muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Четверг, 26 Октябрь 2023 00:00

Куннинг барокати тонг билан

Эрта уйғонишда ҳикмат кўп. Мўмин киши тонгда туриб Аллоҳ таолодан куннинг хайрини, баракасини, яхшилигини сўраса, шубҳасиз, дуога кўтарилган қўллари қуруқ қайтмайди.

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз тонг отганида ва сўнгра кеч кирганида бундай десин: “Биз ҳам, мулк ҳам оламлар Парвардигори Аллоҳники бўлган ҳолда тонг оттирдик. Эй Раббим, бу куннинг барча яхшисини, душманлар устидан ғалабани, нурини, баракасини, ҳидоятини сўрайман. Ва Сендан бу куннинг ва бу кундан кейингисининг ёмонлигидан паноҳ тилайман”, дедилар» (Абу Довуд ривояти).

Банда ушбу неъматнинг қадрига етиб, Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, ризқ, барака ва бошқа кўплаб яхшиликларни сўраса, куннинг ёмонлигидан паноҳ тиласа, ана шу дуоларининг ижобатини топади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда бахтли мўминнинг ҳолати акс этган. Тонгда тинчлик-омонликда, соғу саломатликда, оиласи бағрида уйғониш – катта неъмат. Шунинг билан бирга, бир кунга етгулик егулиги бўлса, у оила тўкисдир. Афсуски, ўткинчи дунёнинг ҳою-ҳавасларига ҳирс қўйиб, шукрни унутган, бойликнинг кетидан қувган кишилар атрофимизда кўплаб топилади. Улар мудом пулни пулга, молни молга урадилар. Аммо бу молу давлат қаёқдан келмоқда, деб, ҳеч ўйлаб кўрмайдилар. Алҳол, бир кун келиб ишлари ортга кетса, бошига ташвиш тушса, дарров Аллоҳни эслаб қоладилар. Зотан, бундай кишилар ўзларига зиён қилувчилардир. Шунинг учун ҳам банда бир бурда нонга қаноат қилиб, тонгда соғу саломат уйғонганини улкан давлат деб билиши, ато этилган неъматлар учун шукрни канда қилмаслиги лозим.

“Тафсири Ирфон”да бундай ёзилади: «“Шукр” сўзи аслида миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади. Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандлар бериб қўйилгани – буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани – ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос».

Демак, банда ўзини кўп неъматларга эгаман деб билиши керак. Бунинг учун ҳар қанча шукроналар қилсак ҳам оздир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга қарата бундай деб марҳамат қилганлар: “Сизлар қандай тонг оттирдиларингиз?”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳга иймон келтирган ҳолатда тонг оттирдик”, дедилар. У зот: “Иймонингизни аломати нима?” дедилар. Саҳобалар: “Ё Расуллуллоҳ, иймоннинг аломати Аллоҳ таоло томонидан келадиган балоларга сабр қилиш, мўл-кўлчиликка шукр қилиш ва қазои кадарга рози бўлишдир”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳи ва саллам: “Ҳақиқатда сизлар чин мўминсизлар”, деб марҳамат қилди (Имом Табороний ривояти).

Хуллас, ҳар ким эрта тонгни уйғоқ ҳолда қарши олиб, куннинг яхшиликларига мушарраф бўлишимизни насиб этсин. Зотан, Аллоҳ таолонинг беҳисоб неъматларига шукр қилган, синовларга сабр қилиб, борчилигу йўқчиликка рози бўлган мўмин чин мўминдир.

Дилмурод СОДИҚОВ

Шу йил 25 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, таклиф ва мулоҳазаларини тингладилар.

Таъкидлаш керакки, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари тизимли равишда юртдошларимизни қабул қилиб, уларнинг диний-маърифий мавзудаги саволлари, ўйлантираётган масала ва муаммоларини тўғридан-тўғри мулоқот асосида эшитиб, ижобий ечим топишга ҳаракат қилинади.

