МАҚОЛА

Билим ўрнига тахминлар - 54 қисм

Нафснинг бу иллатига учраган инсон фақат ўзи тўғри деб ҳисоблаган тахмин ҳамда хулосалари асосида Аллоҳ таолонинг амр ва тақиқларини бажаришдан қоча бошлайди.

Муолажа услуби

Бу балодан қутилишнинг ягона йўли – илм эгаллаш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир (Нисо сураси, 59-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар (Имом Аҳмад, Ибн Можа ривояти).

Бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким илм талабида йулга чиқса, Аллоҳ таоло унга жаннат йулини осон қилади” (Имом Муслим ривояти).

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Илмдан бир бобни ўрганиб бирор мусулмонга ўргатишим мен учун бутун дунёни Аллоҳни йўлида садақа қилишимдан яхшироқдир”, деганлар.

Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Кечаси бир соат илм ўқиш кечаси ибодат қилиб чиқишдан кўра Аллоҳга суюклироқдир”.

Аллоҳнинг каломи Қуръони карим – илм манбаи. Унинг номларидан бири “Уммул ъулум”дир (илмлар онаси). Қуръоннинг ҳар бир оятида яширинган ҳикматлар, сиру асрорлар то қиёматгача инсониятни ҳидоятга, илму ирфонга, маърифатга чорлайверади. Уни ўрганишдан олимлар чарчамайди, такрорлашдан маънолари эскирмайди, илҳом ва ҳайратга сабаб бўлаверади.

Қуръон оятларини эшитиш, инсу жин, бутун борлиқнинг қалбини ларзага келтиради. Жинлар илк бор Қуръони каримнинг оятларини тинглаганларида бундай дедилар: «Улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): “Жим туринглар”, дедилар. (Тиловат) тугатилгач, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтиб кетдилар. Улар: “Эй қавмимиз, ҳақиқатан, бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (Илоҳий Китоб)ларни тасдиқловчи, Ҳақ (Дин)га, тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китоб – Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга чақирувчи (Муҳаммад даъвати)ни қабул қилинглар, унга имон келтиринглар. (Шунда Аллоҳ) гуноҳларингизни мағфират қилади, сизларга аламли азобдан паноҳ беради. Ким Аллоҳга даъват этувчини қабул қилмаса, у ер юзида (бирон жойга) қочиб қутилувчи эмас. Унинг учун (Аллоҳдан) ўзга дўстлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар» (Аҳқоф сураси, 29-32-оятлар).

Қуръонга амал қилганлар ажр-мукофотлар оладилар, унга мувофиқ қарор қилганлар хато қилмайди, унга чақирувчилар энг тўғри йўлга чорлайдилар.

Зуннун ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло Ислом динини илм билан зийнатлади”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

1378 марта ўқилди

Мақолалар

Top