muslim.uz
Эрдўған Мир Араб мадрасасида Қуръон тиловат қилди (видео)
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзбекистонга ташрифи давомида Бухородаги Мир Араб мадрасасини зиёрат қилди ва у ерда Қуръони каримдаги Инфитар сурасини ўқиди. Мазкур видео Туркиянинг yenisafak.com сайтига жойланди.
Шунингдек президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўған Мир Араб мадрасасида фаолият юритаётган ислом ўрта махсус билим юрти билан танишишди. Мамлакатдаги энг қадимий ва йирик жомеъ масжидларидан бири бўлган Масжиди Калонни ҳам зиёрат қилишди.
Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари Арк қўрғонига ташриф буюрди. Бухоро шаҳридаги ушбу қадимий қалъа халқимизнинг бой тарихи, маданияти, этнографияси, хорижий давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларидан гувоҳлик беради.
Калон минораси ва масжиди XII ва XVI асрлар оралиғида бунёд этилган. Бу обидалар Мир Араб мадрасаси билан уйғунлашиб, гўзал ансамбль ҳосил қилган. Уларнинг меъморий ечими аждодларимиз маданияти ва санъатининг яққол ифодаси сифатида бугун ҳам барчани ҳайратга солиб келмоқда.
Тарихий ва меъморий обидалар, халқимизнинг миллий ҳунармандлиги туркиялик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон ва Туркия Президентлари қадимий обидаларни томоша қилди
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Ражаб Таййип Эрдоған Арк қўрғонига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида хабар берилди.
Бухоро шаҳридаги ушбу қадимий қалъа халқимизнинг бой тарихи, маданияти, этнографияси, хорижий давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларидан гувоҳлик беради.
Икки давлат раҳбарлари Арк-вилоят ўлкашунослик музейи билан танишди, бу ердаги ноёб осори-атиқаларни кўздан кечирди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тож Маҳал хусусийлаштирилмоқда
Ҳиндистон ҳукумати 95 та тарихий обидани хусусийлаштиришни кўзда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқди. "the Guardian" нашри бу ҳақда хабар бермоқда. Машҳур тарихий обидаларни бир неча миллион долларга хусусийлаштиришни кўзда тутувчи ушбу қарор кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. “Мерос” ҳаракати фаоллари ҳамда мухолиф сиёсатчилар Ҳиндистон ҳукуматини тарихий обидаларни, шу жумладан Тож Маҳални хусусий компаниялар ихтиёрига бераётганликда айблаган.
Шанба куни Ҳиндистон туризм вазири Dalmia Bharat компанияси билан Деҳлидаги 17 асрга тегишли Қизил Қалъа тарихий обидасини ҳамда мамлакат жанубидаги Андхра-Прадеш штатида жойлашган яна бир қалъани ижарага бериш бўйича 5 йил муддатга қиймати 3.7 миллион долларлик шартнома тузилганини эълон қилди.
Ҳозирда икки йирик компания Тож Маҳалга эгалик қилиш учун курашмоқдалар. Хусусийлаштириш лойиҳасига ЮНЕСКО рўйхатидаги 12 асрга оид Қутуб Минор мажмуаси ҳам киритилган.
Ҳиндистонда 3700 яқин тарихий обидалар мавжуд бўлиб, шулардан 31 таси ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси объектлари рўйхатидан ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ҳиндистоннинг “Бҳартия Жаната Парти” партияси вакили бўлган Сангиит Сом Тож Маҳал обидасини тарихдан ўчириб ташлаш зарурлигини айтганди.
Нафақат Ҳиндистон, балки бутун дунё бўйича энг кўп ташриф буюриладиган сайёҳлик объектларидан бири, ХVII асрга тегишли мақбара - Тож Маҳал Заҳириддин Бобурнинг эвараси Шоҳ Жаҳон даврида қурилган. Ушбу сеҳрли мажмуа ҳалигача бутун дунёдан миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.
Тож Маҳалнинг ташқи деворлари ва гумбази оқ мармар билан қопланган бўлиб, у қуёшли кунда оппоқ тусга кирса, уфқ нурлари остида қип-қизил бўлади, тунда эса ойнинг кумуш шуъласини акс эттиради.
Мажмуани асраб-авайлаш мақсадида уни ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритишган.
