muslimuz

muslimuz

Ўтганлар хотираси ҳамиша келажак учун йўл кўрсатгувчи чироқ бўлиб келган. Уларнинг ҳаёт йўллари бизга доимо сабоқ бўлади. Кимки шу йўлни тутса келажак қадамларини тўғри қўйиши учун энг тўғри омилни топган бўлади. Мозийга ибрат назари ила боқмаган кимсалар эса адашиб, пировардида охирсиз сўқмоқларда йўлларини йўқотиб қўядилар. 

Мустақилликнинг авваллариданоқ буюк аждодларимизнинг ёрқин хотираларини оммавий тарзда нишонлаш жуда ҳам хайрли тадбир бўлди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ўтганларимизни қандай хотиралаш ҳақида чиройли иршод қилиб: “Ўлганларингизнинг яхшиликларини эсланглар”, деганлар.

Хотира ва қадр кунини муносиб ўтказиш эса, тараққиётнинг жадаллашиб бораётганидан хотира ва қадру-оқибатдан ғафлатга кириб кетаётган инсонлар учун эслатма бўлиб, ўтганларимиз ҳақларига дуо ва тиловатлар кўпайишига сабаб бўлди.

Илгариги даврларда одам кирса ваҳима босадиган қабристонларимизда ободончилик ишлари чиройли йўлга солинди.

Албатта, хотиралаш ва эслаш шунчаки ёдга олиш эмаслигини ҳам унутмаслигимиз керак. Акс ҳолда ўтганларимиз бизнинг қуруқ дабдабаларимизга муҳтож эмаслар. Бу борада ўтганларимизнинг ўзлари бизга етарли сабоқ бўладилар.

Инчунун, Oиша розияллоҳу анҳодан ривoят қилинади – “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хoтинларидан бирoртасига Хадича розияллоҳу анҳога рашк қилганимчалик рашк қилмаганман. Ҳолбуки, мен уни ҳеч ҳам кўрмаганман. Лекин жаноб соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аёл ҳақида кўп зикр қилар эдилар.

Гoҳида қўй сўйиб, унинг аъзoларидан баъзисини ажратиб Хадичанинг дўстларига юбoрардилар. Гoҳида мен ул зотга: “Гўёки дунёда Хадичадан бoшқаси бўлмагандек-а!” десам, у зoт соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, у бўлган эди, бўлган эди! Шу аёлдан фарзандларим бўлди!” дер эдилар” (Имoм Бухoрий, Имом Муслим ривoяти).

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

Среда, 08 Май 2024 00:00

Автоҳалокатлар сабаблари

Маълумки кўпгина аянчли транспорт ҳодисалари келиб чиқишига асосий сабаб йўл қоидаларига амал қилмаслик, катта тезлик, бошқарувдаги беписандлик ва бошқа сабаблардир. Бундан ташқари бошқа махфий сабаблар ҳам мавжуд. Табиблар огоҳлантирган кўзи ожизлик, бош оғриғи каби касалликлар ҳам йўл транспорт ҳодисаларига сабаб бўлади.

Йўл транспорт ҳодисаси сабаблари қуйидаги ишларда жамланади:

Катта тезлик.

Воқеликда ҳар қандай бошқарувчига катта тезликни жиловга олиш мумкин бўлавермайди. Чунки бу нарса йўлларни кенг ёки торлиги, транспортлар тиқилинч ёки тиқилинч эмаслигига ҳам боғлиқ. Бир транспорт бошқа транспортдан фарқ қилади. Шунинг учун айтамизки, давлат муайян тезликни белгилаб қўйган бўлса, имкон қадар ана шу белгиланган тезликда бошқариш вожиб бўлади. Чунки волийнинг амрига итоат қилиш вожиб. Айниқса инсон манфаатлари бўлган нарсаларда батариқа аъло бўлади. Ҳурсанд бўлмайдиган иш содир бўлиб, бошқарувчи ўша вақтда надомат чекиб юрмаслиги учун белгиланган тезликдан ошириб юбормаслик лозим. Фақатгина зарурат вақтида, ҳожат тушганда истисно қилинади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мулоҳазакорлик Аллоҳдан, шошқалоқлик шайтондан”, дедилар [1].

