МАҚОЛА

Шайтон васваса қилганда бажариладиган суннатлар

1. “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” деб айтиш.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг! Зеро, У Эшитувчи ва Билувчи (зот)дир(Фуссилат сураси, 36-оят).

  1. Аллоҳдан паноҳ сўраш (“Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангизга шайтон келиб: “Уни ким яратди?”, “Буни ким яратди?” деб савол беради, ҳатто, «Раббингни ким яратди?» дейишгача боради. Ана шунда у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва (фикрига) барҳам берсин», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

  1. “Аманна биллаҳи ва биросулиҳ” деб айтиш.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг фикрига васваса келса “Аманна биллаҳи ва биросулиҳ”, деб уч марта айтсин. Шунда ундан васваса кетади», дедилар (Имом Ибн Сунний ривояти).

  1. Уч марта туфлаш.

Усмон ибн Абул Осий розияллоҳу анҳу айтадилар: «“Ё Расулуллоҳ, шайтон мен билан намозим ва қироатим орасида халақит қилиб, чалкаштириб юборяпти”.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана шу шайтондир. У “Хинзаб”, дейилади. Агар сен уни ҳис қилсанг, Аллоҳ номи ила ундан паноҳ тила ва чап томонингга уч марта туфлаб қўй”, дедилар. Мен у зотнинг айтганларини қилган эдим, Аллоҳ таоло мендан уни кетказди» (Имом Муслим ривояти).

  1. “Ҳувал аввалу вал ахиру ваз зоҳиру вал батину ва ҳува бикулли шайъин ъалийм” деб айтиш.

Абу Зумайл розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга: “Қалбимда ниманидир ҳис қиляпман”, дедим. У зот: “Нима у?” дедилар. “Аллоҳга қасамки, уни бирор кишига айтмайман”, дедим. У зот: “Бирор шак бўляптими?” деб кулдилар. Сўнг: “Бирор киши шак-шубҳадан омонда бўлмаган. Ҳатто, Аллоҳ таоло: “Агар Сизга нозил этган нарса хусусида шубҳа қилсангиз...” (Юнус сураси, 94-оят) оятини нозил қилган. Нафсингда бирор нарса топсанг: “Ҳувал аввалу вал ахиру ваз зоҳиру вал батину ва ҳува бикулли шайьин ъалийм” (У аввал ва охирдир, У зоҳир ва ботиндир. У ҳар бир нарсани билувчидир”), деб айт”, дедилар»(Имом Абу Довуд ривояти).

  1. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб айтиш.

Намоз, таҳорат ва шуларга ўхшаш нарсада васвасага тушган киши: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиши мустаҳабдир. Шунда шайтон узоқлашади.

Даврон НУРМУҲАММАД

1643 марта ўқилди

Мақолалар

Top