Бу галги қабул жараёнида Фарғона, Андижон, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган бир гуруҳ кишиларнинг шаръий ва оилавий масалалар, масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти ҳамда моддий ёрдам олиш юзасидан мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди. Энг муҳими, мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан кўрсатилган юксак эътибор ва ғамхўрликдан кўнгиллари шод бўлишиб, барча масъулларни дуолар қилишди.

Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.

 

 

Бугунги брифингда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 2018-2023 йиллар давомида мамлакатимизда фаолият юритаётган масжидлар ва фондга бириктирилганзиёратгоҳлар ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган хайрия ишлари ҳақида ахборот бериб ўтамиз!

Маълумки, “Вақф” фонди 2018 йил 16 апрелда муҳтарам Президентимизнинг Фармонлари асосида ташкил этилган вақтда, масжидлар ва фондга бириктирилган зиёратгоҳларда фаолият олиб бораётган ходимларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш фонднинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган эди.

Ўтган йиллар мобайнида Фонд томонидан мазкур вазифаларни бажариш учун салмоқли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар, ноиб-имомлар, мутаваллилар, муаззинлар ва зиёратгоҳлар ходимлари учун:

– 2018 йилда 38 миллион сўм;

– 2019 йилда 3 миллиард 670 миллион сўм;

– 2020 йилда 39 миллиард 225 миллион сўм;

– 2021 йилда 30 миллиард 614 миллион сўм;

– 2022 йилда 21 миллиард 83 миллион сўм;

– 2023 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 17 миллиард 122 миллион сўм;

Шундан, тиббий муолажа, фарзандларининг ўқув шартнома тўловлари, уйи ёнган ва бошқа зарурий ҳолатлар юзасидан фондга мурожаат қилганмасжидлар ва фондга бириктирилган зиёратгоҳлар ходимларига:

– 2018 йилда 10 миллион 107 минг сўм;

– 2019 йилда 161 миллион 125 минг сўм;

– 2020 йилда 144 миллион 265 минг сўм;

– 2021 йилда 53 миллион 700 минг сўм;

– 2022 йилда 546 миллион 700 минг сўм;

– 2023 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 560 миллион сўм;

Жами, 1 миллиард 475 миллион 897 минг сўм маблағлар хайрия сифатида тақдим этилган.

Умумий ҳисобда фонд ташкил топгандан бугунга қадар, 111 миллиард 751 миллион сўмдан зиёд маблағ, масжидлар ва фондга бириктирилган зиёратгоҳлар ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида сарфланган бўлиб, келгусида бу йўналишда янада кенг кўламли хайрия лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирганмиз.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида юртимиз бўйлаб фонднинг ҳудудий филиаллари томонидан «Болалар куни», «Рамазон ҳайити» ва «Қурбон ҳайити» байрамлари муносабати билан масжид ва зиёратгоҳлар ходимларининг фарзандлари учунҳомийларни жалб қилган ҳолда катта байрам тадбирлари мунтазам равишда ташкил этилиб, болажонларга совғалар улашилиб келинмоқда.

Сўзим сўнггида таъкидлаб ўтмоқчиманки, “Вақф” фонди ўз фаолиятини такомиллаштириш борасидаги таклифларни мамнуният ила қабул қилади ва саховатпеша ҳамюртларимизни яхшилик йўлида ҳамкорликка чорлаб қолади.

Саидаброр Умаров,
"ВАҚФ" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати раҳбари

“Ҳалол Лондон – 2023” номли иккинчи халқаро савдо кўргазмаси шу йил 10 ва 11 декабрь кунлари ўтказилади. Унда ҳукуматлар, саноат ва истеъмолчилар вакиллари иштирок этади.

Кўргазмада дунёдаги энг йирик ва машҳур ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарининг ҳалол маҳсулотлари тури намойиш этилади. Унинг доирасида “Ҳалол иқтисодиёт анжумани – 2023” номли халқаро тадбир ҳам бўлиб ўтиши режа қилинган.

Анжуманда нотиқлар халқаро ҳалол саноат соҳасидаги энг сўнгги ишлаб чиқариш, ғоялар ва инновацияларни тақдим этади.

