muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 27 Сентябрь 2018 00:00

Устоз бу ким?

Халқимиз орасида «Устоз – отангдек улуғ» мақоли жуда ҳам машҳур. Устоз намунаси саналган ўқитувчилик азал – азалдан эътиборли касб ҳисобланиб келган. Дунёнинг деярли барча мамлакатларида ўқитувчи – мураббийларга нисбатан алоҳида эътибор қаратилади ва эъзозланади. Мамлакатимизда ҳам 1997 йилдан бошлаб 1 октябрь «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келиниши ҳам бу сўзимизнинг тасдиғидир. Ўқитувчилар ўзлари илмли бўлгани ҳолда ёш авлодни илму маърифатли бўлишини таъминлайдилар.

Шунингдек, «Бешикдан қарбгача илм изланглар» ёки «Илмни Хитойдан бўлса ҳам ўрганинглар» каби ҳадиси шарифлар илмнинг қанчалар фазилатли эканлигига далолат қилади. Қуръони каримда илм ҳақида 379 та оят келган бўлиб, уларда биладиганлар билан билмайдиган баробар бўлмаслиги, илм аҳлини Аллоҳ таоло юқори даражаларга қўтариб қуйганлиги айтилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деб марҳамат қилганлар. Ҳар бир инсон учун ўзига керакли, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиши, бунинг учун зарур бўлган нарсаларни ўрганиши фарзи айндир. Илмсиз киши одобли ва кўркам бўла олмайди.

Бу ерда ниятни поклаш олдинги ўринга қўйилади. Илм талаб қилмоқчи бўлган шахс ниятини яхши қилиши, олган илми билан халққа хизмат қилиб, Ҳақни рози этишни кўзлаши керак. Ўшанда олган илми фойдали бўлади: дунёга ҳам эришади, охират савобига ҳам эга бўлади. Аммо ниятни молу дунёга, риёга боғласа, охират савоби бўлмайди, дунё ҳаваси ҳам аниқ амалга ошмайди.

Ҳар бир яхшиликка эришиш учун албатта ихлос керак. Ихлоссиз бирор фойдали ишнинг, хоссатан, илм олишнинг амалга ошиши қийин. «Ихлос» сўзи луғатда «тозалаш», «тўғрилаш» маъноларини англатади. «Холис бўлди» дегани «мусаффо бўлди» маъносига тўғри келади. Илм олаётган ўқувчи ўз соҳасида етук мутахассис бўлиб етишиши учун энг аввало, ўзида, унга таълим бераётган устозида ва ота-онасида ихлос бўлиши керак. Учала инсоннинг ихлоси бир жойга жамланса, натижаси ҳам шунга кўра бўлади, албатта.

Бунинг учун ўқувчи ўз муаллимининг ҳақларини мукаммал тарзда адо этиши, устозини розилигини топишга, кўнглида муҳаббат пайдо қилишга, норози қилиб қўйишдан, ғазабидан сақланишга доимо ҳаракат қилиши лозим.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу муаллимнинг мутаъаллимдаги ҳақлари тўғрисида қуйидагиларни айтганлар: «Қавмга умумий салом бериб, унга алоҳида беришинг. Унинг қаршисида ўтиришинг. Ҳузурида қўлларинг ила ишора қилмаслигинг. Кўзингни ундан бошқага тикмаслигинг. Унинг гапига хилоф гап айтмаслигинг. Унинг олдида бировни ғийбат қилмаслигинг. Унинг қоқилишини истамаслигинг. Агар йўлдан тойса, кечиришинг. Аллоҳ таоло учун уни улуғлашинг. Унинг ҳожати бўлса, бошқалардан кўра олдин хизматига интилишинг. Унинг мажлисида бирор киши билан сирлашмаслигинг. Унинг кийимини ушламаслигинг. Унга малол келтирмаслигинг. Суҳбатининг чўзилиб кетганидан безимаслигинг. У худди хурмо кабидир, ундан тушадиган нарсани пойлаб тур».

Яна бунга дарсга кеч ёки ўта барвақт келмаслик, буюрган вазифаларини бажариш, устозини безовта қилмаслик, эшигини тақиллатмасдан ўзи чиқишини кутиб туриш, ҳузурида рухсатисиз гапирмаслик, олдига тушиб юрмаслик, ўрнига ўтирмаслик каби одоблар илмнинг икки дунё манфаати учун сабаб бўлади.

