МАҚОЛА

Бугунги кундаги экстремистик  оқимларининг «Жиҳод» деб номлаётганлари одамларни  зўравонлик, ваҳшийликларга бошловчи фитнадир.

Афсуски, бугунги кунда қора кучлар томонидан Яқин Шарқ минтақасида, қўшни Афғонистонда содир этилаётган қонли тўқнашувлар уюштирилиб, сиёсий ва иқтисодий танглик келтириб чиқарилмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, ваҳшийликларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар кўпайиб кетди.

Таассуфки, Ислом динини ниқоб қилиб олган мутаассиб шахслар ижтимоий тармоқларнинг ўзбек контентида Ироқ ва Сурия каби мамлакатларда террорчилик ҳаракатлари олиб бораётган жангариларни қўллаб-қувватлашга тарғиб қилмоқда. 

Бу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, террорчилик билан «жиҳод» орасида ҳеч қандай муносабат, ўхшашлик ва алоқа мавжуд эмас, балки улар орасида жиддий қарама-қаршиликлар бор.

Жиҳод – Исломни куч билан ёйиш, қурол ёрдамида тарқатиш воситаси эмас. Аксинча, душманликни кетказиш, зулмни бартараф этиш ва заифларни ҳимоя қилиш йўлидир.

Ҳадисда айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жиҳодга изн сўраб келди. Шунда унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”.

«Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайхи васаллам даврларида амалга оширилган «жиҳод» ҳеч қачон миллатчилик, салтанатга эга бўлиш ёки бошқа ҳудудни босиб олиш мақсадида амалга оширилмаган.

«Жиҳод» доимо фақат мудофааланиш вазифасини ўтаган, душман томонидан ярашиш тўғрисидаги таклиф билдирилганда эса дарров тўхтатилган». Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар”.

  Бундан куриниб турибдики бугунги кундаги экстремистик  оқимларининг «Жиҳод» деб номлаётганлари  одамларни  зўравонлик, ваҳшийликларга бошловчи   фитнадир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда «Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир» деб бу жиноятнинг оқибати қанчалик ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа ривояти).

Бундан кўриниб турибдики буларнинг барчаси дин душманларининг фитнасидир.

Мусулмонларга фитнада қатнашиш Қуръони каримда қатъий ман этилган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб) дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (“Анфол” сураси, 25-оят).

Бунда тилга олинган далиллар асосида таъкидлаб, урғу бераётганимиз нуқта шуки, Ислом дунёсида тез-тез кўзга ботаётган, ҳеч қандай қоидага бўйсунмаган, зўравонлик ва босқинчилик ҳаракатлари машруъ эмасдир (ноқонунийдир).

Самарқанд вилояти вакиллигидан

Аброров Жаҳонгирхон манбалар асосида тайёрлади 

703 марта ўқилди

Мақолалар

Top