МАҚОЛА

Ҳанафий мазҳабининг юртимизда тарқалишига сабабчи бўлган олим Абу Ҳафс Кабир ал-Бухорий (767-832)

 

Ҳанафий мазҳабининг юртимизда тарқалишига сабабчи бўлган олим Абу Ҳафс Кабир ал-Бухорий (767-832)

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ асос солган ҳанафийлик мазҳаби VIII асрнинг ўрталарида, кенг тарқала бошлаб, шу асрнинг охирларида узоқ-яқин ўлкаларга, жумладан Мавароуннаҳр етиб келган эди. Турли шаҳарлардаги ҳанафий марказларининг шаклланишига Ироқ, Хуросон мактабларининг таъсири самоқли бўлди. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф. 805 й.)нинг шогирди Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорий (150/768 йили туғилиб, 216/832 йил вафот этган) Бухоро мактабига асос солди.
Унинг тўлиқ исми шарифи-Аҳмад ибн Ҳафс ибн Забурқон ибн Абдуллоҳ ибн Бухорий. У ўз юртида эгаллаши мумкин бўлган барча илмларни пухта ўзлаштиргач, Бағдод сари йўл олади. У ерда Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳидан ҳанафийлик мазҳаби фиқҳини ўзлаштиргач, яна ўз юртига қайтиб келади. Шу боис, у ҳанафийлик таълимотини биринчи бўлиб Мовароуннаҳрга олиб келган шахс сифатида маълум ва машҳурдир.
Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий Бухорада илмий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган мадрасага асос солади. Шарқшунос олим Анас Боқиевич Холидов бутун араб салтанати ҳудудида илк бора Мовароуннаҳр ва Хуросонда мадрасалар барпо этилганини зикр этиб, биринчи мадраса Бухородаги “Фаржак” мадрасаси деган фикрни илгари суради. Ушбу мадраса 937 йилги ёнғин натижасида ёниб кетган. Шунингдек, Ножий Маъруфнинг тадқиқотига таянган ҳолда “Нишопур, Бухоро, Ғазна ва Бушанжда Боғдоддаги биринчи мадраса барпо этилгунга қадар 33 та мадраса мавжуд бўлган”, деган маълумотни келтиради. Бухородаги Абу Ҳафс Кабир мадрасаси ўз замонасида машҳур мадрасалардан саналган. Тарихчи Вамбери ўзининг “Тарихи Бухоро” ва ас- Саъдий “Тарих ад- дувал”номли асарларида Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг мадрасаси ислом оламининг турли ўлкаларидаги олимлар ва талабалар орзу қилган энг яхши мадраса бўлганини таъкидлашган.
Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир устозлари силсиласи:
Устозлари Бағдодлик аллома Имом Муҳаммад Ҳасан Шайбоний ҳисобланади. Абу Тоҳирхожанинг “Самария” китобида бу сулола Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собитдан бошлаб Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламгача туташгани асослаб берилган.
Имом Шофеъийнинг Абу Ҳанифа ва Абу Ҳафсга берган таърифлари: “Одамлар фиқҳда у зотнинг боқимандаларидир” деганларидек, Бухоронинг барча олимлари ҳам Абу Ҳафс Кабир олдиларида қарздордирлар. Чунки буюк муҳаддис, ҳадис илмининг пешвоси Имом Бухорий у кишининг шогирди бўлган. Бухоронинг аксар олимлари Абу Ҳафсдан таҳсил олишган. Абу Ҳафс Кабир, амир бўладими, оддий фуқаро бўладими, қандай муаммо билан келса, ҳал қилиб берар эди. Олди-сотди ёки ибодат масалаларини жуда аниқлик билан ечарди. Шу боис одамлар олимни “Ҳожатбарор имом” деб ҳурматлашган.
Устозлари ҳақида озроқ маълумот бериб ўтсак.
Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир шогирдлари:
Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир раҳматуллоҳи алайҳ кўпгина фақиҳларни тарбиялаб камолга етиштирган. Жумладан, ўғли Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс (Абу Ҳафс Сағир), Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадокорий, Абулҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизуғукий, Абу Заҳҳок Фазл ибн Ҳассон Сутиканий, Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шарғий, Ҳорис ибн Абдулвафо Бухорий ва Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс Заборқон (ваф.264/878й.) каби кўплаб шогирдларни мисол келтириш мумкин. Абу Солиҳ Тойиб ибн Муқотил ал- Хуноматий, Абу Ҳасан ибн Толиб ал- Ғишатийлар у кишидан ҳадис ривоят қилишган. Абулкарим Самъоний “ал- Ансоб”номли асарида келтиришича, Абу Ҳафснинг шогирдлари Харожир деган қишлоқда кўп бўлган экан. У туфайли Бухоро шаҳри Ҳанафийликнинг марказларидан бирига айланган. Ўша замонда Абу Ҳафс номли уламолар кўп бўлганлиги сабабли Ахмад ибн Ҳафс ҳазратларини Абу Ҳафс Кабир (улуғ, катта) деб номладилар.
Имом Бухорий ёшликларида Абу Ҳафс Кабирнинг олдиларида илм олганлар. Имом Бухорийни ҳадисларнинг саҳиҳини тўплашга ундаган зот ҳам Абу Ҳафс Кабирдир. Абу Ҳафс Кабирнинг устозларидан бири Абул Ҳасан Нурий саҳиҳ ҳадисларни тўплашга киришганлар, лекин охирига етказа олмаганлар.