Бир муддат аввал, Travel Ask ҳам Тожмаҳал билан боғлиқ ҳавотирли хабарни берганди. Хабарда қайд этилишича, бино аста-секинлик билан вайрон бўлиб бормоқда, бу эса ушбу ёдгорликнинг келажаги ҳақида жиддий бош қотиришга мажбур қилади. Тадқиқотчи олимларнинг фикрича, обиданинг қизил ёғочдан қилинган пойдевори яқинида жойлашган дарёнинг суви камайгани сабабли қуриб, ёрилиб кетмоқда. Агар тезкор чоралар кўрилмаса, Тож Маҳалнинг пойдевори мармар гумбазлар ва миноралар оғирлигини кўтара олмай, тез орада емирилиб кетиши мумкин. Ҳинд экологларининг айтишича, дарё сувини маълум сатҳда ушлаб туриш учун дамба қуриш керак. Бу эса 71 минг фунт стерлингга тушади.
Мақбара муҳофаза этиладиган ҳудудлар сирасига киради. Унга автомобилда яқин келиб бўлмайди. Бу зарарли газлар иншоотга салбий таъсир кўрсатмаслиги учун қилинган. Шунингдек, ёдгорликнинг оппоқ туси бузилмаслиги учун, мамлакат раҳбарияти Аградаги бир қатор саноат корхоналарини ёпиб қўйганди.
Ҳиндистонда 300 йилдан кўпроқ ҳукмронлик қилган Бобурийлар сулоласи бу юрт ҳаётининг барча жабҳаларида ўзининг бой меросини қолдирган. Деҳлидаги Қизил қалъа ва Жомеъ масжиди, Аградаги Тож Маҳал, Фотиҳпур, Секридаги Панч Маҳал ана шундай буюк мерос намуналаридир.
Манба: http://uza.uz
Табобат: Карамнинг инсон соғлиғи учун фойдалари
Карам инсон саломатлиги учун жуда ҳам фойдали маҳсулотдир. Карам таркибида қандлар, органик кислоталар, витаминлар (С, Р, В, В2, РР, К, Е) ва каротин, пантотен ва фолат кислоталар, ёғ, ферментлар, фитонцидлар, калий, кальций, йод, марганец, темир ва бошқа элементларнинг тузлари бор. Бевосита овқатга ишлатилади, тузланади ва консерва ҳолида истеъмол қилинади. Карам халқ табобатида турли касалликларга ишлатилади, организмдан холестериннинг чиқиб кетишини тезлатади. Карамда бириктирувчи модда кўп. Унда калий, қанд, олтингугурт, кальций, фосфор, ёғлар, лактоза мавжуд.
Карамнинг кечкисида эртагисидан кўра С витамини кўпроқ бўлади. Бу витамин узилган карам бошида саккиз ой давомида камаймасдан сақланади. Оқ бошли карамда инсон организми учун зарур бўлган барча витаминлар ва фойдали минерал моддалар бор. Карам таркибида глюкоза апельсин, лимон ва олмага қараганда кўпроқ, фруктоза миқдори эса, сабзи, пиёз, лимон ва картошкадагига нисбатан кўпроқ миқдорда мавжуддир. Унинг шифобахш хусусиятлари устида тўхталиб ўтамиз.
Тузланган карам ўз таркибидаги уксус ва сут кислоталари организмдан чиритувчи бактерияларни чиқариб юбориш хусусиятига эга. Таркибида сахароза и крахмал миқдорининг озлигидан янги карамни истеъмол қилиш диабетиклар учун ҳа мжуда фойдали. Уни озишни мақсад қилганлар овқатланиш рўйхатига киритишлари мумкин.
Карамдаги ичаклар фаолиятини яхшиловчи бириктирувчи моддалар организмни турли хилтлардан ва холестериндан тозалайди ва ичакларда фойдали микрофлорани шакллантиради.и турли хилтлар чи ш рўйхатига киритишлари мумкин.
Терининг куйган, йирингли яра, совуқ урган ва зарбадан кўкарган жойларига майдаланган карам баргини компрес қилиб қўйилса, бу яра ва жароҳатлар битишини тезлаштиради.
Янги карамдан олинган шарбат ичиш ёрдамида панкреатитдан, ошқозон ярасидан, холециститдан, гастритдан, меъёридан баланд юрувчи ошқозон ширасидан, циститдан ва хроник пиелонефритдан фориғ бўлиш мумкин.