Илм олишнинг турли босқичларида илм олувчи ўзининг ёши ёки таълим босқичи қай даражада бўлишидан қатъи назар, толиби илм эканини зинҳор ёддан чиқармаслиги ва мазкур одобларга мунтазам риоя этиши керак бўлади.

Шунингдек, таълим бераётган муаллимнинг ҳам алоҳида одоб қоидалари мавжуд. Чунки, таълим бериш билан таълим олиш бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Бирисиз иккинчиси бўлмайди. Илм талаб қилиш фарз бўлгани каби, таълим бериш ҳам фарз қилинган..

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ, У Зотнинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига салавот айтадилар», дедилар».

Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифдаги одамларга яхшиликни ўргатувчилар асосан муаллимлардир. Бу шарафга муяссар бўладиганларга кичкинтойларга алифбе ҳарфларини ўргатаётган муаллимлардан тортиб, фан докторлиги илмий ишларига раҳбарлик қилаётган устозлар, илмий кашфиётларни бошқараётган раҳбарларгача барчалари кирадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи ўлганида амали кесилади. Илло уч нарса: жорий садақа, манфаат олинадиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд мустасно», дедилар». Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.

Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади? Бу иш, аввало, бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаати етмоқдами, устозга савоби ёзилиб тураверади.

Иккинчиси китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Инсонларга фойда келтирадиган илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган кишига, ўлганидан кейин ҳам унга савоб етиб тураверади.

Учинчиси илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам бериб, илм даргоҳи қуради, ўз маблағидан китоб чоп эттиради, кутубхона қилади ва ҳоказо. Мана шунга ўхшаш ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Бу ишларни қилган одамлар вафот этиб кетса ҳам, савоблари узилмай бориб туради.

Муаллимларнинг шарафли вазифаларини адо этиш жараёнида амал қилишлари лозим бўлган одобларга уламолар қадимдан алоҳида эътибор билан қараб ва қуйидагиларни баён қилганлар:

«Илмни лозим тутиш, унга муҳаббат қилиш, унга бутун вужуди билан берилиш ва илмини зиёда қилиш учун доимо ҳаракатда бўлиш.
Илмига амал қилиш. Зотан, ҳақиқий олимнинг гапи ишига тескари бўлмайди. Бу гап диний олимларга алоҳида таъкидлидир. Чунки уларнинг асосий вазифаларидан бири кишиларни тўғри йўлга бошлашдир. Бунда эса уларнинг ўзлари гўзал ўрнак бўлишлари шарт.

Илми зиёда бўлган сари Аллоҳ таолодан қўрқиши ва маърифати зиёда бўлган сари Аллоҳ таолога хушуъcи ортиб бориши керак.

Барчага бирдай тавозели бўлиш. Бунинг учун талабаларга шафқатли бўлиш, уларга таълим беришда шошилмаслик, талабаларга ўз фарзандидек қараш, уларнинг жоҳиллигини ва жафосини кўтариш, уларни жаҳолат зулматидан илм нурига олиб чиқишга уриниш, ҳожатларини фаҳмлаш ва ҳолатларини ҳисобга олиш, саволларига жавоб бериш, юзларига кулиб боқиш, қалбларини улфат қилиш, улар учун вақт сарфлаш каби ишларни бажариш талаб этилади.

Таълим беришга ихлос қилиш. Бунда таълимни одамлар фойдасига ишлатишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаш керак.
Илмни мустаҳкам эгаллаш. Унинг нозик жойларигача ва мағзигача етиб бориш. Илмнинг бир қисми ёки қобиғи билангина кифояланиб қолмаслик зарур.

Ҳилм, виқор, шошмаслик ва бағрикенгликни лозим тутиш. Зотан бу сифатлар илмнинг зийнатидир.
Жоҳилларнинг жафосига, ҳасадчиларнинг ҳасадига, бўҳтончиларнинг иғвосига ва душманларнинг адоватига сабр қилиш.
Илмни талаб қилувчиларга керагича бериш. Ундан бирор нарсани беркитиб қолмаслик ҳам таълим берувчининг асосий вазифаларидандир.

Ҳужжатни эътибор билан тинглаб, қабул қилиш. Бунда хусуматчидан бўлса ҳам, ҳаққа бўйин эгиш, хатони тан олмасликдан четда бўлиш талаб этилади.