Шундан сўнг у кишининг васиятлари билан Абу Ҳафс раҳматуллоҳи алайҳ ҳам саҳиҳларни жамлайдилар, лекин у зот Бухорога келган даврда фиқҳга кўпроқ эътибор берадилар. Ниятларига етмаганликлари сабабли ўзларининг қобилиятли шогирдлари Муҳаммад ибн Исмоил (Имом Бухорий)га шу ишни охиригача етказишни буюрдилар. Манбаларда Қайд қилинишича, Абу Ҳафс Кабир Бухорий Имом Бухорийга дарс бериб, у кишидаги ҳадисга бўлган муҳаббатни билгач, Имом Бухорий Ҳақларида дуо қилиб: «Келажакда Бу кишидан улуғ муҳаддис чиқади!», деб каромат этганлар. Имом Абу Ҳафс Кабир замонасининг мужаддид олими сифатида тан олинган. Бу зотнинг бизгача етиб келган ноёб асарлари бундан кейин ҳам мусулмонларга хизмат қилиши шубҳасиз.
Исломшунос олим Аширбек Мўминовнинг қайд этишича, ҳанафийлик мазҳабининг Мовароуннаҳрга кириб келиши ва ёйилиши асосан Бухоро орқали амалга оширилган.
Абу Ҳанифа (ваф. 150/767 й.) – Шайбоний (ваф. 189/804-805 й.) – Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий (ваф. 217/832 й.) – у зоти шарифнинг ўғли Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Ҳафс Бухорий (ваф. 274/878 й.) – Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб Субазмуний Бухорий (340/952) – Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий (370/981) – Абу Али Ҳусайн ибн Хидр Насафий (ваф. 1032- 33 й.) – Шамсулаимма Абдулазиз ибн Аҳмад Ҳалвоний (448/1056- 57).
Бухорода фаолият олиб борган “Садруш- шариъа”лар ва уларнинг оила аъзолари фиқҳ илмини ўз замонасининг машҳур олимларидан олганлар. Бу силсила Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабирга етиб боради. Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати Бухорога, қолаверса, бутун ислом оламига тарқалди. Олимлар унинг илми фазлини баҳолаб, Абу Ҳафс Кабирни “Муаллими Ислом” яъни “Ислом динининг муаллими”, унинг шарофати билан Бухорони “Қуббатул ислом” (“Ислом динининг гумбази”) ва у киши яшайдиган маҳалла дарвозасини “Ҳақроҳ” (“Ҳақ йўл”)деб аташган. Ҳатто, араб диёри олимлари бирон- бир масаланинг жавобини топишда қийналиб қолишса, Бухорага Абу Ҳафс Кабирнинг олдига бир кишини юбориб, ўша масаланинг ечимини билиб олишар экан.
Наршахийнинг ёзишларича, Бухоро Абу Ҳафс Кабир туфайли «Қуббатул ислом» номини олган. У кишининг ўғли Абу Абдуллоҳни (Абу Ҳафси Сағир деб ҳам атаганлар) илмлари шу даражага етганки, ҳожилар карвони Каъбадан қайтаётганда, уларнинг уламолари Хожа Имом Абу Ҳафс ёнларига бориб, у кишидан муаммо масалаларга жавоб сўрар экан.
Шунда Абу Ҳафс: «Ўзинг-ку Ироқдан келяпсан, Нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?» деганда, у олим: «Бу масалада Ироқ Олимлари билан мунозара қилдим, улар жавоб бера олмадилар ва менга Бухорога борганда бу муаммони Хожа Имом Абу Ҳафс ёки у кишининг фарзандларидан сўра!» дедилар.
Бухородан буюк, забардаст олимлар чиққан:
Юқоридаги нақлдан маълум бўляптики, Имом Бухорий, Абу Исҳоқ Гулободий Бухорий, Ибн Сино, Абдулхолиқ Ғиждувоний каби буюк алломаларнинг Бухорода ўсиб вояга етиши беҳикмат эмас, балки Бухорода аллақачон бундай алломалар учун илму урфоний замин ҳозирланган эди.
Абу Ҳафс Кабир р.а. юқори мансаб эгалари олдида ҳам ўзига хос нуфузга эга бўлган. Жумладан, султон илтифотига ҳам муяссар бўлган. Зандавистийнинг “Равзатул -уламо” (“Олимлар бўстони”)номли асрида келтирилишича, султон Абу Ҳафс Кабир Бухорийга р.а. салла тортиқ қилган. Салла муҳим илтифот қилинган кийимлардан бўлиб, одатда амирлар уни ўзлари танлаган ва яқин кишиларига совға қилганлар.
Бухорода Муҳамад ибн Толут исмли бир амир бўлган. Бир куни у вазири Хашуя унга: “Абу Ҳафснинг олдига боришинг яхши эмас, сен унинг яқинига борганингда салобатидан ҳеч бир сўз айтолмай қоласан” – деб жавоб беради. Амир эса “ҳар нима бўлса ҳам бораман”, деб вазир билан бирга имомнинг олдига боради. Абу Ҳафс масжидда пешин намозини тугатгандан сўнг вазир имомнинг ҳузурига кириб, ундан: “Амирнинг киришига рухсат борми?”, – деб сўрайди. Вазир розилик жавобини олгач, амирни ичкарига таклиф этади. Шунда амир кириб, унга салом беради ва бошқа бирон- бир сўз айта олмайди. Абу Ҳафс унга юзланиб: “Нима иш билан келдинг?”, – деганда, амир гапирмоқчи бўлиб ҳар қанча ўринса ҳам, лекин тили калимага келмайди.