Ибн ал-Қоййум роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “дарҳақиқат шошқалоклик шайтондан бўлади. Чунки шайтонлар енгилтак ва ўйламай иш қиладиган, бандаларни собитлик, ҳилм ва виқор сингари сифатлардан тўсишга ғайратли бўлган махлуқлардир. Шайтонлар нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўядиган, ёмонликка чақириб яхшиликдан тўсадиган тоифадандир. Улар икки мазаммат қилинган нарсада пайдо бўладилар. Биринчиси таврит(жуда сусткашлик), иккинчиси вақтидан олдин шошилтириш”.

Қизил чироқда ўтиш.

Шак-шубҳа йўқки светофор чорраҳаларда транспортлар ҳаракатини тартибга солиб туриш учун қўйилган. Транспорт бошқарувчиси қачон тўхтаб, қачон ҳаракатга тушишни у орқали билади. Светофорнинг қизил ишорасига амал қилмаслик йўл қоидалари бузилишидаги энг катта хатарлардан бири. Чунки уни бузган бошқарувчи бошқа транспортлар ҳаракатланмасидан аввал, тезда ўтиб кетмоқчи бўлади, шунда тўсатдан йўлдан бир инсон ўтиб қолиши ёки яшил ишорага таяниб бошқа тарафдаги транспортлар ҳаракатланиб қолиши мумкин. Натижада светофор ишорасига амал қилмаган киши бир инсонни уриб юбориши ёки бошқа транспорт билан тўқнашиб кетиши, бу эса ўз навбатида ўзи ва бошқалар учун кўнгилсиз воқеаларни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Гарчи чорраҳанинг бошқа тарафида транспорт бўлмасада қизил ишорада қатъий тўхтаб туриш лозим. Чунки тўсатдан қандайдир ҳолатлар юзага келиб қолиш эҳтимоли бор. Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” [2] деган. Ишбошилар йўлни тартибга солиб туриш учун махсус белгиларни жорий қилганлар. Ана шу белгилар инсонга “юр!”, “тўхта!” деб ишора қилади. Мана шу ишоралар ишбошиларнинг сўзи ўрнида. Гўёки ишбоши сизга “юр!” ёки “тўхта!” деяётгандай. Ишбошига итоат қилиш вожиб. Бунда бошқа томонда транспорт йўқ бўладими, бор бўладими ҳукм бир хиллигича қолади.

 

Чарчоқ ҳолатда машинани бошқариш.

Бунда транспорт бошқарувчиси сергак тортиши лозим бўлган уйқусираш, чарчаш каби сабаблар киради. Чунки бу ҳолатда машинани бошқариш катта йўл транспорт ҳодисасига сабаб бўлаётганини бугунги воқелик ҳам кўрсатиб турибди.

 

Транспортга эътиборсизлик ва уни созлигини назорат қилмаслик.

Транспортнинг техник созлигини назорат қилиб туриш лозим. Уларни ёқилғиларини, эҳтиёт қисмларини яхши ишлаётганига ишонч ҳосил қилиш керак. Айниқса тормозини яхши созлаб олиш керак бўлади. Чунки транспортга эътиборсизлик оқибатида бошқарувда камчиликка йўл қўйилмаган ҳолатда ҳам йўл транспорт ҳодисаларига сабаб бўлиши мумкин.

 

Бошқарув вақтида телефондан фойдаланиш ва хавфсизлик камарини тақмаслик.

Транспорт бошқарувчиси телефондан фойдаланаётганда эътибори чалғиши, телефон орқали суҳбатда аъзоларни банд қилиб қўйиши, суҳбатдан таъсирланиши ва ҳиссиётга берилиши каби йўл транспорт ҳодисасига олиб борадиган сабаблар вужудга келади. Хавфсизлик камарини тақмасликда ўз жонини хатарга қўйиш ҳолати кузатилиши мумкин. Чунки бирданига тўхташга мажбур бўлганда тана аъзоларини транспорт қисмларига уриш натижасида шакастланиши мумкин.

Йўл транспорт ҳодисасига олиб келадиган сабаблардан яна бири алькогол маҳсулотларини истеъмол қилиш. Буни истеъмол қилган киши томонидан юзага келган ҳодиса енгилроқ ҳодисага кирмаслиги барчага аён. Чунки алкогол истеъмоли натижасида содир этилган талофатлар камида ўлим ҳодисаси билан якунланмоқда.

Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас ундан четда бўлинг. Шоядки нажот топсангиз [3], деган.

