МАҚОЛА

Ким адашган: мотуридий ва ашъарийларми ёки "салафийлар"?...

Ҳаддидан ошган, ўзларидан бошқа мусулмонларни адашганликда айбловчи тоифалардан бири масжидда дарс бераётган эди.

Дарс асносида:

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тавассул (васила) қилиш мумкин эмас, - деди.

Масжиддагилар:

- Нима учун мумкин эмас?, - дея савол беришди.

У бўлса:

- Чунки, Аллоҳ таоло мавжуддир. Аллоҳ мавжуд бўла туриб, қандай қилиб пайғамбарга мурожаат қилиш мумкин бўлар экан, - дея жавоб берди.

Бир киши:

- Кўплаб уламолар бу ишни жоиз дейишган-ку, - деди.

У бўлса:

- У уламолар тавҳидни билишмайди. Динда бидъатлар пайдо қилишган. Бидъатчилар залолатда, залолат эса дўзахда бўлади. Биз эргашган уламолар ҳақиқий тавҳид аҳли. Соф дин уларга эргашиш билангина бўлади. Тавҳид аҳлига тоғутга сиғинадиганлар баробар бўла олмайди. Яна айтаман: пайғамбарни васила қилиш мутлақ ножоиз. Аллоҳдан тўғри сўрайвериш керак, нима кераги бор ўртага бандани қўйиб, - деб айтди.

Ушбу мутаассиб кимса тавассул тўғридан-тўғри бандага мурожаат қилиш эмас, балки, Аллоҳ таолога пайғамбар орқали мурожаат қилиш эканини билмайди ёки билишни ҳам истамайди.

Масжид аҳли ичидаги ёши улуғ бир кимса гапирди:

- Эй шайх, мен ўқиш ва ёзишни билмайдиган оми одамман. Сизга саволим бор.

- Саволларингизни бераверинг, жавоб бераман. Мендан аҳли тавҳидларнинг соф жавобларини эшитасизлар.

- Қиёмат кунги даҳшатли вазиятдан халос топиш учун маҳшаргоҳда турган барча инсонлар кимнинг олдига боришади?

- Дарсларимда қатнашаётганмидингиз?

- Ҳа, қатнашаяпман.

- Унда бу саволга аввал ҳам саҳиҳ ҳадис билан жавоб берганман, ҳозир ҳам шу жавобни бераман. Қиёмат куни инсонлар ўта қўрқинчли вазиятда, ночор қолишади. Барча инсонлар ва ҳатто пайғамбарлар ҳам ўзи билан ўзи овора бўлиб қолишади. Шунда улар мавжуд қўрқинчи вазиятдан чиқиш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олдига бориб ёрдам сўрашади. У зот ҳамманинг шафоатчиси бўлади.

- Унда айтингчи, нега инсонлар киёмат куни даҳшатли ҳолатлардан нажот топиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, у зотга мурожаат қилишади, ваҳоланки, Аллоҳ мавжуд-ку?! Нега Аллоҳдан сўраб қўя қолишмайдими?!

Ахир Набийси олдига боришни ким буюрган? Бу амрни Аллоҳнинг Ўзи буюрган-ку!

-----------

Ёлғонлар ана шундай фош бўлади!

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай айтдилар: “Қиёмат куни бўлганида одамлар қаёққа ва кимнинг олдига боришни билмай қоладилар. Одам алайҳиссаломнинг олдига келишиб: "Аллоҳдан биз учун шафоат сўранг”, дейишади. Одам алайҳиссалом: "Мен шафоат қилолмайман. Сизлар Иброҳимнинг олдига боринглар", дейдилар. Улар Иброҳим алайҳиссаломнинг олдига боришиб шафоат сўрашади. Иброҳим алайҳиссалом ҳам: "Мен шафоат қилолмайман, сизлар Мусонинг олдига боринглар", дейдилар. Улар Мусо алайҳиссаломнинг олдига келишади. Мусо алайҳиссалом ҳам: "Мен шафоат қилолмайман, сизлар Ийсонинг олдига боринглар", дейдилар. Улар Ийсо алайҳиссаломнинг олдига келишади. Ийсо алайҳиссалом ҳам: "Мен шафоат қилолмайман, сизлар аввалги ва кейинги гуноҳлари кечирилган Муҳаммаднинг олдига боринглар", дейдилар. Улар менинг олдимга келишади. Мен Роббимдан изн сўрайман, менга изн берилади. Мен саждага йиқиламан. Саждада Аллоҳ хоҳлаганча қоламан. Сўнг Аллоҳ: "Бошингни кўтар эй Муҳаммад. Гапир эшитиласан. Шафоат қил шафоатинг қабул қилинади. Сўра сенга сўраганинг берилади", дейди. Мен бошимни кўтариб: “Умматим, умматим”, дейман. Сўнг менга: “Бор, қалбида зарра миқдорича иймони бўлган кишини дўзахдан чиқар”, дейилади. Мен бориб уларни дўзахдан чиқараман" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳозирда ўзларидан бошқа барча мусулмонларни адашганга чиқарадиган, гарчи ўзлари жуда ҳам озчилик бўлишса ҳам, ўзларини жуда ҳам кўпчиликдек кўрсатаётган тоифалар бор. Улар наздида ўзларининг йўлларидан бошқа йўлда бўлган барча мусулмонлар залолатда. Улар йўлига эргашмаганлар мушрик ва тоғутнинг малайи.

