muslim.uz
Хатми Қуръонлар якунига етмоқда, дуолар қабул бўладиган онлар яқинлашмоқда
Рамазон ойининг мағфират даҳаси ҳам бошланди. Бу муборак иккинчи ўн кунликда мамлакатимизда бўлиб ўтаётган мингдан зиёд хатм Қуръонлар бирин-кетин ўз якунига етади. Бу даҳа мана шу жиҳати билан янада файзли бўлади.
Эртага, 29 май санасидан бошлаб, юртимиз масжидларида Қуръон хатмоналари бошланади. Пойтахтимиздаги биринчи хатм – Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги “Ҳасанбой” жоме масжидида бўлиб ўтади. Бу кечани янада тароватли ўтказиш мақсадида, ушбу масжид имом-хатиби Абдуманнон домла Усмонов томонидан алоҳида тайёргарлик ишлари кўрилмоқда, хатмонага таниқли уламолари, дин пешволари таклиф қилинган.
Бу мунаввар кечанинг фазилатидан баҳраманд бўлиш, Каломуллоҳ хотимаси ҳамда унга ташриф буюрган мўътабар устозлар суҳбатларидан баҳраманд бўлиш учун Қуръон мухлисларини “Ҳасанбой” жоме масжидига таклиф қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, “Ҳасанбой” жоме масжидида хушнафас ҳофизлар Абдурауф қори Муқимжон ўғли ва Муҳаммаджон қори Эгамберди ўғли хатм Қуръонга ўтмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Диққат, эълон! “Қуръони карим ва тажвид” бўйича пуллик ўқув курслари ўз фаолиятини бошлайди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ҳамда илмий мактабларда 2018 йилнинг 10 июнидан бошлаб “Қуръони карим ва тажвид” бўйича пуллик ўқув курслари ўз фаолиятини бошлайди.
Ўқув курсларига 2018 йилнинг 1-3 июнь кунлари соат 09:00 дан 17:00 гача ҳужжатлар қабул қилинади.
Ўқув курсларига Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига мувофиқ ўрта мактабни битирганлиги тўғрисидаги шаҳодатнома (аттестат 11-синф), академик лицей ёки ўрта махсус таълим муассасаси дипломига эга бўлган ҳамда 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари суҳбат асосида қабул қилинади.
Тингловчилар диний таълим муассасасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
- таълим муассасаси раҳбари номига ариза;
- соғлиғи ҳақида тиббий маълумотнома (086-У-шакл);
- паспорт нусхаси (асли кўрсатилади);
- 4 дона фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
- яшаш жойидан маълумотнома;
Ўқув курслар қуйидаги муассасаларда ташкил этилади:
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Тошкент ш., (0371) 227-42-37;
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент ш., (0371) 244-48-27;
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент ш., (0371) 299-24-11
“Мир Араб” олий мадрасаси, Бухоро вилояти, Когон тумани (+99895) 604-45-97;
“Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти, Бухоро ш., (0365) 224-10-11;
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти, Бухоро ш., 221-77-44;
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти, Китоб шаҳри (0375) 54-27-425;
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти, Андижон ш., (+99895) 201-68-70, (0374) 228-00-91;
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти, Наманган шаҳри (0369) 226-60-60;
“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти, Урганч ш., (+99895) 606-92-55, (+99895) 602-92-57;
“Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти, Нукус ш., (0361) 229-03-26, 229-03-20;
“Ҳадис илми мактаби” Самарқанд вилояти, Хўжа Исмоил шаҳарчаси (0366) 673-31-51, (94) 186-19-94;
“Калом илми мактаби” Самарқанд вилояти, Хўжа Исмоил шаҳарчаси (0366) 673-31-51, (94) 186-19-94;
“Ақида илми мактаби” Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри (0375) 225-56-32;
“Тасаввуф илми мактаби” Бухоро вилояти, Когон тумани (+99895) 604-45-97;
“Фиқҳ илми мактаби” Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри (0373) 226-72-31.
