МАҚОЛА

Кўҳна шаҳар дунё афкор оммаси диққат марказида

Салкам 3 минг йиллик тарихга эга қадим ва ҳамиша навқирон Самарқанд доимо бутун дунёнинг эътиборида бўлиб келган. Тарихчилар уни Ер юзининг сайқали дея таърифлаган бўлса, шоирлар у ҳақда ашъорлар битишган. Олимлар ўз асарларида бу шаҳарнинг номини тилга олиб, етти иқлимга машҳур ҳавоси, нонига юксак баҳо берган.

Ана шундай кўҳна Самарқанд 14–16 сентябрь кунлари жуда катта тадбирга мезбонлик қилмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари, ҳукумат вакиллиари, синчилар, сиёсатшунослар бирин-кетин Ер юзи сайқалига ташриф буюришмоқда.

Ташриф арафасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи дунё матбуотидан муҳим ўрин олди. Ушбу мақола бир нечта чет давлатларда хорижий тилларда эълон қилинди.

Ҳурмали Юртбошимиз ўз мақоласида: «ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим», дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, дунёнинг 3.5. миллиард аҳолиси яшайдиган давлатлар ушбу ташкилотга аъзо. Демак. Ҳажон аҳолисинигн ярми яшайдиган бу ташкилот ҳам тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга бел боғлаган.

Муқаддас динимизда ҳам тинчлик юксак қадрланади. Тинчлик – энг бебаҳо неъмат. Зеро, тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган юртдагина ислоҳотлар кутилган самарани беради, одамлар ўз ҳаётидан рози бўлиб, келажагига ишониб яшайди. Бугун юртимизнинг қайси ҳудудида бўлманг, бунёдкорлик устидан чиқасиз. Бу ҳам тинчлик неъматидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига тинчлик ва омонлик ато этувчи Зот эканини баён этиб, бундай марҳамат қилади: «У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчи, Кузатиб турувчи, Қудрат соҳиби, Бўйин сундирувчи ва кибр эгасидир. Аллоҳ (мушриклар) келтираётган ширкдан покдир» (Ҳашр сураси, 23-оят).

Омонлик ва тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати эканини ҳар лаҳза ёдимизда сақлашимиз керак. Чунончи, бугунги дунёга теран разм солсак, айрим ҳудудларда кузатилаётган қонли урушлар, тўқнашувлар давлатларнинг иқтисодини издан чиқариб, одамларнинг сарсону саргардон ўз юртларини ташлаб, бошқа жойларга кўчиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Бизку – оддий бандалар. Ҳатто пайғамбарлар ҳм Аллоҳ таолодан тинчлик ва офиятни сўрашган. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилар экан, аввало, Парвардигордан тинчликни, сўнгра тавҳидни сўраган. «(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: “Эй Раббим! Бу шаҳарни (яъни Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!» (Иброҳим сураси, 35-оят).

Юсуф алайҳиссалом эса ота-оналаридан Мисрда тинчлик қарор топгандан сўнггина унга киришларини сўрадилар: «Бас, (шаҳар ташқарисида чодирда кутаётган) Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у ота-онасини ўз бағрига босди ва “иншоаллоҳ, Мисрга тинч-омон киргайсиз”, – деди» (Юсуф сураси, 99-оят).

Мусо алайҳиссалом қўрққан пайтларида, Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларига таскин бериб, тинч ва хавфу хатардан холи эканликлари ҳақида хабар берди: «“Асойингни (ерга) ташла!” Бас, қачонки, (Мусо) уни илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Унга дейилди:) “Эй Мусо, қайт ва қўрқма! Зеро, сен (хавфу хатардан) омонликдаги кишилардандирсан» (Қасас сураси, 31-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ этган кунда унинг аҳлига раҳм-шафқат кўрсатиб, мусулмонлар томонидан уларга тинчлик ва омонлик етишини хабар бердилар: “Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кирса у омонда, Кимки қуролини ташласа у омонда, Ким масжидга кирса у омонда”, – дедилар.

Ҳудайбия сулҳида  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир минг беш юз саҳоба бор эди. Макка аҳли билан тинчлик сулҳи битилди.  Унинг бандида ўн йил уришмаслик, инсонлар шу муддат ичида бир бирларидан омонда бўлишлари қайд этилган эди. Тинчлик сулҳидан кейин жуда кўп инсонлар Ислом динини қабул қилдилар. Орадан икки йил ўтиб, маккаликлар аҳдномани буздилар. Макка фатҳига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўн минг саҳоба борди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия сулҳида Макка мушриклари томонидан қўйилган барча инжиқ талабларни, гарчи бу ўзлари ва саҳобаи киромларга оғир ботса ҳам, қабул қилдилар.Чунки бу тинчлик сулҳи эди. Бунда Исломнинг асосий ҳадафи (мақсади) бўлган ўн йил урушмаслик битими қайд этилган эди.

Юқоридаги ояти карималар ва Набий алайҳиссалом даврларида бўлган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, барча эзгуликлар, хайрлар тинчликда эканига амин бўламиз. Ўзи умримиз саноқлик йиллардан иборат. Шу умрни тинчлик-хотиржамликда ўтказишга нима етсин.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон томон раҳбарлик қилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити муҳтарам Юртошимиз таъкидлаганидек: “Самарқанд руҳи” бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган “Шанхай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб туради”.

Бу саммит ташкилотнинг ва ташкилотга аъзо барча давлатларнинг янада жипслашишига, янгидан-янги ғоялар, ташаббуслар билан тарихда қолишига хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари

205 марта ўқилди

Мақолалар

Top