МАҚОЛА

Иккинчи жамоат ҳақида

Алҳамдулиллаҳ, йилдан йилга диёримизда динимизни ўрганиб, илм ўрганаётган, билганига амал қилаётган, ихлосли кишилар кўпайиб бормоқда. Кўплаб китоблар чоп қилиниб, халқимизнинг маърифати ошиб бормоқда. Бу китобларни ўқиш асносида янги-янги масалалар ўртага чиқиб, халқимиз ҳақни ботилдан, ростни ёлғондан ажратишни ўрганиб бормоқдалар.

Ана шу ижобий ўзгаришлар сабаб қанчадан-қанча унутилаёзган суннатлар иҳё қилинмоқда, кундалик турмушимизга суқулиб кириб қолган бидъатлар тарк қилинмоқда. Бу ғоятда қувончли ҳол, албатта. Бир вақтлар «биринчи зарбада  елкаларигача, иккинчи зарбада белларигача» деб тортишиб юрган бўлсак, эндиликда толиби илмларимиз ҳалолни ҳаромдан фарқлаш, қайси амал эътиқодга зид, қайси амал эса охиратда нажотга сабаб бўлиши ҳақида илмий мунозаралар қилишмоқда. Кечагина таҳорат қилиш, намоз ўқишни энди ўргана бошлаган бўлсак, бугунги кунга келиб масжидларимиз тўлиб, энди намознинг нозик масалаларини ҳам мушоҳада қилмоқдамиз. Ушбу мўъжаз мақолада масжид одоблари ҳамда жамоат намозига оид ана шундай масалалардан бири ҳақида сўз юритамиз. 

Шу кунларда бир масала – жамоат намози мунтазам адо қилинадиган масжидда иккинчи бор жамоат бўлиб намоз ўқиш масаласи юзага чиқди. Ҳадис китобларимизда бу борада «Бир бор жамоат билан намоз ўқилган масжидда иккинчи бор жамоат бўлиш» деб номланган боблар очилган. Жумладан, имом Термизийнинг ҳадис тўпламларида Абу Саъид, Абу Умома, Абу Мусо ва Ҳакам ибн Умайр розияллоҳу анҳумдан бу ҳақда ривоятлар қилинган. Шунингдек, Байҳақийнинг «Сунанул кубро» китобида ҳам бу ҳақда ривоят келган. Имом Бухорий эса «Жамоат намозининг фазли» номли алоҳида боб очиб, унда Анас ибн Моликнинг хабарини таълиқ шаклда келтирган. Унда, жумладан, шундай дейилади: «Анас масжиддга келганида намоз ўқилиб бўлган эди. У азон ва иқомат айтиб, жамоат билан намоз ўқиди».

Имом Термизий келтирган ривоят эса қуйидагича:

حَدَّثَنَا هَنَّادٌ حَدَّثَنَا عَبْدَةُ عَنْ سَعِيدِ بْنِ أَبِي عَرُوبَةَ عَنْ سُلَيْمَانَ النَّاجِيِّ الْبَصْرِيِّ عَنْ أَبِي الْمُتَوَكِّلِ عَنْ أَبِي سَعِيدٍ قَالَ جَاءَ رَجُلٌ وَقَدْ صَلَّى رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم  فَقَالَ : أَيُّكُمْ يَتَّجِرُ عَلَى هَذَا فَقَامَ رَجُلٌ فَصَلَّى مَعَهُ.

