб кетаётганларини кўриб, уйларингизга кетинглар. Сизлар учун уйларингиз афзалдир”, дедилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У онамиз: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллардаги ҳозирги ҳолатни кўрганларида Баний Исроил аёллари масжиддан ман қилинганидек буларни ҳам масжиддан ман қилган бўлардилар”, дедилар.
11. Аёл киши имом бўлмайди. Аллома ибн Ҳазм Зоҳирий “Маротибул ижмоъ”, китобида “аёл эркакларга имом бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Агар иқтидо қилсалар ижмоъда уларнинг намозлари фосиддир. Аёл аёлларга имом бўлиб берса масалан эркаклар йўқ бўлган ўринда жаноза намозини ўқиш тўғри келиб қолса улардан олдинга чиқиб олмайди.
12. Аёл кишига азон ва иқомат айтиш йўқдир.
13. Аёл кишига жума вожиб эмас.
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилиб айтдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума намози тўрт киши қул, аёл, гўдак ва касалдан ташқари ҳамма мусулмонлар зиммасига вожибдир, дедилар.
Ибн Ҳажар Асқалоний Талхийсул хобийр китобида бу ҳадисни жуда кўп кишилар саҳиҳ деганлар, деди.
Саҳобия аёлларнинг ҳам баъзиларигина жумага ҳозир бўлишар эди. Саҳобияларнинг амалларидан аёлларга жума вожиб эмаслиги маълум бўлади. Бошқа учала имомлар наздида ҳам шундайдир.
14. Аёл кишига ҳайит намози вожиб эмас.
15. Эркак сафнинг ортида ёлғиз туриши макруҳдир. Аёл киши эса ёлғиз ҳолда тураверади.
Ҳадисда келтирилишича, аёл киши ёлғиз ўзи бир сафдир, дейилган.
Шу ўринда баъзи бир кишилар томонидан Бухорийдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мени намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар”, деган ҳадисларидан эркак киши билан аёлнинг намози ўртасида фарқ йўқ. Чунки бу хитоб бутун умматга тааллуқлидир, деган шубҳа ўртага ташланади.
Тўрт мазҳаб соҳиблари ва уларнинг шогирдлари ҳам шу ҳадисни ўқиганлар. Кўп ўринларда бу ҳадисни баъзи ҳукмларга ҳужжат ҳам келтирганлар. Лекин аёл билан эркак намози ўртасида фарқ борлигини айтганлар. Бу ҳадисдан “Мен сизларга қандай намоз ўқишни таълим берган бўлсам шундай ўқинглар”, деган маънони тушунганлар.
Таълимотларининг орасида аёл киши юқорида келтириб ўтганимиздек саждани қимтинган ҳолда қилиши, икки оёғини ўнг томонга чиқариб, думбаси билан ерга ўтириши ва яна бир қанча фарқли ҳукмлар бордир.

 

fiqh.uz

1184 марта ўқилди

Мақолалар

Top