МАҚОЛА

Суннатни инкор этувчи - Қуръонийларга 3 раддия

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Суннатни инкор этувчи Қуръонийлар тоифаси қуйидаги бузуқ даъволарни илгари сурадилар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари Қуръонни етказиш, холос. У зотнинг пайғамбарлик сиймоси, яъни суннатлари, кўрсатмалари йўқ. Шунинг учун итоат фақат Қуръони Каримга вожиб, Пайғамбар алайҳиссаломга пайғамбарлик юзасидан на саҳобага ва на кейинги умматга вожиб.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иршодлари, кўрсатмалари саҳобаларга вожиб бўлган, бизга вожиб эмас. Яъни Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилиш у зотнинг давридаги саҳобаларгагина вожиб бўлган, қолган умматларга вожиб бўлмас.

3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари, иршодлари ҳаммага вожиб эди, барча умматга вожиб бўлган, бироқ, ҳозирда бизгача етиб келган ҳадислар қобили эътимод эмас, ҳужжат бўлишга ишончли эмас. Саҳиҳ ва ишончли санад билан бирорта ҳадис етиб келмаган.


1 – даъвога раддия

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари Қуръони Каримни етказиш билан чекланмайди, балки оятларнинг асл маъноларини тушунтириб бериш, тафсир қилиш, изоҳлаш, тўла ва мукаммал, аниқроғи муфассал равишда англатиш – ҳаммаси Пайғамбаримиз алайҳиссалом вазифалари бўлган. Бу вазифалар эса фақатгина ҳадислар орқали адо топади. Биз Аллоҳ таолонинг оятларини тўла, мукаммал ва муфассал тушунишимиз учун ҳадисларга муҳтожмиз.

«(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» (Наҳл сураси, 44-оят).

«Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар» (Оли Имрон сураси, 164-оят).

Оятдаги «Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир, «Ҳикмат»дан мақсад эса ҳадиси шарифлардир.


 2 – даъвога раддия

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари фақатгина саҳобаларга эмас, балки бутун уммат учундир. Зеро, Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни бутун башариятга пайғамбар этиб жўнатган:  «(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз» (Анбиё сураси, 107-оят).


 
3 – даъвога раддия

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони Каримни сақлашга ваъда берган. Ҳадислар эса Қуръоннинг тафсири, шарҳи ҳисобланади. Худди шунингдек, Аллоҳ таоло ҳадисларнинг ҳам то Қиёматга қадар уммати Муҳаммадга етиб келишини таъминлаган.

Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг

Ҳадис илмига кириш китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.

1323 марта ўқилди

Мақолалар

Top