МАҚОЛА

Ақидада танзиҳ (Аллоҳ таолони айбу нуқсонлардан пок деб билиш) боби

Аҳли сунна вал-жамоа ақидасига кўра, мутлақ комиллик Аллоҳ таолога хосдир, У Зотида ҳам, сифатларида ҳам, феълларида ҳам махлуқотларига ҳеч бир жиҳатдан ўхшамайди ва барча айбу нуқсонлардан покдир. Мана шундай эътиқод қилиш ҳар бир мукаллаф (оқил ва балоғатга етган кишига) фарзи айн ҳисобланади.

Аллома Абул Музаффар Тоҳир ибн Муҳаммад ал-Исфиройиний (ваф. 471-ҳижрий.) “Ат-Табсир фид-дин”номли асарида айтади:

“Яна билишингиз лозимки, ал-Қодим (мавжудлигининг бошланиши йўқ бўлган Зот Аллоҳ) субҳанаҳу ва таоло жисм ҳам эмас, жавҳар ҳам эмас. Чунки жисм энг кичик зарраларнинг бириктирилиши ила ҳосил бўлади, (бунда бириктирувчига муҳтожлик бор). Жавҳар эса (ўзи энг кичик зарра бўлиб), уни бир-бирига бириктириш ва ёпиштириш жоиз ҳисобланади. Ҳар бир ана шундай хусусиятга эга бўлган нарсанинг чегараси ва ниҳояси бўлади. Дарҳақиқат, (ҳар бир чегарали ва ниҳояли нарса уни ана шу махсус миқдор билан белгилаган ва хослаган зотга муҳтож бўлиши эътиборидан) Аллоҳ таоло учун чегара ва ниҳоя мумкин бўлмаган муҳол ишдир.

Аллоҳ таоло жисмнинг сифатини зикр қилган оятида у зиёдаликни қабул қилишини айтади:

“Ва (Аллоҳ таоло) уни (яъни Толутни) илмда ва жисмда кенглик жиҳатидан зиёда қилди” (Бақара, 247-оят). Ушбу оятдан нимайики жисм бўлса, унга зиёдалик ва нуқсон жоиз бўлиши аён бўлади. (Бу эса ҳар қандай жисм уни махсус миқдор билан белгиловчи ва хословчи зотга муҳтож бўлишини келтириб чиқаради). Аллоҳ таоло учун зиёдалик ва нуқсон жоиз эмас”. (159-б.) Зеро, Унинг Ўзи махлуқотларини зиёда ва нуқсонли қилувчидир. Акс ҳолда У ҳам махлуқотларга ўхшаш бўлиб қолар эди. Аллоҳ таоло бундан покдир.

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Асрорхон Маҳмудов.

524 марта ўқилди

Мақолалар

Top