МАҚОЛА

Тасаввур қилинг: Бугунги илмсиз тарафкашлар Имом Абу Ҳанифа даврида яшаганларида нима бўларди?!

Мисрда яшаб ўтган ва жуда баракали ижод қилган 19-20 асрнинг буюк алломаларидан бўлмиш шайх Муҳаммад Абу Заҳра (раҳимаҳуллоҳ) “Абу Ҳанифа – унинг ҳаёти – даври – қарашлари ва фиқҳи” номли асарида келтиришича, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг вафотларидан сўнг У зотнинг энг яқин шогирдлари бўлмиш Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбонийлар устозларининг фақатгина фиқҳий қарашларини нақл қиладилар, уларни китобга тушириб тадвин қиладилар. Бироқ, у кишининг сиёсий позициялари, сиёсий қарашларига асло тўхталмайдилар. Бу масалаларни ёритмайдилар. Балки, тарихга кўмиб юборадилар.

Нега?!.. Ахир, улар Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг шогирдлари эмасмидилар?!.. Буюк устозлари ёқтирмаган ва бор кучи билан рад этган қозилик ҳатто, қозилар қозиси деган олий мансабни қабул қилишлари устозларига нисбатан жафо ва хиёнат эмасмиди?!.. Ҳурматсизлик эмасмиди?!..

Жавоб: Асло!.. Уларнинг бу иши Устозга нисбатан ҳурматсизлик ёки жафо эмас балки, нарсаларга ўз ҳажмига кўра муомала қилиш маҳоратини эгаллаганликларидан ҳамда ўз мустақил фикрлари борлигидан далолат эди.

Бу билан улар устозларига хиёнат қилмадилар, у кишига нисбатан ҳурматсизлик содир этмадилар. Балки, оқилона йўл тутдилар. Илм давом этиши учун шундай қилдилар.

Агар бугунги кунда ўзида тайинли илм бўлмаган ҳолда тарафкашлик билан ўзга аҳли илмларни ёмон отлиқ қилиб, таҳқирлаб, ҳурматсизлик қилаётган кимсалар Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) даврида яшаганларида нима бўларди, бир тасаввур қилинг. Кимнинг этагини тутиб, кимга қарши уруш очган бўлардилар?..

Ваҳоланки, у вақтда фиқҳий ва ақидавий мазҳаблар ниҳоятда кўпайиб, ҳамма бир-бирини танқид қилган, бир-бирига раддия берган ва бир-бирини бидъатда айблаш одат тусига кирган бир замон бўлган.

Ижтимоий тармоқни ўзига жанг майдони қилиб олган атбоълар ўша замонга тушиб қолсалар аниқки, бошлари айланиб қолган бўларди.

У даврларда бир толиби илмнинг икки устози бир-бирига нисбатан қарама-қарши мавқифда бўлган ҳолатлар жуда кўп бўлган. Шундай вазиятда, улар ҳар иккисининг ҳурматини жойига қўйиб, ҳар биридан керакли билимни олиб кетаверганлар.

Мабодо устозида қайсидир олимга нисбатан шиддатли ёндашув кўрса, у ҳам дарров мазкур олимга қарши бўлиб олмаган балки, унга ҳурмат сақлаган ҳолда сўзларидан тўғрисини олиб, нотўғри деб ўйлаганини ташлаб кетаверган. Яъни, ўз мустақил фикрига эга бўлган.

Абдуллоҳ ибн Муборак имом Абу Ҳанифанинг яқин асҳобларидан бўлиш билан бирга имом Авзоийга ҳам шогирд эдилар. Ваҳоланки, имом Авзоий Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг айрим фиқҳий қарашларига нисбатан совуқроқ бир позицияни тутган эдилар. Бироқ, Абдуллоҳ ибн Муборак уларнинг бирортасига ҳурматсизлик қилмадилар, бир томонга таассуб қилиб, иккинчисига ҳурматсиз муомала қилмадилар. Авзоийни ташлаб кетмадилар балки, у кишига Абу Ҳанифа (р.ҳ) ҳақларидаги хато фикрини ўзгартирадиган нарсаларни ҳикмат билан тақдим этдилар.

Ўша даврда аҳли ҳадислар ва фақиҳлар ўртасида турли гап-сўзлар айланарди. Айрим ҳадис мактаби вакиллари ҳанафий мазҳаби вакилларини баъзи масалаларда қаттиқ танқид қилишарди. Аммо, бу нарса уларнинг шогирдлари бир-бирларидан керакли билимни олишларига тўсқинчилик қилмасди.

Имом Абу Юсуф дастлаб Ибн Абу Лайло ҳузурида фиқҳдан таълим оладилар кейин Абу Ҳанифа (р.ҳ.)га шогирд тушадилар. Ваҳоланки, Ибн Абу Лайло ва имом Абу Ҳанифа (р.ҳ) ўрталарида айрим фиқҳий ихтилофлар бор эди.

Шунингдек, имом Абу Юсуф фақиҳ бўлиш бирга муҳаддис ҳам эдилар. Аҳли ҳадисдан ҳам дарс олганлар.

Муҳаммад ибн Бишр айтади: “Илм олиш учун ҳам Абу Ҳанифа, ҳам Суфён (Саврий) ҳузурига қатнар эдим. Абу Ҳанифанинг ҳузурига келганимда “қаердан келяпсан?”, деса, “Суфённинг олдидан”, дер эдим. Шунда у “сен шундай одамнинг ҳузуридан келяпсан-ки, ҳатто Алқама* ва Асвад*лар тирик бўлганларида ҳам унга ўхшаган инсон(нинг илми)га муҳтож бўлардилар”, дер эди. Кейин, Суфённинг ҳузурига борардим ва у ҳам “қаердан келяпсан?”, деб сўрар ва мен “Абу Ҳанифанинг ҳузуридан”, десам, “сен Ер аҳлининг энг кучли фақиҳи ҳузуридан келяпсан”, дерди” (“Тариху бағдод”. 15-жилд, 471-бет;).

Қадимда, шогирдлар ҳеч қачон ўзларидан рутбаси юқори бўлган аҳли илмларга қарши уруш очиб, ўзларини шарманда қилмаганлар. Ваҳоланки, ўша шогирдларнинг илми мағрибу машриққа ёйиб юборилса, бемалол етадиган даражада буюк эди.

Бугун эса Қуръони каримни тажвид билан ўқий олмайдиган, илм йўлига ҳали бир қадам ҳам қўймаган кишилар катта-катта олимларни камситиб, масхаралаб, устидан кулмоқдалар.

Хатони гапиришнинг ўз одоби бор. Унинг учун аввало инсонда илм бўлиши керак. Ундан ташқари, мазкур гапириш унинг шахсидан нафратлантирмаган, ҳурмат сақлаган ва унинг сўзларини бўрттирмаган ҳамда илмий омонатдорликка риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак.

——————————————————-
* Алқама ибн Қайс Нахаий тобеинлардан бўлиб, Кўфадаги энг катта фақиҳ, ҳадис ровийси, олим ва муқрийларидан бири ҳисобланади.

* Асвад ибн Язид Нахаий Кўфалик машҳур тобеинлардан ва ҳадис ровийси, муқрий, олим ва фақиҳ кишилардан.

Алишер Султонхўжаев

871 марта ўқилди

Мақолалар

Top