muslimuz

muslimuz

Понедельник, 09 Октябрь 2023 00:00

Бемор бўлганда бажариладиган суннатлар

  1. Дардга шифо излаш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Даволанинглар! Аллоҳ азза ва жалла қайси бир дардни берган бўлса, унинг шифосини ҳам берган”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

  1. Гуноҳлар мағфират қилинишига умид қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат – ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам – ғуссами, ҳаттоки тикан киришими етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, деганлар. 

  1. Ушбу дуони ўқиш.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом барча касалликларга ва иситма чиққанида:

"Бисмиллаҳил карийм, аъузу биллаҳил аъзийм, мин шарри кулли ҳирқин наҳҳар ва мин шарри ҳаррин наар"

“Буюк Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Улуғ Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ва дўзах ўтининг ёмонидан паноҳ тилайман”, деб айтишни ўргатганлар (Имом Ибн Сунний ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Четверг, 05 Октябрь 2023 00:00

Вақтни ортга қайтарса бўлади!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ким вазифасини бажара олмай қолса...

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолса-ю, уни бомдод билан пешин орасида ўқиб олса, унга худди кечаси ўқигандек ёзилади”, дедилар.

Кимки ҳар куни ёки кечаси ўқишни вазифа қилиб олган намоз, Қуръон тиловати ёки зикрини бирор сабабга кўра бажара олмай ухлаб қолса ё баъзи қисмини адо этмаган бўлса, бомдод ва пешин намозлари орасида ўқиб олса, худди вақтида ўқигандек савобга эга бўлади. Гўё вақт ортга қайтгандек.

Қалбинг ўлик экан

Бундай вазифалар – “вирд” дейилади. Вирд банданинг тарк қилмай доимо бажариб юрадиган зикр, салавот, тиловат каби кундалик вазифасидир.

Уламолар айтадилар: "Агар Қуръондан, илмдан, зикрлардан ҳар кунги вирдинг бўлмаса, у ҳолда қалбингга тўрт такбир ила жаноза ўқиб қўявер. Чунки сенинг қалбинг ўлик экан".


Умар розияллоҳу анҳунинг вирди

Ўтган солиҳлар нафақат фарз балки нафл вазифаларининг ҳам қазосини адо этишарди. Уларни қолдириб юборишдан хавфда бўлиб, ҳаттоки каффоротига қул озод қилардилар, садақа берадилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам вирдлари бир кун кам бўлиб қолса, иккинчи куни қазосини адо этардилар.

 
Қуръондан 10 пора ўқирди

Имом Таҳовий Муҳаммад ибн Ҳасандан ривоят қиладилар: "Имом Муҳаммаднинг Қуръондан бир кеча-кундуздаги вирди (вазифаси) ўн пора эди".


Қаердасиз?

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қуръони каримдан тиловат қилишни, истиғфор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни ўзларига вирд қилиб олганлар қаерда қолишди?! Эртаю кечда вирдларни вазифа тутиб олган кишилар қаерда қолишди?

 

Вирд (дуо, зикрлар) билан машғул бўлиш учун ўқиладиган дуо:

“Робби ишроҳ лий содрий ва йассир лий амрий ваҳлул ъуқдатан мин лисааний йафқоҳу қовлий. Саддид лисааний ваҳди қолбий биҳаққи саййидина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам”.

Маъноси: “Роббим, қалбимни кенг қил. Ишимни осон қил. Тилимдаги тугунни ечгин. Сўзимни англасинлар. Тилимни мустаҳкам қил ва саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаққи қалбимни ҳидоят қилгин”.


 Вирддан узоқлаштиради

"Бугун ишларим кўпайиб кетди, чарчаб қолдим, эртадан, кейинги ойдан, шу ҳафтанинг бошидан қолдирмасдан бошлайман", деб кундалик вазифа (вирд)ларингизни ортга сураверишингиз вирдлардан узоқлашиб бораётганингизга далолат қилади.

 
Оз бўлсада, бардавом бўлсин

Вирдларни озгинадан бўлса ҳам, давомли равишда бажаришга ҳаракат қилинг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан "Қайси амал Аллоҳ учун энг маҳбуб?" деб сўрашганда, у зот алайҳиссалом: "Оз бўлса ҳам, давомлиси", дедилар.

 
Масалан...