Карам шарбати асаб қўзғалиш иллатини камайтиради, томирлар атеросклерозини даволашда ёрдам беради, ортиқча вазндан халос этади ва турли шишларни кетказишда ёрдам беради.
Қондаги қанд моддаси миқдорини камайтириш учун карам шарбатига илиқ сув қўшиб, овқатланишдан ярим соат олдин чорак стакандан ичилади.
Карам шарбати ичиш юзга тошган сепкилдан фориғ бўлишга сабаб бўлади.
Сариқ касали билан оғриганда, қабзиятда, бавосирда, гастритда, ошқозон шираси меъёридан паст юрганида, бепуштликда, дисбактериозда ва доимий чарчоқ ҳис қилишда карам шарбати ичиш тавсия этилади.
Карамни истеъмол қилиб бўлмайдиган ҳолатлар
Панкреатитда организмнинг қорин ва кўкрак қисмида жарроҳлик амалиётларини бошидан кечирган кишилар янги карам истеъмол қилишдан ўзларини тийишлари лозим.
Ошқозон ва ичак йўлларида қон оқиши, ошқозон яраси хуружи, қалқонсимон без фаолияти бузилиши ҳолатларида карам истеъмол қилиш мумкин эмас.
Ўткир энтероколитда ва диарея (ичкетиш)да карамни жуда эҳтиёт бўлиб истеъмол қилиш лозим бўлади.
Янги карам шарбатини ичиш ошқозонида шира ажратилиши меъёридан юқори бўлган кишиларга мумкин эмас, чунки бу шарбат ошқозон бези фаолиятини кучайтиради.
Гастрит, панкреатит, ошқозон яраси , қон босими, жигар ва буйракларида хасталиги бўлган кишиларга тузланган карам истеъмол қилиш рухсат берилмайди.
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади.
1 май 2018 йил.
Имом Бухорий асарларидаги ҳадиси шарифларнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Унинг бандаси ва элчиси бўлган Пайғамбаримиз жаноб Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг аҳли оилаларига, саҳобаи киромларига, ум-матларига Аллоҳ Таолонинг раҳмати ва саломи бўлсин.
Унинг бандаси ва элчиси бўлган Пайғамбаримиз жаноб Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи ва салламга умум башарият учун энг керакли ва муҳим дастуруламал бўлган, унда бутун борлиқ қомуси баён қилинган Қуръонни нозил қилди. Шу билан биргаликда У Зот хотимул анбиё бўлган ўз Пайғамбарига нозил қилинган шариат аҳкомларини Қуръон тафсирини умматларига тушунтиришни умумбашариятга тўғри, ҳақ йўлни кўрсатишни топширди. Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга буюрган топшириғи у зотнинг Пайғамбарлик ҳаёти даврида, яъни 23 йил мобайнида Аллоҳнинг нусрати ила бажарилди.
Марказий Осиё ўлкалари ҳам ислом нури ила мунаввар бўлди. Ўлкамизда кўплаб аллома-ю авлиёлар етишиб чиқди. Улар муқаддас Ислом динини асрлар оша авлодларга асл ҳолида етказиб берилишига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшдилар.Ўлкамизда диний илм : фиқҳ, тафсир, ҳадис, ақида илмлари билан бир қаторда дунёвий илмлар: физика, алгебра, тиббиёт, астрономия ҳам мисли кўрилмаган даражада тез ривожланиб олам аҳлини лол қолдирди.
Аммо 70 йиллик даҳрийлик-худосизликка асосланган қизил империя тузуми бир вақтлар илм нури билан бутун дунёни нурафшон айлаб, олам аҳли диққат эътиборини ўзига қаратиб, ҳайратга солган халқни жоҳилият ботқоғига қориштириб ташлади. Дунё аҳлига таълим берган халқнинг фарзандлари даҳрий тузум истибдоди остида ўз дини эътиқоди қандай бўлганлигини, Пайғамбари кимлигини унутиш даражасига бориб етди.
Аллоҳ таоло берган буюк неъмат истиқлол сабабли ва халқимизнинг одил раҳбарлари меҳнати сабабли, жумладан аҳли илмнинг фидокорона саъю ҳаракатлари билан халқимиз аста- секин ўзлигини танимоқда ва жаҳонга ўзлигини танитмоқда.
Яратганга беадад шукроналар бўлсин.