Илмни уни талаб қилувчининг фаҳмлаш қобилиятига қараб бериш. Устозлар таълим беришда инсоннинг ақли етмаган нарсадан четлаб ўтишини ҳисобга олишлари, паст даражадан бошлаб аста юқорилаб боришлари даркор.

Ичи ва ташининг гўзал бўлишини таъминлаш. Зотан, ҳақиқий илм соҳиби ичи бошқа, таши бошқа бўлмайди.
Яхши билмаган, ўзлаштирмаган ва охирига етмаган масалаларда ўзича ҳукм чиқармаслик. Бунда билмаган нарсаларини биладиганларга ҳавола қилиш, билмаганини «билмадим» дейишдан тортинмаслик мақбулроқ.

Талабаларга берган илмини миннат қилмаслик. Зотан, бундай қилиш амални ҳабата қилади. Талабаларга ўз мартабасининг кўтарилишига сабаб бўлувчи шахслар сифатида қарашга интилмаслик лозим.

Муаллимнинг одобларидан яна бири ўзи мутахассис бўлган илмдан бошқа илмларни қораламасликдир. Ҳақиқий олим талабаларни барча фойдали илмларга тарғиб қилади. Ҳамма дарсларни бирдек ўзлаштиришга чорлайди. Муаллим ўз талабасини қўлига топширилган омонат дея билиши зарур.»

Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир талаба ота-онаси ва жамият томонидан устознинг қўлига топширилган буюк омонатдир. Бу борада устознинг зиммасига улкан масъулият юклатилган бўлади. Устоз талаба шахсиятининг шаклланиши, фикрларининг ўсиши, нафсининг тарбияланиши, илм олиши, маърифат ҳосил қилиши каби бир қанча ўта аҳамиятли нарсаларда масъулдир.

Муаллим талабаларига гўзал инсоний сифатларда, одоб-ахлоқда, илм-маърифатда, муомалада, ҳаётнинг барча соҳаларида жонли намуна бўлиши лозим.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар мадрасаси
мударрисаси Мухамедходжаева С.

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 27 Сентябрь 2018 00:00

Энг оғир гуноҳ...

Билмоқ  керакким, барча гуноҳлар инсоннинг руҳий тинчлигини йўқотадиган разолатдир. Гуноҳлар инсонни маънавиятини йўкотади. Худди шунингдек ёмон сифатларга эга бўлган инсонлар Аллохнинг ҳидояти ва раҳматига сазовор бўлмайдилар. Масалан,  гуноҳи кабиралардан бири, аёллар ўртасида учраётган муаммолардан бири ўз жонига қасд қилишдир. Турмушдаги баъзи бир муаммолар, рўзғордаги етишмовчилик, эр - хотин ёки қайнона - келин можаролари сабабидан ёки  бўлмаса кўнгил қўйган кишисига етиша олмаслик натижасида қиз - жувонлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг учраб туриши жуда ачинарли ҳолдир. Ана шундай гуноҳи кабирага қўл ураётган аёл қизлар наҳотки шу йўллар билан муаммолари хал бўлади деб, ўйлашса. Бу синовли дунёни озгина қийинчиликларига сабр қила олмай, бу мудҳиш ишлари туфайли жаннатдан маҳрум бўлиб жаҳаннамда охират азоби ила дўзах эшигини ўзлари учун очмоқдалар. Динимизда ўз жонига қасд қилиш гуноҳи кабиралардан бири саналади. Аллоҳ таоло Куръони каримда: 

“… Шунингдек, ўзларингизни (бир - бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм шавқатлидир” деб, мархамат килган  (Нисо-29). Ушбу оятда ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирон нарсани аламига чидай олмай ўзини - ўзи ўлдириш таъқиқланмоқда. 

Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам бундай деганлар: “Ким ўзини бирон нарса билан ўлдирса қиёмат куни ўша нарса билан азобланади” (Имом-Бухорий). Сабр бардошли бўлиш ўзбек халқимизнинг қон - қонига сингиб кетган фазилатлардан биридир. Ўз фарзандини азалдан сабрли қилиб тарбиялашга катта эътибор берган боболаримиз, момоларимизнинг ҳаётлари қийинчиликларни сабр билан енгиб ўтишлари бизга катта ибратдир. Сабр барча инсонга керак, зеро аёллар учун бу фазилат, зийнат ва уларга эркаклардан кўра муносиброқ сифатдир. Шундай экан азиз опа - сингиллар, Аллоҳ таоло насиб этган илоҳий неъмат - ҳаётимизни фарзанд тарбияси-ю, оила мустаҳкамлигида сабр бардошли бўлиб, хайрли ишларда бардавом бўлмоғимиз даркор.