Тутқаноқ ва хушини йўқотиб қўйиш касаллиги касалликлар орасида йўл транспорт ҳодисасига олиб борадиган энг хатарли касаллик туридан ҳисобланади. Хатарлиси шундаки, бу касаллик қайси вақт рўй беришини ҳеч ким билмайди. Агар транспорт бошқараётганда шундай касаллик хуруж бериб қолса катта талофатга олиб бориши аниқ. Бундай касаллик билан касалланган кишилар транспорт бошқарувига ўтириши ман қилинади.

Бундан кўринадики, ҳар бир киши йўл транспорт ҳодисасига бевосита ёки билвосита сабабчи бўлишдан эҳтиёт бўлишда юқоридаги сабаблардан сақланиши лозим. Йўл қоидаларига амал қилишда, транспортларни бошқаришда, йўлда инсонлар билан гўзал муомала қилишда, бахтсиз ҳодисалар вужудга келганда ёрдамга шошишда мусулмон киши бошқаларга намуна бўлиши дини яхши санаган ишлар сирасига кириши ҳеч кимга сир эмас.

Аъзам САМИНОВ

 [1] Байҳақий 3390-рақам билан ривоят қилган.

[2] Нисо сураси, 59-оят.

[3] Моида сураси, 90-оят.

 

Барчага маълумки, мусулмонлар қайси мазҳабда бўлишларидан қатъи назар марҳумларга атаб хатм ўтказиш, жумладан қабристонда Қуръон тиловат қилишга фатво берганлар. Аммо айрим мутаассиб кучлар томонидан бу эзгу амалга зид ҳолда ёндашадиганлар ҳам топилиб қолмоқда. Улар ўз раҳнамолари томонидан чиқарилган далил-исботсиз гап-сўзга учмоқда.

Ўтган алломаларимизнинг фикрларига суяниб қарайдиган бўлсак, диний аҳкомлар ақлга эмас, балки нақлий далилларга таянади. Ақлни нақлдан устун қўйганлар шариатга енгил-елпи қараган турли чаласаводлар каби динни нотўғри тушунтиришга уринишади. Натижада ўзлари ҳам адашади, бошқаларни ҳам тубанлик сари етаклайди.

Шуни афсус билан айтишимиз керакки, қабристонда ёки бирор ерда марҳумлар ҳақига тиловат қилиш мумкин эмаслиги, унинг фойдаси йўқлиги, шариатда ман этилгани борасида заиф бўлса-да бирор ҳадисни топа олмайсиз. Аксинча ояти карима, ҳадиси шарифлар ва алломаларнинг фикрлари унинг марғуб амаллардан эканлигини таъкидлайди.

Аллоҳ таоло марҳумлар ҳаққига дуо қилганларни тавсифлаб мақтаган:

«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Аллбатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!» (Ҳашр сураси, 10- оят).

Буюк ватандошимиз имом Абулайс Самарқандий «Баҳрул улум» тафсирида қуйидагиларни ёзадилар: «Бу оятда мўминлар зиммасига ўзларидан олдин ўтган биродарлари учун Аллоҳдан мағфират сўрашлари бурч эканига далил бор. Шунингдек, ундан мўминлар ўзларининг ота-оналари ва таълим берган муаллимлари ҳаққига ҳам истиғфор айтиши кераклиги келиб чиқади».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қачон бирингиз вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрга тезроқ элтинглар. Унинг бош тарафида «Фотиҳа» сураси, оёқ тарафида «Бақара» сурасининг охири ўқилсин», – деганларини эшитдим» (Имом Табароний ва имом Байҳақий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири қабр устига капасини тикиб олди. У ер қабр эканини билмасди.  Бир куни қабр ичидаги инсон «Таборак» сурасини охиригача қироат қилганини эшитди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, билмасдан қабрнинг устига капамни қуриб олибман. Унинг ичида бир одам «Мулк» сурасини қироат қилди», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У («Таборак» сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Қабр азобидан нажот беради», – дедилар (Термизий ва Табароний ривояти).

Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин тириклар қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун ман қилиш керак экан?! 

Шунинг учун, бизда дафндан кейин «Таборак» сурасини қироат қилиш одат тусига айланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мақбараларга кирганда «Ёсин» сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», – деганлар.

