МАҚОЛА

Тўрт мазҳаб

• «Мазҳаблар тўртта эмас, мазҳаблар кўп» деган гап аслида сўз ўйинидан бошқа нарса эмас.
• Қани ўша тўрттадан бошқа мазҳаблар?!
• Тўрт мазҳабнинг ҳар бирида минглаб китоблар ёзилган.
• Шулардан ўртачароғида 30-40 минг шаръий ҳукм баён қилинган бўлади.
• Қани сиз Имом Саврий ёки имом Авзоий роҳимаҳумаллоҳнинг мазҳаби бор десангиз, бизга юқоридагининг ўндан бирини - уч-тўрт мингта ҳукмни уларнинг мазҳабида санаб берингчи?!
• Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳдан шуни санаб бера оласизми?!
• Уларнинг мазҳабига эргашган йигирмата олимни санаб бера оласизми?!
• Ҳеч ким Икриманинг, Товуснинг, Ҳасан Басрийнинг, Авзоийнинг, Саврий роҳимаҳумуллоҳларнинг мазҳаби бўлмаган, демайди.
• Балки САҚЛАНИБ ҚОЛМАГАН дейди.
• Қадимгилар қавлларини энг яхши жамлаган китоблар Ибн Аби Шайба роҳимаҳуллоҳнинг «Мусонниф»лари, Имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳнинг «Ихтилаф ул уламо» китоблари (асли йўқолган, бироқ Жассос роҳимаҳуллоҳнинг унга қилган «Мухтасар»и ва ундан фойдаланган Ибн Қудама роҳимаҳуллоҳнинг «Муғний»си кабилар сақланган), Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳнинг «Авсат» китоби.
• Бироқ бу асарлар ўша олимлар ўша фатвода қолганмилар, далиллари нима бўлган, ўша фатво учун шартлари, қайдлари бўлганми, бу нарсаларни тўла баён қилмаганлар.
• Масалан, Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ аёл киши таҳоратга ишлатган идишда қолган сувдан эркак киши таҳорат қилиши мумкин эмас, дейдилар.
• Буни хилофларни ўрганган ҳар қандай толиби илм билади.
• Бироқ бу гапни ҳеч қандай шартсиз айтмаганлар.
• Балки бунга 7 та шарт келтирганлар.
• Буни ҳанбалийлар билади.
• Агар Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг мазҳаблари шогирдлари ва уларнинг шогирдлари ва уларнинг шогирдлари каби силсила билан келмаганда, балки биз шу шартлардан ғофил қолардик.
• Худди шунга ўхшаб Имом Молик роҳимаҳуллоҳ ҳайвонлар сутрага ярамайди, деганлар.
• Бироқ моликийлардан қарасангиз, туяни боғлаб, сутра қилиб намоз ўқийверишади.
• Сабаби, имомлари уни беш шарт билан жоизлигин. келтирганлар.
• Уни улар билади, биз билмаймиз.
• Агар имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг мазҳаблари шогирдлари ва уларнинг шогирдлари ва уларнинг шогирдлари каби силсила билан келмаганда, балки биз шу шартлардан ғофил қолардик.
• Шунга кўра, Ҳасан Басрийдан саъйни тескаричасига қилса бўлади деган фатво топсак, ёки турмуш қуриб, ажрашган балоғатга етган аёлни валийси мажбурлаб эрга берса бўлади, деган қавлни топсак, биз билмаймиз, у зот буни қандай шартлар билан, қандай қайдлар билан айтганлар.
• Биз билмаймиз, бу фатводан қайтганмилар, йўқми.
• Қолаверса, Саврий роҳимаҳуллоҳнинг мазҳаби дейдиганларга кулгим келади.
• Билишимча, имом Саврий роҳимаҳуллоҳнинг қавлларини энг кўп жамлаганлардан бири Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ бўладилар.
• Яна Имом Ибн Абдилбар роҳимаҳуллоҳ ҳам.
• «Изтизкор»ни ва «Сунан»ни ўқиганлар жуда яхши биладиларки, Имом Саврий роҳимаҳуллоҳ аксар масалаларда Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ билан қавллари бир бўлган.
• Бунга рукудан олдин ва кейин «рофъул ядайн» қилмаслик, таҳорат учун ният шарт эмаслиги каби «салафий»лар энг кўп раддия берадиган масалаларни ҳам мисол қилиш мумкин.
• Бинобарин, агар Саврий роҳимаҳуллоҳнинг мазҳаби сақланиб қолганида, сиз унга ҳам Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ мазҳабига қилган муомалани қилган бўлардингиз.
• Нега Имом Саврий роҳимаҳуллоҳ билан Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ мазҳаблари бунчалик бир-бирига яқин?
• Сабаби, у қавллар Абу Ҳанифа ёки Саврий роҳимаҳумаллоҳларнинг эмас, балки улар тарбия топган мадраса соҳиблари Иброҳим Нахаий роҳимаҳуллоҳ ва у зот олган Ибн Масъуд ррзияллоҳу анҳунинг қавлларидир.
• Хулоса қилиб айтсам, тўрт мазҳаб - тўрт фиқҳий мадраса асрлар давомида минглаб, ўн минглаб уламолар томонидан шакллантирилган, ҳукмлари бизгача кучли силсила билан етиб келган мазҳаблардир.
• Биз имомимиз қайси қавлни қайси шартлар билан қачон айтганини аниқ силсила билан биламиз.
• Бошқа мазҳаблар эса Аллоҳнинг иродаси билан фиқҳий йўналиш - мадраса ўлароқ сақланиб қолмаган.
• Шу сабабдан Ибн Солаҳ, Заркаший («Баҳр»нинг соҳиби), Имом ул Ҳаромайн, Ибн Нужайм ва бошқа кўплаб умматнинг муҳаддис ва фуқаҳолари роҳимаҳумуллоҳлар асрлар давомида тўрт мазҳабдан чиқиш жоиз эмас деганлар, бунга ўз даврларида ижмо бўлганини таъкидлаганлар.
• Шунинг учун «Мароқи» соҳиби ҳам айтади:

