МАҚОЛА

Намозда қўлларни киндик остига қўйишнинг далиллари

Намозхон қиём ҳолида қўлларини бир-бирига боғлаб, ўнг қўлини чап қўлининг устига қўяди. Бу масалада имом Шофеъий, имом Суфён Саврий ва бизнинг ҳанафий уламоларимизнинг фикри бир хил. Лекин, қўллар турадиган жой масаласида ҳанафийлар билан шофеъийлар орасида ихтилоф бор. Шофеъийлар кўкрак қисмига қўяди дейди, ҳанафий мазҳабимизда эса киндик остига қўйилади дейилган. Икки мазҳаб уламоларининг ҳам ўзларига яраша далиллари бор. Қуйида ҳанафий мазҳаби уламоларининг далил қилган ҳужжатлар тақдим қилинади:

Биринчи далил

إن من السنة وضع اليمين على الشمال تحت السرة فى الصلوة

“Намозда, киндик остида ўнг қўлни чап қўлнинг устига қўйиш суннатдандир!”

Бу иборани Бурҳонуддин Марғилоний “Ҳидоя”да, Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Навозил”да, Абулбаракот Насафий “Манзума”ни шарҳи “Мусаффо”да Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси деган, аммо уларнинг бирортасида бу ҳадиснинг санади ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳидоянинг “Ғоятул-баён” ва “Манзума”нинг “ал-Ҳаср” номли шарҳларида муаллифлар бу ҳадисни Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилганини айтган.

Аллома Айний раҳматуллоҳи алайҳ “Ҳидоя”нинг шарҳида, Ҳидоя иборасини тўлиқ келтиргач, “бу гап аслида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг гапидир. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш саҳиҳ эмас. Бу гапни имом Аҳмад ўзининг “Муснад”ида, Дорақутний ва Байҳақийлар “Сунан”ларида Абу Жуҳайфанинг Али ибн Абу Толибдан ривоят қилган ҳадиси деб келтиришган”—деган.

Шунингдек яна, шу иборани ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган деб “Ҳидоя”га Камол ибн Ҳумом ва Итқонийлар тарафдан ёзилган шарҳида, Зайлаъийнинг “Табйин”ида, Айнийнинг Бухорийга ёзган шарҳида, Имом Сарахсийнинг “Муҳийт”ида, Ибн Амир ал-Ҳожнинг “Мунятул-мусолли”га битган шарҳида, Шайҳ мулла Али ал-Қорининг “Мишкот” ва Муҳаммад ибн Ҳасан ривояти билан “Муатто”га ёзган шарҳларида, Шайҳ Абдулҳақ Деҳлавийнинг “Сирот ул-мустақим”га битган шарҳида, Ҳанбалий мазҳабида ёзилган “Фатҳ ул-малик ал-азиз шарҳ ул-важиз” асарларида келтирилган.

Муҳаммад Ҳаёт ас-Синдий раҳматуллоҳи алайҳ аллома Айнийнинг сўзини изоҳлаб шундай дейди: Айний юқоридаги иборани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш саҳиҳ эмас деганда фақатгина қавлий нисбатни кўзда тутган, феълий иснодни эмас. Яъни айни шу иборани Расулуллоҳ айтган дейиш тўғри эмас, аммо Расулуллоҳ қўлларини киндик остига қўймаган деган маъно йўқ. Чунки бу ибора Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилингани аниқ, фуқаҳолар эса саҳобалар “суннат” деган сўзни қўллагнда ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини кўзда тутган бўладилар—деган қоидани тан олганлар. Шундай экан юқоридаги ҳадис санади гарчи Али розияллоҳу анҳуда тўхтасада, ул зот “суннатдан” деб айтгани учун унга “марфуъ” (исноди Расулуллоҳга кўтарилган) деб ҳукм қилинади.

Иккинчи далил

قال ابن عباس رضى الله تعالى عنهما إن النبى صلى الله عليه و سلم قال «إن من السنة وضع اليمين على الشمال تحت السرة»

“Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума айтди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Ўнг қўлни чап қўл устига, киндик остида қўйиш суннатдандир!”.

Бу ҳадисни ҳанафий мазҳабининг йирик намояндаси Аллома ибн Моза ал-Бухорий “Муҳийт ал-бурҳоний”да келтирган, шунингдек, “Мужмаъ”нинг шарҳида келтирилган.

Учинчи далил

عن النبى صلى الله عليه و سلم «ثلاث من سنن المرسلين: تعجيل الإفطار و تأخير السحور و وضع اليمين على الشمال تحت السرة فى الصلوة»

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинди: уч нарса Пайғамбарлар суннатидан: ифторга шошилмоқ; саҳарликни охирги вақтигача суриб бормоқ; намозда ўнг қўлни чап қўл устига киндик остида қўймоқ”.

Бу ривоятни Зоҳидий “Қудурий”нинг шарҳида, Хаббозий “Ҳидоя”нинг “Меърожуд-дироя” номли шарҳида, Ибн Амир ал-Ҳож “Мунятул-мусолли”нинг шарҳида, Аллома ибн Нужайм “Баҳрур-роиқ”да келтирганлар.

Тўртинчи далил

قال ابو هريرة «أخذ الأكف على الأكف فى الصلوة تحت السرة»

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: Намозда кафтни кафтга киндик остида ушланади”.

Бу ривоятни имом Абу Довуд ва Байҳақий “Сунан”ларида келтирган.

Бешинчи далил

عن إبراهيم النخعى قال «يضع يمينه على شماله فى الصلوة تحت السرة»

“Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилинди: Намозда ўнг қўлини чап қўлининг устига киндик остига қўяди”.

Бу ривоятни Абу Бакр ибн Абу Шайба “Мусаннаф”ида келтирган. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан шайбоний ҳам шу ривоятни “ал-Асор”да келтирган.

Олтинчи далил

حدثنا يزيد ابن هارون قال اخبرنا الحجاج بن الحسان قال سمعت ابا المجلز او سألته قال كيف اضع ؟ قال : يضع باطن كف يمينه على ظاهر كف شماله و يجعلهما اسفل من السرة

“Бизга Язид ибн Ҳорун ҳадис айтди, у деди: бизга Ҳажжож ибн Ҳисон хабар қилди: у деди: Абу Мужлиздан эшитдим ёки сўрадим: Қандай қўяман? У деди: ўнг қўл кафт ичини чап қўл кафтининг орқасига қўяди ва икки қўлини киндикдан пастга қўяди”.

Бу ривоятни ҳам Абу Бакр ибн Абу Шайба “Мусаннаф”ида, шунингдек, Абу Довуд ҳам “Сунан”ида иснодсиз келтирган.

Еттинчи далил

عن علقمة ابن وائل ابن حجر عن ابيه رضى الله تعالى عنه قال رأيت النبى صلى الله عليه و سلم وضع يمينه على شماله فى الصلوة تحت السرة

“Алқама ибн Воил ибн Ҳужрдан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. У деди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, намозда ўнг қўлини чап қўлининг устига киндик остига қўйганди”.

Бу ривоятни ҳам Абу Бакр ибн Абу Шайба “Мусаннаф”ида келтирган.

 

манба

816 марта ўқилди

Мақолалар

Top