МАҚОЛА

“Оммавий маданият” аёлни оиладан “қутқармоқчи”

Жаннат оналар оёғи остида

Ўтган асрнинг 60-йил­ларида ғарб мамлакатлари­да содир бўлган “маданий инқилоб” эр, хотин ва бола­ларни оилавий вазифалар, бурч ва масъулиятдан озод этиб, оилага бўлган ижтимоий эҳтиёжни йўққа чиқарди. Бу ҳол оиланинг емирилишига сабаб бўлди. “Оммавий мада­ният” азалий қадриятларни камситиб, ҳатто аёлнинг эри ва болалари бўлиши табиий, ҳаётий эҳтиёж экани ҳақида­ги тасаввурлар устидан ҳам кулиб келди, аёлни оналик вазифасидан буткул “қутқа­риш”га интилаётган гуруҳлар пайдо бўлди. Бугун ушбу гуруҳлар кўпгина Европа мам­лакатларида ҳукуматга таъсир қилиш қудратига эга. Улар дастаклари ёрдамида ўзлари­нинг манфур қилмишларига қарши жамиятларни демокра­тияни бўғиш, хотин-қизлар ва ёшларни эркин ҳаёт тарзидан маҳрум қилишда айблашяпти. Бунда ўтган асрнинг бошла­рида ғарб мамлакатларида шаклланган ва бугунги кунга келиб, ижтимоий ҳаракатга айланган феминизмнинг “хиз­мат”и катта.

Шарқ мусулмон халқла­рида аёлларни ҳурмат қилиш, уларни нафақат моддий-жисмоний, балки маънавий ҳимоялаш анъ­анаси чуқур илдиз отган. Уларнинг ҳар бири она ёки аёллик фитрати амалга оши­шини орзу қилади. Шарқда “Жаннат оналар оёғи остида” деган ҳикмат бекорга бот-бот такрорланмайди. Унинг зами­рида жамиятда аёлнинг ўрни, қадр-қиммати ўз аксини топган. Баъзан жамиятимиз­да аёлларнинг эри томонидан зўравонликка учраётга­ни ортиқча бўрттирилади. Аммо ғарбда оила қурмаган, фарзандли бўлиш ҳақида ўйламаган аёллар ёши ўтган сари жамиятда ёлғизликка маҳкум бўлиши ҳақида ҳеч сўз демайди.

Оилани муқаддас деб билмаганлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ

Абдурауф Фитрат “Оила” асарида “Қаерда оила, оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади”, деб таъкидлайди. Хўш, оиланинг муқаддаслиги нимада? Ўзаро ришталар ни­коҳ воситасида мустаҳкамлан­ган, эр-хотин бир-бирининг олдидаги бурчи, масъулият ва садоқатни ҳис қилгандагина оила муқаддаслик даражаси­га чиқади. Ушбу тушунчалар муайян ҳаётий тажриба, ма­шаққат ва турмуш синовлари­да тобланишлар натижасида вужудга келади.

Йилдан-йил хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида жиноятлар сони ортиб боряпти. Мута­хассислар фикрича, бунинг асосий сабабларидан бири кундан-кун сони ортиб бора­ётган нотўлиқ оилалардир. Айни кунда ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аксарият аёллар ва вояга етмаганлар нотўлиқ оилалар­дан эканлиги айтиляпти. Ёки бўлмаса, бошқа ҳуқуқбузар­ликлар, одам савдоси қурбон­лари, ёшлар, аёллар, албатта, буларнинг барчаси асосан ажралиш оқибатида юзага келади.

Аёл меҳрли, болапарвар хилқатлигини ҳисобга олиб, шу йўсинда унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни белгилана­ди. Куч-қувватда у эркакка тенглаша олмайди, шунинг учун ҳам эркак уни ҳимояла­ши, ғамхўрлик қилиши лозим. Ҳаёт, оила мувозанатининг бузилмаслиги учун аёл ҳам ўз вазифаларини бажаришга масъул.

Бу масалада ўз анъаналаримиз бор

Баъзи соҳаларда аёлларга қараганда эркакларнинг ўрни баланд, баъзи масалаларда эса аёллар устун, баъзила­рида эса улар тенг ҳуқуқли. Бу жинсларнинг қайсидири бирон нарсада камситилгани­ни англатмайди. Бу ҳар ким ўз табиатидан келиб чиққан ҳолда, ўз ўрнида туриб, ўзининг ишини қилаётгани демакдир. Аслида аёлларга нисбатан ҳар қандай зўра­вонлик барча ақлли жами­ятларда, хусусан, исломда қаттиқ қораланади. Аёлларга нисбатан куч ишлатиш тажо­вуз ҳисобланади.

Бугун оиласида зўра­вонликка учраган аёллар­ни ҳимоя қилиш мақсадида реабилитация марказлари фаолият юритяпти. Аммо ўнта аёлга зўравонлик ишлатилиб, ўнта эркак жазоланганидан жамиятга нима наф? Шунинг учун ҳам мутахассислар баъ­зида оғир бўлмаган ҳолатлар­да оиланинг бир бутунлигини сақлаб қолиш мақсадида тушунтириш ишлари олиб боряпти. Зеро, улуғлар айтга­нидек, ўз уйида бахтли бўлган инсонгина чинакам бахтиёр­дир.

Сулаймон МАРДИЕВ

“Zarafshon” газетасининг 2022 йил 4 октябрь сонидан

872 марта ўқилди

Мақолалар

Top