muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 16 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ислом олами уюшмаси бош котиби Муҳаммад бин Абдулкаримнинг таклифига биноан Уюшма Олий кенгаши 43-сессиясида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Муфтий ҳазратлари 2012 йилдан буён Ислом олами уюшмаси Олий кенгашининг аъзоси ҳисобланадилар. 2012 йил 16–18 июнда Муфтий ҳазратлари Макка шаҳрида бўлиб ўтган Уюшма таъсис кенгашининг йиғилишида ҳам қатнашганлар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ислом олами уюшмаси Олий кенгаши аъзолигига мусулмон оламининг 60 нафар нуфузли уламолари, дин арбоблари, муфтийлар ҳар 5 йилда қабул қилинади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг мазкур Олий кенгашга аъзоликлари навбатдаги, иккинчи беш йиллик муддатга узайтирилган.
Ислом олами уюшмаси Олий кенгаши 43-сессиясида муҳокама қилинган масалаларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бир шайхнинг ҳузурига шогирдларидан бири келиб:
— Устоз, дуоларим қабул бўлмаябди нега шундай бўлаябди экан? — деб сўради. Шайх:
— Ота-онанг борми? — деб сўради. Шогирд йигит:
— Ҳа бор, Аллоҳга шукр ота-онам тирик, ҳаёт… Шайх кулиб:
— Мен сендан ота-онанг тирикми деб сўрамадим. Ота-онанг қилаётган дуоларингда борми? — деб сўрадим. Шогирд бошини эгиб:
— Йўқ ота-онамни дуоларимда зикр қилмас эканман — деб, нима учун дуолари ижобат бўлмаётганини англаб, шайхнинг ҳузуридан чиқиб кетибди.
Дарҳақиқат кўпинча дуоларимизда ота-оналаримиз ҳақларига дуо қилишни унутиб қўямиз. Ғанимат дунёда ғанимат бўлган ота-оналаримиз ҳақларига дуо қилишни кўпайтириш барчаларимзга насиб айласин!

 

Ҳалилуллоҳ Раимқулов
Ховос тумани «Хизиробод»
жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ матбуот хизмати

Понедельник, 15 Октябрь 2018 00:00

Дуо ҳақида

Сен: «Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир», деб айт. Намозингни жуда баланд овоз ила ўқима, уни жуда махфий ҳам ўқима, бунинг орасида бир йўл тут.

Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни: «Ё Аллоҳ! Ё Роҳман!» деб дуо қилаётганларини мушриклар эшитиб қолиб, дарҳол: «Муҳаммад якка худоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди. Уларнинг бу жоҳилона тушунчаси ва тасарруфи жавобига ушбу оят тушган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.

«Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир».

«Аллоҳ», «Роҳман» исмлари икки хил бўлгани билан зот бир. Исм кўпайса, зот ҳам кўпайиб қолмайди.

«Гўзал исмлар Уникидир», деб айт».

Дунёдаги энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Шундан тўқсон тўққизтаси Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида келган.

Оятнинг иккинчи ярмида Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам намозлари қандай бўлиши кераклиги ҳақида кўрсатма келмоқда. Мушриклар ҳамма нарсадан айб топишга уринганлари каби, намоздан ҳам камчилик топишга, масхара қилишга уринишар эди.

«Намозингни жуда баланд овоз ила ўқима».

Мушриклар эшитиб, яна баъзи нобакорликлар қилиб юрмасин.

«…уни жуда махфий ҳам ўқима».

Орқангда турганлар қироатингни эшитмай қолмасинлар.

«Бунинг орасида бир йўл тут».

Яъни, ўртача бўлсин. 

Аввало дуонинг маъносини билиб олайлик. Араб тилида «дуо» сўзи чақириш, сўраш маънольарини англатади. Кўпинча «дуо» ва «бир нарсани талаб қилиш» маьнолари бир-бирига аралашиб кетади. Шунинг учун талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олиш алоҳида маъно касб этади. Талаб сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир:

«Менга тилаган нарсамни бергин» , каби. Дуо эса сўровчида пайдо бўладиган нафсий ҳолатдир. Мазкур нафсий ҳолат икки нарса билан: қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда улардан ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши билан ва яна дуо қилувчининг ўзи қилган гуноҳлари учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қилишни бошлаши билан бўлади. Ҳа, дуо қилаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва ҳокисорлик ила таолога юзланиши бўлмаса, одатга кўра икки қўлни кўтариб, тилга келган талаб сўзлари такрорланаётган бўлади.

Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, ҳаёлда бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бу ҳолатни дуо деб бўлмайди. Бас, шундай экан, бу ишни қилаётган одамни «Фалончи Аллоҳ таолодан сўрамоқда» дейишимиз мумкин, аммо «Фалончи Аллоҳ таолога дуо қилмоқда» дея олмаймиз.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти

М. Саиджалолова 

ЎМИ матбуот хизмати

Жорий йилнинг 14 октябрь куни Покистон Ислом Республикасидан 45 дан ортиқ ислом дини уламолари Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Turon24 хабар берди.

Покистоннинг Исломобод, Пешовар, Карачи ва бошқа ҳудудларидан келган меҳмонлар Термиз ва Шерободда бўлиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.

Меҳмонлар Термиз туманидаги Х асрда қурилган Султон Саодат мажмуаси ҳамда аллома Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳида бўлишиб, бу ердаги тарихий ёдгорликлар ва музейлар билан яқиндан танишишди.

Шунингдек, уламолар делегацияси Шеробод туманидаги муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ансамблига ҳам ташриф буюрди.

