МАҚОЛА

Экстремистик оқимлар динимиз кушандаси

Ҳозирги даврдаги жаҳолат уруғини сочаётган сохта экстремистик ғояларга маърифий жиҳатдан курашда ислом динимиз тарихий тараққиётида ҳам шаклан бошқачароқ кўринишда бўлса-да, лекин мазмунан айнан шундай экстремистик ғоялар олдин ҳам бўлганига гувоҳ бўламиз. Динимиз тарихига назар солар эканмиз, яна шунга амин бўламизки, соғлом идрок, соғлом ҳақиқат ва ғоялар сохта ғоялар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган. Ислом динимиз ривожига буюк ҳисса қўшган бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросида сохта ғояларга қарши иш олиб борган курашини кўриш мумкин. У кишининг «Китоб ат-тавҳид» асарида сохта таълимотларга эргашишни олдини олишда ишончли далиллардан келтириб, бу йўлдаги барча хатоликлар сабабини аниқ кўрсатиб берганига гувоҳ бўламиз: «Таассуб, бу кўр-кўрона тақлид бўлиб, у жуда кенг тарқалган иллатдир, яъни бунда жуда кўпчилик бирон-бир маънавий ёки диний йўлбошчига, унинг фикрлари мазму н-моҳиятини тушунмаган ҳолда қўшилишга енгиб бўлмас мойиллик билдиради. Мана шу сабаб натижаси ўларок, ҳар бир фирқа ва ҳар бир йўналиш шу пайтга қадар ўз тарафдорларига эга бўлиб келмоқда. Бу мухлислар қачондир қабул қилинган сохта таълимотга садоқатда қатъийлик намойиш этмоқдалар ва яна ўзларини ҳақиқатнинг ягона эгалари ҳисобламоқдалар», — деган фикрлари бугунги диний-экстремистик гуруҳларга айтилгандек сезилади. Мотуридий бобомиз ўша даврдаги ислом ичидаги сохта оқим ва фирқаларнинг ҳақиқий моҳиятини очиб берган. Бундай оқимлар ўша даврда ҳам кўп бўлган. Шунга қарамасдан эзгулик билан ёвузлик жамиятда ҳамиша ёнма-ён курашиб, бу курашда эзгулик ғалаба қилиб келган. 

Шу маънода бугунги жаҳолат йўлига кирган, динни ниқоб қилиб олган ҳалқаро терроризмга қарши курашдаги маърифий йўлларидан бири ўзбек халқининг миллий ва ислом диний қадриятлари, уларга таяниб, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларга садоқат, зўравонликка нафрат руҳида тарбияловчи, уларни эзгулик ва бунёдкорликка даъват этувчи битмас-туганмас куч-қудрат манбаи сифатида қаралиши лозим. Улар нафақат мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига, балки минг йиллардан бери ҳалол меҳнати ва оламшумул кашфиётлари билан жаҳон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган ўзбек халқининг ҳарактерли хусусияти (менталитети) га тамомила зид бўлган террорчилик ғояларининг кириб келиши ва ёшлар онгини заҳарлашга қарши қаратилган мустаҳкам қалқон бўлиб ҳизмат қилиши мумкин. Миллий – диний қадриятларимизни ҳар қандай сохта ёвуз ғоялардан сақлаш ва ҳимоя қилишда Ислом дини ўз таълимотларидан Қуръони карим ва ҳадислардан маърифий жиҳатдан фойдаланиб, ҳар қандай шароитда ҳам террористик ҳаракатларни қоралаб, ноҳақ тўкилган қон кимнинг қони бўлишдан қатъий назар энг оғир гуноҳ ҳисоблайди. Қуръонни Каримнинг «Моида» сурасида 33-оятда бу фикрнинг исботи ўз аксини топган: «Бирор жонни ўлдирмаган, бузғунчилик, қароқчилик каби фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт баҳш этган одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир».

Пайғамбаримиз (с.а.в): «Ёв билан ҳарбий тўқнашувни орзу қилмангиз, балки Аллоҳдан хотиржамлик ва осудалик тилангиз», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти). 

Бугунги кунда ислом динининг қанчалик инсонпарвар, меҳр-шафқатга чақирадиган, тараққийпарвар ва маърифатпарвар динлигини ёшларимиз англаб етгандагина турли ислом ниқобидаги экстремистик жаҳолат йўлига кирган ғоявий кучларга нафрат билан қарайди, шунингдек, биз имом-хатиблар ҳам ватандошларимизга ва ёшларимизга асл исломнинг моҳияти ва мазмунини асл ҳолатда англата олгандагина тўла мақсадимизга эришамиз.

 

Ҳ.Темиров ЎМИ - Самарқанд вилоят вакиллиги ходими

765 марта ўқилди

Мақолалар

Top