Маълумот учун, кўргазманинг 2022 йилда биринчи сессияси ўтказилган эди. Унга 22 мамлакатдан 6000 нафар вакил ташриф буюриб, 150 дан ортиқ экспонент иштирокида юздан ортиқ халқаро ва маҳаллий маърузачилар нутқ сўзлаган эди.

Эътиборлиси, дунё бўйича ҳалол озиқ-овқат саноатининг қиймати бир триллион доллардан ошади ва бу кўрсаткич келажакда 20 фоизга ошиб, ўз соҳасида энг гуллаб-яшнаган саноатга айланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Среда, 25 Октябрь 2023 00:00

Руанда мусулмонлари

Руанда – Шарқий Африкадаги денгизга чиқиш имкони йўқ, тоғли рельефга эга мамлакат. Ушбу мусулмон жамияти вакиллари 1994 йилда жисмоний таҳдидга дуч келган ватандошларига энг сўнгги имконияти даражасида ёрдам кўрсатдилар.

Мусулмонларнинг ушбу фидойилиги мазкур Африка давлатида Исломга мойил инсонларнинг кескин кўпайишига сабаб бўлди.

Руанда муфтийси ёрдамчиси Шайх Солиҳ Нсхимимананинг айтишича, 1994 йилда юз берган даҳшатли жиноят – геноцидлардан бирида мусулмонлар ҳам жабр кўрган.

Қонли воқеалар юз берган вақтда мамлакат пойтахт шаҳри Кигалидаги Муаммар Қаззофий номидаги энг катта масжид ҳамда Ислом маданияти марказидан ҳимоя сўраб борган тутси халқи вакиллари билан бирга юзлаб мусулмонлар ҳам ўлдирилган эди.

Шунингдек, Шайх Солиҳ Нсхимимананинг таъкидлашича, 1994 йилги геноцидда давлат раҳбарлари мусулмонларга бегоналардек муносабатда бўлган. Мусулмонлар ҳам худди тутсиларга ўхшаб камситишга ва қирғинга учраган эди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги оммавий қонли қирғин пайтида мусулмонлар тутсиларни ҳимоясига олган, шунингдек, геноцид иштирокчиларининг қонли ҳаракатларини қўллаб-қувватламаган ҳутуларга ҳам ёрдам қўлини чўзган. “Мусулмонлар ватандошларини масжидларга, ўзларининг уйларига яширдилар ва ўзларининг ҳаётларини гаровга қўйиб ҳимоя қилдилар”, дейди Руанда муфтийси ёрдамчиси.

«Мусулмонлар қайси динга мансублигига қарамасдан, ҳаммани ҳимоя қилдилар, Бу осон бўлмади. Мусулмонлар геноцидга учраган насронийлар ва бошқа дин вакилларининг ҳимоясида маҳкам туришди. Буни бизга муқаддас китобимиз Қуръони карим ўргатган”, деб сўзини давом эттиради Нсхимимана.

“Қаззофий” масжиди жамоасининг 35 ёшли вакили Абдулкарим Мухизий ўша мудҳиш воқеаларни қуйидагича хотирлайди: “Руанда мусулмонлари ўшанда қаттиқ қийинчиликларга дучор бўлган эди. Масалан, мен ўша вақтда ёш бола бўлганман ва мени католик мазҳабини қабул қилишга мажбурламоқчи бўлишганди”. .

Авваллари Рамазон ва Қурбон ҳайитлари расмий байрам ҳисобланмаган. Ҳозирги ҳукумат қарори билан эса, исломий байрамлар дам олиш куни деб эълон қилинган.

Расмий статистикага кўра, ҳозир Руанда аҳолисининг тўрт ярим фоизи мусулмон. Бироқ муфтиятнинг маълумотига қараганда, 13.5 миллиондан иборат мамлакат аҳолисининг ҳар ўн нафаридан бири Ислом динига эътиқод қилади. Мамлакатда 500дан ортиқ масжид фаолият кўрсатади.

Дамин ЖУМАҚУЛ
тайёрлади.

Страница 63 из 301

Мақолалар

Top