muslimuz

muslimuz

  1. Аллоҳнинг ризқига қаноат қилинг, чунки савдонинг баракаси қўлга теккан фойдага қаноат қилиш ва айбини айтиб сотишдадир. Зубайр розияллоҳу анҳудан сўрашди: “Бунча мол-давлатга қандай эришдингиз?” У зот жавоб бердилар: “Фойдани кўзлаб савдо қилмадим ва (маҳсулотимнинг) айбини яширмадим”.

Кўп қасам ичиш ҳам савдодан баракани қочиради.

  1. Савдогар ё яхши, солиҳ инсон бўлади ё фосиқ бўлади! Рифоъа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан (ҳайит ва жумъа намозлари ўқиладиган) намозгоҳга чиқибдилар. Қарасалар, одамлар савдо қилишаётган экан. Рифоъа розияллоҳу анҳу: “Ҳой савдогарлар”, деб нидо қилган эканлар, одамлар бошларини кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарашибди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Савдогарлар қиёмат куни фожир (гуноҳкор) ҳолда тириладилар, илло Аллоҳдан тақво қилиб, ҳалол савдо қилган ва ростгўй бўлганлар бундан мустасно”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисда қуйидагича келади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Савдогарлар фожирлардир”, дедилар. Одамлар: “Ё Расулуллоҳ, ахир Аллоҳ савдони ҳалол қилмаганми?!” дейишди. У зот алайҳиссалом жавоб бердилар: “Ҳа шундай, лекин улар ёлғон гапиришади, ёлғон-яшиқ қасамлар ичиб, шу сабаб гуноҳга ботишади”.

Яна бир ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ростгўй, омонатдор, мусулмон савдогар қиёматда пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар билан бирга бўладилар”.

Аллоҳ кимники бирор тижоратига барака бермаса, ундан бошқасига ўтсин. Бу ҳақда Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қуйидагича ривоят қилинади: “Ким бир ишда уч бор тижорат қилса-ю, ҳеч иши ўнгидан келмаса, уни қўйиб, бошқа ишга ўтсин. Кимники бир шаҳарда иши ўхшамаса (ўша шаҳардаги савдоси юрмаса), бошқа шаҳарга ўтсин”.

Ана энди савдодаги одоблар ҳақида келган баъзи ҳадисларни келтириб ўтамиз:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: Бир киши бирон-бир хурмозор ёки мевазор боққа бошқа бир киши билан шерик ҳолда эгалик қилаётган бўлса, уни сотишда шеригининг розилигини сўрасин, розилик берса, сотсин, розилик бермаса, савдодан қайтсин (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилинган қулга ҳомийлик қилмоқ ҳуқуқини сотмоқдан ва ундан воз кечмоқдан қайтардилар” (Имом Бухорий ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Макка фатҳ қилинган йили ўша ерда туриб: “Аллоҳ ва Унинг элчиси хамр (ароқ), чўчқа гўшти, ўлимтик ва санамларни сотишни ҳаром, деб эълон қилди”, деганларини эшитган эканлар. Шунда одамлар: “Ё Расулуллоҳ, ахир ўлимтик мойидан кемаларни мойлашда, териларни бўяшда, ундан чироқ ясаб уйларни ёритишда фойдаланилади-ку”, дейишди. Бунга Набий алайҳиссалом: Йўқ, у ҳаром!, деб қатъий жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг бозорини касод қилмоқ ниятида атайлаб нарх-навони оширмоқни ман этдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизга ҳасадлашманг. Ўзаро нархларни ошириб юборманг (яъни сотиб олиш нияти бўлмаса-да нархини ошириш учун ёлғондан баҳолашманг). Бир-бирингизга ғазаб қилманг ҳамда орқа ўгириб муносабатларни бузманг. Баъзиларингиз баъзиларингиз савдоси устига савдо қилмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари билан ҳар кўришганларида ўртадаги меҳрни мустаҳкамлашга жуда ҳарис эдилар. Бунинг учун муҳаббатни оширадиган ва қалбларни улфат қиладиган услубда уларга пешвоз чиққанлар. Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Фотимадан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга равиши, тутуми ва ҳайъ­ати ўхшаш бирон инсонни кўрмаганман (яъни хулқ-атвор, ўзини тутиш ва ишларни тасарруф қилиш жиҳатидан инсонларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшаб кетадигани Фотима эди). У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганида у зот Фотимани ўринларидан туриб кутиб олар, қўлидан тутиб ўпар ва мажлисларидан жой берардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам унинг ҳузурига борганларида Фотима ҳам ул зотни ўрнидан туриб кутиб олар, қўлларидан тутиб ўпар ва муносиб жой кўрсатарди”.

Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарзандлар билан ўрталаридаги муҳаббатни қандай қилиб мустаҳкамлашдан таълим олиб, уни маромига етказиб ҳаётларига татбиқ қилишар эди.