قَالَ وَفِي الْبَاب عَنْ أَبِي أُمَامَةَ وَأَبِي مُوسَى وَالْحَكَمِ بْنِ عُمَيْرٍ. قَالَ أَبو عِيسَى رحمه الله : وَحَدِيثُ أَبِي سَعِيدٍ حَدِيثٌ حَسَنٌ وَهُوَ قَوْلُ غَيْرِ وَاحِدٍ مِنْ أَهْلِ الْعِلْمِ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم وَغَيْرِهِمْ مِنَ التَّابِعِينَ قَالُوا لاَ بَأْسَ أَنْ يُصَلِّيَ الْقَوْمُ جَمَاعَةً فِي مَسْجِدٍ قَدْ صَلَّى فِيهِ جَمَاعَةٌ وَبِهِ يَقُولُ أَحْمَدُ وَإِسْحَاقُ ، وقَالَ آخَرُونَ مِنْ أَهْلِ الْعِلْمِ يُصَلُّونَ فُرَادَى وَبِهِ يَقُولُ سُفْيَانُ وَابْنُ الْمُبَارَكِ وَمَالِكٌ وَالشَّافِعِيُّ يَخْتَارُونَ الصَّلاَةَ فُرَادَى

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлганларида бир киши келиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бирингиз бу билан тижорат қиласиз?» [ёки «Қай бирингиз бу билан бирга (намоз ўқиб) ажр оласиз?] дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб, у билан бирга намоз ўқиди».

Имом Термизий шундай дейди: «Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳамда тобеъинлардан иборат бир жамоанинг қавлидир. Ушбу ҳадисга биноан, имом Аҳмад, Исҳоқ ва бир неча аҳли илмлар шунга фатво берган. Бошқа аҳли илмлар «Кеч қолган алоҳида ўқийди», дейишган. Суфён, Ибн Муборак, Молик ва Шофеъий ҳам «Бундай киши намозни ёлғиз ўқийди», деганлар.

Ҳанафий уламоларидан Юсуф Баннурий ўзининг «Маъорифус-сунан» китобларида ушбу ҳадисни келтириб, қуйидагиларни ёзган: «Бир киши масжиддаги жамоатдан кеч қолса, намозни ёлғиз ўқийди ёки уйига келиб, аҳли оиласи билан жамоат қилади ёки бошқа жамоатга боради. Шуниси яхшироқ». 

«Роддул муҳтор»да «Фатҳул Қодир»дан ривоят қилиниб, «Ҳанафийлар иттифоқига кўра, жамоатни қидириб, бошқа масжидга бориш вожиб эмас», дейилган.

Маҳалла масжидларида азон ва такбир айтиб, иккинчи жамоат қилиш таҳримий макруҳдир. Ибн Обидийн «Роддул муҳтор»да: «Маҳалла масжидида азон ва такбир айтиб, иккинчи жамоат қилиш таҳримий макруҳдир». 

  1. Лекин маҳалла жамоати намоз ўқишдан аввал бошқа ерлик кишилар келиб, азон ва такбир айтиб, жамоат билан намоз ўқисалар;
  2. Ёки маҳалла аҳли азон айтмай, жамоат бўлиб ўқиса, кейинги келган маҳалла аҳли ҳам азон ва такбирсиз жамоат қилсалар бўлади.
  3. Шунингдек, доимий имоми ва муаззини бўлмаган жойларда, меҳмонхона, ошхоналарда ва йўл бўйидаги масжидларда ҳам азон ва такбир билан иккинчи жамоат қилиш жоиз. Қозихоннинг «Амолий» китобида ҳам шундай дейилган».

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: «Кейинги жамоатнинг азон ва иқоматсиз жамоат бўлиб ўқиши таҳримий макруҳдир», деган. Мана шу «зоҳирур-ривоя»дир. 

Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳдан қилинган шозз ривоятда: «Иккинчи жамоат аввалгиси каби бўлмаса, макруҳ бўлмайди», дейилган. Бу ривоят «Роддул муҳтор»да: «Абу Юсуфдан ривоят қилинади» деган лафз билан келган. 

Кейинги жамоат бўлиб, меҳробдан бошқа жойда ўқиш ҳам аввалги жамоатдаги каби бўлмайди. Бу гап саҳиҳдир. Абу Юсуфдан бошқа бир ривоятда: «Иккинчи жамоат биринчисидан кўп бўлса макруҳдир. Аммо уч ёки тўрт киши бўлсалар, масжид бурчагида ўқисалар макруҳ эмас», дейилган. Лекин фатво Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг қавлига бўлиб, иккинчи жамоат макруҳдир. 

