МАҚОЛА

Сохта тариқатчиларга раддия!

Тасаввуф йўналишида ҳам асл тасаввуфни тушунмасдан, бузиб талқин қиладиган тоифалар учраб туради. Уларнинг фаолиятига эътироз бўлаётган энг асосий масалаларнинг  бири тариқатга кирган кишига илмнинг шарт эмаслиги ва ҳатто илмни тарк қилиш афзаллиги. Баъзи бир сохта тариқатчилар бунга ушбуларни далил қилиб келтирадилар. Аввало илмнинг моҳияти ибодатга восита бўлишидир. У орқали инсон Роббисини танийди ва унга бандалик қилишга ҳаракат қилади. Модомики инсон Аллоҳга ибодат қилиш йўлига ўтган экан, унга илмнинг кераги йўқ.

Иккинчидан: Аллоҳнинг даргоҳидан  қувилган Азозил, яъни Шайтон ҳам бир пайтлар жуда илмли бўлган ва ҳатто фаришталарга дарс берган. Бироқ Аллоҳ таоло Одам а.с.ни яратиб, барча мавжудотни унга сажда қилишга буюрганида Шайтон бош тортди ва “Мени оловдан яратдинг, уни эса ботқоқдан,” – деб эътироз билдирди. Бу мам-манлиги туфайли Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди,” – деб далил келтиришади. Сохта “тариқатчилик”нинг исломга ва жамиятга келтираётган ута жохилона зарарларидан айрим мутаассиб муридлар томонидан пирнинг таҳоратидан қолган сувни истеъмол қилиниши ҳолатлари учрайди. Ҳозирда ўзларини тариқатчимиз деб даъво қилётганлар аввало анъанавий тариқат асосларини қўпол тарзда бузаётганлари, қолаверса шариат кўрсатмаларига ҳам амал қилмаётганлари намоён бўлмоқда. Жумладан, пирнинг таҳоратидан қолган сувни табаррук қилиб ичиш масаласида улар қўпол хатога йўл қўймоқдалар. Биринчидан, бизлар XXI асрда яшамоқдамиз ва “тоза сув”, “ифлосланган сув”, “микроб”, “юқумли касаллик” деган тушунчалар барчага маълум. Одам ювинганда ёки таҳорат қилганда сувга унинг юз-қўлидан турли зарарли микроблар тушиши мумкин ва уни ичишнинг оқибати оғир касаллик билан тугаши мумкин. Иккинчидан, юқорида зикр қилинган “Мактубот” асарида Имом Раббоний: “Таҳоратни ният қилиб ишлатилган сувни ичиш мумкин эмас. Имом Аъзам наздида бу сув нажосат билан аралашган бўлади. Фақиҳлар уни ичишни ман этганлар”, – дейди.

Кўриниб турибдики, айрим тариқатчиларнинг қилаётган амаллари шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам тўғри келмайди. Бундан ташқари, оддийгина инсоний мантиқ мезонига ҳам мос эмас.

Аслида тасаввуф намояндалари ҳеч қачон илмга қарши бўлмаганлар, балки илмсизлик билан тариқат уйғун бўла олмаслигини уқтириб келганлар. Шу ўринда биз тариқат мезонлари теранроқ англаш, асл моҳиятни тушуниш мақсадида  тарихга мурожаат қиламиз: XVIII  асрда Марказий Осиёда Нақшбандия-Мужаддидия тариқатининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган аллома Мусохон Даҳбедийнинг шогирдларидан бири Халифа Сиддиқнинг бу борадаги қарашлари ва амалга оширган ислоҳотларини мисол қилиб келтирамиз. У сулукка раҳбарлик қила бошлагач, Нақшбандия-Мужаддидия сулуки Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва Дашти Қипчоқни ўз ичига олган кенг ҳудудга ёйилди. Бу ҳақда XVIII асрда Марказий Осиёда кечган ижтимоий-сиёсий ва маданий-диний вазиятни қоғозга туширган тарихчилардан бири Жумақули Хумулий (туғ.й.1776/77)нинг “Тарихи Хумулий” асаридан батафсил маълумот олиш мумкин.

Халифа Сиддиқ сулукни бошқаришда ўзидан аввалгилардан фарқлироқ ноанъанавий йўлни танлади. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири шу эдики, муридларни зикр ўрнига кўпроқ Қуръон ўқишга чақирарди, турли диний билимларни, шариат аҳкомларини ўрганишга буюрарди. Ҳалқаларда кўпинча Атоуллохўжа Бухорий, Фарғона шайхул исломи Эшон Зокирхўжа Марғиноний, шайхул ислом Мир Абдулҳайхўжа Самарқандий каби ўша замоннинг фозил, олим кишилари ташриф буюриб, соликларга тафсир, ҳадис, фиқҳ каби фанлардан дарслар ўтишарди. Ҳар куни зикр ҳалқасидан ва ишроқ намозининг ўртасида “Тафсир ал-Байдовий”, “Мишкоти шариф” ва бошқа саҳиҳ китобларни илм толиблари мазкур уламолардан ўрганар эдилар. Фарз намозларидан сўнг хуш овоз қориларга Қуръон ўқишни, чиройли таъбирли шоирларни маснавий ўқишга буюрар эдилар.

Нақшбандия тариқатига оид маҳаллий сулуклар вакиллари (Ҳиндистон, Қашқар минтақаларидан тортиб то Болқон ва шимолий Африкагача) ўзларининг мамлакатларида сиёсий ва иқтисодий барқарорлик ва осойишталик ўрнатиш, қабилалар ўртасида эса тинчлик ва тотувликка фақат шариат аҳкомларининг мустаҳкамлиги орқали эришиш мумкин, деган хулосага келганлар.

Эгамбердиев Шуҳрат Каттақўрғон тумани “Валижонжоме масжиди имом-хатиби

926 марта ўқилди

Мақолалар

Top