МАҚОЛА

Исломда раҳбарларга итоат қилиш

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг» (Нисо сураси 59 оят).

Ибн Жарир ибн Зайддан у киши эса отасидан «ишбошилар»нинг тафсирида «улар султонлардир» деб тушунтирганини ривоят қилган. (Имом Суютий. ад-Дур-рулмансур фит-тафсир бил-мансур. 4 – Ж. 504 – Б. Қоҳира 2004).

Саъид ибн Мансур, ибн Абу Шайба, Абд ибн Ҳамид, ибн Жарир, ибн Мунзир ва ибн Абу Ҳотамлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: «улар сизлардан бўлган амирлар», деб изоҳ берганини ривоят қилишган. Яна бир лафзида эса «улар қўмондонлар», деб айтилган. (Имом Суютий. ад-Дур-рулмансур фит-тафсир бил-мансур. 4 – Ж. 504 – Б. Қоҳира 2004).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон киши гуноҳга буюрган ҳолатидан бошқа пайтларда, суйган ва суймаган барча ишларда, (раҳбарларга) қулоқ солиб, итоат этиши вожибдир. Гуноҳ ишга буюрилса қулоқ ҳам солмайди, итоат ҳам этмайди» (Муттафақун алайҳ). «Ҳокимнинг сўзига қулоқ солиш ва унга итоат қилиш ҳар бир мусулмонга вожибдир. Хоҳ унинг табиатига тўғри келсин ё келмасин, барибир. Шу шарти биланки, гуноҳга буюрмаган бўлса бас. Агар ҳоким гуноҳга буюрса унга итоат қилиш жоиз бўлмайди. Лекин шундай бўлса-да, унга қарши уруш қилиш ҳам жоиз эмас! Имом Нававий Муслимнинг шарҳида айтган: «Фақиҳлар, аҳли ҳадислар ва мутакаллимлардан иборат аҳли суннанинг жумҳури айтганки: «бошлиқ фосиқлик, зулм ва ҳақ-ҳуқуқларни поймол қилиши билан мансабидан бўшатилмайди, унга қарши чиқиш жоиз ҳам бўлмайди. Балки, унга ваъз-насиҳат қилиш, Аллоҳ таолодан қўрқитиш вожиб бўлади» (Туҳфатул-аҳвазий. 5 – Ж. 298 — Б).

«(Раҳбарларига) бўлган итоатдан воз кечган кимса, Аллоҳ таолога ҳужжати бўлмаган ҳолатида дуч келади» (Имом Муслим ривояти).

«Фатволарда айтган: ҳар бир фуқаро раҳбарга итоат қилишга (шаръан) буюрилгандир. Агар (раҳбарнинг амри) шариатга муовфиқ бўлса бажон-у дил итоат қилинади. Агар шариатга мувофиқ бўлмаганда унга қарши исён кўтариш катта фасодга олиб бориш эҳтимоли бўлса, бу ҳолатда ҳам итоат қилади. Чунки каттароқ зарардан халос бўлиш учун кичикроқ зарарга қўл урилади. Шунингдек, бир-биридан тафовутли ҳар қандай икки фасод ишда ҳам шу қоида бўйича иш кўрилади. Чунончи «Ашбоҳ»да шундай дейилган». (Бариқа. 1 – Ж. 83 – Б. Дор ал-Хилофа ал-Алийя. 1324).

Раҳбарларга қарши чиқиш ва уларни ташлаб қўйиш ҳаромдир.

Бунга бизнинг ҳужжатларимиз бор. Зеро Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳу шундай ривоят қилган: «Бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чақириб, байъат (садоқат) олдилар. Биздан байъат олган нарсалар ичида қувончли ва оғир, қийинчилик ва фароғат замонларда (раҳбарларга) қулоқ солиб, итоат этиш, муҳтож бўлган нарсаларимизни ҳам фидо қилиш, ишнинг арбоби билан Роббимиздан очиқ ҳужжат бўлган куфрни кўрсаггина тортишиш бор эди» (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар мендан кейин (раҳбарларингиздан) кўплаб ёқтирмаганингиз ишлар ва худбинликларни кўрасизлар», — дедилар. (Саҳобалар): (У замонда) нима қилишимизга буюрасиз, ё Расулуллоҳ?, — дедилар. Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларга ҳақларини бериб, ўз ҳақларингизни Аллоҳдан тиланглар!» — деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Юқорида тақдим қилинган далиллар шуни кўрсатиб турибдики одил подшолар, ҳокимлар ва жамики раҳбарлар мусулмонлар манфаатини кўзлаб сиёсат юргизар экан, манфаат диний бўладими ёки дунёвий булардан қатъий назар, уларга итоат қилиш, буйруқларини Аллоҳ ва Расулининг буйруғи каби тан олиш аҳли суннат ақидасига кўра, ислом нуқтаи назаридан фарздир!

 

Манбалар асосида Усманов Орифхон тайёрлади.

1075 марта ўқилди

Мақолалар

Top