Мустақиллик шарофати билан бебаҳо маънавий мулкимиз-динимиз қайта тикланиб ривож топмоқда. Қадимдан халқимиз жон-жонига сингиб кетган муқаддас динимиз билан узвий боғлиқ бўлган миллий қадриятларимиз асл ҳолига қайтмоқда.
Мамлакатимиз Мустақилликка эришиши шарофати билан юртимизда ҳар-бир соҳада жуда катта ислоҳотлар бошлаб юборилди ва бунинг натижасида ҳар бир соҳада катта ютуқлар қўлга киритилди.
Жумладан, юртимизда диний қадриятларимиз тикланди, буюк бобокалонларимиз илмий меросини ўрганишга кенг йўл очилди. Бу ноёб мерос дурдоналари олимлар ва мутахассислар томонидан изчил ўрганилиб, халқимизга етказилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда икки минг эллик иккита масжид фаолият олиб бормоқда. Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва тўққизта ўрта махсус ислом билим юртларида ёшларимиз таҳсил олмоқда. Биринчи Президентимиз И. Каримов ташаббуслари билан 1999 йил 7 апрелда Тошкент ислом университети ташкил этилди.
Минглаб фуқароларимиз ҳаж ва умра зиёратига бориб келиш имкониятига эга бўлдилар. Халқимиз ичида мустақилликнинг илк йиллариданоқ диний таълимга эҳтиёж кучайди. Шунинг учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси таркибида 1992 йил таълим бўлими таркиб топди. Кейинчалик таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими деб номланадиган бўлди.
Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча ўрта махсус ислом билим юртлари талабалари учун диний махсус фанлардан дастур ва маъруза матнлари тайёрланиши йўлга қўйилган.
Шунингдек талабаларни билим-малакалари савиясини ошириш ва замон билан ҳамоҳанг ҳолда ташкил қилиш учун махсус фанлардан тўгараклар ташкил қилиниб, таълим жараёнида замонавий техника воситалариларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилди.
Мустақиллик натижасида юртимиздаги ислом дини учун катта хизмат кўрсатган, динимиз юксалиши учун улкан ҳисса қўшган олиму-фозил, азиз авлиёлар қадамжолари, жумладан боболаримиз илму-қудратига далолат қилиб турган осору-атиқалар, масжиду-мадрасалар қайтадан таъмирланди, баъзилари эса қайтадан бунёд қилинди.
Дунё имоми, мўминлар амири имом Бухорий ҳазратлари мақбараларини ва унинг ёнидаги эски масжидни қайтадан улкан ва ҳашаматли зиёратгоҳ қилиб бунёд этилгани ва масжид ёнидаги замонавий Имом Бухорий халқаро илмий маркази қад кўтарганлиги шулар жумласидандир.
Ватанимиз ислом оламига кўплаб олиму-фузалолар етказиб берган диёрдир, бу ватан жумладан муҳаддислар ватанидир. Ислом оламида “Тўққиз китоб” деб ном олган машҳур ҳадис тўпламлари учтасининг муаллифи бизнинг ватандошларимиздир.
Улар ичида “олти саҳиҳ” китоб деб тан олинган машҳур ҳадис тўпламларининг муаллифларини иккитаси ҳам бизнинг ватандошимиздир. Улардан энг саҳиҳ ва ишонарли деб тан олинган ҳадис тўпламининг соҳиби ҳам бизнинг ватандошимиз, имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорийдирлар.
Шу ўринда жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари ҳақида тўхталиб ўтсак.
Ислом динида Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Карим биринчи манба, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари иккинчи манба ҳисобланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам умматларига шундай васият қилганлар;
عن مالك بن انس مرسلا قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم تركت فيكم امرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما كتب الله و سنة رسوله. رواه مالك فى الموطأ
“Мен сизларга икки нарсани қолдирдим, модомики уларга амал қилар экансизлар, ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайсизлар. Улар Аллоҳнинг китоби (Қуръони карим) ва менинг суннатимдир”.
