МАҚОЛА

Бидъат тушунчаси ва унинг турлари

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ҳам ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради » дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларидан Исломда суннат пайдо қилиш мумкинлигини, ўша пайдо бўладиган суннат яхшими ёки ёмон бўлиши мумкинлигини билиб олмоқдамиз.
Бу нарсага бироз эҳтиёт бўлиб ёндошмоқ лозим. Кўпгина кишилар ушбу нозик масалада нотўғри тушунчаларга бориб қолишлари ҳам мумкин. Доимо Ислом дини мукаммал дин, унда ҳаётдаги ҳар бир масаланинг ечимини топишимиз турган гап, деймиз. Энди эса, Исломда яхши ёки ёмон янгилик пайдо қилиш мумкин, демоқдамиз. Ёмон янгилик тушунарли, динга хилоф иш ёмон янгилик бўлади. Буни ҳамма қоралайди. Аммо яхши янгиликни қандоқ тушунишимиз мумкин? Агар у мумкин бўлса, демак, Исломда камчилик борми? Ёки ёмон ҳам, яхши ҳам янгилик бўлиши мумкин эмасми?
Баъзи бир кишилар охирги саволга Исломда ёмон ҳам, яхши ҳам янгилик бўлиши мумкин эмас, деб жавоб берадилар. Улар ўзларининг бу фикрларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ҳар бир бидъат залолатдир, ҳар бир залолат дўзахдадир», деган ҳадисларини далил қилиб келитрадилар.
«Бидъат» дегани эса, «янги пайдо бўлган нарса» маъносини англатади. Ҳозирги пайтда бизнинг аҳолимиз орасида таъзиялардаги 20, 40 маросимлари ёки зиёратлардаги нотўғри ишлар ва ҳоказо ишлар бидъатдир. Чунки бу ишлар шариат чегарсидан ташқаридаги ишлар. Нотўғри эътиқоддаги кишилар эса ҳамма нарса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қандоқ бўлса, шундай бўлиши керак, дейдилар.
Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг уламолари эса ушбу биз ўргнаётган ҳадиси шариф « ҳар бир бидъат залолатдир» ҳадисини тафсир қилиб келаётганини айтадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳар бир бидъат залолатдир» деган ҳадисларида ёмон бидъатни кўзда тутганлар. Уни ушбу ҳадисдан тушуниб оламиз дейдилар. Дастлаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир бидъат залолатдир, ҳар бир залолат дўзахдадир», деб умумий равишда айтдилар. Кейин эса, янги пайдо бўладиган нарсалар яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлигини ушбу биз юқорида айтган ҳадиси шарифда баён қилидлар. Демак, «ҳар бир бидъат залолатдир », ҳадисида ёмон бидъат кўзда тутилган.
Энди Исломда яхши янгилик пайдо қилиш мумкин бўлса, Ислом мукаммал дин, деган гапимизга тўғри келади, деган саволга ўтайлик.
Ислом руҳини тушунмайдиган баъзи кишилар учун бу камчилик, нуқсон бўлиб туюлиши мумкин. Лекин аслида эса, бу Исломнинг баркамоллигидандир. Қуръон ва суннатда шариатнинг руҳи, асосий қоидалар тўла-тўкис баён этилгандир. Масалан: Қуръони каримда фақат ҳаром нарсалар зикр этилган ёки ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром нарсаларни айтиб ўтганлар. Бу чегара – яъни қолгани ҳалол дегани. Яъни қолган ҳалол нарсалар санаб ўтилмади. Чунки инсонга ақл берилган ўзи англаб, ўлчаб амал қилаверади.

Назиржон Қўчқаров,
Наманган тумани "Умарбой хожи" жоме масжид имом-хатиби

145 марта ўқилди

Мақолалар

Top