ЎМИ Матбуот хизмати
Умавийлар давлатида деҳқончилик ва зироат
Умавийлар давлати катта экин майдонларига эга бўлган. Шунинг учун ҳам унумсиз ва унумли, шу қатори бошқа ерларга ишлов беришга ниҳоятда эътибор қаратди. Бу ишни ариқлар қазиш ва дарёларни ўзанидан буриш, тўғонлар қуриш билан амалга оширди. Мисол учун Ироқ волийси Муовия розияллоҳу анҳуга тегишли водийни сувини қуритиб, экин майдонига айлантирди. Майдони кенглиги учун ҳаражати беш миллион дирҳамдан ошиб кетди[1]. Бу ерлар авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтмасди. Ерга ишлов бериш ва ўзлаштиришга сарф-харажат асосан ҳукмдорнинг ёнидан бўларди, баъзан халқнинг ҳисобидан олинарди[2]. Бу борада қоидалар ҳам ишлаб чиқарилди[3]. Айниқса волийлар экин ерларни кўпайтиришга ниҳоятда эътибор бердилар. Масалан, Зиёд ибн Абиҳ ерларни обод қилиш учун кўплаб канал ва ариқлар қаздирган, уларнинг баъзиларини ўзи ва қизларининг номлари билан атаган[4]. Одатда халққа 60 ё 100 жариб[5]ерни икки йилга берилар, агар яхши фойдаланмаса олиб қўйиларди[6]. Кейинчалик суғориш тизими пухта муҳандислик йўли билан ишлаб чиқилди, натижада экин майдонларига ортиқ даражада сув босиб кетмасди[7]. Ҳатто умавий оиласидан бўлган Язид ибн Муовиянинг муҳандисликдан яхши хабардорлиги ва Ғута[8]да канал қаздириб, номини бергани учун лақаби “Муҳандис” эди.
Яна ислоҳотлардан бири Зиёд ибн Абиҳ Куфага сув тошиб кетишини олдини олиш, сувни тўплаш мақсадида қўрғон ва кўприк қурди. Бундан олдин сув тошиб Куфани вайрон қилар эди. Бу ҳам жамият ривожи учун қилинган ишлардан бири.
Пўлатхон КАТТАЕВ
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
[1] Аҳмад ибн Яҳё ибн Жобир Болазарий. Футуҳу булдон. Битаҳқиқи Салоҳ Мунжид. – Қоҳира. – Б . 291.
[2]Аҳмад ибн Абдуллоҳ. Ал-ҳаяту иқтисодия вал ижтимоия. – Қоҳира: Дор ал-Маъориф, 1989. – Б 335.
[3]Доктор Исом ибн Ҳошим Жуфарий. Аттатоввурул иқтисодий фил асрил уммавий. Магистирлик ишидан. –Мадина: Умм ал- Қуро. 2012. – Б 178.
[4] Аҳмад ибн Абу Яқуб ибн Жаъфар ибн Ваҳб ибн Возиҳ Яқубий.Муъжамул булдон. – Боғдод. 1964. Ж 1. – Б 435. ва Доктор Исом ибн Ҳошим Жуфарий. Аттатоввурул иқтисодий фил асрил уммавий.. Магистирлик ишидан. – Мадина: Умм ал- Қуро, 2012.–Б. 180.
[5] Бир жариб = 2217,60 м (ўртача 4800 қадам) А.Сайидаҳмедов. Ўлчов бирликлари. – Т.: Мовороуннаҳр, 2009 . –Б. 6.
[6]Доктор Исом ибн Ҳошим Жуфарий. Аттатоввурул иқтисодий фил асрил уммавий. Магистирлик ишидан. –Мадина: Умм ал- Қуро, 2012. – Б 190.191.
[7]Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ас-Сайф. – Байрут:Дор ас-Салом, 1983. – Б 151
[8]Ал-Ғута; Дамашқ шаҳри атрофидаги водий.
«Усмонли турклар» ҳозирги Туркия ҳудуди қанча масжид қурдирганини биласизми?
Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса,
Аллоҳ у одам учун жаннатдан бир уй барпо қилади”.
(Ҳадис)
Буюк Усмонли турклар империяси ислом санъати ва маданиятига шундай буюк ҳисса қўшганки, бугунги кунда дунёни улар қурган фусункор, маҳобатли масжидларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Масжидлар Аллоҳнинг уйи бўлиб, уни қурган ёки қурдирган инсон ўзига жаннатдан уй барпо қилгани билан тенгдир.
Шундай экан, баъзи масжидлар борки, унинг архитектура ва дизайни, асрлар оша ўзининг буюклигини сақлаб келаётгани инсонни ҳайратга солади. Худди кеча қурилгандек, ўз аслини сақлаб қолган. Ана шундай сеҳрли санъат асарларидан бўлмиш, Буюк Усмонли турклар даврида қурилган масжидларнинг баъзилари билан танишиб ўтамиз.
