МАҚОЛА

Диний бағрикенглик — тинчлик-тотувлик, тараққиёт кафолати

 Нуқтаи назар

 

Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний расм-русумларини эмин-эркин адо этиб келган бағрикенг диёр сифатида қадрланади. Мамлакатимизнинг ушбу йўналишда олиб бораётган изчил сиёсати халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.

Юртимизда “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми доирасида ўтказилган кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масалаларида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишишга қаратилган илмий-амалий семинарда бунга яна бир карра гувоҳ бўлдик.

“Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йили қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясида мустаҳкамланган тамойил ва қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси олиб бораётган изчил ишларнинг бир қисми бўлиб, 2020 йилда давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси мақсадларига эришишга хизмат қилади.

Анжуман доирасида турли мамлакатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришнинг муҳим шарти сифатида динлар ва маданиятлар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажриба намойиш этилди. Мазкур халқаро форум жаҳон ҳамжамиятининг эътиқод эркинлигини таъминлаш ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатини бирлаштириш жараёнининг ажралмас қисми бўлиб, давлатимизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинлиги бўйича халқаро мажбуриятларга қатъий содиқлиги, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида Ўзбекистоннинг айни йўналишда эътироф этилган умумий стандартларни халқаро миқёсда фаол тарғиб этишга тайёрлиги ифодасидир.

Бу мамлакатимизда шу мавзуда ташкил этилган иккинчи халқаро тадбир ҳисобланади. Форум майдончасида 2019 йилда бўлгани каби Европа, Осиё, Яқин Шарқ, Африка мамлакатлари ва АҚШнинг етакчи дин уламолари, илоҳиётшунослари, ҳуқуқшунослари, расмийлари тўпланди. Анжуман кун тартиби бир неча босқичдан иборат бўлди. Дастурнинг биринчи қисмига кўра, Тошкентда кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масаласида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш юзасидан илмий-амалий семинарлар ўтказилди.

Дастурнинг иккинчи қисмида хорижий делегациялар мамлакатимиздаги энг қадимий шаҳарлардан бири бўлган Самарқандда бўлиб, бебаҳо маданий меросимиз намуналари билан танишди. Турли конфессиялар диний масканларига ташриф буюриб, диний ҳамжамият вакиллари билан учрашди.

Анжуман Бухоро шаҳрида “Декларациялар мулоқоти” мавзусидаги халқаро конференция билан ўз ишини якунлади. Тадбирда илмий-амалий семинарлар сарҳисоб қилинди, эътиқод эркинлиги ва динлараро мулоқотни таъминлаш масаласи бўйича фикр алмашилди, келгуси ҳамкорлик истиқболи белгиланди. Халқаро учрашувнинг якунида Бухоро декларацияси қабул қилинди. Илгари Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда қабул қилинган декларацияларни тўлдирадиган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга қўшган муҳим ҳисса бўлди.

