МАҚОЛА

«Рафъул-ядайн» масаласи ва ҳанафий мазҳаби ҳужжатлари

Фиқҳий истилоҳда “рафъ ул-ядайн” деб намозда қўлларни елка баробарича кўтаришга айтилади. Ўрта осиё халқлари орасида ҳанафий мазҳаби кенг ёйилгани учун, халқимиз намозда бир марта – намозни бошлашдаги “такбири ифтитоҳ”  чоғидагина “рафъ ул-ядайн” қилади. Зотан ҳанафий мазҳабининг таълимоти ҳам шу.

Аммо баъзида бошқа мазҳаблар таълимотига мос тарзда “рафъ ул-ядайн” қиладиган намозхонлар ҳам учраб қолади. Улар худди шу масалада ҳанафий мазҳаби муассисларини “рафъ ул-ядайн” ҳақидаги ҳужжат-ҳадисларни билмаган, яъни уларга етиб келмаган деб ўйлайдилар ва шундан келиб чиқиб бошқа, хусусан шофеъий мазҳабига мувофиқ “рафъ ул-ядайн” қиладилар.

Аслида шуларнинг ўзлари “рафъ ул-ядайн”  борасида ҳанафий уламолар ҳужжат қилган далилларни билишмайди. Агар билганларида ҳанафий мазҳаби уламоларига нисбатан “Ҳанафийлар “рафъ ул-ядайн” борасида суннатга зид фатво берган” демаган бўлардилар.

Шунга кўра, мақолада “рафъ ул-ядайн” ҳақида Ислом фуқаҳоларининг неча хил фикри борлиги ва хусасан ҳанафий мазҳаби мужтаҳидларининг ҳужжатларини ёритиб беришни мақсад қилдик. Токи, бу мавзуда ҳанафийларнинг ҳам ҳужжатлари борлигини билиб олсинлар.

Хуллас, бу масалада уч хил мазҳаб бор:

Биринчи

Ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари: “Намозхон икки қўлини фақат намозни бошлашда такбири таҳрима айтиш жараёнидагина кўтаради холос, бошқа ўринларда икки қўл кўтарилмайди”, деб айтганлар.

Ва яна саҳобалардан Али ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо икковлари намозда фақат такбири таҳрима айтишдагина икки қўлларини кўтарган. Бошқа ўринларда қўлларини кўтармаганлар.

Шунингдек, салафи солиҳ фуқаҳолардан Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Суфён Саврий ва Ҳасан ибн Ҳайй раҳимаҳумуллоҳ ҳам худди ҳанафийлардек фатво берганлар.

Абу Бакр ибн Айёш раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Мен ўз даврим фақиҳлари орасида такбири таҳримадан бошқа ўринда қўлларини кўтарадиган фақиҳни билмайман. Мен билган фақиҳларнинг ҳаммаси фақат такбири таҳрима чоғида қўлини кўтарар эди”.

Иккинчи

Моликийлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса бу мавзуда: “Намозхон намознинг ҳеч бир ҳолатида икки қўлини кўтармайди. Бу бу ҳақида бирор маълумот борлигини билмайман. Намоз такбирларида ҳам, руку ва саждага бориш ё қайтишда ҳам. Лекин намозни бошлашда икки қўлини салгина кўтариб қўйса бўлади” – деган.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг айнан ўзидан “Муватто”ни ривоят қилган ровийлардан бири ва энг машҳури Ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ: “Имом Моликдан “Намознинг фалон жойида қўл кўтарилади” деб қилинган ривоятларнинг ҳаммаси заъиф суст ривоятлардир” деб айтган.

Ашҳаб раҳимаҳуллоҳ эса, имом Моликдан “Икки қўл фақат такбири увлодагина кўтарилади” деб ривоят қилган. Яна бир ривоятида эса “Имом рукудан қайтишда “Самиъаллоҳу лима ҳамидаҳ” деган чоғи икки қўлини кўтаради”, деб айтган.