“Ҳадис” ва “Суннат” сўзлари муҳаддисларнинг ўртасида деярли бир маънода қўлланиб, жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўзлари, хулқу-сийратлари қилган амаллари, ҳаёт йўллари ва бошқалар қилган амалларини ман этмаслиги-ю, бошқаларга кўрсатган ишора-ю иршодларидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга тегишли ана шундай ҳатти-ҳаракат ёки кўрсатмалар ҳақидаги ривоят ва нақллар ҳадис деб юритилади. Ҳадисларда ислом дини аҳкомлари, яъни фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳалол, мубоҳ, макруҳ, ҳаром каби амаллар, шунингдек, булардан ташқари ахлоқ-одоб, илм-маърифат ва бурчларга оид кўрсатмалар талқин этилган. Ҳадисларда ибодатнинг тартиб-қоидалари ва уларни мукаммал бажаришга даъват этиш билан бирга инсоний фазилатлар ҳам кенг тарғиб қилинади. Инсонийлик шаънига доғ туширадиган разил сифатлар қаттиқ қораланади. Шунинг учун исломнинг илк даврлариданоқ мусулмонлар ҳадисларга жуда катта аҳамият беришган . Эшитган ҳар бир ҳадисни хатосиз, асл ҳолича ёд олишга ва бошқаларга етказишга қатъий риоя қилинган. Бу тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам мусулмонларни тез-тез огоҳлантириб турган. Ҳадис мазмуни ва иборасини бузиб ўзича янги ҳадис тўқиб тарқатувчилар қаттиқ қораланган;
من كذب على متعمدا فليتبوأ مقعده من النار
“Кимки менинг номимдан қасддан ёлғон тўқиса, охиратдаги жойини дўзахдан ҳозирлаб қўйсин”
Бундай талабчанлик Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан кейин ҳам анча йиллар ҳадисларни соф ҳолда сақланиб туришига имкон берган. Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз саҳобаларига буйруқ тарзида ушбу ҳадисни айтганлар; “Шоҳид (гувоҳ бўлган) киши биздан! Ғойибдаги (гувоҳ бўлмаган) кишига етказсин. Балки ўша киши ҳадисни етказган кишидан кўра сақлагувчироқдир”.
Ушбу тарзда саҳобалар бир-бирларига, эшитганлар эшитмаганларга Пайғамбаримиз ҳадисларини етказиб, айтиб юриб Пайғамбар алайҳиссалом сўзларини авлоддан-авлодга ўтиб асл ҳолида сақланиб қолишга сабабчи бўлдилар!
Жумладан ҳадисларда жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқу сийратлари, сиймолари ва у зотга тегишли тарихий маълумотлар ҳам аниқ ва батафсил баён қилингандир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқу-сийратлари баёни тўғрисида у зотнинг ўзлари шундай деб кўрсатма берганлар.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияоллоҳу анҳудан ривоят қилинади; “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:- Эй мусулмонлар, сизлар илмни мадҳ ва таъриф этишда насоролар Исо алайҳиссаломни мадҳ ва таъриф этгани каби ҳаддан ошманглар ва муболаға қилманглар. Ҳақиқат шулдурки, мен Аллоҳ таолони бандасидурман, сизлар ҳам мени Аллоҳ таолонинг бандаси ва расули деб ёд қилинглар. Яъни ёд қилганда шундай калом истеъмол қилинсинки, ундан ширк ёки ғулу фаҳмланмасин” Имом Термизий ривояти. (“Шамоилу Муҳаммадия” 256-хадис)
Аллоҳ Таоло ўзининг каломи шарифи Қуръони каримда Пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсифлари ҳақида шундай марҳамат қилади;
و انك لعلى خلق عظيم
“Сиз (Эй ҳабибим, Муҳаммад алайҳиссалом) буюк бир хулқнинг устидадурсиз” (Қалам сураси-4оят).
Бу таъриф қисқа, аммо ўзида олам-олам маънони мужассам қилгандир.
Дарҳақиқат бу ҳақда Расули акрам саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам шундай хабар берадилар.
بعثت لاتمم مكرم الأخلاق
“Мен олий хулқларни такомиллаштириб камолига етказмоқлик учун жўнатилдим”.
Ҳа, Расули акрам саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифалари фақат шаръий аҳкомларни умматига етказиш бўлиб қолмасдан башариятни юксак ахлоқли жамиятга айлантириш эди. Бу ишда у зотнинг ўзлари уларга ягона олий намуна эдилар.