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга «Ёсин» сурасини қироат қилинглар», – дедилар» (Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва Ҳоким ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб, савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича ажр берилади», – дедилар» (Дорақутний ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб «Фотиҳа», «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Алҳакумут такасур» сураларини ўқиб, кейин «Аллоҳим! Ушбу каломингдан ҳосил бўлган савобни қабристондаги мўмин ва мўминаларга атадим», деса, Аллоҳга у хусусида шафоатчи бўлишади», – дедилар» (Абулқосим Занжоний ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб «Ёсин» сурасини ўқиса, Аллоҳ таоло у ердагилардан азобни енгиллатади ва у ердагилар ададича ҳасанот ёзади», – дедилар» (Соҳибул Халол ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қабрда ётган маййит бамисоли сувда ғарқ бўлиб кетаётган ва ёрдам сўраётган кишига ўхшайди, у ўз отаси, онаси, фарзанди, дўстидан ёрдам сўрайди. Агар улардан дуо етса, унга бутун дунё бойлигидан улуғроқ ҳадя етган бўлади. Тириклар дуоси сабабли қабр аҳлларига тоғлардек катта савоблар етади. Тирикларнинг маййитларга қиладиган ҳадяси улар ҳаққига истиғфор айтишдир», – дедилар» (Имом Байҳақий ва Дайламий ривояти).

Ҳадисдан шу нарса маълум бўладики, тирикларнинг дуоси туфайли ўтганларнинг охиратдаги даражалари кўтарилади, уларнинг руҳлари хушнуд бўлади.

Имом Бухорий қуйидаги  ҳадисни ривоят қиладилар: «Руҳлар оламида бир кишининг даражаси ўз-ўзидан кўтарилиб қолар экан. Шунда у: «Эй Роббим, бу қанақаси бўлди, ҳеч қандай амал қилмасам ҳам даражам кўтарилиб қолибди»– дер экан. Шунда унга: «Сенинг ҳаққинга дунёдаги яқинларингдан бири дуо қилган эди, дуоси қабул бўлди ва сенинг бу ердаги даражанг кўтарилди», – дейилар экан».

Умму Афиф Наҳдийя ва Умму Шарик розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилинганида, биз аёллар ҳам байъат қилдик. Ўша байъатда ўликларимизга «Фотиҳа» сурасини ўқишга буюрдилар» (Имом Табароний ва Ибн Можа ривояти).

Машҳур саҳобий Абдураҳмон ибн Алаа вафотлари яқинлашган пайтда ўғилларига: «Мени қабримга қўйсангиз, «Бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи», денглар. Сўнгра устимга тупроқ тортинглар. Кейин бош тарафимда «Бақара» сурасининг аввали ва охирини қироат қилинглар. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деганларини эшитганман», – деб васият қилган эканлар» (Имом Байҳақий ривояти).

«Тафсири Жалолайн» китобининг муаллифи имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб, ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Бас, бу нарса ижмоъ бўлади. Қабрга қироат қилишга келсак, унинг шариатда борлигига бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар жазм қилганлар».

«Муснадул Фирдавс» китобида: «Қайси бир ўлик ўлгандан кейин унинг олдида «Ёсин» сураси қироат қилинса, албатта, Аллоҳ унга енгиллик беради», – дейилган.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Машойихлар қачон маййит учун «Ёсин» сураси қироат қилинса, унга енгиллик берилади, дейишган».

Имом Қуртубий айтганлар: «Баъзи уламолар қабр олдида Қуръон қироати қилинишига икки новда ҳадисини далил қилишади ва қабрларга дарахт экиш ҳамда Қуръон тиловатининг фойда эканини таъкидлашади. Дарахтлар азобни енгиллатганидан кейин қандоқ қилиб мўмин кишининг Қуръон тиловат қилиши фойда бермасин. Шунинг учун, уламолар қабр зиёратини мустаҳаб, тиловат эса зиёратчидан маййитга туҳфадир, дейишган».

Имом Нававий «Саҳиҳ Муслим»нинг шарҳида: «Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу ҳадисга асосан мустаҳабдир, дейишган. Шохнинг тасбеҳи билан азоб енгил бўлгач, Қуръон тиловати билан азобнинг енгиллашиши янада аълороқдир», – деганлар.

Имом Шаъбий айтганлар: «Ансорийлар маййит ҳузурида «Бақара» сурасини ўқишар эди».

Имом Халлол айтганлар: «Ансорлар агар бирор маййит ўлса, унинг қабрига навбат билан қатнаб, у ерда Қуръон ўқишар эди».

Иброҳим Нахаий айтганлар: «Қабрлар олдида Қуръон қироат қилишнинг асло зарари йўқ».

