МАҚОЛА

Имом Абу Ҳанифанинг ҳадис илми ривожидаги ўрни ва аҳамияти

Халқимиз қадимдан амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳаби ва бу йўналишда ёзилган асарлар она тилимизга таржима қилиниб, кенг оммага етказилмоқда.

Яқин ўтмишда Ҳиндистон ўлкасидан ҳадис ва фиқҳ илмлари соҳасида кўплаб олимлар етишиб чиқди. Улар илмий ишларида ҳанафийликка эътибор қаратиб, мазҳабимиз асосчиси Имом Абу Ҳанифа (ваф. 150/767) ва унинг шогирдларининг ҳадис илмидаги фаолиятини ёритиб, бу борада уларга етказилган таъналарга раддиялар бериб, қатор асарлар ёздилар.
Ана шундай олимлардан бири муҳаддис, фақиҳ Зафар Аҳмад Таҳонавий Усмоний 
(1892–1974/1310–1394) бўлиб, унинг “Эъло ас-сунан” (Суннатни олий қилиш) номли асари ҳанафийларнинг далили ҳисобланган деярли барча ҳадисларни ўзида жамлаган. Шу билан бирга, муаллиф асар муқаддимасида Абу Ҳанифа ва кўплаб ҳанафий муҳаддисларининг ҳадис илмидаги мавқеи, унинг ривожи йўлидаги илмий изланишлари, устоз ва шогирдлари ҳамда ёзиб қолдирган асарларига оид маълумотлар берган.
Таҳонавийнинг хабар беришича, тадқиқотчи олимлар Имом Абу Ҳанифанинг ҳаёти ва илмий фаолиятини кўздан кечириб, уни нафақат фиқҳий масалалар, иждиҳод борасида пешво бўлган, балки ҳадис илмида ҳам кўплаб муҳаддисларга устозлик мақомида бўлиб, уларнинг мақто­вига сазовор бўлган, деган хулосага келганлар.
Таҳонавий “Эъло ас-сунан” асарининг муқаддимасида Имом Абу Ҳанифа ҳақида уни ишончли ровий эканини тасдиқлайдиган етук муҳаддис уламоларнинг сўзларидан иқтибос келтирган. Жумладан, муҳаддис Яҳё ибн Маин (ваф. 233/848) айтади: “Шайхимиз Яҳё ибн Саид Қаттондан Имом Абу Ҳанифа ҳақида сўрашганида, унинг раъйидан[1] кўра яхшироғини топмадик, у сиқа (ишончли ровий) эди, деб жавоб берган”[2]. Тадқиқотчи олим Анваршоҳ Кашмирий (ваф. 1352/1933) “Файз ал-Борий” асарида келтиришича, мазкур муҳаддис (Яҳё ибн Маин): “Абу Ҳанифага таъна тошини отган бирон кимсани билмайман”, деган. Демак, Яҳё ибн Маъин замонига қадар у (Абу Ҳанифа) айбланмаган. Шунингдек, муҳаддис Вакеъ ибн Жарроҳ (ваф. 195/810) ҳам барча масалаларда унинг мазҳабида бўлган[3].
Таҳонавий мазкур асарида Имом Абу Ҳанифанинг муҳаддислик жиҳатини, ҳадис илмида­ги мавқеини ёритишда бошқа китобларда учрамайдиган ўзгача услуб билан ёндашади. У айрим ҳолларда фақат нақлий далиллар билан чекланмасдан, ақлий йўл орқали ҳам исботлашга уринади. Таҳонавийнинг айтишича, юқорида муҳаддислар Имом Абу Ҳанифанинг ижтиҳодини эътироф этиб, унинг мазҳабига эргашганини баён қилдилар. Маълумки, кўплаб ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг сўзлари, уларнинг ҳар бир масаладаги ихтилофлари, Қуръон ва суннатдаги носих ва мансухларидан хабардор бўлмай туриб, ижтиҳод қилиш имконсиз ишдир.
Шунинг учун, Таҳонавий “ал-Ҳадис вал муҳаддисун” асари муаллифи Муҳаммад Абу Заҳвнинг қуйидаги сўзини ўз қарашларининг хулосаси ўрнида келтиради: “Афсуски, баъзилар Имом Абу Ҳанифани “ҳадисни кам билган”, деб ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, бутун мусул­мон­лар унинг мужтаҳидлик мартабасида бўлганини эътироф этган. Мужтаҳидликнинг шартларидан бири эса, Қуръони карим ва Пайғамбаримиз саллоллоху алайхи васаллам ҳадисларининг маънола­рини тўла-тўкис ва чуқур англаб етишдир”[4].