Пайғамбар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам қавми ичида уларнинг энг хулқи чиройлиси, ростгўйроғи, омонатда энг ишончлиси, жумладан инсонийликка ёт бўлган ёмон хулқлардан , фаҳш амаллардан энг йироқ эдилар. Расули акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам қўшничилик ҳаққига қатъий риоя қиладиган, сабрли, ҳалим, одил, хуш тавозеъли, пок, сахий, шижоатли, қаноатли, доимо шукр айтувчи инсон эдилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам чимилдиқдаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ бўлганлар, ҳеч қачон фаҳш сўзларни сўзламаганлар. Расули акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам хулқлари Қуръон бўлган, илоҳий тарбия остида улғайган камтарин хуштавозеъ инсон бўлганлар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга бундай таъриф берганлар; “Ҳар доим юзлари кулиб турар, табиатлари ўта мулойим эди. Жуда кечиримли, қаҳрлари ҳам қаттиқ эмас эди. Ҳеч ким билан тортишмас, ҳеч кимсага бақириб чақирмас, бирор ёмон сўз сўзламас эдилар. Бировни айбламас ва қурумсоқ ёки қизғанчиқ ҳам эмасдилар. Ёқтирмаган нарсасига эътибор бермас ва ҳеч кимни умидсизликка тушишга йўл қўймас эдилар. Ўзларини безовта қилган нарсаларни сездирмас ва ҳеч кимнинг юзига айбини айтмас эдилар. Орқасидан гапириб ғийбат қилмас эдилар. Бировнинг айбини излаш билан машғул бўлмас эдилар. Ҳеч кимга унинг учун хайрли ва савобли бўлмаган сўзни айтмас эдилар. Ҳалимлик (юмшоқлик) ва сабрни ўзларида жо эта олган бўлиб, ҳеч нарса у зотнинг жаҳлларини чиқармас эдилар”.
Оиша онамиз (Аллоҳ рози бўлсин) у зотни шундай тарифлайдилар: “Инсонларни энг чиройли хулқлиги эдилар, ҳеч ёмон сўз айтмас, бўлмағур ишлар билан машғул бўлмас эдилар. Бозорда бақириб чақирмас ва ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришга уринмас эдилар. Фақат кечиримли эдилар. Инсонларнинг энг нозик табиатлиси, гўзал хулқли ва хушмуомаласи эдилар. Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан бошқа пайтларда бирор хизматкор ёки жорияга ҳам, умуман ҳеч кимга қўл кўтармас эдилар”.
Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ Таоло айтганидек раҳмат Пайғамбари эдилар.
وما ارسلناك الا رحمة للعالمين
“Биз сизни оламларга раҳмат бўлсин дея юбордик”
Расули акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам илоҳий тарбия замирида камолга етиб, хулқлари Қуръон, сиймолари ислом эдилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жаноб расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам на кўп узун эдилар ва на кўп қисқа эдилар. Ўрта қадлик одамлардан эдилар ва муборак сочлари на зиёда буралган эди ва на зиёда ёзилган эди, балки иккисини ўртасида эди. Озроқ буралган эди ва муборак баданлари на зиёда семиз гўштлик эди ва на муборак чеҳралари зиёда юмалоқ эди, балки озроқ мудаввар эди. Чеҳралари қизилга моил оқ эди. Икки кўзлари ниҳоятда қаро ва киприклари ниҳоятда узун эди. Икки суякларининг қўшиладиган бошлари йўғон эди ва икки кифт (елка)ларининг жамъ бўладиган ерлари ҳам йўғон гўштлик эди.Баданларида тук йўқ эди, магар сийналаридан киндикларига нозик мўйдан бир хат чизиқ тортилган эди. Икки кафтлари ва икки қадамлари тўла гўштлик эди. Қачон йўл юрсалар ва қадамларини ердан қувват ила узиб олур, гўёки пастликка кетиб турган каби кўринур эди (яъни юришда қийналмас эдилар). Қачон бир тарафга бурилсалар бутун баданлари билан бурилар эдилар. Танҳо бўйинларини буриб қўймас эдилар. Икки кифтларини (елкаларини) ўртасида муҳри нубувват, яъни пайғамбарлик муҳри бор эди ва ўзлари тамом пайғамбарларнинг охирлари эдилар. Ҳаммадан зиёда сахийдиллик Зот эдилар. Ва ҳаммадан зиёда рост сўзлагувчи, мулойим табиатли, хонадони шарафлик зот эдилар. Кимки жанобни биринчи бор кўраётган бўлса ҳайбатлари босар эди ва кимки яхши таниб суҳбатларига мушарраф бўлса, дийдорларига ва суҳбатларига ошиқ бўлиб қолар эди. Маддоҳлари, мен бу жанобга ўхшаган зотни на ўзларидан олдин кўрдим ва на ўзларидан кейин кўрдим, дер эдилар.” Имом Термизий ривояти.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаи киромлари томонидан ривоят қилинган манбалардан маълум бўлдики, жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам халқ назарида ниҳоятда улуғ ҳурматлик, чеҳралари ўн тўрт кечалик ой каби нурафшон, ўрта бўйли, бироз узунроқ, қомати узун бўлмаган юзи доимо ним табассумли барча учун маҳбуб зот бўлганлар. Расули акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам сахийдиллик турмушлари оддий, аммо эҳсон бобида у кишига шоҳлар ҳам тенг бўла олмайдиган, ҳожатманднинг ҳожатбарори бўлганлар.
