МАҚОЛА

Тўғри йўлдан адашмайлик

Бугунги Ислом динининг асл моҳиятини ёшларга ва келажак авлодга мукаммал ва соф даражада етказиш учун давлат, таълим муассасалари, диний идоралар ва малакали мутахассислар томонидан етарлича ишлар амалга оширилмоқда.

Лекин баъзи гуруҳларнинг исломий тушунчаларни бузиб талқин қилиши ёшларни айрим оқимлар таъсирига тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Бундай муаммоларнинг энг каттаси жиҳод билан боғлиқдир.

Ушбу мавзудаги оятларни ўрганадиган бўлсак, Оли Имрон сураси 142-143 оятларида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “...Ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким (чиндан) жиҳод қилувчи ва ким сабрли эканини имтиҳон қилиб кўрмасдан жаннатга кираверамиз, деб ўйладингизми? Ажалингиз етмай, ўлимни (шаҳидликни) орзу қилар эдингиз. Мана, энди (Уҳудда) уни кўз ўнгизда кўриб турибсиз”.

Ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам даврларида мушрикларга қарши курашиш учун мусулмонларни руҳлантириш ва уларга душманга қарши курашиш учун тўғри йўл кўрсатиш учун нозил қилинган. Шунингдек, Макка мушриклари ва бошқа қабилалар ва мусулмонлар ўртасидаги ўзаро бўлаётган келишмовчиликлар ва урушлар сабаб мусулмонлар учун мана шу жангларда қатнашиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламни ҳимоя қилиш учун жангга чиқишлари ва Аллоҳ йўлида бу жангда иштирок этишлари ҳақида мана шундай бир қанча оятлар нозил қилинган. Нисо сураси 95- оятда эса Аллоҳ таоло марҳамат қилиб:

Беузр бўла туриб (уйида) ўтирувчи мўминлар билан Аллоҳ йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилувчилар тенг бўлмайдилар. Аллоҳ моллари ва жонлари билан жиҳод қилувчиларни (уйида) ўтирувчилардан (кўра) ортиқ даражали қилди. Ҳаммасига ҳам Аллоҳ чиройли (савоб) ваъда қилди. Аллоҳ улкан мукофот (тақсими)да ўтирувчилардан кўра мужоҳидларни буюк ажр билан афзал этди.”

Бу оятда Макка мушрикларидан қаттиқ азият чеккан мусулмонларга, Мадинага келиб қарор топганларидан кейин улардан қасос олишга Аллоҳ томонидан рухсат этилади.

Жиҳод сўзи ҳамма вақт ҳам жанг ва уруш мазмунида эмас, балки жидду жахд, саъй-ҳаракат, ижтиҳод, кураш маъноларида ҳам келади.

Шунингдек, баъзи ёшлар орасида нотўғри шаклланаётган тушунчалардан яна бири бу миллатчилик ва бошқа дин вакилларини менсимаслик ҳолатлари кузатилаётганидир. Айниқса, инсонларни шакл шамойили, ранги рўйи ёки қайси давлатда яшашига қараб кибр ила муомала қилиш ҳам бугунги муоммолардан биридир.

Албатта, аслида бундай тушунчалар Исломга зид.

Ислом бу тараққий этган ва ҳақ диндир. Ислом инсонларга яхши муомалада бўлишни ва ҳаммани тенг кўришни ва инсонлар ўртасидаги бундай тафовутлар ва нотўғри тушунчаларни кескин қораловчи диндир. Буни ёшларга етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

Жаҳонгир Абдупаталов,

Тошкент давлат шарқшунослик университети

Шарқ мамлакатлари иқтисодиёти, сиёсати ва туризм факультети

Халқаро туризм йўналиши 1-курс талабаси

643 марта ўқилди

Мақолалар

Top