Бу тоифадагилар мусулмонларни ҳеч бир тараддудсиз залолат ва ширкда айблайверишади. Ўзларини гўёки Аллоҳ таолодан фақатгина уларгина жаннатий бўлиши ва қолган барча дўзахий бўлишига ваҳий келганидек тутишади. Худди Набий алайҳиссаломдан то улар давригача барча уммат олимлари-ю омилари залолат-у ширкда бўлишган ва улар пайдо бўлгачгина ҳақиқий муваҳҳидлар вужудга келгандек.

Науузу биллаҳ...

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларига келиб "Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ", деган ҳар бир кимсани муваҳҳид экани, агар шу ақидада содиқ бўлиб вафот қилса жаннатий бўлишини айтганлар. Бунга кўплаб ҳадислар бор.

Аммо ўзларини "салафийлар" деб атаб олган-у, йўллари салафи солиҳлар йўлига мутлақ зид бўлган бу тоифа "Ла илаҳа иллаллоҳ"ни айтишнинг ўзи мўмин-мусулмонлик учун кифоя деб ҳисоблашмайди. Мусулмон бўлиш учун тавҳиднинг уч қисмига иймон келтириш шарт, бўлмаса мусулмон бўлмайди дейишади. Уларни йўлбошчиларидан бири Ибн Абдулваҳҳоб: “Менгача бўлган барча мусулмонлар тавҳидни асл сирини тушунишмаган. Аллоҳ таоло менга ҳеч кимга бермаган сирни англатиб қўйди, ҳаттоки шайх (устоз)ларим ҳам буни билишмаган”, дея иддао қилган ва минглаб мусулмонларни кофирга чиқариб, қонини ҳалол санаб ўлдирилишига сабабчи бўлган. Қаранг-а? Бу иллатга кўра тавҳид сири фақат шу одамгагина берилиб, бошқалар бетавҳид бўлган экан. Ҳатто устозлари ҳам тавҳиддан бебаҳра қолган экан...

Азизлар кўзни очайлик. Ҳар кимда ўзи йўлини танлаш ихтиёри бор. Аммо ақидада ўта янглишиб, аҳли сунна ва жамоага зид ва мужассималик йўлини тутиб, Аллоҳ таолога жисм нисбатини берадиган, Пайғамбар алайҳиссаломни севадиган мусулмонлардан нафратланиб яшайдиган, ўзларидан бошқаларни тоғут малайлари, залолатдагилар, дўзахийлар, мушриклар дея айблайдиган, ўзлари дунёдаги энг оз мусулмонлар бўлса-да бошқаларни мусулмон эмасликда таъна қиладиган бу мужассималар йўли адашиш, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган, бир ярим минг йилдан бери уммат у узра қоим бўлган йўлга зиддир.

Ибн Таймия, Ибн Абдулваҳҳоб, Албоний ва ҳоказолар мусулмон бўлишган. Бунга шубха йўқ. Зотан аҳли сунна уламолари "Ла илаҳа иллаллоҳ" дея айтган инсон тавҳид аҳли ҳисобланиб, мусулмонлардан бўлишини айтишган.

Аммо улар тутган йўлда аҳли сунна уламоларининг жуда кўплаб ақида масалаларига зид масалалари сабабли бу йўлга эргашиш ножоиз.