Имом Муҳаммад: «Келинглар, жамоат қиламиз, деб бир бирларини чақириб, жамоат қилсалар макруҳ, акс ҳолда макруҳ эмас», деган. 

Рашид Аҳмад Гангўҳий роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Ал-Қутуфул донияҳ фи ҳукми жамоатис-сонияҳ» деб номланган рисоласида шундай дейди: «Абу Ҳанифа ва жумҳур уламолар иккинчи жамоат макруҳлигига Табароний «Ал-Кабир» ва «Ал-Авсат» китобларида Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисни далил қилганлар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина томондан намоз ўқимоқчи бўлиб келсалар, қавм намозни ўқиб бўлган экан. Шунда уйлари томон йўл олдилар ва аҳлларини жам қилиб, намоз ўқидилар». 

Иккинчи жамоат макруҳсиз жоиз бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савоби бир неча бор зиёда бўладиган масжидларидаги намозни қолдирмас эдилар. «Бадоиъ» китобининг соҳиби Косоний роҳимаҳуллоҳ ҳам шуни далил қилган. Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ҳадисга келсак, кейинги жамоатни макруҳ деювчилар: «Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳужжат бўлмайди. Ривоятлар бир-бирига зид, бирида Бану Саълаба масжидида дейилса, бошқасида Бану Рифоъа масжидида дейилган. Бир ривоятда Анас розияллоҳу анҳу имом бўлатуриб сафдан олдинга чиқмай турган, дейилган. Вахоланки бундай туришнинг ўзи макруҳ. Бошқа ривоятда эса «олдинга чиқиб», дейилган. Шунингдек, «Бадойиъ» китобида Анас розияллоҳу анҳунинг ўзидан: «Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жамоатдан кеч қолсалар, масжидда ёлғиз ўқир эдилар», деган ривоят келтирилган. Шайхимиз «Осорус-сунан»га ёзган таълиқотларида Ҳасан Басрийдан ҳам: «Саҳобалар (жамоатга улгуришмаса) ёлғиз ўқишар эди», деган ривоятни келтирган (Юсуф Баннурий). 

Шунингдек, барча ҳадис заҳираларимизга қарасак, Масжидун Набавийда Термизий келтирган биргина воқеадан бошқа иккинчи жамоат бўлгани зикр қилинмаган. Қолаверса, ҳадисда келган воқеада нафл ўқувчининг фарз ўқувчига иқтидо қилгани айтилган. Ваҳоланки бу ерда гап фарз намоз ўқимоқчи бўлган кишининг фарзга ўқиётган кишига иқтидо қилиши ҳақида бормоқда. Саҳобаларда «Жамоатдан кеч қолган киши иккинчи жамоат қилиб ўқийверади», деган одат ҳам бўлмаган. Анас розияллоҳу анҳу ўқиган масжид йўл бўйида жойлашган масжид бўлиши ҳам мумкин. Мадинадаги барча кичик-кичик масжидлар зикр қилинганда, бу номдаги масжид айтиб ўтилмагани ҳам бу гапни қувватлайди. У ҳолда, юқорида айтиб ўтганимиздек, имоми тайин бўлмаган масжидда иккинчи жамоат бўлиб ўқиш асло макруҳ эмас. 

Қолаверса, кундалик беш маҳал намозлар мунтазам равишда жамоат бўлиб ўқиладиган масжидларда иккинчи жамоат ҳосил қилиш Ислом руҳига ҳам зиддир, чунки бунда биринчи жамоатга бепарволик, тарқоқлик, гуруҳбозлик бор, Исломнинг шиори саналган жамоатга путур етказиш бор. Иккинчи жамоатнинг макруҳлигини билгани учун ёлғиз ўқиётганларга маломат қилиш эса ҳанафий мазҳабига ва жумҳур мазҳабларга зиддир. 

 

678 марта ўқилди

Мақолалар

Top