Заъфароний айтганлар: «Шофеъийдан қабрлар олдида қироат қилиш хусусида сўраганимда, у зот зарари йўқ, дедилар».

 Ҳанафий олимлари келтиришларича «Фатавои ҳиндийя» китобида: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир», – дейилган.

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобларида келтирилади: «Маййитни дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича қабр бошида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг суҳбатларига машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари Қуръондан баъзи қисмлари ўқилади. Бордию Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, янада яхшироқ бўлади», – дейишган».

Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида айтадилар: «Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача ҳадис собит бўлмаса ҳам барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл қилмайдиган кишига хитоб қилмайди. Мана шу нарсани бирор инкор қилувчи инкор қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади».

Албатта, Қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда Раббисига яқин бўлади. Қуръон қироати инсон хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ манзилида ёки уйида бўлсин, хоҳ жанозадан кейин ёки олдин бўлсин ёки қабр олдида бўлсин, бу нарса шаръий ҳукмда жоиз бўлиб, Аллоҳнинг фазли билан маййитни қабрида азобдан енгиллашишига сабаб бўлади.

Шунингдек, Шофеъий мазҳаби уламолари ҳам қироатнинг савоби агар ўқувчи Аллоҳдан сўраса, маййитга етиб боришини айтишган.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: «Қабр олдида қироат қилишнинг ҳеч қандай зиёни йўқ», – деганлар.

Ҳанбалий фақиҳларидан Ибн Қудома «Муғний» китобида: «Маййит барча қурбат бўлувчи нарсалардан манфаат олганидек Қуръон қироатидан ҳам манфаат олади. Демак инсон қандай қурбат қилса ҳам савобини маййитга бағишласа, Аллоҳнинг изни билан манфаат олади».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қабр олдида қироат қилишни авваллари инкор қилар эдилар. Кейинчалик ўз фикридан қайтганлар. Шунга биноан Ҳанбалий олимлари қабр олдида Қуръон тиловати жоизлигини айтишган.

Ибн Абу Зайд «Рисола» китобида Ибн Фарҳундан ривоят қилиб айтишларича, Моликий имомлари ҳам маййитга қироат савоби етишини нақл қилишган.

Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳам қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Ҳанафий мазҳабидагилар маййитга ҳамда тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. Мазҳабнинг фатволари жамланган «Ҳидоя», «Бадоиъ», «Баҳр» ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки ундан узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳ изни билан савоби маййитга етиб боради.

Марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлари ва хайрли амаллари эсланса, у жойга барака нозил бўлади. Суфён ибн Уяайна раҳматуллоҳи алайҳ: «Солиҳ кишилар эсланган вақтда Аллоҳ таолонинг раҳмати тушади», – деганлар.

Кўриб ўтганимиздек, қироатни ман қилувчи ҳеч қандай далил мавжуд эмас. Маълумки, шариат бўйича бирор ишни қилишга ҳам, қилмасликка ҳам далил-ҳужжат бўлиши керак. Ўликка қироат қилиш ва савобини бағишлашни ман қиладиган бирорта далил йўқ.

Албатта, марҳумларни эслаш билан уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўралади. Бу нарса бандаларнинг зимасидаги бурчдир.

 Эркин ҚУДРАТОВ

Юртимизда ўтган азиз инсонларнинг хотирасини эъзозлаш, бугунги тинч, осойишта, дориломон кунларга етишимизда фидойилик кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, нуроний отахону онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш эзгу анъанага айланган.

Муҳтарам Президентимизнинг 2024 йил 7 майдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига йигирма миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.

Хотира ва қадрлаш тушунчалари замирида инсонга, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматига чексиз эҳтиром туйғуси мужассам. Хотира ва қадрлаш кунлари арафасида бугунги тинч-осойишта ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Шу йўлда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теранроқ англаймиз. 

Бу йил ғалабанинг 79 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ана шу буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш барчамиз учун катта шарафдир. Шу билан бирга, уруш майдонларидан қайтмаган, мана шундай мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун жон бериб, қурбон бўлган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгамиз.

Уруш бошланганда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган. Шундан 1,5 миллион киши, яъни қурол кўтаришга қурби етган (!) одамлар оловли жанггоҳларда жон олиб-жон беришган. Улардан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида шаҳид бўлган, кўплари майиб-мажруҳ бўлиб қайтган, бедарак йўқолганлари қанча.

Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Бу рақамлар ортида фидойилик, ҳурлик, истиқлол, эркинлик орзулари мужассам бўлган. Шуларни ўйласак, ўз-ўзидан бугунги саодатли кунларга осонликча эришилмаганини англаймиз. Демак, барчамиз шу азиз Ватанни кўз қорачиғимиздек асрашга бурчлимиз.

Иккинчи жаҳон урушида қатнашган юртдошларимиз сафи тобора торайиб боряпти. Шу боис уларнинг қадрига етиб, дуоларини олиб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Кексаларни эъзозлашни ўзини мусулмон санаган киши борки, шараф билан адо этади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”, (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Фронт ортида меҳнат қилганлар ҳам урушда қатнашганларчалик машаққатларга дучор бўлишгани тарихий ҳақиқатдир. Юртдошларимиз фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган бир миллионга яқин болалар, аёллар ва қарияларни қабул қилгани, уларга бошпана бергани, ҳатто охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларни ўз бағрига олиб, меҳр-мурувват кўрсатгани халқимизнинг одамийлик фазилатлари, олижаноблигининг амалдаги ёрқин ифодасидир. Зеро, ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Мен ва етимни кафилликка олган киши жаннатда мана шундай бўлади (деб шаҳодат ва ўрта бармоқларини бир-бирига яқинлаштириб кўрсатганлар)(Имом Бухорий ривояти).

Инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат урушни бошидан кечирган халқимиз доимо бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмаслигини, остонамизга яқин йўламаслигини сўрайди. Шу боис доимо дуога қўл очганимизда, аввало, тинчлик-хотиржамликни, саломатликни Яратгандан сўраймиз. Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби.

Среда, 08 Май 2024 00:00

Аждодлар хотираси

Чор атрофда кўкаламзору, дарахтлар яшнаб турадиган жаннатмакон юртимизнинг кўчаларини кезиб борар экансиз, табиатнинг гўзаллигидан дилингиз яшнаб кетади. Кимлардир ета олмаган кунга етиб келганингиз учун қалбингизда шукрона туйғулари қанот қоқа бошлайди. Борлиқ турфа рангларга бурканиб, камалакнинг мафтункор рангларидек товланиб, жилва қилади.

                   Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранг гуллардан,

                   Магарким сунъининг наққошиға ранг имтиҳонидур.

                                               Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Сўнг ногаҳон кўзингиз қийғос гуллаган мевали дарахтларнинг гуллари тўкилиб она замин бағрига тушганини илғаб қолади. Фалсафа ибораларига кўра ўша мева гулининг узилиб тушиши тарих ҳисобланади. Шу билан ўша гулнинг тушиши тарихга айланди. Ариқлардаги зилол сувлар ҳам мавж уриб оқар экан тарих саҳифаларини тўлдириб бораверади.

Ҳар сафар қадам босар эканмиз, ҳар бир босган қадамларимиз тарихга айланиб, мозий қаърига шўнғий боради Биз яна қадам ташлашимиз мумкин, аммо бу сафаргиси янги қадам, аввалги қадамлар эса ўтмишга айланиб бўлганидек, кейинги қадамни қўйишимиз биланоқ бу қадамларимиз ҳам тарихга битилаверади.

Биз истаймизми, истамаймизми қанчалик келажакка талпинганимиз сари ҳар бир сониямиз, ҳар бир нафасимиз ўтмиш гирдобига кириб боради. Ҳадемай ўзимиз ҳам тарихга айланамиз. Шундай экан, ўткинчи бу дунёда гарчи жисмимиз тарихларда макон топса-да маънавиятимиз, амалимиз келажак сари тўхтамай олдинга интилиши учун эртага топилмас, аммо бугун биз етарлича қадр қилмайдиган имкониятларимиздан фойдаланишимиз зарур. Ҳамюртимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтганидек:

         Бор элға яхшилиқ қилғилки, мундин яхши йўқ ‒

         Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиқ.

Ана ўшанда бизни келажак авлод доимо ҳурмат билан эслаб, керак бўлса юрган йўлларимиздан андозалар олсинлар. Уларнинг хотираларида ҳамиша яхшилик тимсоли бўлиб қолайлик. Эртанги кунда биз шундай мақомни топишимиз учун эса бугунги ғанимат ҳаётлик чоғимизда биздан аввалги аждодларимиз хотирасидан ибрат олмоғимиз керак бўлади.

 Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ ҳожи” жоме масжиди ходими.

Страница 58 из 265

Мақолалар

Top