Қолаверса, Имом Абу Ҳанифа Анас ибн Молик[5], Абдуллоҳ ибн Абу Авфа, Саҳл ибн Саъд, Абу Туфайл каби тўрт саҳобаларни кўрган[6]. Бу эса унинг қолган уч мазҳаб имомларидан устунлик жиҳати ҳисобланади. Бироқ тадқиқотчи олимларнинг хулосаларига кўра, Имом Абу Ҳанифа бирон саҳобадан ҳадис эшитмаган[7]. Бундан ташқари, у Ато ибн Аби Рабоҳ, Икрима, Нофеъ[8], Абдураҳмон ибн Ҳурмуз, Қатода, Алқама ибн Марсад, Товус ибн Кайсон, Омир Шаъбий[9], Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, Салама ибн Куҳайл, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али, Яҳё ибн Саид Ансорий, Ҳишом ибн Урва каби муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган. Фарзанди Ҳаммод, Иброҳим ибн Таҳмон, Ҳамза ибн Ҳабиб, Зуфар ибн Ҳузайл, Абу Юсуф, Исо ибн Юнус, Вакеъ ибн Жарроҳ, Абдуллоҳ ибн Муборак[10], Али ибн Мусҳир, Абдураззоқ, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ва бошқалар у зотдан ҳадис эшитганлар.
Шундай бўлса-да, баъзи муҳаддислар, жумладан, Имом Насоий (ваф. 303/915), Ибн Адий (ваф. 453/976), Дорақутний (ваф. 385/910), Хатиб Бағдодий (ваф. 463/1071) кабилар у (Абу Ҳанифа)га нисбатан “заиф”, “ҳадис илмида моҳир бўлмаган” каби ноўрин сўзларни айтганлар. Ҳадис илми борасида кўзга кўринган уламолар китобларида уларга раддия ўрнига ўтувчи етарлича маълумотлар берганлар. Таҳонавий ҳам ўз асарида улардан бир қанчасини келтириб ўтади. Унга кўра, Абу Ҳанифанинг шогирди Абдуллоҳ ибн Муборак (ваф. 181/797) айтади: “Куфага кирдим. У ерликлардан энг илми кўп киши ҳақида сўрадим. Улар Абу Ҳанифа, деб жавоб бердилар. Кейин улардан энг ибодатлироғи ва илмга чуқур шўнғиган киши ҳақида сўраганимда, улар яна Абу Ҳанифа, деб жавоб беришди”[11].
Маълумки, Имом Бухорий (ваф. 256/870), Имом Муслим (ваф. 261/875), Абу Довуд (ваф. 275/888), Имом Термизий (ваф. 279/892) каби йирик муҳаддисларнинг энг ишончли ҳисобланган ҳадис тўпламлари Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ривояти билан тўлиб тошган. Шундай бўлса-да, у (Абдуллоҳ ибн Муборак) Абу Ҳанифанинг шогирди ҳисобланади, ундан бевосита ҳадис эшитгани­га шубҳа йўқ. Шунингдек, Имом Бухорийнинг устозларидан яна бири Маккий ибн Иброҳим 
(ваф. 214/829) (Бухорийнинг аксари сулосиёти[12] у орқали ривоят қилинган) шундай деган: “Абу Ҳанифа ўз замонидаги кишиларнинг энг олими бўлган”[13].
Муҳаддис Язид ибн Ҳорун (ваф. 206/821) шундай дейди: “Минглаб олим кишиларни учрат­дим. Улардан ҳадис ёзиб олдим. Аммо улар орасидан беш нафаридан кўра фақиҳи, тақвоси ҳамда илми зиёда кишини кўрмадим. Уларнинг аввалида Абу Ҳанифа туради”. Таҳонавий хабар бери­шича, дастлаб саҳобалар ва тобеинлар даврида “илм” деганда Қуръон ва ҳадис илми тушунилган. Шунинг учун ҳам ўша вақтда одамларнинг илмлироғи Қуръон ва ҳадиснинг билимдони ҳисоб­ланган. Шу эътибордан хам Имом Абу Ҳанифа ҳадис борасида ҳам кенг қамровли илм эгаси бўлгани ўз исботини топади.
