МАҚОЛА

Қачон маросимларимизни ихчамлаштирамиз?

Дастурхон ёзиб одамларга таом улашиш эҳсон ҳисобланади. Эҳсонннинг эса савоби улкан.

Халқ орасида турли сабаблар билан эҳсон дастурхони ёзилади. Тўйлар, ифторлик, аза маросимлари ва бошқа муносабатлар билан элга таом улашиш шулар жумласидан. Аввало, бирор эҳсон қилмоқчи бўлган киши ўша маросими шариатга мувофиқми ёки зид эканлигини яхши англаб олиши зарур. Маййитлар учун қилинадиган биздаги маросимларни ҳеч бири шариат кўрсатмаларида зикр қилинмаганини эслатиб ўтиш жоиз. Тўғри, маййит ҳаққига хайр-эҳсон қилинса бунинг манфаати ўтган кишига етиб бориши Ҳадиси шарифларда таъкидланган.

Аммо уч кунлик, йигирма, қирқ, йил оши каби маросимларни ўтказиш урф тарзида оммалашган. Гўёки ушбу маъракалар ўтказилмаса, бўлмайди, деган тушунча, одамлар гап сўз қилишади деган ҳадик билан қилиниши ойдек равшан бўлиб қолган. Ваҳоланки, маййит ҳақига хайр-эҳсон, аввало, таом бўлиши шарт эмаслиги, бу каби маросимларни одамларнинг гапи учун эмас, холис Аллоҳ йўлида эҳсон сифатида қилиниши, кун санаб эмас, балки ихтиёрий равишда қанақа бўлмасин хайр қилиш мақсадга мувофиқлигини, афсуски, кўпчилик тушуниб етмаяпти.

Бошқа вилоятга танишлариникига таъзия билдиришга борган бир ҳожи акамиз, уларда маййит учун алоҳида маърака қилинмаслигига, балки имконият бўлганда бирор жонлиқ сўйиб, гўштини муҳтожларга ва етимларга тарқатиб беришларини гувоҳи бўлган экан. Ҳа, марҳумлар ҳақига эҳсон қилишнинг намунаси мана шундай бўлиши керак. Йўлларни таъмирлаш, кўприк қуриш, сув, электр тармоқларини таъминлашда муҳтож кишиларга кўмаклашиш, талабаларнинг ўқув шартнома пулларини тўлаб бериш каби ишлар айни савоби буюк амаллар эканини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Никоҳ ва бошқа муносабатлар билан бўлиб ўтаётган тўйларимиз ҳам ачинарли ҳолатда, десак муболаға бўлмайди. Тўйларга жуда кўп сарф-харажат қилинадиган бўлиб қолди. Бу эса айни исрофдир. Аслида тўй яқинларни чақириб, икки ёш учун дуо олиш мақсадида қилиниши керак. Бу ўринда ҳам исроф қилиш нотўғри. Чунки Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 31-оятида: “Аллоҳ исрофгарларни суймас”, деб огоҳлантиради.

Бизнинг тўйлар саодат асридаги тўйлардан жуда катта фарқ қилади. Ҳадисларда баён қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта тўйлари Зайнаб онамизга уйланганларида бўлган. Ўшанда битта қўй сўйган эканлар. Энди буни бизнинг тўйлар билан солиштириб кўраверинг.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ (ранг) асарини кўриб:

“Бу нима?» дедилар.

“Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло (маҳр бериб) уйландим», деди у.

“Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам валийма қилгин”, дедилар”.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Эътибор берайлик, бу воқеада ҳам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу уйланганларида Набий алайҳиссалом бир қўй сўйиб тўй қилишини таклиф қилганлар. Афсуски, бугунги тўйларимизнинг тури ҳам кўпайиб бормоқда. Таклиф этилганлар сони, дастурхонга тортилаётган ноз-неъматларнинг хилма-хиллиги, уй жиҳозлари, келин-куёвга ҳозирланаётган сарполарнинг ўта қиммат ва ҳаддан зиёдлиги инсоф кўзи билан қараган кишини ажаблантиради. Буларнинг бариси исроф, дабдабабозлик, кимўзарга иш қилиш, фахраланишдан ўзга нарса эмас.

Биз бу иллатлардан ўз вақтида ўзимизни қайтармасак, оқибати яхшилик бўлмаслиги, охиратда ҳам иқоб борлигини халқимизга тушунтириб боришимиз лозим.

Тўй ва маросимларни ихчам ва ортиқча исрофгарликсиз тарзда ўтказиш борасида аҳли илмлар, имом-хатиблар ва отинойилар томонидан масжид қавмлари ва маҳалла-кўйдаги тадбир ва маросимларда аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Матбуот ва ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилиб, ояти карима, Ҳадиси шариф ва салафи солиҳлар ҳаётидан намуналар асосида жамоатчиликка тўғри йўлни англатишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада маҳалла, ёшлар уюшмаси ва бошқа мутасаддилар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Аҳолига бирор маърака ўтказишдан олдин албатта маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари ҳамда масжид ходимлари билан бамаслаҳат иш кўришларини тавсия қилмоқдамиз. Имом хатиб ва отинойилар жойлардаги никоҳ уйларида бўлиб, никоҳдан ўтиш учун ариза билан мурожаат қилган ёшларга тўйларни рисоладагидек ўтказиш, ортиқча орзу ҳавасларга берилмаслик, никоҳ ва оила мавзуларида суҳбат қилмоқда.

Дабдабали тўйлар учун қиладиган сарф-харажатларимизни ихчамлаштириб, барпо этилаётган ёш оиланинг келажаги учун сарфлаб, ушбу ёш оилага кейинги ҳаётига ёрдам берсак нур устига аъло нур бўлади, иншааллоҳ.      

 Зайниддин Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби.

1282 марта ўқилди

Мақолалар

Top