МАҚОЛА

Ихтилоф ҳақидаги баъзи ҳадиси шарифлар

Энди ихтилофнинг ёмонлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган баъзи ҳадиси шарифлар билан қисқача танишиб чиқайлик:
Биринчи ҳадис:
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин», деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан қайтмоғимиз лозим. У зот бизни ихтилоф қилишдан қайтариб турсалар-у, биз ўзаро ихтилоф қилиб турсак, қандоқ бўлади?! Ҳадиси шарифда ихтилофнинг ёмон оқибати алоҳида таъкидланмоқда. Бу қалбларнинг ихтилофли бўлиб қолишидир.
Ҳа, бир-икки бор ихтилоф содир бўлгандан кейин, унинг таъсирида қалблар ихтилофли бўлиб қолса, Аллоҳ кўрсатмасин, кейин ўшандай қалб эгаларининг бошлари шубҳасиз келишмовчилик ва уруш-жанжаллардан чиқмай қолади.
Иккинчи ҳадис:
Муҳаддисларимиз Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда у киши қуйидагиларни айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига иссиқ пайтда борган эдим, бир оят ҳақида ихтилоф қилган икки кишининг овозларини эшитиб қолдим. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар, юзларидан ғазаб билиниб турар эди. Бас, у зот:
«Албатта, сиздан олдин ўтганлар Китоб ҳақида ихтилоф қилганлари учун ҳалок бўлганлар!» дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз саҳобаларидан иккиталарини бир оят ҳақида ихтилофга тушишларидан ғазабланишлари бежиз эмас экан. Чунки улар ўзлари сезмаган ҳолда, тарихдаги энг катта хатолардан бирини такрорлашаётган экан. У ҳам бўлса, илоҳий китоб ҳақида ихтилоф қилишдир. Олдин ўтган умматлар ўзлари туфайлигина мағлубиятга учраганлар».

Янгиқўрғон тумани "Поромон" жоме масжиди имом хатиби Замирбек Йўлдошев

720 марта ўқилди

Мақолалар

Top