Одам алайҳиссаломдан Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган пайғамбарлар барчалари олий хулқли комил инсонлар бўлишган. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам эса қиёматгача келадиган бутун башарият учун жумладан биз учун мавҳум олам вакиллари жинлар учун омматан Пайғамбар этиб юборилганлар. У зотнинг бетакрор сифату сиймоларидан энг эътиборлиси оламларга омматан Пайғамбар этиб юборилгани ва пайғамбарларни энг сўнгиси эканлигидир.
ما كان محمد أبا أحد من رجالكم و لكن رسول الله و خاتم النبين. و كان الله بكل شئ عليما
“Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг охиргисидир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир.” (Аҳзоб сураси -40)
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам қирқ ёшга тўлганларида у зотга Аллоҳ таолодан ваҳий нозил қилиниши бошланди. Бу ҳолат Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқу-сийратларини камолга етганлигига далолатдир. Қуръони каримнинг илк ояти Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга ўқишга, илм олишга бўлган буйруқ оятлари билан нозил қилинди, аммо Пайғамбаримиз ўқиш-ёзишни билмайдиган киши эдилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллламни ўқиш-ёзишни билмасликларини ҳаётлари давомида бирор қўшиқ у ёқда турсин, ҳатто шеър айтмаганлигини ҳам ўзига яраша илоҳий ҳикмати бор.
Биз бу ҳақда тўхталмасакда, мавзумизга алоқадор бўлган маълумотларга қайтсак. Муқаддас динимиз Ислом динида илм олишга катта эътибор берилган, зеро Қуръоннинг ўқишга, илм олишга бўлган буйруқ билан илк оятини нозил қилинишида ҳам катта ҳикмат бор.
اقرأ بسم ربك الذى خلق.
“Яратган Раббинг номи билан ўқигин” (Алақ сураси-1)
Ҳеч бир динда ислом динидаги каби илм олишга катта эътибор берилмаган.
Илм соҳиби бўлганлар ислом динида юксак мартабаларга кўтарилиб, уларнинг мақоми-мартабаси охиратда пайғамбарларга тенглаштирилади. Аллоҳ таоло қурони каримда шундай марҳамат қилади:
قل هل يستوى الذين يعلمن و الذين لا يعلمون
“Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”(Зумар сураси-9)
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам толиби илм мартабаси ҳақида шундай хабар берадилар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم طالب الرحمة طالب العلم ركن الاسلام يعطى اجره مع النبيين. رواه البخارى
“Илмга интилувчи –Аллоҳнинг меҳрига интилувчидир. Илмга интилувчи Ислом дини таянчи, унинг ажру мукофоти Пайғамбарлар билан бирга берилади.” Имом Бухорий ривояти.
Маълумки илм икки хил тоифага бўлинади; дунёвий илм ва шариат илми. Ислом динида илм олишга бўлган буйруқлар фақат шариат илмига хос эмасдир бунга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари далолатдир:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم اطلبوا العلم ولو باصين. فان تلب العلم فريضة على كل مسلم. رواه البخارى
“Гарчи Хитойда бўлсангиз ҳам илм изланглар, илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир” Имом Бухорий ривояти.
Мусулмон киши ноисломий давлатдан қандай билим олиши мумкин? Албатта дунёвий билимни.
