МАҚОЛА

ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАР ВА МОТУРИДИЯ, АШЪАРИЯ ЭЪТИҚОДИ (3 қисм)

 

Раддия

Фақиҳларимиз суянадиган яна баъзи манбалар ҳам бор. Улар тўртта мазкур асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Ўша даврда кўплаб фақиҳлар етишиб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан фиқҳий ишлари ҳам қолиб кетган. Аммо мусулмонлар оммасига кенг тарқалган, шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар фиқҳий мазҳаб соҳиблари, деб тан олинган. Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва улранинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар, деб тан олинган. Булар қуйидаги мазҳаблар:

1. Ҳанафий мазҳаби - Шом, Туркия, Туркистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа юртларда кенг тарқалган.

2. Шофеъий мазҳаби - Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд ва баъзи Африка давлатларида тарқалган.

3. Моликий мазҳаби - Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва бошқа Африка давлатларида торқалган.

4. Ҳанбалий мазҳаби - Арабистон ярим оролида тарқалган.

Шундай қилиб, замон ўтиши билан суннийлик бўйича турли мазҳаблар жумладан, Абдураҳмон Авзоъийга мансуб Шом мактаби, Шофиъий мазҳабидан Довуд Зоҳирий раҳбарлигида ажралиб чиққан Зоҳирий мактаби, шунингдек, Ибн Жарир ат Табарий томонидан юзага келтирилган мактаб емирилиб, улар ичидан тўртта асосий мазҳаб ўз ҳуқуқий қарашларини тарғибот қилиб ривожлантириш имкониятига эга бўлди. Шиалик оқими ҳам кўп фирқаларга бўлиниб, улардан жаъфария, исмолия ва зайдия ушбу оқимнинг асосий мазҳаблари сифатида давом этиб келди. 

Илк асрларда мужтаҳидлар кўп бўлиб, мазҳаблар ҳам кўп бўлган. Абдулваҳҳоб ибн Аҳмад Шаъроний (ваф. 973/1565) ўзининг «ал-Мийзан» асарида 16 та мазҳабни зикр қилган. Ушбу мужтаҳидлар мазҳабларининг ҳаммаси ҳам маълум муддат амалда бўлган. Лекин кейинчалик кўпи амалдан чиқиб кетган ва одамлар Имом Абу Ҳанифа (ваф. 150/767), Имом Молик (ваф. 179/795),  Имом Шофеъий (ваф. 204/820) ва Имом Аҳмад (ваф. 241/855)ларнинг мазҳабларидан бирига эргаша бошлаган. Аммо ҳеч ким барча мазҳабларни бекор қилиб, одамлар фақат шу тўрт мазҳабдан бирига эргашиши лозим демаган.

Моликий мазҳабига мадиналик олим имом Молик ибн Анас Абу Абдуллоҳ (713-795) асос солган. У «Мадина имоми» унвонига сазовор бўлган. Имом Молик Мадина олимлари қарашлари асосида ўз мазҳабини яратган. Шунинг учун ушбу имом Мадина фақиҳларидан фиқҳни ўрганиб, аҳли ҳадис қўллайдиган услубни қабул қилган ва ушбу қоида асосида ўз шогирдларини тарбиялаган. 

Имом Молик Қуръон, сунна ва ижмога таяниб ҳукм чиқарган. Шу билан бирга мадиналик олимларнинг иттифоқини ҳам ҳукм чиқаришда жуда катта эътиборга олган. Чунки Муҳаммад (а.с.) шу шаҳарда яшаган ва бу шаҳар аҳолиси пайғамбар ва саҳобалар кўрсатмалари ва қилган ишларини мукаммал ўзлаштирганларини эътиборга олган.

Олим «ал-Муватто» номли ҳадис илмига оид тўпам муаллифи ҳисобланади ва мазкур асар моликий мазҳабининг асосий манбаси сифатида ўз ифодасини топган. Муҳаддис бунинг учун 40 йил умрини сарфлаган. Бу асар илк ҳадис тўпламларидан бири бўлиб, бир неча минг ҳадисни ўз ичига олган.

Имом Молик ибн Анаснинг шогирдлари орасида таниқли муҳаддис ва ҳанафий мазҳаби фақиҳи имом Муҳаммад Шайбоний (ваф. 805 й.), шофиъийлик мазҳаби асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофеий (ваф. 820 й.) бўлган. 

Ҳозирги вақтда ҳам бу мазҳаб қоидаларининг Марокаш, Тунис, Жазоир ва Ливия никоҳ-оила ва мулкка оид ҳуқуқига сезиларли таъсири бор.

Муҳаммад ибн Идрис Шофеий (767-820) ҳам алоҳида мазҳабга асос солган. 

