МАҚОЛА

Ўйлаб гапир! Сeн ҳадис айтяпсан

Ҳар бир илмнинг асоси ва санади бор. Ислом илмларининг олий бўлишида ҳам санаднинг ўрни каттадир.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўз «Саҳиҳ»ларининг муқаддимасида Абдан ибн Усмон розияллоҳу анҳудан келтирганлар: «Абдуллоҳ ибн Марвазийдан эшитдим: "Санадлар диндандир. Агар санад бўлмаганида, хоҳлаган одам хоҳлаган гапини гапирган бўлар эди", дедилар». Бизда Қуръон, ҳадис, ақоид, фиқҳ ва бошқа илм ҳамда фаннинг асоси бор. Бу асосларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келади. Нақшбандиядаги иккита машҳур санад Нақшбандия тариқатини ифодалайди. Ёки Рифоий ҳазратларининг ўз саҳиҳ санади бор. Ана шу санад бўлгани учун санади бўлмаган одам гапиришга қўрқади. Саҳобалар биздан кўра ҳадис айтишга ҳақли бўлганлар. Уларнинг орасида шундай одат бор эдики, қайсидир саҳоба ҳадис айтадиган бўлса, бошқалари «Ўйлаб гапир! Сен ҳадис айтяпсан», дер эди.

Ҳадис айтишнинг масъулияти бор. Санад, ривоятинг бўлиши ва шунга ўхшаган бир нечта талабларга қаттиқ эътибор қаратилади. Ҳозирги кунга келиб эса, ҳамма ҳадис айтадиган бўлиб қолди. Билса-билмаса, ҳадис деб айтаверади. Бундан эҳтиёт бўлиш керак. Ҳадиси шарифни айтишнинг масъулияти бор. Ҳар бир нотўғри ва асоссиз айтилган ҳадис учун қаттиқ жавоб берилади.

Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ олтин бир қоидани айтганлар: «Олаётган илмларингиз диндир. Илм асли диндир. Динингизни кимдан олаётганизга эътиборли бўлинг».

Имом Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ: «Илм уламоларнинг оғизларидангина олинади», дейдилар. Яъни уламоларнинг оғзидан илмни олиш, санад билан олиш назарда тутиляпти. Ҳар бир илмда устозлар узилмасдан муаллифга боради. Масалан, «Тафсири Насафий» Имом Насафийдан устоз ва шогирд анъанаси узилмасдан келган. Санад ижоза бериб келинган бўлади.

Имом Шофеъий айтадилар: «Санадсиз илм талаб қиладиган одам кечаси ўтин тўплайдиган одамга ўхшайди. Қўронғида ўтин тўплайман деб қўлини чўзади, ўтиннинг тагида эса заҳарли илон турган бўлади ва бир кун чақиб олади. Устозсиз илм ҳосил қилмоқчи бўлган одам ҳам бир кун мана шу ҳолга тушади».

Суфён Саврий айтадилар: «Санад мўминнинг қуролидир. Сенинг қуролинг бўлмаса, нима билан жанг қиласан?». Тўрт мазҳабни оладиган бўлсак, ҳар бирининг санади бор. Шунинг учун бу мазҳаблар асрлар оша давом этиб келяпти. Иншааллоҳ, бу мазҳаблар қиёматгача давом этади, чунки уларнинг пишиқ асоси бор.

Бирор илм ҳақида гап кетганда, албатта, унинг санадига эътибор бериш лозим. Бир зум эҳтиёткорликни йўқотган одам ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳозирги кунда авж олаётган диний экстремизм ва терроризм каби гуруҳлар ҳам умуман Ислом динига тўғри келмайдиган маълумот ва қарашлар билан кишиларни заҳарламоқда. Илми бўлмаган одамнинг бундай тузоқларга тушиб қолиши жуда осон. Қайсидир илм ҳақида гап кетдими, тушунмасангиз, уламоларга мурожаат қилинг. Тўғри ва асосли маълумотни олинг. Ҳар қандай вазиятда ҳам лоқайдликка йў қўйманг. Лоқайдлик аслида инсоният яратилганидан бошлаб унинг энг катта душмани бўлиб келган.

Баъзида шундай ҳолларга дуч келиняптики, ҳадисни айримлар ўзларининг манфаатларига мослаштириб олишяпти. Буни қандай тушуниш керак? Билиб қўйинг, ҳадис Пайғамбар алайҳиссаломнинг айтган гапларидир. Уни ўзгартириш, ёлғонини тўқиб чиқариш, ўз манфаатлари йўлида мослаштириш энг катта гуноҳдир. Бундай ишларни қилиб туриб, хотимангиз чиройли бўлишиини кутманг!

Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

856 марта ўқилди

Мақолалар

Top