МАҚОЛА

Гуноҳларни тарк қилиш – ҳижрат ва бу йўлда ўз нафсига қарши курашиш жиҳоддир

Билингки, дин икки қисмдан иборат: биринчиси, гуноҳ ишларни тарк қилиш, иккинчиси тоатларни бажариш. Тоатларни бажаришга кўпчиликни қудрати етади, аммо гуноҳ ишлардан қайтиш анча мушкул вазифа бўлиб, бу кишидан ўта қатъий ирода ва жидду жаҳд кўрсатишни талаб қилади. Шу боисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муҳожир ёмонликларни тарк этган киши, мужоҳид эса ўзининг ҳавои нафси билан курашган кишидир,” деб марҳамат қилганлар.


Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул вадоъда: “Мўмин киши ҳақида сизларга хабар берайинми, дедилар. Инсонлар ўзларининг моллари ва жонлари ундан омонда бўлган одам мўминдир. Инсонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган киши мусулмондир, мужоҳид ўз нафсига қарши Аллоҳнинг тоатида курашган, муҳожир эса – хато ва гуноҳларни тарк қилган кишидир”, деган эдилар. Бу ҳақда Ибн Можа ўзининг “Фитналар китоби”да ва бошқа лафз билан Имом Термизий “Жиҳод фазилатлари” китобида ривоят қилишган.


Билгинки, сен Аллоҳ таолога фақат тана аъзоларинг воситасида маъсият қиласан, ваҳоланки, улар Аллоҳ томонидан сенга берилган неъмат ва ҳузурингдаги омонатдир. Уларни гуноҳ ишларда ишлатишинг ўша берилган неъматларга нисбатан куфрони неъматнинг энг каттаси бўлади ва сенга топширилган омонатга хиёнат қилишда туғёнга кетишнинг энг чўққиси бўлади.


Сенинг аъзоларинг сенинг қўл остиндаги раъият ҳисобланадилар. Уларни қандай бошқаришга бир назар сол! “Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз.” (Ҳадис). Яна билгинки, ҳар бир аъзоинг Қиёмат куни сенга қарши тилга кириб халойиқ бошида сени фош қилиб гувоҳлик беради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нур сураси 24-оятида: “У кунда – Қиёматда қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур” ва Ёсин сурасининг 65-оятида: “Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур,” деб марҳамат қилади.
Шундай экан, биз ожиз бандалар, бутун тана аъзоларимизни гуноҳу маъсиятлардан асрамоғимиз лозим.
давоми бор...

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг "Бидоятул ҳидая" асари.
Таржимон Р.Охунжонов

786 марта ўқилди

Мақолалар

Top