 Наргиза Ашурова

тайёрлади.

Четверг, 27 Сентябрь 2018 00:00

Болага тафаккур қилишни ўргатинг

Инсон ақл ва идрок соҳибидир. Ақл ҳақ билан ботил, ҳидоят билан залолат орасини ажратиб беради. Ёмонлик билан яхшилик ўртасини фарқлайди. Инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи ва унинг асосий хусусиятини белгиловчи “фаҳм-фаросат, ўйлаш, англаш ва тафаккур малакаси”ни англатувчи атама “ақл” дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ақл ҳақ ва ботилни ажратадиган қалбдаги нурдир», - деганлар.

Омир ибн Абдулқайс: «Ақлинг сени нолойиқ ишлардан қайтара олса, демак сен ақллисан», - деган.

Аллоҳ таоло инсон зотини ақл туфайли мукаррам этиб, уни барча жонзотлардан афзал қилди. Ақл сабабидан инсонга турли бурч ва вазифаларни юклади. Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва қудрати ила инсонни ақлли қилиб яратди. Шунинг учун ҳам ислом таълимоти ақл ривожи ва тараққиётига катта аҳамият беради. Зеро, ислом дини ақл юритиш, фикрлаш, назар солиш ва ибратлашишга чақирувчи диндир. Ислом ақидасига кўра, илоҳий ваҳий билан ақл ўзаро зиддиятга бормайди, чунки пайғамбарларга берилган ваҳий ва ақл Аллоҳ таолонинг илоҳий туҳфалари ҳисобланади.

Ҳукамолар шундай дейишган: «Аллоҳ таоло фаришталарни ақлли, аммо нафсу ҳавосиз, ҳайвонларни ақлсиз, лекин нафсу шаҳват эгаси қилиб, Одамзотни эса ҳам ақл, ҳам нафсу шаҳват соҳиби қилиб яратди. Кимнинг ақли нафсу шаҳвати устидан ғолиблик қилса, у малоикалардан яхши, кимнинг нафсу шаҳвати ақлига устунлик қилса, у ҳайвондан ҳам ёмондир».

Бишр Ҳофий айтган қуйидаги сўзларни келтириш ўринлидир: «Агар инсонлар Аллоҳ таолонинг буюклиги ҳақида фикрлашса эди, Унга ҳеч қачон осий бўлишмас эди».

Имом Ғаззолий: «Илмнинг кўпайиши, маърифатнинг кенгайиши – тафаккур мевасидир», - дейди. Агар инсонда маърифат жамланса, ундан маърифат гулшани ҳосил бўлади. Зеро, маърифат маърифатни юзага келтиради. Инсоннинг энг катта мусибати бу тафаккур қилишдан маҳрум бўлишидир.

Ҳадиси шарифда: «Аллоҳнинг яратган махлуқот ва мавжудотлари тўғрисида тафаккур қилишга тенг келадиган бирор ибодат йўқдир», - дейилади (Мадорик тафсир китобидан).

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Четверг, 27 Сентябрь 2018 00:00

Ашхободда улкан масжид очилди

Туркманистон Республикаси пойтахти Ашхобод шаҳрининг “Тинчлик-7” мавзесида “Ҳазрат Умар” номли янги масжид очилди. Унинг очилиш маросимида мамлакат муфтийси, Ашхабод ва вилоятлар имомлари, пойтахтликлар ва пойтахт меҳмонлари иштирок этди. Бу ҳақда “Нейтрал Туркманистон” нашрига таяниб Azon хабар берди..

Мазкур масжид Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қарори ва “Хожа Аҳмад Яссвий” диний ташкилотининг буюртмасига кўра барпо этилган. Унинг қурилишида замонавий технологиялар ва ўзига хос меъморий ечимлардан фойдаланилган.

Масжид жами 13 минг квадрат метр майдонни эгаллаган, унинг ёнида автомобиллар учун тўхташ жойи ҳам ташкил этилди, атроф ободонлаштирилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top