МАҚОЛА

Такфир Исломнинг моҳиятига зиддир

Ақида

 

Ҳанафий мазҳабига кўра, иймон – Аллоҳнинг ҳузуридан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга келган барча нарсаларнинг ҳақ эканига тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир.

“Тил билан иқрор қилиш” “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”ни талаффуз қилишдир. “Қалб билан тасдиқлаш” эса, юқоридагиларнинг барчасига қалбда заррача гумон ва шубҳа қолдирмай ишонишдир. .

Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бир киши ўз биродарига “эй кофир” деса, иккисидан бири ўшандай (яъни, кофир) бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, кимдир қалбида заррача иймони бор кишини “эй кофир” деса, ўзи диндан чиқиб, кофир бўлишидан қўрқсин.

Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан Ибн Нажим раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, бир далилни олиш керак”, деган.

Шунингдек, биргина далил инсоннинг иймони борлигини тасдиқласа, уни мусулмонлар сафида олиб қолиш қолган мусулмонларнинг зиммасига юкланади.

Аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳаби уламолари бу каби ҳадисларда зикр этилган ишларга йўл қўйган мўмин қилаётган ишида қатъийлик билан аниқ фарзни инкор қилмаса ва ҳаромни ҳалол демаса, шариат тақиқлаган муҳокамага киришмаса, кофир бўлмайди, балки катта гуноҳ қилган бўлади, деб хулоса қилганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч нарса иймоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаслик; амали туфайли уни Исломдан чиқармаслик”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

“Калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон кўриниб, Ислом буюрган амалларни қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола! “Лаа илааҳа иллаллоҳ”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, зоҳирида исломни кўрсатиб турган одамни амали сабабли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида – шу!” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ).

Бугунги кундаги катта хатолардан яна бири – куфр ҳақидаги умумий фатво якка шахсга татбиқ этилаётганидир. Масалан, уламоларнинг фатвосида “фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади”, дейилган. Бу эса шу тоифага мансуб кишиларнинг ҳаммаси кофир дегани эмас. Бир шахсга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин у ҳақда сўраб-суриштириб, аниқлик киритиб, шахсан баҳс олиб бориб, унинг куфрда экани исботлансагина, бўйнига қўйиш лозим бўлади.

Ақида илми уламолари: “Баъзи бир гаплар куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм ҳам чиқиши мумкин. Аммо шу гапни айтган шахсни ҳужжат, далил билан исботланмагунча кофир деб ҳукм чиқарилмайди”, деганлар.

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 10-оятида: “Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар”, деган. Ушбу ояти каримадаги қўрқитиш, бошқа оятларда ҳам бор. Аммо мана шу оятга биноан, аниқ бир шахсга келганда бу одам, албатта, дўзахга тушади, деган қатъий ҳукм айтилмайди.

Аҳли қибла бўлган бир кишининг бу каби ҳолатларда дўзахга киришига даб-дурустдан гувоҳлик бериш мутлақо хато ва савиясизликдир. Чунки у мазкур оят маъноси ва ҳукмини билмаслиги мумкин. Билгач, гуноҳидан тавба қилиши, шу гуноҳни ювадиган савоб ишларни бажариши мумкин.

Киши куфр гапни айтгани учун қозининг ҳузурига келтирилса, қози гувоҳларнинг даъволаридаги масала – куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. Агар айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапдан тониш тавба ҳисобланади.

Агар айбдор мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим, деса, унга тушунтирилади. Бундан кейин ҳушёр бўлишни уқтириб, қўйиб юборилади. Аммо мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим, деса, уни тавба қилишга чақирилади ҳамда тавба қилгунига қадар қамаб қўйилади...

Куфр гапни очиқ айтган ва тан олиб турган одамга Исломнинг муомаласи шундай бўлгач, иймонини тасдиқлаётган ва Исломга имкон қадар амал қилаётганларни турли баҳона ва асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш ва уларга турли кўринишдаги зулмни раво кўриш ақидамизга мутлақо тўғри келмайди.

 

Манбалар асосида

Акмалхон домла АХМЕДОВ ва

Камолиддин домла ҲАМРОҚУЛОВ тайёрлашди

555 марта ўқилди

Мақолалар

Top