Форум орқали Ўзбекистон бир қатор вазифаларнинг уддасидан чиқди. Аввало, давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятга ишончли ва холис маълумотни етказа олдик. Сир эмас, юртимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳасида, жумладан, дин соҳасида ҳам сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй берди. Бундан ҳеч ким кўз юмолмайди. Президентимиз раҳбарлигида дин соҳасини эркинлаштириш борасида изчил сиёсат олиб борилмоқда, аҳолининг диний эҳтиёжларини тўғри қондириш, бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Ўзбекистоннинг диний соҳадаги сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан кенг олқишланди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан диний-маърифий соҳада оламшумул ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, диндорларнинг “қора рўйхати” бекор қилинди, олдин қамоққа ташланган кўплаб маҳбуслар афв этилди, Қорақалпоғистондаги шароити ўта оғир бўлган “Жаслиқ” қамоқхонаси ёпилди. Экстремизмда айбланган 18 минг нафардан зиёд ҳамюртларимиз “қора рўйхат”дан чиқарилганининг ўзи кўп нарсадан далолат беради. Мамлакат бўйлаб биринчи марта барча босқичлардаги Қуръон мусобақалари ўтказилди. Тошкентда илк марта Қуръони каримнинг хусусий нашриётда чоп этилишига рухсат берилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та диний конфессияга мансуб 2 минг 333 та диний ташкилот фаолият юритмоқда. Юртимизда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 10 та мадраса, жумладан, 2 та ихтисослаштирилган хотин-қизлар билим юрти, Тошкент православ диний семинарияси, Тошкент протестант семинарияси каби ўқув муассасалари мавжуд.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий, Имом Термизий ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилган. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуф илми мактаблари очилган. Шунингдек, Ўзбекистон тўлиқ Инжил христианлари маркази, Ўзбекистон Инжил христиан-баптистлар черковлари иттифоқи фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диншунослик”, “Фикҳ”, “Қуръон”, “Ҳадис” каби янги диний мутахассисликлар бўйича ўқув режаси жорий этилди. Академияда диний таълим соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида “Қуръоншунослик ва ҳадисшунослик”, “Ислом тарихи ва манбашунослик”, “Ақида” каби кафедралар очилди.

Жамиятда динлар ва миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенгликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини бугун дунё жамоатчилиги, халқаро эксперт ва мутахасислар алоҳида эътироф этмоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон бу соҳада кўп асрлик ижобий тажрибага эга. Шу билан бирга, мамлакатимизда турли дин тарафдорларининг диний эҳтиёжларини қондириш учун имкониятлар доимий равишда кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида динлараро зиддиятлар кучайиб бораётган бир вазиятда кўплаб хорижий экспертлар халқаро муносабатларда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга асосланган ўзбек моделини ўрганишга фойдали ва ўрнак олса арзийдиган омил сифатида қарамоқда.

Форумнинг яна бир аҳамияти шундаки, унинг доирасида кўп миллатли жамиятларда диний эркинликлар ва динлараро тотувликни таъминлаш бўйича фикр алмашиш, халқаро тажрибани муҳокама қилиш имконияти туғилди. Шу ўринда Ўзбекистонда динга муносабатидан қатъи назар, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси виждон ва дин эркинлигига, тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга қаратилган мукаммал қонунчилик базаси мавжудлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистоннинг конституциявий нормалари фуқароларнинг бирон динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқини кафолатлайди. Шу билан бирга, бир дин ёки мазҳабнинг бошқаларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги устуворлиги ёки чекловларини ўрнатишга йўл қўйилмайди.

Форум туфайли, юқорида айтиб ўтганимиздек, маърифат ва бағрикенглик маданияти ғояларини тарғиб қилиш, турли дин тарафдорларининг миллий анъаналарига ҳурмат ҳамда уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган “Бухоро декларацияси” қабул қилинди. Ушбу декларация ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамжамиятнинг дунёда диний эркинликларни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бухоро дунёнинг энг қўҳна шаҳарларидан бири эканлиги ҳаммага маълум. У бир неча тамаддунлар, диний жамоалар, маданиятлар ва эътиқод тизимларининг чорраҳасида жойлашган. Бухоро, шунингдек, минг йиллар давомида атоқли олиму уламоларнинг ватани бўлиб келган. Бу ердаги мадрасалар битирувчилари ислом илоҳиёти ривожига беназир ҳисса қўшган. Бу табаррук заминда ислом динининг салмоқли интеллектуал салоҳияти яратилган. Шуни инобатга олган ҳолда, форум иштирокчилари халқаро ҳамжамиятни дунёнинг барча минтақасида миллатлараро ва фуқаролар тотувлигининг муҳим шарти сифатида динлараро мулоқотни кенгайтиришга янада кўпроқ эътибор қаратишга чақириш мақсадида ушбу шаҳарда тегишли декларацияни қабул қилди.