Бугунги кунда бундай масжидлар дунёнинг турли ҳудудларида бор ва ҳозирги кунга қадар сақланиб қолган. Усмонли турклар империяси султонлари турли минтақаларда улкан жомеълар қурдирганлар. Ажабланарлиси шундаки, ана шу жомеълар, ҳатто Европада ҳам бугунги кунга қадар сақланиб қолган ва Усмонли турклар империяси қурдирган жомеъ номи остида тилларда қолган. Улар қурдирган жомеъларнинг энг ката қисми Усмонли турклар империясининг ўша даврдаги пойтахти Константинополь, ҳозирги Истанбулдадир. Биргина Истанбулнинг ўзида 3113 жомеъ, бутун Туркия ҳудудида эса, 82693 та жомеъ борлиги аниқланган. Истанбулдаги баъзи машҳур масжидлар билан танишайлик:
- Айюб Султон Жомеъси (1458 й.)
- Фотиҳ Султон Жомеъси (1771 й.)
- Ўртакўй Жомеъси (1854 й.)
- Султон Аҳмад (Мовий масжид) (1616 й.)
- Сулаймония Жомеъси (1557 й.)
- Меъмор Синон Жомеъси
- Янги Жомъе (1665 й.)
- Ёвуз Салим Жомеъси (1522 й.)
- Шаҳзодабоши Жомеъси (1548 й.)
- Рустам Пошшо Жомеъси (1563 й.)
- Нурусмония Жомеъси (1755 й.)
- Миҳримоҳ Султон Жомеъси (1565 й.)
- Лалели Жомеъси (1783й.)
- Авлиё София Жомеъси (537 й., Фотиҳ султон Истанбул фатҳидан сўнг уни мусулмонлар жомеъсига айлантирган)
- Боязид II Султон Жомеъси (1506 й.)
- Араб Жомеъси (1856й.)
- Долмабоғча Жомеъси (1855 й.)
- Зол Маҳмуд Пошша Жомеъси (1577 й.)
- Ускудардаги Миҳримоҳ Султон Жомеъси
- Йилдирим Боязид Жомеъси
Интернет маълумотлари асосида
Тошкент ислом институти талабаси
Барнохон САЙИДАҲМЕДОВА
тайёрлади
“Саҳиҳул Бухорий”нинг қанча қисми Қуръонга бағишланган?
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” китоби Қуръон каримдан кейинги энг саҳиҳ манба ҳисобланади. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ушбу китобни 16 йил мобайнида ёзганлар. “Саҳиҳул Бухорий”ни ёзиш жараёнида тақво масаласига алоҳида эътибор берганлар. Хатиб Боғдодий бу борада Бухорийнинг тилидан қуйидагиларни ривоят қилганлар: “Аввал ғусл қилиб, 2 ракат намоз ўқимай туриб, “Саҳиҳ” китобимга бирорта ҳадис киритмаганман”.
Саҳиҳул Бухорийдаги ҳадислар сони охирги маълумотга кўра 7563 тадан иборат. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ асарларининг ички тузилмасида ўзига хос услубни танлаганлар. Уни китобларга ажратганлар. Масалан, “Таҳорат китоби”, “Намоз китоби” ва бу китобга тегишли боблар ва ҳадисларни келтирганлар.
Тафсирга оид қисмини “Қуъон тафсири китоби” деб номлаганлар. “Қуръон тафсири китоби”даги ҳадислар сони “Саҳиҳул Бухорий”нинг 7 % ини ташкил қилади. Тафсир китобида жами 353 боб ва 504 та ҳадис келтирилган. Такрор ҳадислар 18 та, мазмуни бир хил ҳадислар 4 тани ташкил қилади. Ҳадис ривоят қилган ровийлар 99 та бўлиб, энг кўп ҳадисни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар.
Бундан кейинги китобни “Қуръон фазилатлари китоби” деб номлаганлар. Бунда асосан суранинг фазилати борасидаги ҳадисларни йиғиб чиққанлар. Асар Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг юксак билим ва ўткир заковат соҳиби эканидан дарак беради.
Манбалар асосида
Тошкент ислом институти талабаси
Диловар СУЛТОНОВА
тайёрлади