Бу вақеадан сўнг Хашуя амирдан: “Хожа Абу Ҳафс қандай экан?” – деб сўраганда, амир унга: “Сен айтгандек экан, унинг ҳузурида ҳеч гап гапира олмай ҳайронликка тушиб қолдим, неча марта ҳукмдорнинг ҳузурига бориб у билан сўзлашганман. Ҳукмдорнинг ҳайбати мени сўзлашишдан тўхтата олмаган эди, бу ерда эса у кишининг салобатидан сўз айтолмай қолдим”, – деб жавоб берган.
Олим фиқҳнинг турли масалаларига доир кўп асарлар ёзган. Булардан “Фатавои Абу Ҳафс Кабир”, “Китабул имон” айниқса машҳур бўлган. Абдулкарим Самъоний айтишича, Абу Амр Аҳмад ибн Абу Бакр ал-Хузоий ал-Мохий: “Мен Абу Ҳафс Кабирнинг “Китабул имон” китобларидан таълим олганман”, деган. Абу Ҳафс Кабирнинг фиқҳга доир турли масалалар ёритилган “Ал-Аҳвоъ вал ихтилоф” (“Ҳавоий гаплар ва келишмовчиликлар”), “Ар-Радду алал лафзия” (“Юзаки қаровчиларга раддия”) каби асарлари ҳам бор.
Абу Ҳафс Кабир раҳматуллоҳ алайҳнинг берган фатволари, унинг асаридан олинган иқтибослар кейинги давр уламоларининг фиқҳий асарларида кенг истифода этилган. Жумладан, унинг фикрлари Алоуддин Бухорийнинг “Ҳайратул- фуқаҳо”, Масъуд ибн Маҳмуд ибн Юсуф Самарқандийнинг “Салоти Масъудий”, Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳиту-л- Бурҳоний”, Абу Бакр ибн Масъуд Косонийнинг “Бадойиъус- санойиъ фи тартиби-ш- шароиъ”, Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб (ваф. 1118/1707 й.)нинг буйруғи билан Шайх Низомиддин Балхий бошчилигида 23 нафар фақиҳ томонидан ёзилган “Фатовойи Оламгирий”каби қатор асарларда учрайди. Баъзи асарларда Абу Ҳафс ҳақида алоҳида боб ажратилган. Масалан, Сўфи Аллоҳёрнинг “Маслакул- муттақин” асарида “Ҳикояти Хожа Абу Ҳафс Кабир Бухорий”, “Баёноти Абу Ҳафс Кабир” сарлавҳалари остида икки боб ажратилган. Биринчи маснавий ўттиз олти мисрадан иборат.
Бундан ташқари, Сўфи Аллоҳёр Абу Ҳафс Кабир асарларидан фойдаланиб, “Фарзанларга насиҳат” бобида яхши ҳулқ, одоб, яхши инсоний фазилатлар, ҳақ-ҳуқуқини таниш, ота-она, қариндош, ёр биродарларга ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг хурматини қозониш, меҳнатни улуғлаш каби отанинг насиҳатлари баён қилинган. Аҳмад ибн Маҳмуднинг “Мозороти Бухоро” (“Тарихи Муллозода”)номли асарида ҳам олим ҳақида алоҳида бўлим ажратилган. Айрим адабиётларда бошқа муаллифларнинг асарларига “Абу Ҳафснинг асари”деб янглиш тарзда нисбат берилган. Масалан, 2017 йилда нашр этилган “Маслакул муттақин”нинг илова қисмида Абу Ҳафс кабирнинг “Китоб ал- аҳво вал- иҳтилоф” номли китоби ҳам бўлган дейилади. Яна ислом энциклопедиясида ва Ўзбекистон Миллий энциклопедияларида “Абу Ҳафс Кабир “Ал- Аҳвоъ- вал- ихтилоф” (“Ҳавойи гаплар ва келишмовчиликлар”), “Ар- Радду ала- лафзия” (“Юзаки қаровчиларга раддия”) китобларининг муаллифидир”, деган жумлаларни учратиш мумкин. Ваҳоланки, Умар Ризо Каҳҳоланинг “Муъжамул- муаллифийн”, Султон Муҳаммад ибн Қаландаршоҳнинг “Рисолайи султоний” номли асарларида ва яна бир қанча табақот жанридаги китобларда бу асарнинг муаллифи Абу Ҳафс Кабирнинг ўғли Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс деб келтирилади. Абдулкарим Самъоний бу китоблар билан бир қаторда, Абу Ҳафс Сағирнинг “Китобул- иймон”номли асари ҳам борлигини эслатиб ўтади. Бироқ, бундан у зотнинг ўзи таълиф қилган бирон-бир китоб йўқ экан-да, деб шошилинч хулоса чиқариш керак эмас. Зотан, манбаларда Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг қаламига мансуб “Китобут- тахриж” номли асарнинг бўлганлиги қайт этилган. Масалан, Тошкен ислом университенинг “Манбалар хзинаси”да сақланаётган 72- ашёвий рақамли қўлёзма ва Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти (бундан кейин ЎзФАШИ – Л,А)нинг қўлёзмалар фондида сақланаётган Лутфуллоҳ Насафийнинг (14 аср) “Фиқҳи Кайдоний” китобига Саъдуддин Тафтазоний (722/792 – 1322/1392) томонидан ёзилган шарҳнинг нусҳаларида бу ҳақда аниқ маълумот берилган: “…устознинг бир асарлари бор бўлиб, Хожа Абу Ҳафс Кабир уни “Китобут- тахриж” деб номлаганлар. Ва унда “Тасмия”нинг маъносини қўйидаги жумлалар билан шарҳлаганлар… .Бироқ, биз танишиб чиққан қўлёзма жамғармаларининг каталогларида “Китобут- тахриж” учрамади.

