Мақолалар

Неъматнинг шукри

Аллоҳ таоло бандаларига шу қадар кўп неъматлар берганки, уларни санаб тугатиб бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилган: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Наҳл сураси, 18-оят).

Банда неъматларга шукр қилиши керак. Бу Аллоҳ ва Расулининг амридир. Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, қиёмат куни Аллоҳ таборака ва таолонинг энг афзал бандалари кўп ҳамд айтувчилардир” (Ибн Ҳиббон, Ибн Можа ривояти).

Неъматга шукр қилиш ўша неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Шукр қилмаган банда нонкўр, ношукр бўлади. Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилган: “Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).

Бу ояти каримада банда неъматга шукр қилса, Аллоҳ уни зиёда қилишини қасам ила айтмоқда. Шунинг учун ҳам, астойдил шукр қилиш керак, токи неъматлар янада кўпайсин ва ўзимиз шокирлардан бўлайлик.

Оятнинг давомида шукр қилмаган, нонкўрлик қилганларга шиддатли азоб борлиги эслатилмоқда. Банда қаттиқ азобга дучор бўлмаслиги учун ҳам шукрни кўпайтириши керак.

“Шукр” деганда кўпчилигимиз “Ўзингга шукр”, “Алҳамдулиллаҳ” деб айтишни тушунамиз. Тўғри, булар ҳам шукр. Булар лафзий шукр ҳисобланади. Яъни шукрнинг тилда айтиладиган туридир. Ҳар қандай неъматга сўз орқали шукр қилинганда, ўша неъмат зикр қилиниб, масалан, “Фалон неъматни берганинг учун шукр” деб шукр адо этилаверади.

Аллоҳ таоло берган неъматлар ҳақида гапирганда, аввало, энг улкан неъмат ҳақида сўз юритамиз. Бу иймон неъматидир!

Ҳа, У бизга иймон берди. Бу энг катта неъмат! Энди бу неъматнинг сўз билан бўладиган шукри “Иймон неъматини берганинг учун Ўзингга шукр” дейиш бўлса, амал билан бўладигани Аллоҳни таниш, Унга сажда қилиш, Унинг юборган Пайғамбаринининг ҳаётини ўрганиб, унга эргашиш, унга нозил қилган Қуръонни ўқиб-ўрганиб, амал қилиш, ибодатда бардавом бўлиш, хуллас, иймон тақозо қилган нарсаларни адо этиш билан бўлади.

Энди тана аъзоларини кўриб чиқайлик! У бизга бош берди. Бошнинг амалий шукри – ундан ёмон хаёлларни чиқариб ташлаш, дунё ва охират учун фойдали бўлган нарсаларни ўйлаш, гўзал ният қилиш билан бўлади.

У бизга кўз берди. Кўзнинг амалий шукри – у билан ҳаромга боқмаслик, фақат ҳалол нарсага қараш, ота-онанинг, аҳли оила ва фарздандларнинг, устозларнинг юзига меҳр ила боқиш, диндошларнинг юзига табассум ила боқиш билан бўлади.

У бизга қулоқ берди. Қулоқнинг амалий шукри – у билан ҳаром нарсаларни эшитмаслик, фақат ҳалол нарсаларнигина эшитиш, Қуръон тинглаш, мавъиза тинглаш, илмий суҳбат тинглаш, ота-онанинг, устозларнинг, аҳли оиланинг гапларига қулоқ солиш, ёрдам сўраб келган инсонларнинг илтимосларини эшитиш ва ҳожатларини раво қилишга уриниш билан бўлади.

У бизга тил берди. Тилнинг амалий шукри – у билан ҳаром, гуноҳ бўлган гапларни гапирмаслик, фақат ҳалол, фойдали сўзларни гапириш, Аллоҳни зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш билан бўлади.

У бизга қўл берди. Қўлнинг амалий шукри – у билан ҳаром нарсани ушламаслик, ҳаром ишга қўл урмаслик, фақат ҳалол нарсани ушлаш, ҳалолга қўл уриш билан бўлади.

У бизга оёқ берди. Оёқнинг амалий шукри – у билан ҳаром, гуноҳ жойларга бормаслик, фақат ҳалол, савоб бўладиган жойларга юриб бориш, масжидга, диндош биродарининг ҳожатини раво қилиш, ота-она, устозлар, беморлар, етимлар зиёрати учун юриб бориш билан бўлади.

Хуллас, барча тана аъзоларини Аллоҳ рози бўладиган, савобли ишларга ишлатиш, ҳаром, гуноҳ ишларга ишлатмаслик, бирорта аъзо касал бўлса, уни даволатиш билан амалий шукр адо этилади.

Аллоҳ таоло фарзанд неъматини ато қилса, унинг амалий шукри ўша фарзандни Аллоҳни танийдиган, солиҳ, тақводор этиб тарбия қилиш билан бўлади.

Аллоҳ таоло илм олиш имкониятини берса, масалан, ўқишга кирилса, унинг амалий шукри ўша билим даргоҳида яхши ўқиш, устозларни ҳурмат қилиш, илм олиш йўлидаги машаққатларни енгиб ўтиш, дангасалик қилмаслик билан адо этилади.

Аллоҳ таоло бойлик берса, уни ҳалол ишларга сарф этиш, оиланинг нафақасини кенг қилиш, мискинлар, етимлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишга сарфлаш, силаи раҳм, яхши қўшничиликка ишлатиш, маҳалладаги моддий маблағга бориб тақаладиган муаммоларга кўмак бериш, закот бериш, ўқишга кириб, шартнома пулини тўлолмай қийналаётган талабаларга ёрдам бериш кабилар билан бу неъматнинг амалий шукри адо этилади.

Аллоҳ таоло бир амални, мансабни насиб этса, у ерда ҳалол меҳнат қилиш, порахўрликка, таниш-билишчиликка йўл қўймаслик, давлатга, халққа, мусулмонларга фойда келтирадиган ишларни қилиш, юрт тинчлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш, ўз ишида фаол бўлиш, алдамчилик қилмаслик, интизомли бўлиш билан унинг амалий шукри адо этилади.

Аллоҳ таоло уй, маскан неъматини берса, ўша уйда ҳалол яшаш, ибодат қилиш, китоб ўқиш, қўшнилар билан гўзал муомала қилиш, солиҳ фарзандни етиштириш билан у неъматнинг шукри адо этилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бандасига қандай неъмат берган бўлса ҳам, банда ўша неъматдан фойдаланиб, Унга маъсият қилмаслиги керак! Мана шунда ўша неъматнинг шукрини адо этган бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни шукрнинг ҳар икки турини – лафзий ва амалий шукрни ўз ўрнига қўйиб боришимизни насиб этиб, шокир бандаларидан қилсин ва неъматларини янада зиёда қилиб берсин!

 

 

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

тайёрлади

4000 марта ўқилди

Мақолалар

Top