Бугунги кунда турли оқим вакиллари томонидан ислом динидаги турли тушунчалар ва ҳатто дин асослари ҳам бузиб талқин этилмоқда. Ана шундай масалалардан бири бу «жиҳод» тушунчаси билан боғлиқ. Бузғунчи кимсаларнинг талқинича, «жиҳод мусулмоннинг ғайридинларга қарши муқаддас урушидан бошқа нарса эмас ва у исломнинг олтинчи арконидир». Бундай талқин динимизнинг гўёки ёвузликка, жангу жадал, уруш, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши кураш олиб боришга асослангани ҳақидаги қарашлар шаклланишига туртки бўлмоқда. Аслида эса, «жиҳод» Қуръонда «муқаддас уруш» деб аталмаган.
Ислом ўз моҳиятига кўра тинчлик динидир. У инсонларни тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида бор куч-ғайратини сафрлашга, турли фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг асосини ташкил этади. Аммо бугунги кунда динни ниқоб қилиб, унинг номидан иш олиб боришга интилаётган экстремистик ва террорчи оқимларнинг чиркин фаолияти муқаддас ислом дини ва тинчликсевар мусулмонлар ҳақида нотўғри тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Хўш, бузғунчи оқимларнинг жиҳод борасидаги қарашлари қай даражада асосли, жиҳоднинг моҳияти нимада?
“Жиҳод” сўзи арабча «жаҳада» феълидан олингани, «ғайрат қилмоқ», «ҳаракат қилмоқ», «интилмоқ», «зўр бермоқ», «бор кучини сарфламоқ», «курашмоқ», «меҳнат қилмоқ» каби маъноларни англатиши бугунги кунда кўпчиликка маълум. Диний истилоҳга кўра, жиҳоднинг Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон 356 нафс, шайтон ва ёв билан курашишдек турларининг мавжудлиги, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида мўътабар манбаларда етарлича тушунтиришлар берилган.
Дастлаб «жиҳод» мазмунида исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун қилинган саъй-ҳаракат, ғайрат қилиш маъноси тушунилган. Шу боис Макка даврида Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобийлар Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!» (Наҳл, 125) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар.
Кейинчалик, яъни Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан Мадинага кўчиб ўтганларидан сўнг ислом дини ва мусулмонлар жамиятини ташқи душманлардан мудофаа қилиш мақсадидагина ҳарбий мазмундаги жиҳодга рухсат берилган. Жумладан, Ҳаж сурасининг 39-оятида: «(Мушриклар томонидан) ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир», дейилади. Бундан кўринадики, жангу жадал маъносидаги жиҳодга мудофаа, муқаррар душман ҳамласини даф этиш мақсадида рухсат берилмоқда.
Таассуфки, ҳозирда жиҳод дейилганда унинг уруш маъносидан бошқаларини инкор этиш, боз устига террорчилик билан боғлиқ жиноятларни ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳод, деб эълон қилиш ҳолатлари қулай бормоқда. Айниқса, экстремистик ва террорчи оқимларнинг мутаассиблик билан йўғирилган ғаразли мақсадлари йўлидаги босқинчилик урушини жиҳод деб эълон қилиши ва бу йўлда ўзини портлатган ва бошқа бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган кимсаларни «шаҳид» деб атаётганлари динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Ваҳоланки, ислом динида жон неъматига Аллоҳнинг энг буюк ва қадрли неъматларидан бири, деб қаралади. Бу неъматнинг қадрига етмаганларга улкан азоблар борлиги ҳақида Қуръони карим ва ҳадисларда кўплаб огоҳлантиришлар келган. Жумладан, Имом Бухорийдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийдабундай дейилади: Аллоҳ таоло марҳамат қилурки: «Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим».[1]
Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Муслимдан ривоят қилинган яна бир ҳадисда ҳам шунга оид масала баён этилган. Унда айтилишича, «Кимки ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан кейин ҳам жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам унинг ҳукми билан баробардир».[2]
Юқоридаги ҳадислар фақат ўзини ўлдирган кимса ҳақида бўлса, ўзи билан бирга бегуноҳ инсонлар ўлимига сабаб бўлаётган шахсларнинг гуноҳи унданда оғирроқ бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу ҳақда Қуръони каримда айтилади: «Кимдаким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай» (Нисо, 93).
Жиҳод ҳаракатини террор йўли орқали амалга ошираётган кимсалар ўз қилмишларини муқаддас ислом учун кураш, мусулмонларни бирлаштириш ёки ислом халифалигини қуришга қаратилган амаллар, дея гўё ўзларини оқламоқчи бўладилар. Агар жиҳод, улар айтганидек, ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлар эдилар. Бироқ Пайғамбар алайҳиссалом бундай йўл тутмадилар. Аксинча, янги пайдо бўлган мусулмон жамиятини ҳимоя қилиш учун ҳамда юртга бостириб кириши муқаррар бўлган душмангагина уруш эълон қилганлар.
Шу билан бирга Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан Мадинага келганларидан сўнг қилган дастлабки ишларидан бири мусулмонлар жамоаси ва ҳудуддаги турли дин вакиллари ўртасида ўзаро тинч-тотув яшашни таъминлашга қаратилган шартнома тузиш бўлган. 622 йилда тузилган бу шартнома «Мадина саҳифаси» номи билан машҳур бўлиб, унда яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар ўзаро ҳурмат асосида яшаш, уларнинг ўз диний эътиқоди ва ибодатларини амалга оширишларига тўсқинлик қилмаслик каби муҳим масалалар ўрин олган эди. Ислом дини ҳамма давр ва ҳар қандай вазиятда тинч-тотувликнинг барқарор бўлишидан манфаатдор бўлганини унинг тарихи ҳам намоён этади.
Исломнинг муқаддас манбаларида жиҳоднинг улуғ амал эканига далолат қилувчи ва унга тарғиб этувчи кўплаб кўрсатмалар келган. Жумладан, Тавба сурасининг 111-оятида марҳамат қилинади: «Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди — улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақикий буюк бахтдир», дейилади.
Жиҳод бузғунчи тоифлар айтаётганидек, босқинчилик уруши эмас, унинг моҳияти ўзгача. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида жиҳоднинг моҳиятини ёритиб берувчи кўрсатмалар мавжуд. Бу ҳадисларнинг мазмун-моҳиятини англаб етмасдан, жиҳодни ўзича талқин этиш қайтарилган амаллардандир. Маълумки, ислом дини сулҳпарвар дин. Пайғамбар алайҳиссалом ўз саҳобийларига ғаним билан жанг қилаётганида душман сулҳ сўраса, албатта, бунга эътибор қаратиш лозим экани ҳақида айтиб ўтганлар.
Шунинг учун саҳобийлар ҳеч қачон Муҳаммад алайҳиссалом кўрсатмалари бўлмасдан, ташқи душманга қарши уруш мазмунидаги жиҳодга чиқмаганлар. Бу ҳолатдан жиҳод эълон қилиш ваколати давлат раҳбарининг мутлақ ҳуқуқи экани келиб чиқади. Дин уламолари бир ҳолатдагина давлат раҳбарининг топшириғисиз, жиҳод қилиш мумкин, деб айтганлар, яъни ташқи душман ватанга бостириб кирганида, ғанимга қарши жанг қилиш учун раҳбарнинг топшириғи кутилмайди.
Шу билан бирга ислом динида душман билан жанг қилишнинг ҳам ўзига хос қоидалари баён этилган. Бу ҳақида Бақара сурасининг 190-оятида: «Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз, (лекин жанг асносида ҳам) ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай», дейилади.
Шайх Абдулазиз Мансур ушбу оятни қуйидагича тафсир қиладилар: «Ислом динида инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам риоя қилинади. Аллоҳ таоло ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаддан ошмаслик ва тажовузкорликка ўтмасликни буюради. Бу ҳамма учун жуда ибратли танбеҳдир[3]. «Жиҳод» сўзи ҳамма вақт ҳам жанг ва уруш мазмунида эмас, балки жидду жаҳд, саъй-ҳаракат, ижтиҳод маъноларида ҳам келади». Бу фикрнинг исботини Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисдан ҳам кўриш мумкин: «Мусулмонларнинг афзали, қўлидан ва тилидан мусулмонларга озор етмайдиганидир. Мўминларнинг афзали эса, хушхулқроғидир. Муҳожирларнинг афзали Аллоҳ қайтарган нарсалардан ўзини йироқ тутувчидир. Жиҳоднинг афзали эса, Аллоҳ йўлида ўз нафси ва хоҳишига қарши қилинадиган жангдир».
Бундан ташқари, сохта салафийларнинг жиҳодни исломнинг олтинчи аркони, деб аташлари диндаги бузғунчиликдир. Энг аввало, адашган оқимлар назарда тутгандек, жиҳод исломнинг олтинчи аркони бўлганида эди, ўн тўрт аср илгари Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом мусулмонларни беш рукнга эмас, балки олти рукнга амал қилишга буюрган бўлардилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом эса: «Ислом беш нарса устида бино қилинган. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг пайғамбари эканига гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, рамазон рўзасини тутиш ва (имкони бўлса) ҳаж қилиш», деб ислом асослари нимадан иборат эканини айтиб ўтганлар. Ислом уламолари, жумладан, юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис ва мутакаллимлар ҳам ушбу ҳадиси шарифда диннинг арконлари ва моҳияти тўлиқ ва қатъий баён этилганини таъкидлаганлар.
Бундан ташқари Қуръони каримнинг: «Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломнинг дин бўлишига рози бўлдим» (Моида, 3), деган ояти нозил бўлган вақтда ислом дини беш аркондан иборатлиги ва бундан кейин улар ҳеч қачон ўзгармаслиги таъкидланган. Яна бир ҳадисда эса, Пайғамбар алайҳиссалом: «Сизлардан ким мендан кейин яшаса, яқинда кўп ихтилофларни кўради. Менинг суннатим ва мендан кейинги ҳидоят топган рошид халифалар суннати сизларга шарт бўлади. Уларни қаттиқ тутингиз ва озиқ тишлар билан тишлангиз. Шариатда янги пайдо қилинган нарсалардан сақланингиз. Зеро, (шариатда) ҳар бир янги пайдо қилинган нарса – бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир», деганлар. Сохта салафийлар эса, исломнинг беш арконига қаноат қилмай, жиҳод борасида ғулувга кетиб, уни шариатнинг олтинчи аркони деб аташлари жуда таажжубланарлидир. Бу эса, мазкур ҳадисда таъкидланган диндаги бидъат бўлиб, у ўз эргашувчиларини албатта, залолат сари етаклайди. Ана шу ҳолатнинг ўзи инсонни сергакликка чорлаши, жиҳод масаласида ғулувга кетишдан сақланиши учун кифоя қилади. Зеро, жиҳод борасида ғулувга кетиш бошқа диндагиларга нисбатан босқинчилик бўлишидан ташқари, ислом аҳкомларига қарши чиқиш ва уларни оёқости қилиш билан баробардир.
Шуни доимо ёдда тутиш керакки, ислом жангу жадал дини эмас, балки тинчлик динидир. Исломда амалга ошириладиган ҳар қандай жиҳод – яъни саъй-ҳаракат фақатгина тинчтотув яшаш, тинчликни таъминлашга қаратилган бўлиши керак.
Шукрулло Жўраев,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот
маркази Нашрлар бўлими бошлиғи