Ажаб эмас, келажакда қўлёзма жамғармалари, архив ва хусусий кутубхоналардан мазкур асарнинг бирон- бир нусхаси ёки олимнинг қаламига мансуб бўлган бошқа асар топилса.
Абу Ҳафснинг зеҳнлари баёни:
Абу Ҳафс кабирнинг ижтимоий ҳаёти тўғрисидаги турли ҳикоялар манбалар орқали бизгача етиб келган. Масалан, “Салоти Масъудий”да келтирилишича, Хожа Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Халаф Айюб ва Хожа Абу Сулаймон Журжонийлар Муҳаммад Ҳасаннинг шогирдларидан бўлганлар. Халаф Айюб ва Журжонийлар бир йилда ёд олган сабоқларини Абу Ҳафс бир ойда, улар бир ҳафтада ёд олган нарсаларини эса бир кунда ёд олар эканлар. Хожа Абу Ҳафс ёд олган нарсаларини ёзмас эдилар. Улар нега китоб ёзмайсиз деган саволга: “Ман шул тариқа илм ўрганаманким, қоғозга ёзмоқға ва китобга ҳожат қолмагай, мен кўкракка ёзарман”, деб жавоб берардилар. Шунда улар: “Тўғри айтасиз, аммо, агар сизга ажал етса, сиздан китобат мўминларга ёдгор қолмайди” – дедилар. Хожа эса уларга: “Менинг йўлимда дарё бор қўрқарманки, мабодо кемага сув кириб китобларимни ҳўл қилиб нобуд бўлғай”, – деб жавоб бердилар. Ахири, улар Хожани китоб ёзишга кўндирдилар. Шундан сўнг, Абу Ҳафс Кабир китоб ёздилар. Таҳсил олиб бўлганларидаг сўнг, учалови ҳам фатво беришга ижозат олиб, ўз юртларига қайтдилар. Халаф Айюб Балхга, Хожа Абу Сулаймон Журжоний Самарқандга ва Хожа Абу Ҳафс Кабир кемага ўлтириб Бухорога кеттилар. Хожа каромат қилганларидек, кемага сув кирди ва барча китоблар тамом ҳўл бўлиб, ўқиб бўлмайдиган даражага етди. Абу Ҳафс юртига яқинлашганда, Бухорога одам юбориб, аҳволини маълум қилишни ва у ердан қалам, қоғоз ва сиёҳ келтиришини буюрдилар. Керакли нарсалар келтирилгандан сўнг, барча китобларни қайтадан хатосиз зеҳнлари самараси билан ёздилар. Фақат уч масалада (Бир ривоятда эса, беш масалада) ихтилоф воқе бўлди, дея келтирилади.