Бу олим имом Молик ва имом Абу Ҳанифанинг катта шогирди имом Муҳаммаддан дарс олган. Шу нуқтаи назардан ушбу мазҳаб ҳуқуқ тизими ханафийлар ва моликийларнинг диний-ҳукуқий таълимотини асосида ишлаб чиқилган, деб айтиш мумкин.  Шудай бўлсада, кўпроқ моликийларга яқин туради. Бошқача қилиб айтганда, аҳли ҳадис ва аҳли раъйни қарашларини бирлаштирган ва ўзига хос услубни яратди. Олим ижмо бўйича уммат ижмосига эътибор қаратган бўлса, шу мазҳабнинг кейинги уламолари олимлар ижмосини ҳам қабул қилишга мажбур бўлдилар.

Шофеийлик ҳам бошқа мазҳаблар каби Қуръон, сунна ижмо ва қиёсга таянади. Имом Шофеийнинг «ал-Умм» ва «ар-Рисола» китоблари ушбу мазҳаб усулига асос бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, учинчи-тўртинчи ҳижрий  асрларда  Марказий Осиёда Шофеий мазҳаби Ҳанафий мазҳаби билан рақобат қилган. Унинг йирик вакили тошкентлик буюк олим Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший (904-976) эди. У киши фиқҳ, ҳадис, луғат ва адабиёт бўйича ўз даврларининг машҳур олимларидан бўлган. Усулул фиқҳ бўйича уларнинг асарлари машҳур. Тошкентда вафот этиб, қабрлари Ҳастимом (Ҳазрати Имом) мадрасаси ёнида жойлашган.

Ҳанбалий мазҳаби асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855) ҳисобланади. Олим яшаган Бағдод шаҳрида илму фан ривож топиши билан бирга турли эътиқодий қарашлар маркази ҳам бўлган. 

Ҳанбалий мазҳабида Қуръон, суннат, ижмо ва саҳобаларнинг гаплари асосий ўрин эгаллайди. Қатий зарурат сезмаган ҳолатлардан ташқари қиёсдан фойдаланмайди. Барча ҳадисларни ва ривоятни (саҳобалар сўзини) қиёсдан устун қўйган.

Имом Аҳмад хулафои рошидин, саҳобалар, тобеинлар, шунингдек, ўзидан олдинги уч мазҳаб фиқҳини ўзлаштирган. Чунончи илк марта фиқҳни имом Абу Ҳанифанинг шогирди имом Абу Юсуфдан ўрганган. Шунингдек, «мен ҳадис ёзиб олган биринчи киши Абу Юсуф эди», деганидан ҳадисни ҳам шу кишидан олгани билинади. Кейинчалик имом Шофеийдан ҳам фиқҳни ўрганган. Ўзи эса, имом Бухорийга устозлик қилган.

Ҳадис илми бўйича «ал-Муснад» асари жуда машҳур ҳисобланади. Бу китобда қириқ минг атрофида ҳадис жамланган бўлиб, асар ҳанбалий мазҳабининг асосий қарашларини ифода этади.

Юқорида келтирилган фиқҳий мазҳаблар диний фирқалардан фарқ қилади. Улар бир-бирининг фикрига қарши чиқайди ва ўзларини бошқаси билан тенг деб ҳисолайдилар. Мазҳаблар шариат масалаларида енгилроқ ёки қаттиқроқ ҳукм чиқариши билан фарқ қилади. Шунингдек, мазҳаблар ўзи тарқалган минтақаларнинг шароитидан ҳам келиб чиққан ҳолда фатволар берганлар. Жумладан, шофеий мазҳабида таҳоратдан сўнг юзни артмаслик афзал ҳисобланса, ҳанафий мазҳабида юзни артиш афзалдир. Ҳанафий мазҳаби совуқ ўлкаларда ҳам тарқалганини эътиборга олинса, шофеий мазҳаби асосан иссиқ ўлкаларда ёйилган.

Мазҳаблар турлича бўлсада, улар асосчилари-мужтаҳидларнинг барчаси бир-бирига устоз-шогирд тизимидадир. Улар бир-бирларининг мазҳабини тан оладилар. Тўртта мазҳаб ҳам ҳижрий иккинчи асрнинг ўзида шаклланиб улгурган. Аммо ушбу мазҳабларнинг фақат биттасини ушлаш лозим. Бир масалада бу мазҳабни, бошқасида иккинчисига амал қилиш мумкин ҳисоланмайди.

Фойдаланган адабиётлар:

  1. Абдулҳаким Шаръий Жузжоний “Ислом ҳуқуқшунослиги” ТИУ Тошкент 2002й.
  2. Қодиров Зоҳидхон “Имом Аъзам”  “Мовароуннаҳр” Тошкент 1999й.
  3. ТИУнинг исломшунос тадқиқотчилари “Ҳидоят ортига яширинган залолат” ТИУ Тошкент 2010 й.
  4. www.fiqh.uz

 Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

508 марта ўқилди

Мақолалар

Top