МАҚОЛА

Мутаассиблик

Ислом динида доимий тарзда анъанавийликни ва модернизмни олқишлаб келган. Мутаассиблик ва фундаментализмга эса қарши чиқиб келган. Аксинча, динимиз илм олишни, ўз устида ишлашни, ишида ҳассос бўлишга тарғиб этади. Мўмин киши ишини пухта қилади, инсониятни ҳаққига хиёнат қилмаслигини уқтиради. Инсонларни энг яхшиси Инсонларга манфаатлироғи эканлигини, Мусулмон унинг тилидану қўлидан омонлик борлигини ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради. Демак, бир фикрда қаттиқ туриб олиб, ўзидан бошқа  ҳар қандай шахслар айбдорлигига эътиқод қилиш ва уни бошқаларга мажбуран сингдириш эса шариат ман қилган ишлардандир. Инсонларнинг гуноҳкор бўлишлиги, Роббимизга тааллуқли масала эканлигига қарамай, уларни охирати тўғрисида ҳукм ўқиб юборишлари ҳеч ҳам мантиққа тўғри келмайди.

Ваҳоланки, динимизда  бағрикенглик ва енгиллик олқишланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Албатта дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”,- дедилар. Мўмин кишининг  мутаассиблиги  сабаб, жамиятга кўп қийинчиликлар олиб келади. Жумладан, ўзгаларнинг амалларига нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзидан бошқа шахсларни тенг санамаслик, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириб, тан олмаслик. Кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликлар ва фитналар, муросасизликлар чиқишидек хатарлари бор.

Саҳобалар ҳаётини ўргансак, шунга гувоҳ бўламизки, улар доим динни осонлик билан тарғиб қилишган. Бунга яққол мисол қилиб, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифни келтиришимиз мумкин. Набий алайҳиссалом Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўната туриб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”-деган эдилар.

Албатта, мутаассиблик динни нотўғри тушунишдан пайдо бўладиган сифатдир. Асримизнинг кўзга кўринган уламоларидан Муҳаммад Саид Рамазон Бутий Раҳматуллоҳи алайҳ ўз асарларида мутаассиблик ҳақида қуйидаги фикрни билдиради: “Мен бу замонда баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки  шаҳвату ҳавойи нафсидан келиб чиқадиган, ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми билан бирлашмайдиган ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайдиган янгича ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман”.

Ислом дини мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, хусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди.

Зеро, Аллоҳ таоло қуръони каримнинг (Бақара сурасининг 185 ояти каримасида) қуйидагича марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”.

Демакки, динни ўзининг дунёқараши доирасида маҳкам тутиш, ундаги вожиб амалларни адо қилишда уларга эргашмаган кишиларни ёмон кўриш, улар билан низо чиқариш, тарқоқлик ва фитнага сабабчи бўлиш айни мутаассибликнинг ёрқин кўринишидир.

Модуль таълим тизими талабаси
Учқўрғон тумани "Муҳаммад Зариф" жоме масжиди
имом-хатиби Шуҳратилла Исроилов

168 марта ўқилди

Мақолалар

Top