Ҳар кун учун алоҳида бир зикрни айтишни ўзингизга вазифа қилиб олинг. Масалан, бир кун фақат эртаю кеч “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”ни, эртасига “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни, бошқа куни салавот айтинг. Кун давомида бекорчи-гап сўзларнинг ўрнига ўша зикрни кўп қилишга одатланинг, ададини ҳам аста-секин ошириб боринг. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони ҳар он, ҳар дам, ҳар лаҳзада зикр қилар эдилар” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, энг афзал зикр – Қуръондан ҳам вазифалар белгилаб олинг. Масалан, энг камида бомдод намозидан кейин "Ёсин", пешинда "Фатҳ", асрда "Набаь", шомдан сўнг "Воқеа", хуфтонда "Мулк" сурасини ўқишга одатланинг.

Дуо

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зокир ва қалби зикр ила ором топувчи бандаларидан қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Среда, 04 Октябрь 2023 00:00

Ота-онангизни дуо қиляпсизми?

Қуръони каримда ота-она фарзандининг ҳаққига қандай дуо қилиши кераклиги ҳақида бир нечта оятлар келган. (http://old.muslim.uz/index.php/maqolalar/item/37418-farzandingizni-nima-deb-duo-ilyapsiz). Шунингдек, фарзанд ота-онасининг ҳаққига нима деб дуо қилиши ҳақида ҳам оятлар бор.

1. Аллоҳ таоло ота-онангизнинг гуноҳларини кечиришини сўраб дуо қилинг.


 ﴾رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ﴿

Ўқилиши: “Роббанағфир лий ва ли ваалидаййа ва лилмуминийна йавма йақумул ҳисааб”.

Маъноси: “Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).

2. Аллоҳ таоло ота-онангизга раҳм қилишини сўраб дуо қилинг.


﴾رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا﴿

Ўқилиши: “Роббирҳамҳумаа камаа Роббайааний соғийро”.

Маъноси: “Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро сураси, 24-оят).

 Даврон НУРМУҲАММАД

Бу касалликка дучор бўлган одам – Аллоҳ таолонинг мағфирати ва раҳматидан умид қилади-ю, аммо гуноҳ қилишда давом этаверади.

 Муолажа услуби

Шуни унутмаслик керакки, Аллоҳ таоло фақат гуноҳларидан чин дилдан тавба қилган ва уларга ҳеч қачон қайтмасликка ваъда берган ҳамда қайтмаган бандаларининг гуноҳини кечиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар. Ана ўшаларнинг мукофотлари, Роббиларидан бўлган мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, улар унда абадий қолурлар. Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!" (Оли Имрон сураси, 135-136-оятлар).

Абу Ҳафс раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Гуноҳ қилишда бардавом бўлиш Аллоҳ таолонинг куч ва қувватига эътиборсизлик (бепарволик) ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло золимлар учун азобни ваъда қилган”.

Аллоҳ таоло фақат Ўзидан қўрққан, Унинг ризолиги учун яхши амаллар қилган бандаларига албатта раҳм қилади. Аллоҳ таоло айтади: "Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир" (Аъроф сураси, 56-оят).

Шуни унутмангки, Аллоҳ таоло гуноҳларидан чин дилдан тавба қилган ва Ундан мағфират сўраган бандаларини кечиради ва Ўзининг раҳматига киритади: "Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим раҳмли ва шафқатли Зотдир" (Ҳуд сураси, 90-оят).

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Ота-онанинг дуоси шубҳасиз қабул бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир нарса билан Аллоҳ азза ва жалланинг орасида парда бор. Фақатгина “Лаа илаҳа иллаллоҳ” шаҳодати ва ота-онанинг дуоси бундан мустасно", дедилар.

Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ота-онанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмайди”, деганлар.


Фарзанднинг ҳаққига қандай дуо қилиш керак?

1. Фарзандингиз намозни қоим қилувчилардан бўлишини сўраб дуо қилинг. Чунки "...намоз фаҳш ва мункардан қайтарур" (Анкабут сураси, 45-оят). Бунинг учун қуйидаги дуони ўқинг:

 

Ўқилиши: "Роббижъалний муқиймас солаати ва мин зурриййатий Роббанаа ва тақоббал дуъааи".

Маъноси: "Роббим! Мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Роббимиз, дуони қабул этгин" (Иброҳим сураси, 40-оят).


2. Фарзандингиз кўзингиз қувончи бўлишини сўраб ушбу дуо қилинг:

Ўқилиши: "Роббана ҳаблана мин азважина ва зурриййатина қуррота аъйунин важъална лил-муттақийна имама".

Маъноси: "Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!" (Фурқон сураси, 74-оят).

Фарзандингиз солиҳ эканини кўрсангиз кўзларингиз қувончга тўлади. Ота-онангиз дуосини олиб қолинг, ота-онаси борлар...

 Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар

Top