У кишининг қаҳатчиликда қилган тадбирлари баёни: Яна шу китобда келтирилишича, Бухорода бир йил қаҳатчилик бўлиб бир харвор бўғдойнинг баҳоси 100 тангага етишган экан. Хожа хазиначиларини чақириб ҳамма молларни чиқариб сотиб, пулига буғдой харид қилишни буюрибдилар. Бухоро халқи Хожага таъна қила бошладилар. Қаҳатчиликдан халққа танглик етишганда, Хожа хазиначига омборларни очиб бир харвор бўғдойнинг баҳоси 90 тангага сотишни айтибдилар. Бухоро халқи келиб бир харвор буғдойни 90 тангадан харид қилибди, шу тариқа бир харвор буғдойнинг баҳоси 90 тангага қарор топибди. Хожа яна буғдой олиб, омборлар тўлгандан сўнг 80 тангадан баҳо қўйиб сотишга буюрадилар. Шу тариқа буғдойнинг баҳоси 80 тангага тушади. Алқисса, шу тадбир билан буғдой баҳосини то ўн тангага келтирадилар. Кейин хожа хазиначини чақириб унга: “Кел кўрайлик, биз қанча фойда кўрибмиз”, – дедилар. Хазиначи: “Юз тангалик буғдой ўн тангага тушди аммо, хазина бўшаб қолди”, – деди. Хожа: “Сен билмабсан, онча хазина охират хазинасидир. Биз охират хазинасини тўлдирдик”, – дедилар. Бу Хожанинг саховатларидан бири эди.
Абу Ҳафс ал- Кабир Бухорийнинг фазилатлари:
Абу Ҳафс ал- Кабир Бухорийнинг жуфти ҳалоли ҳам ниҳоятда илмли аёл бўлиб, фақиҳга доим қимматли маслаҳатлар берар ва унинг қарашларига жиддий муносабатлар билдирарди. Шу боис, бир куни Абу Ҳафс аёлига: “Эй заифа, тешиб ўтадиган ёй отдинг”, – деган экан. (Зандавистий. Равзатул уламо. Қўлёзма. – В.14.). ва бу ҳикоя маслакул – муттақинда қўйидагича келтирлган. Эътибор беринг! Бу у зотнинг тақволари қанчалик даражада юксаклигини билдиради ва амалда бу сабабдан катта фойдаларга эга бўлганларига ўзингиз гувоҳ бўласиз.
Ҳикоят: Хожа Абу Ҳафс Кабир пирлари ижозат бериб: “Бухорога бориб йўл кўрсатинг ва панд насиҳат қилинг”, – дедилар. Хожа Абу Ҳафс Кабир хотинларига маслаҳат қилдилар. Заифалари айтдиларки: “Ё имом, аввал ҳеч нарса эгасидан бе ижозат едингизми?” Хожа айтди: “норасидалик вақтимда бир куни оташ парастларнинг кучасидан борар эдим. Бир гандони пиёзга ўхшаш кўкат баргини олиб едим. Сени сўзинг билан у гуноҳим ёдимга келди”. Хотини айтди: “Эй хожа, кишининг ҳаққи сизда бордур, сўзингиз ҳалойиққа таъсир қилмас. Бу гуноҳингиз билан уялмайсизми Бухорога бориб ваъз айтаман дегани?” хожа бу сўзни эшитиб оташпарастнинг кўчасига югурди. Кўзидан ёши оқди.

Ул гандонанинг эгасини топиб, озироқ ялинди, ёлвордики рози бўлгин деб, рози бўлмади. Хожа айтди: “Эй биродар, ўша гандона барги учун бир танга берайин”. У қабул қилмади. Охири Хожи: “Юз танга берай”, деди. Шунда у кофир айтди: “Эй Хожа, бу сўзни сенга ким айтди?” Хожа: “Заифам айтди”, деди. Кофир айтди: “мен ҳам бу кеча хотиним билан маслаҳат қилиб жавобини айтаман”, деди. Тарсо уйига бориб, хотинига бу сўзларни баён қилди. Хотини: “бир барги гандона учун сендек кофирга бунчалик тавалло қилибди демак унинг дини ҳақ экан. У Хожа яна эртага келса, уни динига кирайлик”, деди. Тарсонинг ҳам кўнгли мойил бўлди. Эртаси Хожа борди. Икковлари Хожанинг олдида иймон келтирди. Уларни кўриб кофирнинг қариндошлари ҳаммаси мусулмон бўлди. Бу тақволари ҳамма жойга тарқалди ва бутун Бухоро халқи ул зот бормасларидан туриб иймон келтирдилар.
Имом Абу Ҳафс айтдилар: “Таҳоратим йўқ ҳолида қоғоз бозоридан ўтмадим”. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтдилар: “Юз туянинг кейнидаги туяда Қуръон бўлса, аввалги туянинг жиловини бетаҳорат ушламадим”.
Ҳикоят: бир подшоҳ шикор қилиб, шикоридан адашиб бир қишлоққа кирди. Анда бир уйга тушди. У уйда тонг отгунча роҳат қилиб ухламади. Субҳда уй соҳиби айтди: “нима учун ухламадингиз?” Подшоҳ айтди: “Мен қандай роҳат қилайки бу уйда каломуллоҳ бордир”. Уй соҳиби айтди: “Агар менга билдирсангиз ўзга уйга олар эдим”. Подшоҳ айтди “Хуп ғафлат қилмоқ учун “Каломуллоҳни олғил”, дейишга шарм қилдим. Агар ундай десам жонимга жафо бўлар эди”.
Эй азизлар! Подшоҳ шунақа тақво қилса, фуқоролари қачон хилоф қилур!
Каломуллоҳни кунлик вазифа қилганлари баёни: Имом Абу Ҳафс Кабир бир кеча-кундузда Қуръон каримни икки марта хатм қилар, одамларга дарс ҳам берар эди. Кексайиб заифлашгач, бир марта хатм қиладиган бўлди. Яна ҳам заифлашиб қолгач, то дунёдан ўтгунига қадар, бир кеча-кундузда Каломуллоҳнинг ярмини ўқийдиган бўлди. Етти ёшларида Қуръони каримни тўлиқ ёдлаганлар. Аллоҳ таоло у зотни раҳматига олсин.
Ривоят қилишларича, Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорода ҳанафий мазҳаби асосида таълим бериладиган илк мадрасани қурдирган. Бу мадраса ҳозирги “Пойи Калон” мавзеида бўлган. Аллома уйларидан мадрасага боришда бозор орқали ўтардилар. Шунда ҳайбатларидан бозорчиларнинг шовқин-сурони тўхтаб қоларди.
Ривоят қилишларича, Яҳё ибн Наср шундай деган: “Мен Хожа Абу Ҳафснинг хузурида бўлдим. У эрталабки намозини ўқиб бўлиб, қиблага қараб ўтирар ва бир нарса ўқир эди.
Кун чиққач, орқасига қараган эди, у илм ўргатадиган шогирдлари ҳали келмаган экан. Ўрнидан туриб тўрт ракат намоз ўқиди ва мана шу тўрт ракат намозида Қуръони каримдан Бақара, Оли имрон, Нисо ва Моида сураларини (Қуръондан 127 бетгача ) қироат қилиб салом берганида ҳам жамоа ҳозир бўлмаган эди. У яна ўрнидан туриб, ўн икки ракат намоз ўқиди ва Раъдгача қироъат қилди”. (Қуръондан 249 бетгача).
Ҳазрат Абу Ҳафс илмиятидан фойдаланиб, “Чаҳор китоб”, Суфи Аллоҳёрнинг “Маслакул муттақин” китоблари юзага келганлиги манбаларда такидланади.
Ҳазрати Абу Ҳомид Ғаззолий “Мукошафат-ул қулуб” асарларидаги “Ғийбат-гап-сўз-иғво” бобида Абу Ҳафснинг қуйидаги гапларини мисол келтиради: “Бировнинг иғво қилишнинг гуноҳи бир Рамазон ойи рўза тутмасликнинг гуноҳидан ёмонроқдир”.(110-бет). Ва фақиҳ бу сўзларига илова қилиб ўшбу сўзни келтиради:

Ким бир фиқҳ олимини иғво қилса, қиёмат куни пешонасида “Бу Аллоҳнинг раҳматидан умид узувчидир!” деб ёзилган ҳолда келади.

Анас ибн Молик ривоят қилади: Аллоҳ расули айтдилар: – “Меърож кечаси бир тўда инсонларни кўрдим, тирноқлари билан юзларини тимдалаб ва ифлос нарсаларни еярдилар. Жаброилдан: “Булар ким?” – деб сўрадим. Дедики: “Булар дунёда инсонларнинг гўштини еганлар, ҒИЙБАТ қилганлардир!”. (“Мукошафат-ул қулуб” (1), 110-бет).
Маълумки, Бухоро Шаҳрида биринчи бўлиб Қутайба ибн Муслим томонидан 712 йил масжид бино қилинган. Шуни таъкидлаш лозимки, бу масжид ўша даврда ҳам мактаб, ҳам мадраса вазифасини ўтаган.

Имом Бухорий тўғилмасданоқ Бухоро «Қуббатул ислом» — ислом динининг гумбази деган ном билан машҳур бўлган. У зот ҳамма жойи маконни олими забардастларга тўлдирган бир маҳалда тўғилганлар.
Абу Бакр Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида ёзилишича, Имом Бухорийнинг туғилган йилларида – ҳижрий сананинг 194 йили яъни, (шаввол ойининг 13 куни) мелодий 810 йилда (20 июль) кунига тўғри келади. Демак бу ислом ривожланиши у кишида катта бир мақсадларни хосил қиладиган маконга айланган десак, муболаға бўлмайди.
Бу вақтда Бухоро олимларидан Хожа Имом Абу Ҳафс Кабирнинг довруғи ҳам етти иқлимга етиб борган эди.

