МАҚОЛА

Ҳанафий мазхабида “такбири тахрима” ва намозда қўл боғлаш

Намоз – диннинг устуни ва мўминнинг меърожи. Бу ибодатнинг қадр-қиммати ва фазлу баракоти баланд. Намознинг аҳкомлари кўплиги ва амаллари ўта дақиқлигини тўла англаб етмай, уларни илмий асосда ўрганмай, амалга тўлиқ татбиқ этиш қийин.

Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва “такбири таҳрима” айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади. Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган.

Жумладан: Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳу: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар” (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари). Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган “қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Ал-Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.

Намозда қўл боғлаш тартиби. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, намозда турган киши қўлларини бир-бирига боғлаб, киндик остига қўяди. Бу ҳақда бир қанча ривоятлар мавжуд бўлиб, жумладан: Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳудан, у зот оталаридан ривоят қилинади. «У зот айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига – киндик остига қўйганларини кўрдим“ (Имом Ибн Абу Шайба ривояти). “Эълоус сунан” китобида, бу ҳадиснинг ровийлари ишончлидир, дейилган. Яна бир ривоятда шундай келади: Абу Воил розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда кафтнинг устига кафтни қўйиб, киндик остида ушланади”» (Имом Абу Довуд ривояти). Аллома Зафар Аҳмад Усмоний мана шу ривоятни келтириб, шундай деганлар: “Муҳаммад ибн Сирин Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганларида, у зотдан “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламданми?” деб сўраганлар. Шунда Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдандир”, деб жавоб берганлар. Демак, бундан Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси марфуъ (Расулуллоҳдан келган) эканлиги келиб чиқади. Шундай қилиб, намозда қўлларни киндик остига қўйиш суннат эканлиги собит бўлган”.

Манбалар асосида

Учқўрғон тумани "Байтул муқаддас" жоме масжиди имом-ҳатиби

Ғиёсиддин Тожимирзаев тайёрлади

1212 марта ўқилди

Мақолалар

Top