МАҚОЛА

Ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш орқали ёрқин келажак барпо эта оламиз

Ёшлар тарбияси барча даврнинг энг долзарб масаласибўлиб келган. Тарихчи Геродот Шарққа сафари чоғида Миср эҳромларидаги бир битик уни ажаблантирган: “Ёшларнинг тарбияси бузилиб кетяпти. Нима қилмоқ керак?!”.

Муаррихнинг бу битикни ўқиганига ҳам икки минг йилдан ошиб кетди. Ёзувнинг битилганига эса ким билсин қанча вақт бўлган? Демак, ёшлар масаласи ҳамиша ўз долзарблигини йўқотмаган, бунга ҳамма даврлардаҳам турли даражада муносабат билдирилган.

Улуғ маърифатпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойна” журналининг 41-сонида эълон қилинган ёшларга мурожаатномасида бундай ёзади:“...Ушбу тараққий этган замонда илмсиз, маърифатсиз, қуруқ таассуб билан яшаб бўлмайди. Ҳозирги замонавий тараққиёт ва ривожланиш шундай кучли бўлмоқдаки, озгина фурсат ўтар-ўтмас қуруқ ва чириган таассубларимизни илдизи билан қўпориб ташлайди. Шунингучун барча ёшларимиз бу борадабир нарсага таянишлари mumkin.Bu нарса илму маърифатдир”.

Башарият яралибдики, тарбия масаласининг долзарблиги ҳеч қачон кун тартибидан тушмаган. Муқаддас динимизда ҳам тарбияга катта эътибор қаратилади, алоҳида урғу beriladi.Rogъиб Асфаҳоний таърифлаганидек, тарбия – инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир.

Исломда фарзанд тарбияси отаонанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидан бири саналади. Зотан, ота-онанинг фарзанднеъматига ҳақиқий шукри ҳам айнан

тарбия масъулиятини шараф билан тўғри адо этиш орқали юзага чиқади.Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи Зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш орқали амалга оширилади.

Қуръони каримда одамзодни тарбияга чорлайдиган оятлар кўп. Хусусан, Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилган насиҳати келтирилган оятлар тарбиянинг олий намунаси, инсоннинг зурриёти олдидаги бурчи ва фарзанднинг отасидаги ҳаққи ҳақида баён қилади: “(Луқмон яна деди): “Эй ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир. Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир. Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас.(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин!” (Луқмон сураси, 16-19-оятлар).

Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Қадимдан халқимиз тарбияга алоҳида эътибор қаратган. Бежиз “Бир болага етти маҳалла ота-она”, дейилмайди.

Лекин афсуски, бугун фарзанд тарбиясини ота-онадан кўра, кўпроқ телефон, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар бажаряпти, десак, хато бўлмайди. Чунки дарвозасиз шаҳар бўлган ижтимоий тармоқлар ақидаси бузуқ, соф ислом таълимотига зид ғоялар билан ёшларнинг онг-у шуурини заҳарлашга чиранмоқда.

Бундай шароитда ота-она, устоз ва мураббийлар – барча-барчага ёшларни эътибордан четда қолдирмаслик, уларни ҳар қачонгидан кўра, кўпроқ назорат қилиб туриш вазифаси юкланади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир”, дедилар.

Давлатимиз томонидан қонун асосида очиб қўйилган ўрта махсус диний таълим муассасалари, олий диний таълим масканлари, Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш курслари фаолият юритаётган бўлишига қарамасдан, афсуски, айрим ёшлар интернетдан, ижтимоий тармоқлардан “устоз”лар ахтармоқда. Бу жуда хавфли ҳолат.

Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий вебпортали www.muslim.uz, www.fatvo.uz ва идора тизимига қарашли бир неча расмий интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги каналлар ишлаб турибди. Бироқ фаолияти тақиқланган сайтлар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилаётгани ачинарли ҳолдир.

Фарзандларимиз диний илм билан бир қаторда дунёвий фанларни ҳампухта ўзлаштириши шарт. Аслида, илмни диний ёки дунёвий, деб ажратишнинг ўзи хато. Бугунги тараққиёт асрида ёшларимиз ҳар жиҳатдан баркамол бўлиши зарур. Акс ҳолда, жадидчи маърифатпарвар бобомиз Мунавварқори Абдурашидхонов айтганидек, “Бугунгача Оврўпо халқи осмонга учар экан, бизда соч ва соқол низолари, оврўполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийимлар жанжаллари, Оврўпо шаҳарлари бугун электрик иситилар ва ёритилар экан, бизда мактабларда жўғрофиё ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари...давом этади” (“Туркистон” газетаси, 1923-йил) каби муаммолар гирдобиданчиқиб кета олмаймиз.

Диний илмлар билан бирга дунёвий илмларни пухта ўзлаштирган кишини ҳеч ким чалғита олмайди. Чунки у ҳар бир ишини ақл тарозисига солиб амалга оширади. Миллий қадриятларимизга, муқаддас динимизнинг соф таълимотига зид ҳеч қандай таъсиргаалданмайди.

Шундай экан, ўғил-қизларимизни замон талабларига жавоб берадиган даражада вояга етказиш ҳар биримизнинг олдимизда турган катта масъулиятдир. Бугуннинг боласи жисмонан соғлом, маънан етук, ўз фикрига эга, касб-ҳунарни эгаллаган,замонавий технология ютуқларини яхши ўзлаштирган бўлиши шарт. Шундагина кўзланган мақсадга эришишосон бўлади.

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2023-йил 12-май, 92-сон

782 марта ўқилди

Мақолалар

Top