Хулоса ўрнида:
У зоти шариф ҳанафийликнинг ҳақиқий тирик забардаст олими ва тарқатувчиси эди у киши туфайли барча атрофидаги бирор шаҳар бошқа мазҳабга қарамасдилар. Чунки ҳамма мазҳабларнинг асли Абу Ҳанифадан тарқаш сабабларини кўрсатарди. Имом Шофеъийлар ҳам у кишининг невара шогирди ҳисобланишини ўша замон вакили бўлиб яхши тушунтирадилар. Ўзлари Имом Шофеъий билан замондош ва бир йилда яъни: 150 ҳижрий йилда тўғилганлар.
Буюклар аҳволини буюк китоблар ва буюк устозларнинг қўлида таълим олганларнинг эътирофи ила тушунамиз. Аслида бу таърифни биз Садруш шариъани таърифи билан яхши тушунсак бўлади. У зоти шариф Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида шундай дейди: У зоти шариф пиримиз, устозимиз, мақоми ва мартабаси ва фазилати тенги йўқ муаллимимиз, деб кейин у зотнинг ҳаққига яхши дуоларни қилиб жуда ҳам юмшоқлик ва мулойимлик билан ҳадис айтиш қоидаларига тўлиқ амал қилиб, кейин ҳадисни ўз масалаларига хужжат қилганларини келтириб ўтадилар. Лекин шуни ўнитмаслик керакки шундай буюк муҳаддис Исмоил Бухорий р.а. Абу Ҳафс Кабир раҳматуллоҳи алайҳининг буюк шогирдларидан ҳисобланади ва у зотнинг буюк дуолари шарофатидан шу мартаба ва мақомни эгаллаганлар. Шак йўқки улуғлар дуоси ва шарофати билан инсон умуман етиб бўлмайдиган кирраларни босиб ўтиш мумкин. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ замонида у кишидан ўтадиган бирор- бир киши бўлмаган. У зот айтадилар менга тенглашадиган бирор- бир киши йўқ бўлса ҳам у зот палончи устозим мендан кўра илмда юқори туради, деб айтган эканлар. Бу гапларидан сўнг у устозларидан бу гапни сўраганларида устозлари у аслида илмда мендан юқорилаб кетган лекин айрим масалаларда мен билан тенглашганидан шундай, деган деб у зотни ўз устозлари буюклигини таърифлаган экан. Ҳар бир замонда олимлар ичида етиб бўлмайдиган мақом ва мартаба бўлади, уни олимлар ўзлари ҳам эътироф қилиб ўз замонасидаги олимлар билан ўзларини тарозига солиб ким мақомда қандай натижага эга эканликларини ҳар хил йўллар билан аниқлашганлар. Бағдодлик аллома Имом Муҳаммад Ҳасан Шайбоний Абу Ҳафс Кабир раҳимаҳуллоҳга ижоза берган. Абу Ҳафс Кабир ҳанафий мазҳаби асосида фиқҳ илмининг сир- синоатларини Мовароуннаҳрда, Ўрта Осиёда биринчи маротаба тарқалишида жонбозлик кўрсатган зотдир. Бу дуонинг шарофатидан бутун Мовароуннаҳр ва қўшни давлатларни илм нурига тўлдириб ташлади. Бу зот келмасданоқ тақволарининг натижасиданоқ бутун Бухора ҳалқи таслим бўлди. Бу зотнинг сўзлари ва иршодлари ва кўрсатмалари орқали улар қалбий касалларига шифо топишди. Бутун қалбий касалликлардан фориғ бўлганлар бу кишига шогирд тўшарди. Бир ўзлари 40 дан ортиқ мадраса таъсис этди ва дарс ҳалқаларини пайдо қилди. Гўё у зотга келган шогирдлари ана энди ҳақиқий ҳаётда яшаётганларини айтишарди.
Вафотлари: Абу Ҳафс Кабир раҳматуллоҳи алайҳ 216 ҳижрий йили (832 милодий) Бухорода вафот этадилар ва ҳозирги Ҳазрати Имом мазеига дафн этилдилар.

Юнусобод Оқтепа” жоме масжиди имом

ноиби Урол Назар Мустофо тайёрлади

Манба: oliymahad.uz

730 марта ўқилди

Мақолалар

Top