والمُجْمَعّ اليَومَ عليه الأربعةْ

وقَفْوُ غيرِهِ الجميعّ منعهْ

• Яъни:

Бугун ижмоъ қилингани тўртта мазҳаб,
Қолган барчасидан юрма фатво излаб!
• Байтнинг шарҳи:

المجمع عليه
ижмо қилинган нарса

اليوم
кунимизда, яъни замонимизда

الأربعة
- тўрт мазҳабдир,

وقفو غيره
- ёки غيرها -

шу тўрт мазҳабдан бошқасига эргашишни ёки уларнинг биридан бошқасига эргашишни

الجميع منعه
барча уламолар ман қилганлар.

• Мен толиби илм биродарларимга мана шу байтни ёдлаб олишни ва Аллоҳ иродаси билан саҳиҳ силсила асосида сақланган тўрт мазҳабдан чиқиб, ўнта мазҳаб бор, юзта мазҳаб бор, дея сўз ўйини қилувчиларга алданмасликни насиҳат ва қаттиқ тавсия қиламан.
• Унутмангки, тўрт мазҳабдан биридаги ҳукмга эргашган одам ўзи билан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасида кучли арқонни - мужтаҳидлар ва фақиҳлар силсиласини ушлаган бўлади.
• Бунинг энг очиқ-ойдин далили шуки, тўрт мазҳабнинг фиқҳ китоблари минг йил - минг икки юз йил олдин ёзилган.
• Масалан:
- ҳанафийларнинг «Асл», «Жомеъус Соғир» китоблари иккинчи ҳижрий асрда;
- моликийларнинг «Мудаввана»си ўша асрда;
- шофеийларнинг Музаний ва Бувайтий роҳимаҳумаллоҳларнинг «Мухтасар»лари учинчи асрда;
- ҳанбалийларнинг Хироқий «Мухтасар»и тўртинчи асрда ёзилган.
• Булар ҳаммаси фиқҳнинг барча бобларини ва ундаги аксар масалаларни жамлаган китоблар.
• Салафийларда шундай китоб қачон ёзилган?!
• Салафийларнинг илк фиқҳ китоби эса XX аср охирида ёзилган.
• Унгача бу бешинчи «мазҳаб»нинг барча фиқҳ бобларини жамлаган фиқҳ китоби бўлмаган.
• Мен бировга бу «5-мазҳаб»га эргашманг демайман.
• Аслида «5-мазҳаб» ҳам камида ўнта мазҳаб бўлиб кетди.
• Ҳеч кимга сир эмаски, шайх Албоний, шайх Ибн Усаймин, шайх Ибн Бозлар роҳимаҳумуллоҳлар ҳам минглаб масалада ўзаро ихтилоф қилганлар.
• Сиз истагангизга эргашаверинг.
• Шахсан менинг эътирозим йўқ..
• Бироқ...
• ... бироқ мазҳаблар тўрттамас, мазҳабсиз деган гап йўқ, ҳамманинг мазҳаби бор, каби сўз ўйинлар қилиб, барчага маълум ҳақиқатларни буриб, бузиб кўрсатманг!
• Барчага маълум терминлар- мусталаҳларни маъносини ўзгартириб, ўзингизга мослаб шарҳламанг!
• Зеро, илмий омонатдорлик ва сидқ бу диннинг асрлар давомида бузилмай сақланиб қолишида, Аллоҳнинг иродаси билан, энг асосий ва бирламчи омил бўлди.
• Эндиям шундай бўлиб қолсин!

©️ Mahmud Usmon

1129 марта ўқилди

Мақолалар

Top