Саҳобалардан бири ҳар куни кечки таом устида фарзандлари билан ўртадаги меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлар эдилар. Бирор кун фарзандлари билан кечки дастурхон устида бирга ўтиришга улгурмай қолсалар қаттиқ маҳзун бўлардилар. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қоронғи зулматгача ўтирди. Сўнг аҳлига қайтиб борса, кичик болалари ухлаб қолишган экан. Аҳли унга таом келтирди. У бўлса, кичик болалари туфайли таом емасликка қасам ичди. Лекин фикри ўзгариб, таомни еди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлиб ўтган воқеани айтиб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир нарса учун қасам ичса-ю, сўнгра ундан яхшироғини кўриб қолса, ўшани қилсин ва қасамига каффорат берсин”, дедилар».

Кўриб турганингиздек Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобани ўша иши учун койимадилар, аксинча, унинг фарзандлари учун жонкуярлигини маъқулладилар ва қасами учун каффорат беришини айтдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам фарзандлар билан меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлаш борасида ўзига хос услублари бор эди. Ибн Умар ва ўғли Солим ўрталарида бир ажойиб воқеа содир бўлган. Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар бобоси Умар ибн Хаттобга ака-укалари ишида энг ўхшаши эди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ у ҳақида айтади: «Солимнинг замонида аввалги солиҳларга зоҳидликда ва интилувчанликда унга тенг келадигани йўқ эди. (Отаси) Абдуллоҳ ибн Умар ўғли Солимга йўлиққанида унинг қўлини ўпар ва “Шайх шайхни ўпади”, дер эди. Абдуллоҳ ибн Умар, ҳатто Солимга бўлган меҳри учун маломатга қолар, шунда у: “Солимни деб мени маломат қилишар, мен ҳам уларни маломат қиламан. Ахир кўзим ва бурним орасидаги тери Солим-ку”, дер эди. Бу гапидан ўғли билан оралари қанчалик яқин эканини ифода қилмоқчи бўлар эдилар».

Келишмовчилик пайтида ҳам саҳоба ва тобеъинларнинг орани ислоҳ қилишда ўзларига хос тавсиялари бор эди. Айтиш­ларича, бир куни Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўғли Язиддан ғазабланиб койинди. Шунда улуғ тобеъин Аҳнаф ибн Қайс: “Эй мўминлар амири, улар бизнинг болаларимиз, қалбимиз меваси, белимиз таянчику. Биз улар учун гўё ер ва осмондекмиз. Безовта бўлишса, уларни хотиржам қилинг. Бирор нарса истасалар, беринг. Уларга ҳаддан ошиқ қаттиққўллик қилманг. Борлигингиздан безиб, ўлимингизни истаб қолишмасин”, деди. Муовия эса: “Барака топ, Абу Баҳр. Эй йигитча, Язиднинг олдига боргин-да, мендан салом айт. Унга “Мўминлар амири сизни кечирди ва сизга ҳадя беришни тайинлади” дегин”, дедилар. Бу гап Язидга етиб борганида у: “Мўминлар амирининг олдида ким бор эди?” – деди. “Аҳнаф”, дейишди. Язид: “Отамнинг ҳадяларини у билан, албатта, баҳам кўраман”, деди.

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

 

Понедельник, 03 Июнь 2024 00:00

Домла сўзининг маъносини биласизми?

Маълумки, илм аҳллари бир-бирларига «домла-домла» деб доим мурожаат қилади, лекин кўпчилик бу сўзнинг қандай пайдо бўлганлигини тўғри изоҳлаб бера олмайди.

«Ўзбек тили изоҳли луғати» 1-жилдининг 233-саҳифасида «Домла – сўзлашув тилида (оғзаки нутқда) қўлланиладиган сўз, ибора, ҳар қандай илмли кишига ҳурмат билан мурожаат этиш формаси», деб ёзилган.

«Изоҳил луғат»да домла сўзининг домулла сўзидан келиб чиққанлиги таъкидланади. Луғатда домулла сўзи арабча деб кўрсатилган ва унинг уч хил маъноси мавжуд деб изоҳланади: 1) диний мактаб муаллими; 2) дуохонлик, иссиқ-совуқ қилиш билан шуғулланувчи шахс; 3) ўрта ва олий мактаб ўқитувчиси.

Домулла сўзи «до+мулла»дан иборат бўлиб, катта муллага тўғри келади, деган фикрлар ҳам бор. Бунда «до» хитойча катта деган маънони билдиради, деб изоҳланади.