Адолат нуқтаи назаридан айтганда, Ўзбекистоннинг нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилиши барчамизнинг кўнглимизни тоғдек кўтарди. Ахир динга ва илмга қизиқиш кучли бўлган Ўзбекистонда динга нисбатан ўтмишда зуғум ва қатағонлар кам бўлдими?! Шундай даврлар ҳам бўлдики, дин қатағонга учради. Айниқса, собиқ Иттифоқ даврида одамларнинг эътиқоди “бўғиб қўйилган”, диний уламолар қатағон қилинган эди. Қатағон аввало, зиёлилар, дин хизматчиларига қарши қаратилган эди. 1937 йилнинг декабрь ойида “учлик” қарори билан ҳукм қилинган 3 минг 644 кишидан 1 минг 464 нафари имом, эшон, мулла ва бошқа диний хизматчи бўлган.

Худосизликка асосланган тузумнинг тазйиқлари ўтган асрнинг 80-йилларигача давом этди. Умуман, ўша йилларда ҳам диний урф-одатларни ошкора бажариш қийин кечди, ҳатто “художўйман”, дейишга ҳам ботинилмасди. Зиёлилар масжидга боргани, жаноза намозларида қатнашгани учун коммунистик фирқадан ва эгаллаб турган лавозимидан ҳайдаларди.

Мустақиллик эълон қилиниб, мафкуравий занжирдан халос бўлингач, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, республикамизда кўплаб масжидлар қурилиб, диний ташкилотлар тузишга рухсат берилди.

Янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча диний конфессиялар вакилларига бирдек имконият берди. Бу билан диннинг юксак маданият ва маънавият воситаси эканлиги, беқиёс ахлоқий-тарбиявий қудрати, шунингдек, инсонларнинг камтарлик, камсуқумлик, ҳалоллик ва покликка ундовчи қадриятлари миллий қадриятлар қаторида қонунан тан олинди.

Ўзбекистонда динга эътиқод қилувчилар барча диний байрамларни эркин нишонламоқдалар. Йилдан-йилга мусулмонларнинг Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, христианларнинг Пасха ва Рождество, яҳудийларнинг Пасха, Пурим ва Ханука байрамлари кенг кўламда нишонланмоқда. Бундан ташқари, ҳар йили мамлакатимиз ҳукуматининг ҳар томонлама кўмаги билан мусулмонлар Хаж ва Умра амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига, христианлар Россия, Грецияга, яҳудийлар эса Исроилга зиёратга юборилмоқда. Авваллари фуқароларимиз Умра сафарига бориш учун йиллаб навбат кутишар, турли хил бошқа йўллар билан бориш имкониятларини қидиришар эди.

Энди юртимиз аҳолиси муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида жамоатчилик кенгаши қарори асосида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланди. Илгариги тартибга кўра, Умра сафарига бориши мумкин бўлган зиёратчилар квотаси ҳар йили ўн минг киши этиб белгиланган эди.

Шунингдек, давлат томонидан ҳар бир конфессия билан ўзаро муносабатлар диний туйғуларни ҳурмат қилиш, диний эътиқодни фуқароларнинг шахсий эҳтиёжи сифатида эътироф этиш, диндан ғайриқонуний мақсадларни амалга ошириш учун фойдаланишга йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиши ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслигидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик каби тамойилларга асосланиши белгиланган.

Мазкур тамойиллар асосида эса давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашмоқда, шунингдекё, диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватламоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг ҳозирги кунда ҳалок бўлган ёки Сурияда қочқинлар лагерларида бўлган ўзбек “жиҳодчилари”нинг аёллари ва фарзандларини ватанга қайтариш борасидаги ишлари оммавий қатағонлар қайтмаслигининг ва инсон ҳуқуқларига қатъий риоя этаётганининг исботи ҳисобланади. Бу инсонпарварлик ва рамзий белги бўлиб, муроса даври келганини ҳамда аввалги зўравонликларнинг тугаганини англатади.

Мамлакатимизда диний эркинликлар берилганини халқаро ҳамжамият ҳам тан олди. Ўзбекистон диний эркинлик бўйича махсус кузатувдаги давлатлар сафидан чиқарилди. Чунки ўтган бир неча йил мобайнида мамлакатда фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича аниқ ва амалий чоралар кўрилди.

Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ виждон эркинлиги кафолатланган. Бундай шароитда бағрикенглик, тотувлик, эркинлик ҳақида гапирмасликнинг иложи ҳам йўқ. Зотан, юксак маънавият сари интилаётган дунёвий давлатда диний қадриятлар охирги масала эмас. Уларни ҳурмат қилиш, тўғри талқин этиш, эътиборсиз қолдирмаслик, лекин бир вақтнинг ўзида динга ёндашув ҳуқуқий меъёрларини бузмаслик лозим. Бундай ёндашув ҳам мамлакат ичида, ҳам минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ёрдам беради.

Давлатимиз динни ҳамиша ижтимоий маданиятнинг ажралмас ва муҳим бўлаги сифатида қабул қилган. Дин халқ маънавиятини озиқлантирувчи чашмадир. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Мазкур норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ҳам акс этган. Умуман олганда, диний эътиқод эркинлиги гуманистик маданиятнинг энг буюк ютуғи ҳисобланади. Бу тушунча инсон диндан мутлақо юз ўгириши мумкинлигини англатмайди. Ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини биз “виждон эркинлиги” тушунчаси билан ифодалаймиз. Ҳозир у барча дунёвий давлатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам амалда. Бироқ виждон эркинлиги ниқоби остида террористик ёки экстремистик қарашларни тарғиб қилиш ҳамиша қаттиқ қораланган. Дарвоқе, 2018 йилда юртимизда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганини эслатмоқчиман. Ҳужжатда “экстремизм”, “терроризм”, “радикализм” тушунчаларига таъриф берилган. Бу жуда муҳим. Сабаби уларни фарқламаслик ёки турлича талқин қилиш глобал иллатларга қарши курашишни қийинлаштиради.

Биз азалдан бағрикенг халқмиз. Тарихга назар ташланг: қадимда Хитой, Ҳиндистон, Европа, Эрондан келувчи савдо карвонлари Буюк ипак йўли орқали юртимиз ҳудудини кечиб ўтган. Ўша вақтда карвонсаройларимиз ҳақиқий бағрикенглик ўчоқларига айланганди. Ҳозир ҳам Ўзбекистонда ўнлаб миллат ва элат вакиллари баҳамжиҳат яшамоқда. Бошқа мамлакатлардаги ўзбек диаспоралари билан алоқалар мустаҳкамланяпти. Хориждаги ватандошларимиз иштирокида турли халқаро анжуман ва симпозиумлар ташкил қилинмоқда. Охирги йилларда ислом мамлакатлари билан ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг маърифий исломни тиклаш ва тарғиб этиш, бу бўйича бебаҳо илмий асарлар яратган буюк мутафаккир боболаримиз меросини ўрганиш ҳамда оммалаштиришга доир ташаббуслари халқаро жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олингани беҳад қувонарли ҳол. Маърифий ислом бўйича Ўзбекистон дунёга ибрат бўлмоқда.

Шу асосда жамиятимизда диний бағрикенглик ҳам чуқур қарор топган. Ўтган қисқа давр ичида жамиятимизнинг бош мезони — маънавият ҳамда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, “жаҳолатга қарши — маърифат” тамойили асосида беқиёс ўзгаришлар бўлди. Бу ижобий ўзгаришлар барча жабҳада, жумладан, динимиз соҳасида ҳам имкониятларнинг тожига айланди. Халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодни миллий ҳамда умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш, ёшларимизнинг ёт оқимлар таъсирига тушишининг олдини олиш, уларни илм-фанга рағбатлантириш, юксак ахлоқий қадриятлар асосида тарбиялаш бундан кейин ҳам изчиллик билан олиб борилиши бизни тараққиётга элтади.

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

1270 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Сохта салафийлик Бемазҳабларга эргашмайлик »

Мақолалар

Top