“Бу зиёратларни кўпдан буён орзу қилардик. Нафақат биз, балки боболаримиз ҳам Абу Исо ат-Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд юртида бўлиб, қадамжоларини кўришни, зиёрат қилишни ният қилишганди", дейди делегация раҳбари, исломшунос олим, шайх Абдулҳалим Тишти.

Делегация таркибида оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам бўлиб, улар Ўзбекистондаги сафар жараёнини ўз нашрларида мунтазам ёритиб боришмоқда.

Покистонлик меҳмонларнинг Қашқадарё, Самарқанд ва Бухорога ҳам сафар қилиши белгиланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар имом-хатиб ва имом-ноиблари ўртасида анъанавий тарзда “Йил имоми” кўрик танлови ўтказиб келинар эди. Жорий йилдан эса мазкур танлов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 10 сентябрдаги 01/А092-сонли буйруғи асосида “Энг маърифатли имом” номи остида янги Низом асосида ўтказилди.

Танловнинг мақсади – бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, юқори касбий маҳорат соҳиби бўлган, ташаббускор, илғор фикрли, инновацион ғоялар муаллифи, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Уч босқичда ўтказилиши белгиланган танловнинг биринчи шаҳар-туман босқичи ғолиблари 15 октябрь куни Наманган шаҳридаги “Яҳёхон тўра” жоме масжидида ўтказилган вилоят босқичида ўзаро беллашдилар.

Танлов Қуръони карим тиловати билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов сўзга чиқди. У жорий йилги танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг                16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 15 банддан иборат тарихий фармони ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган вазифалар эканини таъкидлади.

Ўтказилаётган кўрик-танловдан кўзланган мақсад юртимизни юқори савияли, кучли билимга эга диний кадрлар билан таъминлаш, имомларнинг малака ва кўникмаларини янада ривожлантириш эканини айтди.

Хусусан, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатларнтириш мақсадида ўтказилаётгани, юртимизда диний-маърифий соҳага, илм аҳлига кўрсатилаётган эътиборга алоҳида тўхталди. Давлатимиз раҳбари ва Мусулмонлар идораси раҳбариятига танлов иштирокчилари номидан ташаккурлар айтди.

Шунингдек, танловда имомлардан ташқари масжидларда жонкуярлик билан хизмат қилиб келаётган, ўз устида мунтазам иш олиб бораётган бир гуруҳ ходимлар ҳам тақдирланади деб, барча иштирокчиларга омад ва муваффақиятлар тилади.

Танловда кузатувчи сифатида иштирок этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Муҳаммадайюб домла Ҳомидов ҳам сўзга чиқди.          

У киши Ўзбекистон мусулмонлари идораси Раҳбариятининг саломини танлов иштирокчиларига етказиб, ҳақиқатда Наманган вилоятида бу йилги танловга ўзгача иштиёқ билан катта тайёргарлик кўрилганини эътироф этди ҳамда танлов иштирокчиларига омад тилади.

Танловда иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ҳамда танлов сўнгида натижалар эълон қилинди:

“Энг маърифатли имом” танловининг Наманган вилоят босқичи ғолиблари:

I-ўрин: Умурзаков Кодиржон Джураевич (Поп тумани “Муҳаммаджон қори” жоме масжиди имом-хатиби)

II-ўрин: Усмонов Ибодулло Исмоилхонович (Косонсой тумани “Эшонбобо” жоме масжиди имом-хатиби)

III-ўрин: Хапизов Шамсиддин  Ахмедович (Наманган тумани “Халил ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби)

“Энг кўп обуна уюштирган имом”

- Ҳамроқулов Камолиддин (Норин тумани “Ҳаққулобод” жоме масжиди имом-хатиби

“Энг кўп мақола нашр этган имом”

- Исақов Абдулвоҳид (Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме масжиди имом-хатиби)

 “Энг обод масжид”

- Наманган шаҳар “Мавлоно Алийюл қори” жоме масжиди (масжид имом-хатиби Ҳамдамов Абдулбосит)

 “Энг тарғиботчи имом”

- Турсунов Шукрулло (Наманган шаҳар “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби)

“Энг таъсирли ижодий иш”

- Икрамов Обидхон (Наманган вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари “Жазарий матни” ҳамда “Қуръони карим тиловатида вақф ва ибтидо” рукни остида чоп этилган асарлари учун)

“Энг хушовоз муаззин”

- Юсупов Носирхон (Косонсой тумани “Аълохон маҳдум” жоме масжиди муаззини)

“Энг ишбилармон мутавалли”

- Сиддиқов Хасанхон (Уйчи тумани “Машҳад мозор” жоме масжиди мутаваллиси)

“Энг миришкор боғбон”

- Ризаев Маъмуржон (Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме масжиди боғбони)

“Энг намунали таҳоратхона”

- Наманган шаҳар “Маҳдум эшон” жоме масжиди  таҳоратхонаси (масжид имом-хатиби Шахобитдинов Боситхон)

“Энг замонавий қоровулхона” 

- Наманган шаҳар “Абу Юсуф” жоме масжиди  қоровулхонаси (масжид имом-хатиби Юсупов Боситхон)

“Энг бой кутубхона”

- Наманган шаҳар “Абу Юсуф” жоме масжиди  кутубхонаси (масжид имом-хатиби Юсупов Боситхон)

Ғолиблар Наманган вилоят вакиллигининг диплом ва ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

  

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакиллиги

Матбуот хизмати

Мақолалар

Top