МАҚОЛА

Ҳар йигит Ватан ҳимоячисидир

Халқимиз қадимдан ўғил фарзанд дунёга келса, юртини, оиласини, ор-номусини ҳимояловчи паҳлавон, авлодлар давомчиси туғилди, дея қувонган. Уни ёшлигидан жасур, Ватанига садоқатли ва матонатли қилиб тарбиялаш учун камон отиш, от чоптириш, кураш, тош кўтариш каби ўйинлар ўргатилган.

Болаларнинг ботир бўлишида халқ оғзаки ижоди намуналарининг ҳам ўрни бор. Достону эртаклардаги қаҳрамонлар болаларни ориятли, куч-ғайратли бўлишга ундайди. Масалан, “Алпомиш” достонидаги Ҳакимбийнинг етти ёшида 14 ботмонлик ёйни кўтариб отгани, “Алпомиш” дея ном олгани болаларга ўзгача завқ беради.

Бугун Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Намоз Ботир, Собир Раҳимов каби жасоратли сиймоларни билмайдиганлар камдан-кам. Уларнинг маҳоратли саркар­далиги, нотиқлиги, жанг қилиш усуллари неча аср ўтса ҳамки, ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Биргина Бобур Мирзонинг саркардалик маҳоратига назар солсак, унинг қўшини саноқ жиҳатидан ўн баробар кўп бўлган Иброҳим Лўди аскарларини енгганини кўрамиз. Манбаларда келтирилишича, шиддатли жанг олдидан Бобур аскарла­ри бироз қўрқувга тушади. Шунда саркарда уларга: “Бу дунёда ҳамма ўлади, ит ҳам, йигит ҳам. Аммо эр кишига мард ҳолида ўлиш шарафдир!” дея таъсирли нутқ сўзлайди. Бундан руҳланган аскарлар жон-жаҳди билан жангга кириб, ғолиб бўлишади.

Ўзидан кўп аскарларни енгиш, айниқса, мусулмон жангчилар учун янгилик эмас. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Бадр ва Уҳуд жангида мушриклар устидан ғалаба қозонганида сон жиҳатидан улардан анча кам бўлган. Рум, Форс ерлари фатҳида ҳам саҳобалар озчилик бўлишига қарамай, ғолибликни қўлга киритган. Албатта, бунга Аллоҳнинг инояти ҳамда саҳобалар иймонининг кучи, иродаси сабаб бўлган.

Тарих солномаларида бундай азму шижоат ва ирода билан ғалабага эришганлар кўп. Бу ҳақда Қуръони каримда Толут ва Жолут қиссаси келтирилади:

«Толут аскар билан чиққанда: “Ал­батта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановул қилмаса, у, албатта, мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳўплам ҳўпласа, майли”, деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ич­дилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар у (дарё)дан ўтганларида, улар: “Бугун бизда Жолут ва унинг аскари билан жанг қилишга тоқат йўқ”, дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: “Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир”, дедилар» (Бақара сураси, 249-оят). 

Толут ўз аскарларининг иродасини синаш учун дарёдан сув ичмасликни буюрди. Ичса ҳам, бир ҳўплам ичишга рухсат берди. У шу орқали кимнинг иродаси кучли, кимники кучсиз эканини аниқлади. Синов­дан ўтмаганлар ажралиб қолди.
Кам сонли кишиларгина аскарлик­ка қабул қилинди. Бироз сувсизликка чидай олмаган одам урушнинг машаққатларига чидай олмаслиги турган гап эди. Сўнгра Толут аскарлари кам бўлишига қарамай, Жолут аскарлари устидан ғалаба қозонди.

Афсуски, бугун йигитлар орасида ор-номус, машаққатларда сабру матонат кўрсатиш каби хислатлар камайиб бормоқда. Сабаби, глобаллашув неча асрлик қадриятларни, Ватан, она-юрт, ор-номус каби муқаддас тушунчаларни емиряпти. Айримлар учун бу сўзлар ҳеч нарсани англатмай қўйди. Фақат ўз жони омон бўлса, бас. Бунинг мисолини айрим давлатларда кечаётган урушларда кўрдик.

Баъзи ёшлар озгина машаққат ет­са, ишини, оиласини ёки юртини таш­лаб кетмоқда. Қийинчиликларни сабр билан енгиш ўрнига осон йўлни тутмоқ­да. Уларнинг бундай дангаса бўлиб улға­йиши­да ота-оналарининг ҳам ҳис­саси бор. Чунки кейинги пайтда турмушимиз фаро­вонлашган сайин фарзандларимизга барча ша­роитларни муҳайё қилиб қўйяпмиз. Улар қийинчилик, машаққат нима­лигини билмай ўсмоқда. Оқибатда у энди улғайиб, мустақил бўлдим деганда, озгина қийинчиликка чидамаяпти. Аллоҳ сақласин, бундай йигитлар эртага юрт бошига иш тушса, нима қилар экан?

Инсоният яшашда давом этар экан, Ватанни, юрт шаънини ҳимоя қилишдек муҳим вазифа ҳар бир эр йигит зиммасида туради. Шундай экан, фарзандларимизни ориятли, жасур, чин мусулмон қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг вазифамиз эканини унутмаслигимиз лозим.

Отабек АТОЕВ,

Ну­рота тумани “Чил­устун” жоме

масжиди имом-хатиби

441 марта ўқилди

Мақолалар

Top