Маълумки, хитой тили асосида сўз пайдо бўлиши ўзбек тилида жуда кам учрайди. Бунинг устига тарқалиш кўлами ва маъно хиллари кўп бўлган домулла сўзининг хитойча асосида пайдо бўлиш эҳтимолдан анча узоқ. Тарихий жараёнга назар ташласак, ўзбек тилига форсча ва арабча сўзлар кўп ўтган. Хитой билан савдо ва алоқалар бўлсада, аммо тил ва урф-одатлар аралашуви рўй бермаган. Фақат айрим сўзларгина хитой тилидан ўзбек тилига ўтган: лағмон (узун хамир), манту (юмалоқ хамир), чинни (хитой пиёла) каби.

Дада мулла иборасининг асли форсча. Унинг таркибидаги «дада» сўзи ўзбекча бўлиб, ота демакдир, аммо мулла ўзбекчага ўтган арабча сўз бўлиб, ундан форсий шаклда дада мулла бирикмаси шакллангандир. Бу ибора туркий тиллар қонуниятига мослашиб, ўзбек ва унга яқин туркий тилларда қисқариб домла ёки домулла шаклида қабул қилинган.

Дада мулла бирикмасини форсча-тожикча асос дейишимизнинг бойиси шундаки, Самарқанд-Бухоро типли тожик шеваларида ака мулла, хола мулла, бийи мулла, ука мулла каби бирикмалар кўп ишлатилади.

Қисқартириб домла ёки домулла кўринишида сўзлашув жараёнида ишлатиш ўзбек тили ва унга яқин туркий тиллар учун характерли десак хато бўлмайди.

«Иборалардан сўз ясаш ёки сўзларнинг ўзини ихчамлаштиришни лингвистикада тежаш принципи дейилади. Сўз ўртасида товушларнинг тушиб қолиши «тортилиш» дейилади. Муҳаммадамин – Мадамин сингари» (Рустамов А. Сўз хусусида сўз. Тошкент, 1987).

Ўзбек сўзлашув нутқида қўлланилувчи домла, домоулла сўзи ўрнида тожик тилида ўрта ва олий мактаб ўқитувчиларига нисбатан муаллим сўзи қўлланилади. Бу ҳам дада мулла бирикмаси, гарчи форсий шаклда бўлса ҳам, ўзбек сўзлашув нутқи таркибида яратилганлигидан далолат беради. Шунингдек, русча-арабча луғатда ҳам домулла сўзи учрамайди, преподовател сўзи мударрис, муаллим, устоз деб берилган. Бу факт ҳам домулла ўзбекчада дада сўзи асосида пайдо бўлганлигининг яна бир далилидир. Араб талабалари домла сўзи ўрнида устоз сўзини қўллайдилар.

Агар домулла сўзи ўзбек тилига араб тилидан ўтган сўз бўлганда эди «Навоий асарлари луғати»да келтирилиши лозим эди. Афсуски, ушбу луғатда домулла, домла сўзлари учрамайди.

Айрим тадқиқотчилар домла сўзи дада мавлоно бирикмасидан келиб чиққанлигини таъкидлайдилар.

Дада мавлоно ибораси домла, домулла сўзларининг асоси бўла олмайди, чунки мавлоно, мулла сўзлари қўлланиш доираси, маъно ноаниқликлари билан бир-бирларидан фарқланади (Навоий асарлари луғати, II. - Тошкент, 1993, 189-бет).

Хулоса қилиб айтганда, домла (домулла) сўзи ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин:

1. Домла сўзлашув нутқи услубида ишлатиладиган сўз бўлиб, ёзувда домулла шаклида ёзилади ва ўқилади.

2.Домулла сўзи дода мулла бирикмасининг қисқарган домулла шакли саналади. Бунда дада сўзининг диалектал шакли додадан до қисми олинган да қисм эса қисқарувга учраб туширилган.

3. Домла сўзини пайдо қилган дода мулла бирикмаси шаклан форсий, мазмунан унинг биринчи қисми туркий, иккинчиси арабий бўлган ўзбекча сўздир.

Шуларни ҳисобга олган тарзда «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» (1, 233-бет)да домулла сўзининг арабча деб изоҳланишига қўшилиб бўлмайди. Уни арабий эмас, туркий сўз дейиш ўринлидир.

Бозорбой Ўринбоев,
Филология фанлари доктори, профессор (1994)

Понедельник, 03 Июнь 2024 00:00

Ҳазилнинг таги зил

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазил шариатда мубоҳ амаллардан. Меъёрида ҳазиллашишга рухсат бор. Лекин тарғиб қилинмаган. Масалан, ҳадисда Ўзаро муҳаббатлашмагунингизча мўмин бўлмайсиз. Сизни ўзаро муҳаббатлаштирадиган нарсага далолат қилайми? деб саломлашишга тарғиб қилинган, шу ерда ўзаро ҳазиллашинг, дейилмаган. Албатта, бу ҳазиллашиш ножоиз дегани эмас.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ҳазиллашганлар. Ўша ҳазиллардан келиб чиқсак, ҳазил қилиш учун қуйидаги шартлар талаб этилади:

  1. Ҳазиллашганда ёлғон гапирмаслик керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳамиша рост ҳазил қилганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу “Ё Аллоҳнинг Расули, биз билан ҳазиллашасиз-а? деган маънода ажабланиб сўраганларида у зот алайҳиссалом ҳазиллари фақат ҳақ сўз бўлишини айтганлар.
  2. Ҳазил қилинадиган киши шунга муносиб бўлсин. Кичиклар катталарга ҳазил қилса, одобсизлик бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёш болалар, баъзи аёллар билан ҳазиллашганлар. Шундан келиб чиқиб, заифларга ҳазил қилиш мумкин дейилган. Масалан, раҳбар киши қўл остидаги ходим билан баъзан ҳазиллашиб турса, ходим раҳбарнинг олдида ўзини эркинроқ тутиб, ҳожатини айта олади. Ёки ёш болаларни хурсанд қилиш учун улар балан ҳазиллашиш мумкин. Лекин бугун бўлар-бўлмасга, кимга дуч келса ҳазил қиладиган бўлиб қолинди.
  3. Ҳазил меъёрида бўлиши керак. Ҳазиллашишни одат қилиб олмаслик керак.Мен ўзи ҳазилкашман, дейди баъзилар. Бундай бўлмайди, Исломда ҳазилни одат қилиб олиш йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида мусулмонлар орасида ҳам шоирлар бўлган, лекин қизиқчи, масхарабозлар бўлмаган.
  4. Ҳазиллашяпман деб диний мавзуларга ўтмаслик керак. Масхара бўлиб қолиши мумкин. Масхара – бировни паст санаш. Масхара қилинувчи наздидаги арзирли нарсани масхара қилувчи арзимас санайди. Масалан, биров Бугун беш бет китоб ўқидимдеса, бошқаси Қийналиб кетибсан-ку, бир бет ўқисанг ҳам етарди, деб кулади. У уни масхара қиляпти. Баъзилар: “Масхара ўзи сўкиш, фақат масхара қилувчи кулади, холос, дейишган.

Ҳазил деб ҳар гапни гапиравермаслик керак экан. Айниқса, диний мавзуларда бўлса, иймонга хавф солади. Яъни диний бирор нарсани паст санаш – масхара қилиш иймондан айириб қўйиши мумкин. Биз ҳазил қиляпмиз деб ўйлаймиз, аслида масхара қилаётган бўламиз.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ таҳоратсиз ҳолда ёки тик оёқда ҳадис айтишни ёқтирмас эдилар. Ҳадис айтиш учун таҳорат қилиб, хушбўйланиб, қулай ўтириб олиб кейин гап бошлардилар. Худди намозга тайёргарлик кўргандек. Бу ҳадисни улуғлаш, ҳурматини жойига қўйишдир. Аслида ҳадис айтиш учун таҳорат шартмас. Лекин диний шиорларни улуғлаш яхши. Аллоҳ таоло: Ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир (Ҳаж сураси, 32-оят) деган.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга бошласин, ношаръий ҳазилдан асрасин.

Ғиёсиддин Юсуф

Ҳилол журнали 12 (57) сон

 

Аллоҳ таоло муқаддас каломи бўлмиш Қуръони каримда ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида мўмин мусулмонларни ғийбатдан ва бир-бирлари ҳақида ёмон гумон қилишдан қайтарганлар.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 12-оятида хабар бериб айтадики: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз  баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа,ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албата, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳимлидир”.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир”.

Бошқа бир ҳадисда айтилишича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кишилар сўрадилар. Ё Аллоҳнинг Расули ғийбат нима? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: Биродаримда мен айтган нарса бўлсачи? деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан аммо бўлмаса бўҳтон қилган бўласан”, дедилар.

Улуғ саҳобалардан Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил”, деганлар.

Уламолардан Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ:Ким ғийбатдан омонда бўлишни истаса, гумон эшикларини маҳкам беркитсин. Ким гумондан узоқда бўлса, дўсти айбини ахтаришдан омонда бўлади. Ким бировнинг хатосини топишдан холи бўлса, у ғийбатдан четда бўлади”, деганлар.

Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳ эса: “Биродаринг ҳақида ёмон гумонда бўлишинг уни заҳарлаб ўлдиришинг билан тенг” деганлар.

Юқорида келтирилган ояти калималар, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифлари, саҳобаи киромлар ва алломаи замонларимизнинг пурмаъно сўзлари биз мўмин-мусулмонларни бошқа мўмин мусулмонлар ҳақларида ёмон гумон қилишлик ва ғийбатлардан сақланишга ундайди, иншаАллоҳ. Аллоҳ таоло барчамизни ёмон гумон қилишдан ва ғийбатдан Ўзи асрасин.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Страница 25 из 265

Мақолалар

Top