Таҳонавий “ал-Хойрот ал-хисан” асарида нақл қилишича, асар муаллифи Ибн Ҳажар Ҳайтамий Маккий (ваф. 973/1565) шундай дейди: “Муҳаддислар Абу Ҳанифадан ривоят қилин­ган ҳадислардан фойдаланиб, ўз тўпламларида ундан бир қанчасини келтирганлар”. Имом Шаъроний­дан нақл қилиб: “Абу Ҳанифанинг барча масалаларда таянган умумий ҳадислари бошқа уч мазҳаб имомлари таянадиган хадисларга қараганда кўпроқдир”[14], деган.
Шу нуқтаи назаридан Суфён Саврийнинг Абу Ҳанифага нисбатан[15], Ибн Аби Зиъбнинг Имом Моликка нисбатан[16], Имом Моликнинг Муҳаммад ибн Исҳоққа нисбатан[17], Яҳё ибн Маиннинг Имом Шофеъийга нисбатан[18], Имом Насоийнинг Аҳмад ибн Солиҳга нисбатан[19], Имом Аҳмаднинг Ҳорис Муҳосибийга нисбатан[20], Ибн Манданинг Абу Нуъайм Асбаҳонийга нисбатан[21] айблови ҳисобга олинмайди. Шунинг учун Имом Бухорий “Жуз ал-қироъа халф ал-имам” асарида: “Кўпчилик муҳаддислар (ишончли ровий бўлишларига қарамасдан) айбловдан саломат қолмаган. Шундай бўлса-да, ҳеч бир муҳаддис ишочлилик мартабасидан тушиб қолмаган, уламолар бундай таъна­ларга эътибор қаратишмаган”[22], деб ишора қилган.
Таҳонавий “Эъло ас-сунан”нинг муқаддимасида уламоларнинг бу борадаги қарашларини келти­риб, сўнгра ҳанафий муҳаддис Муҳаммад Ҳасан Санбуҳлий (ваф. 1305/1888)нинг “Тансиқ ан-низом” асаридан нақл қилиб, шундай дейди: “Абу Ҳанифага етказилган таъналарнинг бирон­таси қабул қилинмайди”[23]. Демак, Имом Абу Ҳанифа ҳам бошқа уламолар сингари таънадан бенасиб бўлмаган. Аммо масалага чуқур кириб, уни заифга чиқариш тадқиқотчи олимларнинг мазкур қарашларидан келиб чиқиб айтганда, имкони йўқ ишдир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Имом Абу Ҳанифа фикрлаш қобилияти, адолати (ишончли ровийлик жиҳати) ҳамда чуқур илми туфайли ижтиҳод қилишга, ўзининг раъйига қараб ҳукм чиқаришга, мусулмонлар унга суяниб, унинг фикрларини ҳаётга татбиқ этишларига муносиб бўлган йирик мужтахид олим ҳисобланади.
Зафар Аҳмад Таҳонавийнинг “Эъло ас-сунан” асари Имом Абу Ҳанифанинг ҳадис илмидаги мавқеини, муҳаддислик жиҳатини ёритишда ҳамда ҳанафий фиқҳини ҳадислар асосида талқин этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Таҳонавий мазкур асарида Имом Абу Ҳанифага бағишлаб ёзилган ҳанафий олимларнинг китоблари билан бир қаторда, Имом Заҳабийнинг “Маноқиб Аби Ҳанифа”, Ибн Ҳажар Ҳайтамий­нинг “ал-Хойрот ал-ҳисан”, Имом Суютийнинг “Табйиз ас-саҳифа” каби қатор муҳаддислар­нинг асарлардан ҳам кенг фойдаланган.
Асарни синчковлик билан кузатган киши, Таҳонавий кўпинча мавзунинг муҳим жиҳати­ни ёритиш асносида бутун муҳаддислар эътироф этган (ҳанафий бўлмаган) олимларнинг асарлари­дан иқтибос келтиришганига гувоҳ бўлади. Демак, Таҳонавий ҳадис илми нуқтаи назаридан 
Абу Ҳанифанинг ўрнини кўрсатиб беришда холислик билан ёндашган. Унинг мазкур асари ҳозир­ги кунда хам бу борада ёзилган муҳим манба ҳисобланади.
Қобил Юсупов,
ЎзХИА ҳузуридаги Малака ошириш маркази 
Наманган минтақавий филиали
Ижтимоий ва мутахассислик 
фанлари кафедраси ўқитувчиси
738 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Mazhabsizlik – xatarli bid'at Tartibli ilm olish barcha muammolarning yechimidir »

Мақолалар

Top