Учинчи

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Намозни бошлашда, рукуга такбир айтганда ва рукудан бошини кўтарганда икки қўл кўтарилади. Саждага кетишда ва ундан қиёмга туришда қўл кўтарилмайди” деган. (Шу ергача барча маълумотлар имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг “Мухтасару ихтилафил-улама” номли асаридан олинди. 1 – Ж. 199 – Б.  Масала 133).

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳар бир фикр эгаси мутлақ мужтаҳидлик мақомига эришган, ўз даврининг илм ва тақвода тенгсиз олимлари бўлган. Ҳар бири шариат номидан бирон фатво айтар экан, албатта бу дунёда ҳам, Аллоҳнинг хузурида жавоб бериш масъулиятини тўлақонли ҳис қилганлар. Имом Абу Ҳанифа ҳам, имом Молик ҳам, имом Шофеъий ҳам юқоридаги қарашларида кучли далилларга эга. Бирорталари бедалил бу фатвони берган эмас.

Муқаддимада айтиб ўтганимиздек, энди ҳанафий мазҳаби фақиҳларининг далилларини тақдим қиламиз:

1-) Суфён Осим ибн Кулайбдан, у Абдураҳмон ибн Асваддан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намози ҳақида шундай деган:

انه كان يرفع يديه في اول تكبيرة ثم لا يعود

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини намоз бошлашдаги такбир чоғида кўтарар эдилар. Кейин қайта кўтармасдилар”. (Ҳадис ривоят қилинган манбалар: Имом Таҳовий, Маъоний ал-асор, 1/224.  Абу Довуд, Сунан, 1/192. Термизий, Сунан, 2/40. Насаий, Мужтабо. 2/182, 195).

2-) Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган:

صليت خلف النبى صلى الله عليه و سلم و ابى بكر و عمر رضى الله عنهما فكانوا لا يرفعون ايديهم إلأ عند إفتتاح الصلوة

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, Абу Бакр ва умар розияллоҳу анҳуманинг ортларида намоз ўқиганман. Улар икки қўлини фақат намозни бошлашдагина кўтарар эдилар”. (Ҳадис ривоят қилинган манбалар: Дорақутний, Сунан 1/295. Байҳақий, Кубро, 2/79 ва 80).

3-) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу шундай ривоят қилганлар:

الا أصلى بكم صلوة رسول الله صلى الله عليه و سلم؟ ٌالوا بلى. و رفع يديه فى التكبيرة الاولى ثم لم يرفع بعد ذلك

мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини кўрсатиб ўқиб берайми? Саҳобалар “Ҳа, албатта” – дедилар. У киши шунда биринчи такбир айтишда икки қўлини кўтардилар ва кейин бошқа кўтармадилар”. (Ҳадис ривоят қилинган манбалар: Ибн Абу Шайба, Мусаннаф, 1/267. Байҳақий, Кубро, 2/78. Шарҳус сунна. 3/24).

4-) Язид ибн Абу Зиёд Абдураҳмон ибн Абу Лайлодан, у Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

كان النبى صلى الله عليه و سلم إذا إفتتح الصلوة رفع يديه حتى يحاذى بهما أذنيه ثم لا يعود

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз бошлаганларида икки қўлларини қулоқлари рўпарасигача кўтарар эдилар, кейин бу амални қайтармас эдилар”. (Ҳадис ривоят қилинган манбалар: Дорақутний, Сунан 1/293. Имом Таҳовий, Маъоний ал-асор, 1/225.  1/267. Байҳақий, Кубро, 2/76).

Азиз ўқувчи, кўриб турганингиздек “рафъ ул-ядайн” ҳақидаги далиллар, ҳадислар ҳанафий мазҳаби фуқаҳоларига етиб борган. Улар бу мавзудаги барча ҳужжатларни пухта ўрганиб, ўзлари саҳиҳ ва ишончли деб билганларини амалга татбиқ қилганлар. Шунга биноан ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари икки қўлни қулоқлар юмшоғигача фақатгина намоз бошлаш чоғида бир марта кўтарилади, деб фатво берганлар. Ҳанафийларнинг бу фатвоси асло суннатга зид эмас! Балки айни суннатнинг ўзгинасидир!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “ҒИШТЛИК” жоме масжид имоми

1081 марта ўқилди

Мақолалар

Top