Инсон учун илм олишнинг фойдаси бисёрдир, шулардан аввало соҳиби илм ўз илми-тафаккури билан Аллоҳ таоло Қудратини, Ҳикматини, Яратгувчилигини кўради, ўзининг бу дунёда синов учун келтирилган ожиз бир банда эканлигин англаб етади ва илм савиясини ошириб, ўзига фарз қилинган ибодатларда бардавом бўлади, ўз илми билан жамиятига фойда келтириб, уни тараққиёт чўққиси сари етаклайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ўқиш-ёзишни билмасаларда у кишида Аллоҳ таоло томонидан бир неча турдаги илмлар мужассам қилинди. Пайғамбарлик мақоми ҳозир ва ғойиб илмлари, келажак илмининг баъзилари, сўздаги фасоҳат, ақли расолик, кенг фикрлилик шулар жумласидандир. Пайғамбар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган илмларнинг энг юксаги Қуръон ва шариат илми, жумладан илоҳий тарбия остида камолга етганлигидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида юқорида зикр қилинган ана шу мақсадларда талабаларага ҳадис илмидан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳулқи сийратлари ва тарихидан мукаммал ва муфассал аниқ маълумотлар асосида таълим берилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари ва Қуръон оятлари дунёвий илмларга боғлаб, ҳамоҳанг тарзда талабаларга етказилмоқда. Масалан: Физика фани атом ядросининг иккига, яъни протон ва нейтронларга бўлиниши, ва уларни аниқ низом асосида ҳаракатланиши ҳам Аллоҳ таоло қудратини илм соҳибига намоён қилди.
وما تكون فى شأن وما تتلوا منه من قرءان و لا تعملون من عمل الا كنا عليكم شهودا اذ تفيضون فيه. وما يعزب عن ربك من مثقال ذرة فى الأرض و لا فى السماء ولا أصغر من ذلك و لا أكبر الا فى كتاب مبين
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз қандай иш билан машғул бўлманг ва у (иш) ҳақида Қуъондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша ишларга киришган пайтингизда, албатта, Биз сизларни устингизга гувоҳ бўлурмисиз. Еру осмондаги бир зарра мисоличалик, ундан (заррадан) ҳам кичикроқ, (ёки) каттароқ бирор нарса парвардигорингиздан махфий бўлмас, албатта (бу ҳаракатлар) очиқ Китобда (Лавҳул Маҳфузда) мавжуд бўлур ”. (Юнус сураси-61).
Шу жумладан она тили ва адабиёт фанидан ҳадисларда одоб-ахлоқнинг баён қилиниши фан амалиёти дастурида боғлиқ ҳолда таълим берилмоқда.
Таълим муассасаларида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари бобларга ажратилган ҳолатда таълим берилмоқда.
Таълим жараёнида беш хил услуб қўлланилади.
- Ҳадис фанидан талабаларга ҳадисдан таълим бериш ва ёд олдириш.
- Ҳадис тўгаракларида талабаларга дарсдан ташқари ҳадис илмидан таълим бериш.
- Талабалар ўртасида ҳадис бўйича мусобақалар ташкил қилиниб, энг кўп ҳадис ёд олган талабаларни ҳомийлар ҳисобидан рағбатлантириш.
- Ҳадис истилоҳи орқали ҳадислардан ҳукм чиқариш.
- Талаба амалиёти услубий дастурлари билан талабаларга ҳадис илмидан таълим бериш.
Таълим муассасаларида талабаларга ҳадис илмидан янада чуқурроқ таълим бериш мақсадида 2012 йил бошидан “Ал-адаб ал-муфрад” асари асосида одоб-ахлоққа оид ҳадислар ўқитилмоқда. Бу фан сабабли талабалар Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва
саллам ҳадислари билан янада яқинроқ танишиб, ўзларида ҳадис илми соҳасида кенгроқ, атрофлича билим ҳосил қилишади.
Ҳадис истилоҳи фанида талабаларга ҳадисларни турларга, мартабаларга, мақбул ёки мардудга, носих ва мансухга хос ва умумга ажралиши ҳақида маълумот берилади. Жумладан ҳадис илми тарихи, саҳобалар, ровийлар, муҳаддислар тарихи ҳақида ҳам маълумот берилади. Ҳадис истилоҳи фани таълими жараёнида ҳам кўргазмали қуроллардан, техник воситалардан ва қўшимча адабиётлардан фойдаланилади.
Жорий йилда диний таълим муассасалари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасалари талабалари ҳамда ўқувчилари ўртасида “Ҳадиси шариф билимдони” кўрик танлови ўтказиш устида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Жалолиддин Нуриддинов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири