МАҚОЛА

Ислоҳотлар ва ташаббуслар эътирофи

16 НОЯБРЬ – ХАЛҚАРО БАҒРИКЕНГЛИК КУНИ

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини жадал тараққий эттириш, мамлакатни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш сари катта қадамлар ташланиб, эзгу ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Жумладан, турли диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик каби ришталарни янада мустаҳкамлаш, улуғ алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш, ислом динининг тинчликпарвар ва маърифатга асосланган тамойилларини қарор топтириш борасидаги ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак баҳоланяпти.

Мамлакатда фуқароларнинг виждон эркинлиги соҳасидаги конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши — хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка бағишлангани ҳам мазкур масалага давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралишини билдирса, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси дастурининг 5-йўналиши доирасида Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш масаласи алоҳида мақсад сифатида баён этилгани — ушбу йўналиш алоҳида масала сифатида мунтазам эътиборда эканини кўрсатади.

Шундан келиб чиқиб, тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари томонидан фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ҳамда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 2335 диний ташкилот адлия идоралари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган. Шундан 2 139 таси исломий, 174 таси христиан диний ташкилоти, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, 1 таси кришнани англаш жамияти, 1 таси буддавийлар ибодатхонаси ва 1 таси Ўзбекистон Библия жамиятидир.

Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгашининг таркибида Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакиллари аъзолари 9 тадан 17 тага кенгайиб, ҳозир ушбу кенгашнинг йиғилишлари йилига икки марта ўтказилаётганини янгилик сифатида эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Диний бағрикенглик борасидаги ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, жорий йилнинг 5 июль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунини алоҳида қайд этиш лозим.

Ушбу қонун конфессиялараро тотувликни таъминлаш, жамиятда турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро бағрикенглик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қонундаги принципиал янгиликлар ҳақида гапирганда, улар диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шароитларни яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш ўринлидир.

Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилиб, бу борада муҳим енгилликлар жорий этилди.

Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессиялар ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Республикамизда турли динларга эътиқод қилувчи инсонларнинг барча ибодат ва маросимларини эмин-эркин бажариб, диний байрамларини кенг миқёсда нишонлаши учун ҳам ҳар томонлама имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, мусулмонларнинг икки Ҳайит байрами, насронийларнинг Пасха ва Рождество, яҳудийларнинг Пейсах, Пурим ва Ханука байрамлари кенг нишонланмоқда. Ушбу саналарда конфессия етакчиларининг бир-бирини ўзаро байрам билан табриклаши яхши анъанага айланган.

16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан турли диний конфессия вакиллари, хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар масъуллари иштирокида ҳар йили халқаро конференция ўтказилар эди. Сўнгги йилларда мазкур сана муносабати билан турли конференция ва анжуманлар, давра суҳбати ва учрашувларни ўз ичига қамраб олган “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг жорий этилгани, шубҳасиз, жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат ҳамда диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистондаги диний эркинлик, динлараро барқарорлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида жиддий қадамлар ташлангани, бу борадаги ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият эътиборига тушди.

Халқаро диний эркинликлар соҳасидаги бир қатор экспертлар, соҳа мутахассислари мамлакатимизга ташрифи чоғида диний эркинликни таъминлаш, амалдаги нормаларни соддалаштириш, радикализмга қарши курашиш, қолаверса, маърифий ислом ғояларини илгари суриш борасидаги амалий ишларга ўзлари бевосита гувоҳ бўляпти.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда минглаб маҳкумларнинг афв этилиши, фуқароларнинг турли рўйхатлардан чиқарилиши, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилиши, шунингдек, “Меҳр” операциялари доирасида можароли ҳудудлардан аёллар ва ёш болаларнинг юртимизга олиб келиниши, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши экспертлар томонидан юқори даражадаги ислоҳотлар сифатида эътироф этилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон диний соҳадаги “Алоҳида ташвиш туғдирадиган давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам бу борадаги ишларнинг ёрқин амалий ифодасидир.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистондаги диний бағрикенглик борасидаги фаолият дунёдаги кўп конфессияли мамлакатларга намуна қилиб кўрсатса арзийдиган даражада экани халқаро экспертлар, турли диний конфессия раҳбарлари томонидан баралла янграмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги илғор ташаббуслари халқаро ҳамжамиятнинг олқишига сазовор бўлмоқда. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра, 2018 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида ташкилотга аъзо 193 мамлакат томонидан якдиллик билан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини шулар жумласига киритиш мумкин.

Мазкур резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани, барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортгани янада аҳамиятли.

Жорий йил 16-20 май кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми бўлиб ўтди. Тадбирда ўнга яқин давлат, жумладан, АҚШ, Англия, Австрия, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Индонезия, Нигерия, Гана каби мамлакатларнинг 30 дан ортиқ таниқли илоҳиётшунос, диний уламо ва расмий мутасадди вакиллари иштирок этди.

Форум доирасида кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масалаларида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш юзасидан илмий-амалий семинарлар ўтказилди.

Форум якуни бўйича “Бухоро декларацияси” қабул қилинди. Ҳужжатда Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиқиб, жаҳон ҳамжамияти билан дунёда маърифат ва диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, шунингдек, турли динлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга бўлган чақириқ ифодалангани ҳам юртимиздаги бағрикенглик сиёсатининг нақадар тўғри ўзанда кетаётганига яққол далилдир.

Хулоса қилиб айтганда, кўп конфессияли давлатлар, хусусан, Ўзбекистонда диний бағрикенглик борасидаги ёндашувлар ва қарашларга янгича нигоҳ билан назар ташлаш, ушбу йўналишдаги фаолиятни тизимли ва тартибли ташкил этишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Ўзбекистон тажрибаси ва ушбу йўналишдаги ислоҳотлар том маънода ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатдаги турли конфессия вакилларининг ўзаро аҳил, иноқ ва ҳамжиҳатликда фаолият юритишига асос бўлаётир.

Пировардида, юртдаги тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга эришилмоқда.

Илҳом МАЪРУПОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмита раиси маслаҳатчиси
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 16 ноябрь, 234(756) сон
1427 марта ўқилди

Мақолалар

Top