Бунга доир бир неча масалаларни келтирамиз:

1. Аҳли сунна наздида "Ла илаҳа иллаллоҳ" ни айтган инсон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давридан то қиёматгача муваҳҳид мусулмон ҳисобланади. "Салафий"миз деб даъво қиладиганлар наздида эса "Ла илаҳа иллаллоҳ"ни айтган инсон тавҳиднинг рубубий, улуҳий ва асмои-сифот қисмларига ҳам иймон келтирсагина мусулмон бўлади, бўлмасам йўқ. Ажиб-а?

2. "Салафий"миз дея даъво қилувчилар наздида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мавлид ўқиш ножоиз, бидъат ва гуноҳ. Малидни ўқиган инсон бидъатчи бўлиб дўзахийлар сафига кириб қолади, чунки, пайғабмар алайҳиссалом ва саҳобийлар даврида бу иш бўлмаган.

Аммо "салафий"лар раҳнамоларидан бири бўлмиш Муҳаммад Ибн Абдулваҳҳобни алоҳида маросимда эслаб, мақташ жоиз. Чунки бу бидъат эмас, одат. Гарчи бу иш ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобийлар даврида бўлмаган бўлса-да жоиз.

Шунингдек уларнинг муфтийси бўлган Ибн Боз раҳимаҳуллоҳга мавлид қилиш жоиз ва савобли. (Хоҳлаганлар интернетдан ибн Бозга ўқилаётган мавлид видеоларини кўришлари мумкин).

Ажойиб-а? Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мумкинмас бидъат, уларнинг олимларига эса мумкин ва савоб...

3. "Салафийлар" мусулмонларни, хоссатан мотуридий ва ашъарийларни адашган деб жар солишади, тўртала мазҳабга эргашишни ножоиз дейишади. Мотуридий ва ашъарий ақидасидаги мусулмонлар қўшинлари кўплаб Исломий фатҳлар, жангларда қатнашиб Ислом ёйилишига муносиб ва катта хисса қўшганлар. Ислом учун буюк хизматлар қилган Усмонийлар, Салоҳиддин Айюбий, Сафуддин Қутуз ва ҳоказо буюк шахслар мотуридий ва ашъарий ақидасида бўлгани учун адашган экан-да, вужудга келганидан буён бирон бор мусулмонлардан бошқалар билан жанг қилмаган, фақатгина мусулмон юртларни адашиш ва ширкда айблаб, куфрга чиқариб қонини тўкишдан бошқа иш қилмаганлар тўғри йўлда экан.

(Нажддаги мотуридий ва ашъарий ақидасидаги минглаб мусулмонларни кофир ва мушрик дея қатл қилишгани тарих китобларида турибди).

Жуда ажойиб-а?...

4. Бир мусулмон Қуръон ва Суннат асосида Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеъий, Имом Молик ва Имом Аҳмад роҳимаҳумуллоҳ тузган йўлни тутса адашган ва бидъатчи бўлади.

Аммо айнан шуни ўзи бўлган, Қуръон ва Суннатдан Ибн Таймия ва Ибн Абдулваҳҳоб тузган йўлга эргашса тўғри йўлдаги мусулмон ҳисобланади.

Жуда ҳам ажойиб-а?...

5. Бу тоифалар бошқа мусулмонларни жиҳод қилмаганликда айблашади. Аммо ўзларининг "жиҳод"лари сабабли қайси юрт обод бўлиб ривожланиб кетганига атиги битта мисол келтира олишмайди. Аммо уларнинг "жиход"лари самараси Ливия, Сурия, Ироқ каби бой ва ривожланган давлатларни вайроналарга айлантириб ташлагани, у юртда тинч хотиржам ибодатларини қилиб яшаган мусулмонлар ҳозирда чайла ва чодирларда, оч ва тиламчилардек кун кечирашаётгани ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Аксинча, мана шунақанги "жиҳод"га одамларни чақиришиб, бу ҳақидаги ҳақиқатларни баён қилганларни сарой муллалари, сотқинлар дейишади.

Буларни "жиход"и самарасини кўрмоқчи бўлсангиз, Сурия мусулмонларининг ахволига қаранг.

Ажибдан ажиб-а?

Бунақа мисоллар кўп. Иншааллоҳ навбати билан тақдим этилади.

Кейинги мақоламизда ўзларини тавҳид билимдони аслий тавҳид сохиблари деб биладиганларнинг тавҳиди Аҳли сунна тавҳидига тўғри келадими, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга нажот ўлароқ тақдим этган тавҳид ва "салафийлар" тавҳиди бир нарсами, шу ҳақида ёзамиз.

Тавфиқ - Аллоҳдандир!

 

Суннатуллоҳ Абдулбосит

1241 марта ўқилди

Мақолалар

Top